Қайтар дунё...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир бева аёл айтади: "Қайнонам билан яхшими, ёмонми беш йил яшаб, бўлак бўлиб чиқдик. Қайинукам уйланди. Кўпчилик хонадонларда бўлганидек, овсиним билан қайнонамнинг ўртасида ҳам тез-тез жанжаллар бўлиб турарди.

Бир куни уйимизга қайнонам кириб келдилар. Эрим ишда, болаларим мактаб, боғчада...Чой қўйдим, дастурхон ёздим. Қайнонамнинг нима ниятда келганларини тушунолмай, ҳадеб юзларига қарайман: нимадандир хафа кўринадилар. "Оббо, овсиним билан хафалашиб қолиб,  бизникида бирон кун қолишга келмаган бўлсалар бўлди...", дейман ичимда. Бир пайт гап бошладилар. Ўйлаганимдай бўлиб чиқди! Шу тобда менгаям алам қилиб, ўтган гапларни, менга ҳам азоб берганларини айтиб-айтиб олдим! Бу гапларни аслида бизникида қолишларини истамаётганим учун айтаётган эдим... Қайинонам гапларимни жимгина, бошларини қуйи солганча эшитдилар-да, кетишга изн сўраб, ўрнидан турдилар. Худди "қолинг" десам, қолиб кетадигандек индамадим. Дарвозадан чиқиб кетаётган қайинонамнинг орқасидан қараб қоларканман, кўзимга жуссаси кичрайиб қолгандек кўринди... Уйга кириб, дастурхонга кўзим тушди-ю, юрагим ғалати бўлиб кетди: ҳали олтмишга ҳам  тўлмаган қайинонам тиши йўқлигидан, чойга бўктириб ейиш учун нонни бўлакчаларга бўлиб, пиёла ёнига тизиб қўйган экан...


Йиллар ўтиб, ўзим қайнона бўлдим. Катта ўғлим учта фарзандли бўлганида уйини бўлак қилдик. Кенжамни ўзи хоҳлаган қизга уйлантирдик. Янги келиним аввалига: "Ойижон, ойижон" деб жонимга аро кирди. Бир нима десам, "Хўп бўлади, узр, ойижон" дерди! Келинга ялчидим, деб кўнглим яйрайди, ўғлимдан ҳам яхши кўриб кетаман!

Лекин биринчи фарзанди туғилганидан кейин, қилиқлари чиқа бошлади, феъли айниди. Йўлга соламан деб, бўларим бўлди. Икки ўртада ўғлим ҳам қийналиб кетди. Озгина асабларимга дам берай, бирон кун ётиб келай, деб катта ўғлимникига отландим...

Эшикни очган келиним, аранг ичкарига таклиф қилди. Нимага келганимни фаҳмлади шекилли, мендан олдин арз қилишга тушди: "Ҳаммаси жонимга тегди, сизларникида яшаганимда сизнинг кўнглингизни оламан деб ўлиб кетардим, бўлак бўлиб ҳам маза қилиб яшаётганим йўқ. Ўғлингиз болаларидан баттар инжиқ, фақат уларнинг кўнглига қарашим керак! Мени кўнглимга ким қарайди? Мен қачон яйраб, одамга ўхшаб яшайман? Уйимдагиларку келишга қўрқишади. Ўғлингиз ёқтирмайди бизникиларни..."

Келиним ўтиб кетган гапларни қўзғаб, тинмай шанғиллар, менинг эса тинкам қуриб, мадорим кетиб борарди. Эрталаб нонушта ҳам қилмай, иссиқда йўл юриб келганим учунми, кўзим тиниб, лоҳас бўла бошладим. Секин ўрнимдан туриб, кетишга чоғландим. Шу он келиним: "Кетасизми, мендан хафа бўлмай кетинг, ўзи асабийлашиб турувдим..." деганча қолаверди...


Уйимга кетяпману, бундан йигирма беш  йиллар аввал бўлган ўша воқеани эслаб, кўксим тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғлайман...

Мен-ку қайнонамга дастурхон ёзиб, бир пиёла чой берибман, келиним менга ўша бир пиёла чойни ҳам раво кўрмади! Кун келиб, ўзининг келини остонасидан ҳайдамаса бўлди!

Аллоҳим, кечир... "


Дилфуза Саидраҳмон ёзиб олди.

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Савол Қўли чиғаноғидан тирсагидан, оёғи тўпиғидан кесилган кишилар таҳоратда нима қиладилар Жавоб давоми...

11:43 / 11.01.2017 4252
Савол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуссалари қандай бўлган           Жавоб Пайғамбар давоми...

18:06 / 05.12.2017 2830
embedhttpswww.youtube.comwatchv16uqQLNX5PEembed

14:37 / 12.06.2017 3527
Аллоҳ таоло барчага ўзига хос қобилият, қизиқиш ато қилган. Кишининг севимли машғулоти доимо унга яхши давоми...

21:00 / 08.07.2019 3696