Менинг устимдан қизи билан иккиси милицияларга ариза ёзиб қўйди.
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ. Ассалому алайкум, устоз. Менга маслаҳат беринг, икки ўт орасида қолдим. Катта гуноҳ қилдим, ҳар куни намозларимда Аллоҳдан кечиришини сўраяпман. Ота-онамнинг гапи билан улар топган қизга уйландим. Ҳозир биз ажрашганмиз, икки фарзандимиз ҳам бор. У қиз бизнинг оилага кўна олмади, онамни «она» дея олмади, укам билан гаплашмади, қариндош-уруғларимга яхши муомала қилмади. Дадамга ҳам муомаласи ёқмади.

Аввалига сабр қилиб яшадим, яхши гапирдим, кейин тушунтирдим, охири сўкдим, лекин қўл кўтармадим. Менга ҳам эътибор бермас эди. Ота-онам: «Бу аёл билан турмушинг бўлмайди», деб айтишди. Шу орада бир қиз билан танишдим. Ота-онам бошида қаршилик қилишди, лекин уларга тушунтирдим, сўнг у қизнинг онаси унамади. Онамнинг розилиги билан у қизни уйга олиб келиб, никоҳ ўқитдик, қизнинг ўзи ҳам рози эди. Сўнг у қизнинг онаси келиб, қизини олиб кетди ва менинг устимдан қизи билан иккиси милицияларга ариза ёзиб қўйди. У ердан чиқдим, аризасини қайтариб олди. Кейин қизига талоғини беришимни сўради, мен бермадим, чунки талоқни зўрлаб сўрашмайди-ку, тўғрими Ҳазратим? Орадан 10 кун ўтиб, онаси мени чақирди, уйига бордим. Борсам, уйида жанжал бўлибди, қизи мени танлабди. Онаси қизидан кечди кўзимнинг олдида. У қизни олиб, уйимга бордим. Онам бошида хурсанд эди, чунки ота-онамни ҳурмат қилиб, хизматини қилди. Бир куни онаси телефон қилди ва онаси билан ярашиб олди. Орадан 15 кун ўтди ва биз тарафда уруш бошланди (Қирғизистоннинг Жалолободида). Бизнинг уйимизни ёқиб юборишди. Биз Андижонга кетдик, опамларнинг уйига. У ерда онамга аёлим ёқмай қолди, 2,5 ойча уларникида яшадик, шунда онам бизни – менинг аёлимни ва укамни Россияга жўнатишини айтиб қолди. Бир куни онам сўз очиб қолди: «Агар аёлингнинг ҳомиласи бўлса, олдириб ташла», – деди. Мен аёлимга тушунтирдим, бошида унамади, чунки унинг биринчи фарзанди эди. Эплаб кўндирдим, чунки онамнинг гапи мен учун қонун. Кетишимиздан 2 кун олдин докторга бордик, доктор: «Буни олишга камида 1 ҳафта кетади», – деди. Биз кетишимиз керак эди. Аёлим билан маслаҳат қилиб, Россияда олдирадиган бўлдик ва онамни менинг гапим билан алдадик. Москвага келдик ва доктор суриштирдик. Бу орада онам телефон қилиб: «Келин билан ажраш», – деди. Мен у билан ажраша ололмасдим, чунки у менга меҳр-муҳаббат берди, ҳамма нарсага чидади. Онам ҳар доим телефонда гаплашганимизда: «ажраш», деяверди. Орадан 3 ой ўтди, ҳомиласи 6 ойлик бўлди. Онам эшитса, мени кечирмайди, мен онамни яхши биламан, бундай ёлғонни кўтара олмайди. Уларнинг қарғишидан қўрқиб доктор топдик. У эса: «Бу хизмат 20000 рубль бўлади», – деди. Дадамдан «машина оламан» деб 20000 рубль олган эдим. Ўшани бердим. Ҳомиласи ўша ерда тушди. Биз уни қабристонга олиб бориб кўмамиз, дедик ва кетдик. Метрода бизни милиционерлар тўхтатиб, ҳужжатларимизни текширди, қўлимиздаги нималигини сўраб, очиб кўришди. Сўнг бизни отделениега олиб боришди ва бизнинг устимиздан иш очишди. Бу орада қайнонамни ҳам олиб келиб, бизга қўшишди. Уччаламизни қамаб қўйишди. Бечора қайнонамнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ, 2 кун ўтириб чиқди. Бизга эса 12 кундан беришди. Аёлимга ичим оғриди, менинг айбим билан у ҳам ўтириб чиқди. Лекин менга бир оғиз «сен қилдинг», демади ҳам, боласидан айрилди. Камига ўтириб чиқди. У ердан чиқиб, у онасиникига кетди, мен эса бошқа квартирага кетдим. Ота-онам ҳаммасини эшитди. Онам «У билан ажрашасан», деяпти. Мен нима қилай? Уни ташлаб кетсам, нима бўлади? Боласидан айрилди, қамалиб чиқди, энди уни ташлаб кетсам, нима бўлади? Аллоҳнинг қаҳри келмайдими, номарднинг иши бўлмайдими? Виждоним қийналиб кетяпти. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Нима қилай? Ёрдам беринг, илтимос.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муовия ибн Раййондан ривоят қилинади: «У бир кишининг Атодан бир одамнинг онаси ва хотини борлиги, она хотинини талоқ қилишидан бошқага рози бўлмаслиги ҳақида сўраганини эшитди. Шунда у: «Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», – деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» – деди. «Йўқ», – деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», – деди. «Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам ,танглик йўқ. Тутиб қолса ҳам, танглик йўқ», – деди». Шарҳ: Демак, ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. «Агар талоқ тушса, Роҳманнинг Арши ларзага келади», дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам, рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилмоқда. Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади. Шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо қилишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Аллоҳнинг амрига зид бўлган банданинг хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан, оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар. Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-одобуш-шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда, жумладан, қуйидагилар айтилади: «Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпи зикр қилган». Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У, онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган. Ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам мана шу маънодаги ҳукмлар келган. Худди шу маънони қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин, ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак. «Бир киши имом Аҳмаддан: «Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда?» – деб сўради. «Уни талоқ қилма!» – деди. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» – деди. «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда, сен ҳам қиласан», – деди. Яъни отанг Умарга ўхшаб ҳаққ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур». (Мавсуъа Фиқҳийя. 80-жуз. 71-, 72-бетлар). Валлоҳу аълам.

Мавзуга оид мақолалар
gallery linkfile ids5643,5642,5641,5640,5639,5637 Чеченистон уламолари мажлиси раиси ва Қодировлар оиласининг улуғи Хўжа Аҳмад давоми...

06:05 / 03.02.2017 8895
«Қибла» луғатда «қаршида, рўпарада турган нарса» дегани. Намозда Каъбаи Муаззама намозхоннинг давоми...

14:40 / 16.05.2017 3452
«Ибодат» сўзи луғатда «тоат», «итоат» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жам қилган. Шаръий давоми...

10:25 / 03.05.2017 5621
180 йилдан ортиқ муддатдан сўнг Греция пойтахтида илк расмий масжид яқин ойларда ишга тушиши давоми...

13:04 / 10.06.2019 2470