Аллоҳ таоло инсонларни эркак ва аёл қилиб яъни жуфт яратганлигининг ҳикмати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларни эркак ва аёл қилиб, яъни жуфт яратганлигининг ҳикмати.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Рум» сурасининг 21-оятида шундай баён қилади : «Унинг оятларидан (яна бири) сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир».

  Дарҳақиқат, Роббимиз инсонларни эркак ва аёл қилиб яратди ва ўз навбатида улардан ҳар иккисини бир-бирларига муҳтож қилди. Эркак кишига Аллоҳ таоло шундай ҳис-туйғулар бердики, у ўз ҳис-туйғуларини фақат аёл киши орқали қондиради. Ва айни вақтда аёл кишини ҳам шундай латиф ҳис туйғуларга асир этдики, бу асирликдан халос бўлиш йўлини у ҳам ўз жуфти ҳалолидан топади.

Бир-бирига бегона бўлган қиз ва йигит покиза никоҳ йўли билан оила қуриб, яшашни бошлаганларидан сўнг уларнинг ўртасида Аллоҳ таоло шундай иноқлик ва меҳрибонлик инъом этадики, натижада улар бир-бирларига меҳрибон ва шафқатли бўлиб яшайдилар ва бир-бирларининг камчилигини тўлдиради, оилавий муаммоларни ўзаро ҳал этади, кези келганда бир-бирларига завқ улашиб, ҳаётни давом эттиришади. Бу эса Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган катта марҳаматларидан биридир. Зеро, Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз» (187-оят).

Баъзи муфассирлар оятдаги «либос» сўзини кишининг энг зарурий эҳтиёжи, деб тафсир қилишди. Қолганлари эса «либос» бу инсоннинг айб ва нуқсонларини тўсиб турувчи зийнат, деб тафсир қилишган. Дарҳақиқат, эр-хотинлар бир-бирларига шу қадар муҳтождирки, уларнинг қиёси бир қушнинг икки қаноти кабидир. Улардан бирининг бахти иккинчисига чамбарчас боғлиқ бўлиб, оилада улардан ҳар бирининг ўрни алоҳида мавқега эгадир. Ва шу билан бир қаторда, улар бир-бирларига зийнатдирлар. Улар ўзаро айбларини яшириб бир-бирларининг фақатгина яхши хулқ-атворларини намоён қилмоқлари мазкур сўзимизнинг амалий тасдиғидир. Табиатларидаги жинсий хоҳишларини Аллоҳ таоло ҳалол қилган йўл билан қондириш орқали бир-бирларига ўзаро сукунат ва хотиржамлик баҳш этувчи зийнатдирлар.

Ота-онанинг насл-насабини давом эттирувчиси бўлган фарзанд неъматининг берилиши ҳам инсонларнинг эркак ва аёл қилиб яратилиш ҳикматларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасининг 72-оятида: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди», дея марҳамат этган. Демак, инсонлар жамиятининг ҳаёти ва фаолияти доирасида эркакларнинг қанчалик ўрни ва аҳамияти бўлса, аёлларнинг ҳам ўз ҳилқатларига мувофиқ шу қадар мақсад ва вазифалари бор. Аллоҳ таоло улардан ҳар бирига ўзларининг ҳилқатларига мос равишда шундай вазифалар топширдики, уларнинг бири иккинчисининг вазифасини бажара олмайди.

Мавзуга оид мақолалар
Қайси шаҳарга тоунўлат касали кирмайди а. Макка б. Мадина с. Тоиф. д. Макка ва Мадина   Расулуллоҳ давоми...

10:54 / 26.02.2017 10676
«Жавҳарадуттавҳид»  китобида айтилишича, Аллоҳ таоло савоб берадиган бўлса, фақатгина фазлидан, азоб давоми...

12:25 / 08.03.2017 4132
Алвидо, эй моҳи раҳмат, ғуфрон ойи, алвидо, Айладинг азми сафар, бўлдик паришон, алвидо, Афв қил давоми...

22:41 / 10.03.2017 4596
Орамизда юзлари мунаввар, пешоналари нурли, вақтлари баракали бўлган бахтиёр инсонлар тоифаси мавжуд. Агар давоми...

13:02 / 11.10.2017 5992