Мушкули борнинг дуоси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтда: «Лаа илаҳа иллаллоҳул Азиймул Ҳалийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббул аршил азийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббус самавати ва Роббул арзи ва Роббул аршил карийм», дер эдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Бу ривоятда дуо маъносидаги гаплар йўқ. Аммо таҳлил ва Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларининг зикри бор. Ана шу зикрларни ихлос билан такрорлаш баъзи сўзларни айтиб дуо қилишдан кўра, мушкулни кушойиш қилишда катта ўрин тутади. Имом Термизий ривоят қилган «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», деди» деган мазмундаги ҳадиси шариф шу ерда амалга ошади. Мушкулнинг номини айтмай, уни аритишни ҳам тилга олмай, фақат ушбу ривоятда келган иборалар ихлос ила такрорлайверилса, Аллоҳ таоло, албатта, кушойиш беради. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушкули борнинг дуоси «Аллоҳим! Раҳматингдан умидворман. Мени кўз очиб юмгунча ҳам ўзимга ташлаб қўймагин. Менинг ишларимни Ўзинг ўнглагин. Сендан ўзга ибодатга сазовор илоҳи маъбуд йўқдир», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. Шарҳ: Бошига мушкул тушган кишилар ушбу дуони ихлос билан ўқиб турсалар, Аллоҳ таоло уларга кушойиш бериши бор. Асмаа бинти Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенга мушкул пайтда ёки мушкулда айтадиган калималарингни ўргатайми? Аллоҳу. Аллоҳу. Роббии лаа ушрику биҳи шайъан», дедилар».

Шарҳ: Бунда Аллоҳ таолони улуғлаб, У Зотнинг шериги йўқлигини ёдга олиб, зикр қилиш бор. Шунинг ўзи мушкулнинг кушойиш бўлишига етарли экан. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир қавмдан хавфда бўлсалар: «Аллоҳумма иннаа нажъалука фии нуҳуриҳим ва наъуузу бика мин шуруриҳим», дер эдилар». Иккисини Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: Бирор шахс ёки гуруҳнинг ёмонлигидан қўрққан одам ушбу дуони кўп ўқиб туриши лозим. Муоз ибн Жабол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг «Мен сендан батамом неъматни сўрайман», деб дуо қилаётганини эшитиб қолиб: «Батамом неъмат нима?» дедилар. «Яхшилик орзусида қилинган дуо», деди. «Албатта, жаннатга кирмоқ ва дўзахдан қутулмоқ неъматнинг батамомлигидандир», дедилар. У Зот бошқа бир кишининг «Йаа залжалоли вал икром» деганини эшитиб қолиб: «Сенга ижобат қилинди. Сўрайвер!» дедилар. У Зот яна бир кишининг «Аллоҳим! Сендан сабрни сўрайман», деганини эшитиб: «Сен Аллоҳдан балони сўрадинг. Сен Ундан офиятни сўра», дедилар».

Шарҳ: Демак, сўрашнинг ҳам нозик томонларига эътибор бериб, оғиздан чиқаётган ҳар бир сўзга эҳтимомли бўлмоқ лозим экан. Биринчи дуо қилувчи ўзи сўраётган нарсани аниқ билмас экан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўша нарсани аниқлаб олишга ёрдам бердилар. Иккинчи дуо қилувчи сўраганини берадиган даражада яхши сўзларни зикр қилиб турган экан, уни хоҳлаган нарсасини сўрашга чорладилар. Учинчи дуо қилувчи сўровни нотўғри қилаётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тўғри сўрашни таълим бердилар. Бундан илмли кишилар одамларга дуони ҳам ўргатиб туришлари кераклиги келиб чиқади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бирор ишдан ташвишлансалар:  «Йаа Ҳайй! Йаа Қайюм! Бироҳматика астағийсу!» дер эдилар». Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташвишга қолган пайтларида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан иккитасини зикр қилар эканлар. 1. Ҳайй. Тирик. Аллоҳ доимо тирикдир, ўлмас. Яъни Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалийдир, олдиндан йўқ бўлган эмас. Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди. 2. Қайюм. Ўз-ўзидан қоим бўлган ва бошқаларни қоим қилган Зот. «Қайюм»лик сифатининг маъноси, Аллоҳ таборак ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи эканлиги ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир. Ана шу гўзал исмлар ила Аллоҳ таолони улуғлаб туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бироҳматика астағийсу!» дер эдилар. Яъни раҳматинг ила ёрдам сўрайман, дер эдилар. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни бирор иш ташвишга солса: «Йаа залжалали вал икром»ни кўпроқ айтинглар», дердилар». Шарҳ: Бунда ҳам Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бирини зикр қилиб, улуғлаш бор. Зул Жалол вал Икром — Шараф ва камол эгаси. Карам ва икром эгаси. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса, бошларини осмонга кўтариб, «Субҳаналлоҳил азийм», қачон дуода ижтиҳод қилсалар «Йаа Ҳайй! Йаа Қайюм!» дер эдилар». Тўртовини Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Биз ҳам бу каби ҳолатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз керак.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Аллоҳ таолога чексиз ҳамду давоми...

18:53 / 21.03.2017 4228
embedhttpswww.youtube.comwatchvF4HcaeWhdpMembed Бақлажонли кабоб Керакли маҳсулотлар Бақлажон, қийма, пиёз, петрушка, помидор, давоми...

12:43 / 11.03.2017 6002
Сен доим ёнимдасан, қачон сени кўришни истасам, бемалол кўра оламан. Истасам, тонггача ёнингда қолиб, давоми...

18:33 / 26.12.2016 3396
Қримтатар тилидаги «Арманчиқ» номли болалар журнали Роскомнадзордан муваффақиятли рўйхатдан ўтди. Журнал давоми...

19:31 / 05.02.2017 5002