Сурат солиш ҳаром, фаришталарни ман қилади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди.

Деярли, инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари издан чиққан эди. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларининг йўлдан чиқишига эътиқод ва ибодат бузуқлиги сабаб бўлган эди.

Эътиқод бузуқлиги ҳар ким турли сохта худоларга эътиқод қилишида ўз аксини топган эди. Ҳар бир халқ, ҳар бир қабила, ҳаттоки, ҳар бир маҳалла ёки оила ҳам ўзи учун сохта худо ихтиро қилиб олган эди.

Ибодат бузуқлиги ҳам ана ўша эътиқод бузуқлигидан келиб чиққан эди. Ҳар ким ўзига ўзи сохта худо танлаб олганидан кейин ўзича ўша худосининг суратини солиб, унга ўзича ибодат қилишга ўтган эди.

Бу ерда «сурат солиш» бирикмасини қадимги мусулмон уламо аҳли ишлатган маънода ишлатмоқдамиз. Улар сурат деганда қўл билан чизилган суратни ва қўл билан ишланган ҳайкални кўзда тутганлар. Уларни бир-биридан ажратиш мақсадида, қўл билан чизилган суратни «сояси йўқ сурат», ҳайкални «сояси бор сурат», деб атаганлар.

Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилган пайтда инсоният ўша икки турли суратга ибодат қилар эди. Ушбу номаъқул ишга, суратларга ибодат қилишга қандоқ қилиб одамлар мубтало бўлганини англаш учун Қуръони Каримда зикр қилинган баъзи бутларга одамлар қандоқ қилиб ибодат қилишга ўтганлари тарихини ўрганишимизнинг ўзи кифоя қилса керак.

Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Улар Одам Атога келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақиришга, буту санамларга ибодат қилдиришга урина бошлади.

Одам Атонинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Уларни атрофидагилар яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақт-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишилар орасида васваса қилиб: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз? суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди.

Одамларга бу гап ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб, уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишар эди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси, деб ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат-икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.

Кейинги авлодлар ўз оталари ҳайкалларини улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганларини кўриб, вояга етди. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундоқ қилишиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар.

Ҳатто Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари келиб уларни суратларга эмас, ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирсалар ҳам, қабул қилмай, сохта худолари ибодатида маҳкам туришларини эълон қиладиган бўлдилар.

Бу ҳақиқатни «Нуҳ» сурасидаги қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олса бўлади:

«Ва улар: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар ва албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар».

Ривоятларда келишича, Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларни ниҳоятда яхши кўрганлар ва ҳурмат қилганлар. Вақти-соати етиб улар вафот этганларидан сўнг шайтон васвасасига учиб, кишилар уларнинг суратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Уларни зиёрат қилганлар. Аста-секин дардларини уларга айтадиган бўлишган. Оқибатда, вақт ўтиши билан, уларни худо деб эътиқод қилганлар ва уларга ибодат қилганлар.

Деярли? барча каттаю кичик динларда суратга ибодат қилинар эди. Бу турдаги ибодатлар масиҳийларнинг Исо алайҳиссаломнинг турли суратларига ибодат қилишларидан тортиб, Ҳиндистондаги баъзи тоифаларда эркак ва аёлнинг жинсий олати суратигача ўз ичига олган эди.

Бу фикримизнинг тасдиғи сифатида ҳозирги кунимиздаги Исломдан бошқа барча динларда нимага ибодат қилинаётганига бир назар солишни таклиф қиламиз.

Ислом зоҳир бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни унга даъват қилишни бошлаган пайтларда дунёнинг барча томонида суратга ибодат қилиш авж олган эди. Айниқса, бу иш Арабистон ярим оролида кучайган эди. Одамлар хоҳлаган нарсаларидан, хоҳлаган вақтларида, хоҳлаган шаклда худо ясаб, унга ибодат қилишлари ҳеч гап эмас эди. Биров туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўша лойдан жажжигина худо ясаб унга ихлос билан сиғинса, бошқаси яна бошқа нарсадан ўзига худо ясаб олар эди. Бозорда худоларни ясовчилар уларни қимматроқ пуллашга тиришсалар, худо сотиб олмоқчи бўлган харидорлар уларни иложи борича арзонга сотиб олиш чорасини ахтарар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мушриклик пайтларида сафарда кетаётиб ибодатга эҳтиёжлари тушибди. Худолари эсларидан чиқиб уйда қолган экан. Нима қилиш керак? Атрофга қараб худоликка ярайдиган бирор нарса топа олмадилар. Яйдоқ чўлда нима ҳам бўлсин? Юкларини титган эдилар, кўзлари йўл учун олинган хурмо меваларига тушди. Уларни олиб, бир-бирига ёпиштириб, худо суратини ясадилар ва чин ихлос ила унга ибодат қилдилар. Кейин қорин очлиги ҳам ёдга келиб қолди. Бир йўла қориннинг қайғусидан ҳам холи бўлиб, кейин йўлни давом эттириш мақсадида хурмодан яхшилаб тановул қилди. Қорин тўйиб, қайғу кетгандан сўнг қарасалар, ҳозиргина чин ихлос ила ибодатини қилган худоларини еб қўйибдилар. Ана ўшанда ўзларининг аҳмоқликларидан кулиб, қорниларини ушлаб, ётиб қолдилар.

Араблар турли суратларга сиғинишга ўта берилганларидан Каъбаи Муаззаманинг ичига уч юз олтмишта сурат худони ўрнатишгача бориб етган эдилар.

Ана шундоқ бир пайтда Аллоҳ таоло бутун инсониятни турли суратларга ибодат қилишдан ягона Ўзига ибодат қилишга чақириш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом динини юборди. У Зотга ақида масаласига алоҳида эътибор беришни таъкидлади. Бутун дунёни, турли суратларни қўйиб, ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга бошлаш масъулияти юкланган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма уч йиллик пайғамбарликларининг ўн уч йили тавҳид ишига ажратилганлиги ҳам бежиз эмас.

Албатта, бу ишнинг бошида суратларга ва суратчиларга қарши кураш туриши инкор этиб бўлмайдиган улкан ҳақиқат эди.

Ҳозир ўрганадиган ҳадиси шарифларимиз ана ўша пайтда кўп худочиликка қарши олиб борилган тарғибот ишларининг бир кўринишидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бу дунёда бир сурат солса, қиёмат куни ундан ўшанга жон киритиш талаб қилинади. У эса жон киритувчи эмас», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Зуръа розияллоҳу анҳу айтади:

«Абу Ҳурайра билан Марвоннинг ҳовлисига кирдим. Бас, у ўша ерда суратларни кўрди ва:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Аллоҳ азза ва жалла, Мен яратган нарсага ўхшаш нарса яратишга урингандан ҳам золимроқ кимса борми?! Қани, бир заррани яратиб кўрсинлар-чи! Қани, бир дона буғдойни яратиб кўрсинлар-чи! Қани, бир дона арпани яратиб кўрсинлар-чи! дейди», деганларини эшитганман», деди.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу икки ривоятдан сурат солувчиларнинг иши нақадар ёмон олиниши кўриниб турибди. Уларнинг иши Аллоҳнинг яратувчилик сифатига шериклик қилишга ҳаракат деб баҳоланмоқда. Бу маъно айниқса ўша пайтларда ўта бўрттирилган. Чунки у вақтларда сурат солиш фақат сохта худолар суратини солишдан иборат бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда суратлар бор эди. У Зот уни кўришлари билан тортиб олдилар ва ранглари ўзгариб:

«Эй Оиша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар. Бас, биз уни бўлиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».

Шарҳ: Мазкур пардадаги суратлар жонли нарсаларнинг суратлари эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг сурати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша сурат пардада бўлса ҳам,жоиз эмас.

Аммо кесилган, йиртилган ҳолда болиш ёки шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсаларда бўлса, жоиз. Суратни чизиш эса мутлақо мумкин эмас.

Яна ўша киши айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келдилар. Мен эшигимга гилам парда тўсиб қўйган эдим. Унда қанотли отларнинг сурати бор эди. Бас, у Зот менга амр қилдилар. Мени уни ечиб олдим».

Иккисини Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдингисини тасдиқлаш учун келтирилмоқда.

Бир одам Ибн Аббоснинг ҳузурига келиб:

«Мен мана бу суратларни соламан, менга булар ҳақида фатво бер», деди. Бас, у киши ҳалиги одамга:

«Менга яқинроқ кел», деди. У яқин келди. Сўнгра яна такрорлади. У яна ҳам яқинроқ келди. Шунда унинг бошига қўлини қўйиб туриб:

«Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзим эшитган нарсанинг хабарини бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар бир суратчи дўзахдадир. Унинг учун ўзи солган ҳар бир сурат ўрнига бир жон қилинур. Ўша жон уни жаҳаннамда азоблар», деганларини эшитганман. Агар бу ишни, албатта, қилишинг керак бўлса, дарахтни ва жони йўқ нарсаларни қил», деди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятдан Исломда жонли нарсаларнинггина суратини солиш ман қилинганини, жонсиз нарсаларнинг суратини солса бўлишини англаб оламиз. Сурат солиш, дегандан ҳам расм, ҳам ҳайкал кўзда тутилишини яна бир бор эслаб қўямиз.

Демак, Исломда сурат солишга мутлақо қаршилик йўқ экан. Жонли нарсаларнинг суратини солишгина ҳаром қилинган экан. Чунки суратлар туфайли бузилиш айнан ушбу жонли нарсалар суратига боғлиқдир. Ҳамма сурати солинган сохта худолар жонли нарсаларнинг сурати, ҳайкалидир.

Жонсиз нарсаларнинг суратини солиш Исломда ман қилинмаган. Табиат манзаралари, турли дарахтлар, гуллар ва бошқа жонсиз нарсаларнинг суратини солишга қаршилик йўқ.

Буср ибн Саъид, Зайд ибн Холид ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, фаришталар суратлар бор уйга кирмаслар», дедилар».

Буср айтади:

«Сўнгра Зайд бемор бўлиб қолди. Биз уни кўргани борсак, эшигида суратлари бор парда турибди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймунанинг ўгай ўғли Убайдуллоҳга:

«Зайд бизга аввалги куни суратлар ҳақида хабар бермаган эдими?» дедим.

«Магар кийимдаги чизғи бўлса, жоиз», деганини эшитмаган эдингми?» деди у».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Кийимдаги чизғи» матони тўқилаётганда қўшиб тўқилган безак шакл ва чизиқлар. Ана ўшандоқ чизиқларда жонли нарсанинг сурати бўлса ҳам жоиз экан. Ўша вақтнинг матоларида акс эттириладиган ҳайвон расмлари аниқ ва тўлиқ бўлмагани учун, мато жуда ҳам оз бўлганидан исроф бўлмасин деб, ва яна шунга ўхшаш биз билмайдиган сабабларга кўра, бу нарсага изн берилган бўлса керак.

Шу билан бирга, бу нарса ҳаммага ҳам маълум эмас эканлиги ривоятнинг ўзидан ҳам билиниб турибди.

Ушбу ривоят икки кишидан: Буср ибн Саъид ва Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳумолардан нақл қилинмоқда. Улардан бири Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб қолибди. Иккинчилари Буср ибн Саъид эса Убайдуллоҳнинг ҳамроҳлигида у кишини кўргани борибдилар. У киши Зайд розияллоҳу анҳунинг эшикларида ҳайвон сурати бор пардани кўриб қолиб, ҳайрон қолдилар. Нима учун Зайд ўзи нақл қилган ривоятга хилоф иш қилади? Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, фаришталар суратлар бор уйга кирмаслар», деган ҳадиси шарифларини у киши билан бирга ривоят қилган эди-ку?! Лекин Буср розияллоҳу анҳунинг ёдларидан нозик бир истисно чиқиб қолган эди. Уни ҳамроҳлари Убайдуллоҳ эслатди.

«Магар кийимдаги чизғи бўлса, жоиз» деганини эшитмаган эдингми?» деди у».

Истисно юзасидан, Зайд розияллоҳу анҳу эшикларига ҳайвон сурати қўшиб тўқилган парда осилишига рози бўлганлар.

Бу ҳадис билан ундан олдин келган Оиша онамизнинг ҳадисларидаги фарқ бу ҳадисдаги сурат матонинг тўқилишига қўшилган, унда эса кейин солинганлигидадир. Кейин ишланган сурат аниқ ва мужассам бўлиши ҳаммага маълум.

Бу дегани – ҳозирги кундаги тўқимачилик ишхоналарида жонли нарсаларнинг суратларини солиб чиқарилган матолардан бемалол фойдаланса бўлаверар экан, дегани эмас. Олдинги матоларга қўшиб тўқилган суратлар билан ҳозиргиларининг фарқи бор. Аввалги суратлар тўлиқ ва аниқ бўлмаган.

Умуман, эҳтиёт йўлини тутиш афзал.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом маълум соатда келишни ваъда берди. Ўша соат келса ҳам, у келмади. Ул Зотнинг қўлларида асо бор эди, уни ташлаб:

«Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар. Бундоқ қарасалар, ётар сўрилари остида бир итнинг боласи. Шунда у Зот:

«Эй Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди!» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у. Бас, У Зот амр қилдилар. Уни чиқарилди».

Бошқа ривоятда зиёда қилинди:

«Сўнг сув олиб унинг ўрнига сепдилар. Кейин Жаброил келди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар. Шунда у:

«Мени уйингдаги ит ман қилди. Бизлар ит ва сурат бор уйга кирмаймиз», деди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бошқа ривоятлар каби ушбу ривоят орқали кўп нарсани ўрганиб олмоқдамиз. Умуман, сиз билан биз учун ҳадиси шарифларни ўрганиш фурсати улкан бахт-саодатдир. Биз ўрганаётган нарсалар Аллоҳ таолога, У Зотнинг энг афзал бандаси ва Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларнинг энг афзал авлоди саҳобалар авлодига тегишлидир.

Бу ривоятларнинг барчаси ҳикмат, ибрат, ваъз-насиҳат, ҳукми шариат, тариху сийрат ва бошқа кўпгина фойдалар конидир.

Қаранг-а, ушбу ўрганаётган ривоятимизда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фаришта Жаброил алайҳиссалом билан бўлган алоқалари ва унга тегишли нарсалар баён қилинмоқда.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом маълум соатда келишни ваъда берди».

Демак, Жаброил алайҳиссалом баъзида тўғридан-тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар ҳам, баъзида олдиндан вақт белгилаб, келишиб олиб, кейин келар эканлар. Албатта, Жаброил алайҳиссаломдек фаришталарнинг етакчиларидан бўлган, Аллоҳ таоло томонидан ваҳийнинг амини қилиб таъйинланган Зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек улуғ Зотга ваъда бергандан кейин бу ваъданинг устидан чиқишлари керак эди.

«Ўша соат келса ҳам, у келмади».

Ҳа, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга ваъда берган вақтлари бўлса ҳам, келмадилар. Одатдан ташқари бир ҳол. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташвишга туша бошладилар.

«Ул Зотнинг қўлларида асо бор эди, уни ташлаб:

«Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар».

Бу келмасликнинг сабаби ваъдага хилоф қилишдан бошқа нарса бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юраклари ғалати бўлиб, сабабни ахтара бошладилар.

«Бундоқ қарасалар, ётар сўрилари остида бир итнинг боласи».

Ҳа, у Зотнинг ердан бир оз кўтарилган ётар сўрилари бор эди. Ўшанинг тагига бир кучукча кириб олибди. Бу қаердан келиб қолди экан. Эҳтимол, ҳужранинг соҳибаси билар?

«Шунда у Зот:

«Эй Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди!» дедилар».

Мен ташқарида юриб бехабар қолибман, сен аксар ҳолда уйда бўласан. Хабаринг борми, манави кучукча сўрининг остига кириб олганидан?

«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у».

Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари чиққанини сезиб, ишончли бўлиши учун қасам ичиб гапирдилар. Энди кучукча ҳеч кимга билдирмай сўрининг остига кириб олгани маълум бўлди.

«Бас, у Зот амр қилдилар. У чиқарилди».

Нопок нарса ҳужранинг ичига кириб ётиб олгани яхши бўлмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кучукча ҳужрадан чиқарилгандан

«Сўнг сув олиб, унинг ўрнига сепдилар».

Кўнгиллари бўлмай ўша ерни шу шаклда поклашни ирода қилдилар.

«Кейин Жаброил келди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари ўрнига тушди. Жаброил алайҳиссалом кўринишлари билан

«У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар». Шунда у:

«Мени уйингдаги ит ман қилди. Бизлар ит ва сурат бор уйга кирмаймиз», деди».

Ана шунда нима учун Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ваъдалашилган вақтда келмаганлари аён бўлди.

Бинобарин, ким уйи фариштали бўлишини хоҳласа, унда сурат ва ит бўлишига йўл қўймасин экан. Биз аввал уйда ит сақлаш масаласини яхшилаб ўрганганмиз. Сурат масаласини эса энди ўрганмоқдамиз. Бу борадаги ривоятлар матнини таҳлил қилиб бўлиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда умумий хулоса чиқаришга ҳам уриниб кўрамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради.

«Киравер», дедилар у Зот.

«Қандоқ қилиб сенинг уйингга кираман? Ахир унда суратлари бор парда турибди-ку! Ёки уларнинг бошларини кесиб ташла, ёки оёқ остига солинадиган палос қилиб ол. Албатта, биз фаришталар жамоаси суратлар бор уйга кирмасмиз», деди у».

Насаий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Жаброил алайҳиссалом ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига изн сўрамасдан кирмаслари.

2. Фаришталар сурат бор уйга кирмаслиги.

3. Жонли нарсанинг сурати бор буюм ёки матони ўша нарсанинг бош қисми суратини кесиб ташлаб ишлатилса жоизлиги.

4. Жонли нарсанинг сурати бор нарсалардан оёқ ости бўладиган жойларда фойдаланса жоизлиги.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида суратларни ҳеч қўймай йўқотар эдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: У Зотнинг умматлари ҳам шундоқ қилмоқлари лозим.

Мана, суратга тегишли баъзи ривоятларни ўрганиб ҳам чиқдик. Бу масала бўйича Ислом душманлари динимизни хоҳлаганча қоралашга ўтганлар. Ислом санъатга қарши, гўзалликни тасвирлашга ва ҳис қилишга йўл қўймайди ва ҳоказоларни айтганлар ва айтиб келмоқдалар.

Аслини олганда эса, мазкур танқидчилар ноҳақ гапни айтадилар. Ислом ҳеч қачон санъатга қарши бўлмаган ва гўзалликни ўз ўрнида ҳис қилишни яхшилаб йўлга қўйган. Агар гўзаллик фақатгина сурат солиш ва ҳайкалтарошлик қилишга боғланиб қолган бўлса, марҳамат жонсиз нарсаларнинг сурат ва ҳайкалларини хоҳлаганича чизиб, ясаб маза қилишаверсин. Бунга Ислом изн берган.

Исломда жонли нарсаларнинг суратига изн берилмагани, эътиқод бузилиши масаласига боғлиқ эканини олдин ҳам айтиб ўтдик. Одамлар ўша суратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлигини таъкидладик. Унга тарихдан мисоллар келтирдик.

Исломни бу борада танқид қилаётганларнинг барчаси ҳозир ҳам турли сурат ва ҳайкалларга чўқинаётгани бу хавф доимий эканлигига далилдир.

Масаланинг ушбу ривоятлар айтилаётган пайтда воқеликда бўлмаган тарафи ҳам мавжуд. Сурат ва ҳайкаллар орқали гўзалликни ҳис қилиб, ўзининг «маънавий дунёсини» бойитмоқчи бўладиганлар яланғоч суратлар ишқибози эканлиги ҳам ҳаммага маълум. Бундоқ суратларнинг чизилиш тарихи ва кейинги қиссалари фаҳшу фужур ила тўлалиги ҳеч кимга сир эмас. Ана шундоқ «ялонғоч санъат»нинг ижодкорлари ҳам, ишқибозлари ҳам, асосан, мижози суст, жинсий заиф томонлар эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Улар сурат чизиш ва уни томоша қилиш орқали амалда ўзлари эриша олмаган нарсанинг тўлдиришга уринсалар, ажаб эмас.

Агар мақсад ҳақиқий гўзалликни ҳис қилиш бўлса, табиат манзараларидан ҳам гўзал нарса борми дунёда?

Ислом маданиятидаги гўзалликни ҳис қилишдек савия бошқаларда бўлган эмас. Бўлиши ҳам қийин. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, уларнинг фалсафаси нотўғри. Мақсадлари бузуқ ва дунёқарашлари тор. Улар тарғиб қилаётган нарса ўзларининг ҳавойи нафсларининг талабини қондириш, холос.

Биз улар билан жонсиз нарсаларнинг сурати ила гўзалликни ҳис қилишда ҳамфикрмиз. Аммо жонли нарсалар суратида мутлақо ҳамфикр бўла олмаймиз. Бу борада аввал айтиб ўтилган эътиқод бузилиши ва фисқи-фасоддан ташқари бошқа нарса ҳам бор.

Фараз қилайлик, бир жонли нарсанинг суратини томоша қилган киши ундаги чизиқлар ва бўёқлар орқали маълум бир шаклдан хулоса чиқаради. Яъни унга таъсир қиладиган нарса шаклдан иборат. Бошқа нарса йўқ.

Исломий маданият бунинг ўрнига қўядиган нарсалардан бири ҳаттотлик санъатидир. Бу санъатга мусулмонлар қанчалик аҳамият бергани маълум ва машҳур.

Биринчидан, хат санъатида ҳам шакл бор. Шакл бўлганда ҳам турли-туман шакллар мавжуд. Хатнинг турлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Сулс, куфий, руқъа, форсий ва ҳоказолар. Бу хатларнинг гўзаллигини уларни билмайдиган кишилар ҳам дарҳол сезади.

Иккинчидан, бизнинг ҳаттотлик санъатимизда шаклдан ташқари қироат ҳам бор. Хатларимизни кўрган киши уларнинг шаклига маҳлиё бўлиш билан бирга ўқийди ҳам. Ўқиш орқали қанчалик гўзаллик ҳис қилиш мумкинлигини ўқиганлар билади.

Учинчидан, бизнинг ҳаттотлик санъатимизда шакл ва қироатдан ташқари овоз ҳам бор. Яъни ўқиганда овоз чиқади. Овоз орқали қанчалик гўзаллик ҳис қилиш мумкинлигини ўз ишқибозлари яхши билади.

Тўртинчидан ва энг муҳими, бизнинг ҳаттотлик санъатимизда шакл, қироат ва овоздан ташқари, маъно ҳам бор. Маъно бўлганда ҳам Қуръони Карим ва ҳадиси шариф маънолари ҳамда буюк мутафаккирларнинг ҳикматли сўзлари маънолари бор.

Бу ёғи ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Сурат масаласида мусулмонларнинг ўзлари ҳам воқеликда бир неча тоифага бўлинадилар.

 
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ҳазрат. Сиздан айрим нарсалар ҳақида сўрамоқчи эдим. давоми...

09:35 / 05.12.2016 6011
Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий давоми...

13:25 / 10.11.2016 8443
embedhttpswww.youtube.comwatchv4TEoCePQSoMembed

11:54 / 08.09.2016 3675
Ғарб мамлакатларида ҳар йили декабрь ойининг охирида Исо алайҳиссалом таваллуди Рождество байрами давоми...

15:33 / 02.05.2019 4005