Ўтиш даври муаммолари: қизим ўтиш даврида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзанди бор ҳар бир ота-она, албатта, кун келиб ўтиш даври муаммоларига дуч келади. Бироқ ота ва оналарнинг тўғри кўрсатмалари билан фарзанд муаммоли бўлган бу босқичдан осонгина ўтиб кета олади. Бугун қизларнинг ўтиш даврига хос муаммоларига тўхталар эканмиз, қизлар ўғил болаларга нисбатан бу босқичга анча эрта – 10 ёшда кириб келадилар. Бу жараён 16 ёшга қадар давом этиши мумкин. Мутахассислар ўтиш ёшига хос энг катта муаммоларни қуйидагича эътироф этишади: • Ўта безовталик, ҳис-туйғуларга берилиш ва ташқи кўринишдан норозилик • 30% ўғил болалар ва 20% қизлар (11 - 12 ёшда) ўз бўйининг пастлигидан шикоят қилишади • 60 % қизлар ортиқча вазни борлигидан хавотирда бўлади. Бу ёшда ҳар бир қиз ўзига нисбатан фақат мақтов сўзларини эшитгиси келади. Эътибор талаб қилади. Миллий урф-одат ва анаъаналаримиз қизларга хаёли, иболи ва камтарин бўлишни уқтирар экан, айни босқичдан ўтаётганда улар бу чегарани хатлаб ўтишни исташади. Улар ҳаммадан кўра гўзалроқ, келишганроқ бўлишим керак, деган хаёлда ўзларида бор муаммоларга шошқалоқлик билан хато ечим топишга уринишади. Қуйида бугунда тобора оммалашиб бораётган мана шундай ечимларнинг фойда ва зарарларини кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Ортиқча вазн муаммоси: диета ечимми? Бугун бирор бир ахборотни топиш ва олиш унча катта муаммо туғдирмайди. Демак, қизларимиз мустақил равишда интернетга кириб, ўзлари қидираётган масаланинг ечимини топишлари мумкин. Улардан бири эса ортиқча вазн масаласи. Бу борада кўпчилик диета(парҳез) сақлашни маслаҳат беради. Интернет саҳифалари эса сизга тўғри келиш-келмаслиги номаълум бўлган турфа рецептларга тўлиб-тошган. Қизларимиз биринчи учраган диетани ўзлари учун тартибга айлантириб олиб, кейинчалик соғлиқ борасида ундан-да каттароқ муаммоларга дуч келиб қолишлари мумкин. Чунки ҳамма диеталар ҳам алалоқибат бизни хурсанд қилавермайди. Айримлари ошқозон касалликлари хуружига сабаб бўлса, яна баъзи диеталардан сўнг камқонлик ҳам кузатилади. Айни ўқиш ва ўрганиш пайтида толиққан организм ва унинг ортидан зарар кўрган асаблар эса ўқишни эмас, онг остида фақат ва фақат мазали таом истеъмол қилишни истайди. Мутахассисларнинг эътирофича, овқатдан ўзини тийиб озишнинг икки оқибати бўлиши мумкин: кейинчалик, умуман, овқат емай қўйиш; аксинча кўрган ҳамма таомини еб, бўкиш. Иккала ҳолат қизларнинг руҳиятига кўрсатган зарарли таъсири оқибатида келиб чиқади ва бир неча йилларгача сақланиб қоладиган хасталиклар таснифига киради. Албатта, ортиқча вазнни камайтиришда диета ҳам муҳим ўрин тутади. Аммо қайсидир бир диетага амал қилишдан олдин диетологга, агар унга имкон бўлмаса, оилавий поликлиникада фаолият юритадиган гастроэнтрологга мурожаат қилиш ва унинг маслаҳати билангина таом борасида чекловлар қўйиш мумкин. Тўғри ечим: диетолог билан маслаҳатлашгандан сўнг, терапевт шифокор маслаҳати ёрдамида спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланган маъқул. Ҳеч бўлмаганда 15 дақиқалик бадантарбияни кундалик машғулотимизга айлантирсак, яқин бир ёки икки ой ичида натижа кўзга ташлана бошлайди. Татуаж: қаро кўзим келу... Қадимдан халқимиз қизларга «Келин бўлсанг, кейин бўянасан» деб ўргатиб келган. Аввалги қизлар бу қоидага амал қилишган. Аммо бугунги кунда косметология соҳаси шу қадар ривожланганки, бўянган ёки йўқлигингизни биров билмай ҳам қолиши, табиий гўзал экан, деб ўйлаши ҳам мумкин. Лекин 13-14 ёшдаги қизларнинг кўзи ёки лабидаги «татуаж» истайсизми ёки йўқми, ярқ этиб кўзингизга ташланади. Атрофдагиларга нисбатан гўзалроқ кўринишни истаб, бу йўлга қадам қўйган қизлар татуажнинг жуда кўп салбий оқибатлари борлигини билиб қўйишлари фойдадан холи эмас. Биринчи зарар, албатта, соғлиқ билан боғлиқ. Татуажда фойдаланиладиган асбоблар орқали юқиши мумкин бўлган инфекциялар рўйхатини кўздан кечиришимиз лозим. Агар оқибат ҳамон шунга арзийди, деб ўйласак, бу йўлга қадам боссак бўлади. Лекин фарзандимизга айни қадамни қўйишга рухсат беришдан олдин, ўз ёшидан айни шу татуаж сабабли бир неча ёш катта кўринувчи бу қизлар ҳозирданоқ ўзларига яхши «имидж» яратмаётганларини унутмайлик. Тўғри ечим: агар кўз-қошингиз одатдагидан ҳам қора ва киприкларингиз узун бўлишини истасангиз, уларга ҳар куни кечқурун бодом ёғи суринг. Бу ўринда зайтун ёғи ҳам самаралидир. Шунда улар табиий гўзаллигингизни янада орттиради. Пирсинг (баданга зирак тақиш): ҳинд гўзалими ёки ўзбек? Айни кунда кўча-куйда бурнига ёки лабига зирак таққан қизларни тобора кўпроқ учратиб боряпмиз. Ўзига нисбатан эътиборни айни йўл билан талаб қилиб олаётган қизларимиз бу ёшда аҳамият бериши керак бўлган энг муҳим жараён – ўқишга нисбатан эътиборлари сусайиб кетаётганини ўзлари ҳам сезишмаса керак. Ўз исми, илми, истеъдоди билан эмас, бурнида зираги борлиги билан танилиш эртанги бахтли ҳаёт учун асло пойдевор бўла олмайди. Тўғри ечим: агар сиз ялтироқ нарсалар эътиборни тортувчан бўлгани учун бу услубни танлаган бўлсангиз, у ҳолда либосларингизнинг ўринли ерига чиройли тўғноғичлар ёрдамида безак беришингиз мумкин. Бугунда танлаш имкони беҳисоб бўлган бундай тўғноғичларнинг маржонлиги ёки қимматбаҳо тошлигини ҳам дўконлардан топишингиз мумкин. Либос: Ўзимизникини киймайман! Бугун ҳеч қайси бир қиз мактабга ямалган кийимда бормаслиги аниқ. Аммо муаммо шундаки, бугунда кўпчилик учун янги, тоза, дазмолланган кийим кифоя қилмай қолди. Ўтиш ёшидаги қизлар «фалончиникидака куртка», «фалончиникидака юбка» ва ҳоказо либосларни, машҳур фирма маҳсулотларини, фақат бренд кийимларни кийгиси келяпти. Албатта, чиройли бўлишга интилиш ҳар бир инсоннинг табиатида бор. Аммо қизларнинг бунинг ортидан худбин бўлиб кетишлари, фақат ўзи ҳақида ўйлайдиган инсонга айланишлари хавфи туғилади. Чунки айни бренд кийимлар арзон-гаровга олинмайди. Оила бюджети эса фақат ва фақат ўзига сарфланишига ўрганган қизлар келажакда ота-онаси ва атрофдаги яқинларига ғамхўрлик руҳида тарбияланяптилар, деб ким кафолат бера олади? Тўғри ечим: ниҳоятда қимматбаҳо бўлган кийим ҳам сизга оддий кўйлак каби ярашмаслиги мумкин. Ўша қиммат кўйлакни сотиб олиш ўрнига шу кўйлак нархининг ўндан бирини услубчи (стилист) маслаҳати учун сарфланг. Ундан тежамли, бироқ чиройли кийиниш сирларини, энг муҳими сизнинг рангингиз ва қоматингизга қайси либос тўғри келишини билиб олинг. Сунъий «офтоб»да тобланиш : «Қораманму мен?» Қачонлардир ғарб киноактрисалари фойдаланган бу услуб аллақачон юртимизга келиб, оммалашишга улгурди ҳам. Серқуёш юртимизда сунъий қуёшга на ҳожат дейишга шошилманг. Одатда, қизлар бу хизматдан қиш ойларида фойдаланишади. Ва дугоналарига «Фалон мамлакатга бориб дам олиб келдик» деб ёлғондан мақтанишдан ҳам тойишмайди. Дугоналари орасида ўз обрўсини ёлғон аралаштириб орттиришга уринадиган бу қизлардан келажакда ўз фарзандини тўғри сўзлашга ўргатадиган оналар чиқармикин? Айтгандай, олимлар ўтказган тажрибалар кўрсатишича, сунъий қуёшдан йилига 2 мартадан кўп фойдаланадиганларда тери саратонига чалиниш эҳтимоли юқори. Тўғри ечим: солярий(сунъий офтобда тобланиш)лар хизматидан фойдаланиш ниҳоятда қиммат ва зарарли экан, бугунда ўта безарар, аксинча тери учун фойдали, шу билан бирга, тери рангини ўзгартирувчи, яъни уни худди қуёшда тоблангандек қорайтириб кўрсатувчи кремлар талайгина. Бу нисбатан анча арзон ва оддий услуб. Агар жуда ҳам қорача бўлишни истаётган қизлар бўлса, улар учун шуниси қулай! Эслатма: Сизни ёки фарзандингизни атрофдагилар чиройли қомати ёки гўзал ҳусни учун эмас, гўзал қалби учун яхши кўришсин, ҳурмат қилишсин. Чунки вазн ортади, камаяди, ҳусн ҳар кимда ҳар хил. Аммо юракнинг қайноқ меҳрига ҳамиша ҳамма муҳтож!
Умму Муҳаммад Билол
Мавзуга оид мақолалар
БАРОАТ КЕЧАСИШарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда тўлиқ давоми...

22:57 / 01.04.2020 9615
Лондонда бўлиб ўтган сипо мода ҳафталигида London Modest Fashion Week Голливуд актрисаси Линдси Лохан кутилмаганда давоми...

12:23 / 25.02.2018 3524
Ким жинсий яқинлик қилса ёки унинг икки йўлидан бирига яқинлик қилинса, рўзаси бузилади. Қасдан ғизо ёки давоми...

06:05 / 18.11.2016 5725
Жуда ҳам чиройли ўтган Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичи ҳозиргина ўз якунига етди. Ҳақиқий давоми...

13:48 / 19.03.2018 3244