«ҲУББУН НАБИЙ» (2)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи бўлим

Суюкли болажонлар билан Расулуллоҳ

(соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг муносабатлари

Энди сенга у Зотнинг суюкли болажонлар билан масжиддаги, кўчадаги ва уйдаги баъзи муносабатлари ҳавола этилади.

Эй ўғилчам ва сен, эй қизалоғим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ким эканини билдингми? У Зот болалар билан бирга бўлиб, уларга қандай муносабатда бўлганларини билдингми?

Уларнинг ҳаётларида фақатгина Умар, Абдуллоҳ, Уббод, Рофеъларгина эмас, балки яна бошқа кўплаб болалар ҳам жой олганлар.

Аллоҳнинг риояси ва баракоти бўлсин сизларга, эй ўғил-қизларим. Қаранглар, болалар билан бўлган барча муомалаларида қандай бўлганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га худди у Зотни кўриб турганингиздек назар солинг.

Келинглар, энди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг нафақат ўз фарзандлари, балки кўчалардаги мусулмонларнинг болаларини ўйин ва шодликларида ҳамроҳ бўлганликларига назар солинглар.

Кўчадан ўтиб кетаётиб, болаларнинг ўйнаётганларини кўрардилар-да: «Ким ўзиб кетса, унга мана шу, мана шу», (яъни мукофот) дердилар. Шунда улар бир-бирларидан ўзганларича у Зотнинг олдиларига югуриб келардилар ва ўзларини у кишининг елкаларига ва бағрларига отардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни бахтиёрлик, шодлик ва меҳр билан ўпиб, бағриларига босардилар. Шунингдек ,агар сен ҳам улардан бири бўлганингда эди, албатта, сени ҳам бағриларига босардилар ва сен у Зотга биринчи бўлиб келардинг. Дарвоқеа, биринчи бўлиб кела олармидинг?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аббоснинг болалари Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва Кусайрларни чорлаб: «Ким мен томон ўзиб келса, унга мана бу, мана бу», дердилар.[1]

Уларга боқинглар. Улар масжидда эркаклар, аёллар ва болаларни тўплаб намоз ўқияптилар ва намозни узунроқ қилиб ўқишни истаяптилар. Лекин онасини соғинган гўдак йиғисини эшитсалар (она бу манзарани бола кўрадиган жойда кўрсатиб беради) Онага оғир қилиб қўйишдан қўрқиб намозни қисқартирардилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гўдак йиғлаган чоғида уни онасининг меҳри ва мурувватидан маҳрум қилишни истамасдилар. Албатта, она ўзининг жигаргўшасини азоби сабабли азоб чекади ва юмшоқлик, меҳр ва муҳаббат билан уни тинчлантиришга уринади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:«Албатта, мен намозда туриб, уни узун қилишни истайман. Сўнгра гўдакнинг йиғисини эшитганимда онасига машаққат қилишни ёмон кўриб, намозни қисқартираман».[2]

Кўрдингизми, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гўдакларни йиғламасликка қанчалик харислар?! Уларга бўлган меҳр ва шафқатлари қандай буюк?!

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боқинглар. Улар масжидда мусулмонларга имом бўлиб, намоз ўқиб бераётиб, ўзлари билан жажжигина Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олардилар. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) намоз ўқиш учун олдинга чиқиб, болани ерга қўйдилар, намоз учун такбир айтиб, намоз ўқидилар. Сўнгра бир сажда қилиб, уни узун қилдилар. Шунда саҳобалардан бирлари нима учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саждани бунчалик узун қилганларини кўриш учун бошини кўтаради, қараса, гўдак Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг орқаларига чиқиб олибди. Улар эса саждадалар. Сўнгра ҳалиги саҳоба таскин топиб, саждасига қайтади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хуфтон намозини тугатганларида одамлар:«Эй Аллоҳнинг Расули, Сиз намозингизда шундай узоқ сажда қилдингизки, саждани узун қилганингиздан ҳаттоки бизлар сиз билан бир ҳодиса рўй берди ёки сизга ваҳий келди деб ўйладик», дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бундай ишлар бўлгани йўқ. Болагинам менинг устимга чиқиб олибди. То бир роҳатланиб олгунига қадар саждани шошилтиришни ўзимга эп кўрмадим», дедилар.[3]

Абу Бакрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) масжидда намоз ўқиётган эдилар. Саждага борганларида Ҳасан бирданига уларнинг орқаларига ирғиб чиқиб бўйниларига ҳапичиб олади. Ҳасан ағдарилиб кетмаслиги учун аста-секин кўтарилдилар ва бундай ҳол бир неча бор такрорланган.[4]

Кўрдингми, Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нингг бола ўйинини тугатиб олишига ҳарисликларини. Чунки бола ўйнаётган чоғида жуда хурсанд бўлади ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса болаларни хурсанд бўлишларини яхши кўрадилар. То бола ўзи чарчагунича имкон қадар вақтни чўздилар.

Бундай гўзал кўринишдан сўнг ота болаларини ўйнатади. Уларни елкаси ва орқасига опичлаб олиб бир оз ўйин-кулги орқали улар билан айланади ва уларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га иқтидо қилаётганини етказади. Бу хабарни дарҳол айтиш керак, чунки ҳар бир ота Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни яхши кўради ва улар каби бўлишни истайди. Эй суюкли қизалоғим, сен ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га назар солгин. Бани Нажжордан бўлган жажжи қизалоқлар: «Биз Бани Нажжор қизлари, эҳ қандай ҳам яхши Муҳаммаднинг қўшнилиги», деб ўйнаб шеър айтардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса уларга:«Сизлар мени яхши кўрасизларми? Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларни яхши кўраман», дедилар ва уларни бағриларига босиб, уларга бўлган муҳаббатлари ва хурсандликларидан қучоқлаб олардилар.

Ана кўрдиларингизми, эй қизалоқларим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қанчалик сизларни яхши кўрадилар ва сизлар билан ўйнашни ёқтирадилар.

Мана бу воқеани Жобир ибн Самра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ҳикоя қилади. Келинг, унинг ҳикоясини тинглайлик.

У шундай дейди:«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан биринчи намозни ўқидим. Сўнгра улар аҳли-оилаларининг ёнига кетдилар ва мен ҳам улар билан бирга бордим. Ул Зотни икки болакай қарши олдилар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг юзларидан бирма-бир силадилар. Сўнгра менинг юзимни ҳам силаганларида қўллари муздек ёки хушбўйлигини ҳис қилдим. Гўёки қўлларини атторнинг аитр халтасидан чиқаргандек эдилар»[5].

Кўрдингми, нима деб ўйлайсан, Жобир намоздан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан йўлларида ҳамроҳ бўляпти ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) икки болани уларни кутиб олганларини кўрганларида уларга: «Қаерда эдингиз? Нима учун шу чоққача уйғоқсизлар?» каби саволлар билан эсанкиратиб қўймадилар. Ҳаттоки Жобирга ҳам «Сен кичик дўстларинг билан бирга кетгин, мен бандман», демадилар. Балки улар болаларнинг олдиларида тўхтаб, юзларидан силадилар ва улар билан ўйнадилар. Жобир эса уларга боқиб турарди. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг ҳамроҳларига боқиб унинг ҳам юзини силадилар. Шунда Жобир Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қўлларидаги салқинлик билан ўткир ҳидни ҳис этди. Ҳаттоки у бу манзарани катта бўлганидан сўнг ҳам унутмади. Бу қандай буюк хулқ. Албатта, бу Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нингг хулқларидир.

Мана бу воқеани эса Зайд ибн Арқам Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилади. У Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кимнингдир касал эканини билсалар, албатта, уни зиёрат қилардилар, унинг ҳаққига дуои хайр қилардилар. Ҳаттоки касал бўлган болаларни ҳам бепарво қолдирмасдилар.

Бир куни Зайд ибн Арқамнинг бетоб эканини эшитадилар. Уни зиёрат қилгани борадилар ва кўнглини кўтарадилар. Тез орада Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бу зиёратлари Зайднинг ҳаётида қандай катта из қолдирганини кўрамиз. Ана, кўрдингми, қанчалик болаларни яхши кўриб, уларни зиёрат қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен катта одамман, ишларим кўп, бу ёш бола бўлса», демадилар. Аксинча, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фақатгина мусулмонларнинг болаларини зиёрат қилибгина қолмасдан, балки яҳудий болаларнинг ҳам кўнглини кўтарганлар.

Дарҳақиқат, у кишидан Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Бир яҳудийнинг боласи бетоб бўлиб қолади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у ҳақида сўрайдилар ва уни кўргани борадилар. Сўнг унинг бош томонига ўтириб, жуда қаттиқ касалга дучор бўлганини кўриб, унга раҳмилари келади ва «Мусулмон бўлгин», дейдилар. Шунда бола яҳудий отасига қарай бошлайди. Отаси унга: «Абу Қосимга итоат қилгин», дейди. Бола иймонга келади ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хурсанд ҳолда: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дея чиқиб кетадилар.[6]

Энди Ҳасан ва Ҳусайн билан Аллоҳнинг махлуқларининг энг раҳимлиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан юз берган ҳикояларини тингланглар.

Аллоҳ сизларни азиз қилсин, эй болаларим. Суюкли Пайғамбарингизга боқинглар, у киши ҳазрати Фотимадан (розияллоҳу анҳо) бир куни: «Болаларим қаерда?» деб сўрайдилар, яъни Ҳасан ва Ҳусайн. Ҳазрати Фотима (розияллоҳу анҳо): Эй Аллоҳнинг Расули, мана, тонг оттирдик. Уйимизда эса ейиш учун ҳеч нарса йўқдир, дейди. Али (розияллоҳу анҳу): «Мен уларни олиб кетаман. Сенда егулик ҳеч нарса бўлмай туриб, уларни сенинг олдингда йиғлаб қолишларидан қўрқмоқдаман», деди-да, фалончи яҳудийнинг олдига кетди. (Яъни Али (розияллоҳу анҳу) оиласида ҳеч қандай таом йўқлигидан кичкинтойлари Фотиманинг олдида йиғлаб қолишларидан қўрқди ва уларни ўзи билан олиб кетди). Буни билган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳазрати Фотима уларга тушунтириб берган маконга шошилиб кетдилар. Сўнгра Ҳасан ва Ҳусайнни қўлларида ортиб қолган хурмони ўйнаб турганларини кўрдилар. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, таомланиб, еб олишибди. Мана бу эса хурмонинг қолгани.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Алига:«Эй Али, болаларимни кун қизиб кетишидан илгари қайтиб олиб боргин-а? дедилар. У Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёш болаларнинг жазирама иссиқда қолиб кетишларидан қўрқдилар. Шунинг учун уларнинг оталаридан у иккисини қайтариб олиб келишини талаб қилдилар. Лекин Алига бошқа нарса муҳимроқ эди. У фақатгина болаларни овқатлантириш учун кетаётгани йўқ эди. Балки суюкли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қизлари Фотима ўз уйида ҳали туз тотмаган эди. Али (розияллоҳу анҳу): «Уйимизда ҳеч нарса қолмади. Эй Аллоҳнинг Расули, агарда ўтириб турсангиз, мен Фотима учун хурмолар териб келардим», деди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қизлари Фотмаи Заҳронинг суюкли болалари билан токи Али Фотима учун бирмунча хурмо тўплаб келгунига қадар, ўйнаб ўтирдилар. Али (розияллоҳу анҳу) ҳурмоларни тугунига солиб келди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳасанни, Али эса (розияллоҳу анҳу) Ҳусайнни кўтариб, Фотиманинг олдига келдилар.[7]

Али хурмоларни яҳудий кишининг боғидан териб оларди. Яҳудий эса Алидан челак билан қудуқдан сув олиб, боғини суғориб беришини талаб қилганди. Али ҳам ҳар бир тортиб олинган челак сув эвазига биттадан хурмо олди.

Мана бу ҳодиса меҳрибон бобо ва меҳнаткаш отанинг икки болани тенгсиз меҳр билан парвариш қилишларидир. У Зот у иккисининг қаерда эканларини билиш билан хотиржам бўлмай, балки ўз кўзлари билан кўришга ошиқдилар. Сўнгра уларни тўйишиб, сув ўйнашга тушганларини кўрганларида ҳам, хотиржам бўлмадилар. Балки у Зот ҳавонинг исиб кетаётганини кўриб, оталаридан уларни кун қизиб кетмасидан илгари уйларига олиб қайтишини талаб қилдилар.

Қачонки у Зотга (алайҳиссалом) Али Фотима учун хурмо териб бўлиб, тезда ортига қайтишини билдирганида, то ишини тугатиб қайтиб келганига қадар кутиб турдилар. Бу ишлари билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Алига ҳам меҳрибонлик қилдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кутиб турдилар. Ҳасан ва Ҳусайн билан ўйнашиб, кулишиб уларни хурсанд қилдилар. Шу орада Али (розияллоҳу анҳу) ҳам ишларини тугатиб келди.

Мана бу меҳрибонлик ва раҳматга боқинг. Энди у Зотни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яхши кўрасизларми, эй болажонларим? Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кимлигини кўрдингизми?

Агар у Зот Мадинадан сафар, ғазот ёки бошқа сабаб билан кетсалар, нима бўларди? Нима деб ўйлайсиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафардан қайтиб ўзларини қарши олаётган шаҳар болаларини ва оила аҳлларидаги болаларни, улар томон бир-бирларидан ўзиб келаётганларини кўрганларида шундай ҳолат юз бераркан. Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қиладилар:«Қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафардан қайтсалар, аҳли оилаларининг болалари билан учрашардилар. Бир гал у Зот сафардан қайтиб келганларида мен у Зотга ўзиб келдим. Улар мени уловларининг олд қисмига кўтариб олдилар. Фотиманинг болаларидан бири келган эди, уни орқа тарафига ўтказдилар. Бизлар уловда уч киши бўлиб, Мадинага кириб келдик. Яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳ ибн Жаъфарни, Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олиб, уловларининг орқа қисмига кўтариб ўтказиб олдилар. У Зотга салом бериш учун келган киши болаларнинг барчаларини орқаларида кўрарди.

Нуғойрнинг қиссаси

Саҳиҳайнда ривоят қилинишича, Анас ибн Моликнинг она бир Умайр исмли укаси бўлган. Унинг кичкина қизил тумшуқли қуши ҳам бўлиб , Умайр у билан ўйнарди. Кунларнинг бирида қушча ўлиб қолади ва бола бориб бу ҳақида акасига:«Қушчам ўлиб қолди», деб хабар қилади. Анас эса бориб Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хабар қилади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Умайрга:«Эй Або Умайр,нима қилди Нуғойр? (яъни бу қушчага нима қилди?) Аллоҳ бу мусибатингизда сабр- бардошли қилсин»,  дейдилар.

Қандай қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мусулмонларнинг мушкуллари, даъват ишлари ва кофир ҳамда яҳудийларнинг аҳволлари, кимнингдир тўйи, кимнингдир шаҳид бўлиши ва яна кимнингдир касал бўлиб қолиши каби ишларга  вақт топган эканлар. Улар бир болани ўйнаши ва севган қушини ўлимига таъзия билдиришга вақт топармиканлар-а?!

Ҳа, у киши болаларни яхши кўрар ва уларнинг муаммоларидан ташвишга тушардилар. Шунингдек, Набий (алайҳиссалом) ўрнак ва намуна эдиларки, агарда бирон-бир уйга кирадиган бўлсалар, ундаги болаларга эътибор қаратиб, қадрли ва севимли меҳмон бўлардилар.

Вой бунинг чиройлилигини, вой бунинг гўзаллигини?!

Бу кичик қизалоқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни яхши кўриб қолган ва у киши унинг кўйлагини мақтаганларини унутмас эди. Бу нарсани эса кўпчилик қизлар ёқтирадилар. Дарҳақиқат, Умму Холид бинти Холид ибн Саъд ибн Ос отаси билан Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига келади. Кичкина Умму Холид бу манзарани унутмайди ва бу ҳақида шундай ҳикоя қилади: Мен отам билан Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига бордим. Эгнимда сариқ кўйлагим бор эди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ованраҳу, санраҳу», дедилар. Ровий айтади: У ҳабаший тилида:«Вой бунинг чиройлилигини, вой бунинг гўзаллигини», деган маънодадир. Қизча айтади: Мен бориб у кишининг нубувват муҳрларини ўйнай бошладим. Отам мени уришиб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):«Қизчани ўзига қўй», дедилар. Сўнгра у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам):«Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқа кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кийиб эскиртиргин», деб дуои ҳайр қилдилар.[8]

Холид ибн Саид Ҳабашистонга аҳли оиласи ва қизи билан ҳижрат қилган эди.

У гўдак қиз отаси билан Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида бўларди, у Зотнинг мажлисларида бўлишдан қўрқмасди, балки ўйнаб, кулиб юрарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бунга эътироз билдирмадилар. У нубувват муҳрини (у бўртиб чиққан устида бир неча тук ўсган бир бўлак гўшт бўлиб, қизилга мойилроқдир) ўйнашга тушди. Муҳрнинг жойи Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бўйниларига яқин жойдаги икки елкаларининг орасида эди. Сўнгра унинг кўйлагини чиройли экан деб мақтадилар ва қизалоқ тушунадиган ҳабаший тилда у билан ҳазиллашдилар. Сўнг уни кийимини то эскиргунича кийиб, сўнг бошқа янгисини кийиб уни ҳам эскиртиришини, яъни унинг умрини узун бўлишини тилаб, дуои хайр қилдилар.

Эй Зувайнаб

Ота-онанг сени исминг билан чақиришларини истайсанми ёки эркалаб чақиришларини яхши кўрасанми?

Сен-чи, эй Марям, отанг сени «Марямчагинам», деб чақиришини хоҳлармидинг? Ёки сен, эй Суҳайло, отанг сени Суҳайлогинам ёки бошқача эркалаб чақиришини истармидинг?

Ҳазрати Умму Салама онамизнинг Зайнаб исмли қизлари бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни ўйнатар, у билан ўйнашар, ҳазиллашар ва бир неча бор уни «эй Зувайнаб, эй Зувайнаб» (Зайнабча), деб  чақирардилар.[9]

[1] Бу ҳадисни Аҳмад ҳасан деганлар.

[2]Бухорий, Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилганлар

[3] Насоий, Ҳоким, Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар

[4]Аҳмад, Базорий ва Табарийлар ривоят қилганлар. Аҳмаднинг кишилари саҳиҳ кишилардир.

[5] Муслим ривояти

[6]Бухорий ривояти

[7]Ҳадиснинг матнини Табароний исноди ҳасан билан риовят қилган.

[8] Бухорий ривояти

[9] Ҳадиснинг силсиласи саҳиҳ

Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу Аввало, муҳтарам шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳнинг давоми...

08:55 / 03.02.2017 6449
Савол Милоднинг олтинчи асрида олам жаҳолат ботқоғида ётган бир ҳолда араб саҳросида Муҳаммад давоми...

14:31 / 24.11.2017 3025
Аллоҳ таоло инсон наслини пок ва ҳалол йўл билан давом эттириш учун никоҳланишни, оила қуриб яшашни жорий давоми...

09:58 / 23.07.2019 2493