Қуръон ва ҳадисларда жимоъ ҳақида келганми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи. У биз учун то қиёматгача дастурул амал. Бунга иймон келтирганмиз.  Китобда қонун-қоида ўлароқ ҳамма масала зикр қилинган;

"Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз." (Анъом сураси, 38-оят). Жумладан, эр-хотинлик "муомаласи"га оид хабарлар ҳам бор.  Аммо ҳатто буюк Қуръонда ҳам бу масалада очиқ лафз ишлатилмаган, балки: "аёлларга яқинлик қилса.." "..хоҳлаганингизча келинг" каби жумлалар ишлатилган. Яна бошқа оятларда ҳам бу мавзуда мажоз ишлатилган: “келсангиз”, “тегсангиз”, “келинг”, “экинзор” каби. Бу луғатлар  араб тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам очиқ жимоъ сўзига синоним эмас. Демак очиқ лафз йўқ. Баъзан очиқ лафзсиз тушуна олмайдиган масалаларимизда очиқ лафз ишлатилган. Масалан, аёллардаги ҳайз масаласи.


✔️Ҳадисларда ҳам худди шундай. Ҳатто бу мавзуда ҳавасга гапириб юрганлар мазаммат қилинган.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Орангизда уйига қайтганида эшигини ёпиб, пардасини тушуриб (яқинлик қилиб) сўнгра ташқарига чиқиб: "Аҳлим билан ундай қилдим, бундай қилдим", дейдиган эркаклар борми?" дедилар. Ҳеч ким индамади. Кейин аёлларга юзланиб: "Сизнинг орангизда шудай ишларни гапирадиганлар борми?" дедилар. Шунда бир бўйи етган қиз Расулуллоҳ уни кўриши ва эшитиши учун икки тиззасига таяниб, бўйини чўзиб: "Ҳа, Валлоҳи, эркаклар ҳам гапирадилар, аёллар ҳам!" деди.

"Биласизларми бунинг мисоли нимага ўхшайди?" дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.  "Бундай қиладиганларнинг мисоли кўчада учрашиб қолиб, одамлар қараб турган ҳолатда яқинлик қиладиган эркак ва урғочи шайтонга ўхшайди" (Абу Довуд ривоят).


Яна бир воқеа: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Рифоъа Қуразийнинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен Рифоъанинг хасми эдим. Мени талоқ қилди ва талоғимни узил-кесил ҳал қилди. Кейин мен Абдурраҳмон ибн Забирга турмушга чиқдим. Ундаги нарса кийимнинг попуги каби, холос», деди. У зот: «Сен Рифоъага қайтмоқчимисан? Йўқ! Токи сен унинг асалдонидан, у сенинг асалдонингдан тотимагунча (бўлмайди)», дедилар. Абу Бакр у зотнинг олдиларида ўтирган эди, Холид ибн Саъид ибн Ос эса эшик тагида ўзига изн берилишини кутиб турарди. Шунда у (Холид): «Эй Абу Бакр, манавини эшитяпсизми?! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида нималарни ошкора айтяпти-я!» деди».

(Имом Бухорий ривояти)


Эътибор берилса, шу воқеада ҳам жимоъ ҳақида очиқ лафзлар йўқ.  “ундаги нарса” ёки “Асалдон” жинсий аъзонинг номига синоним эмас. Бу мажозий маъно. Шунда ҳам саҳобалар бундан ажабланишган. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом таълим учун тўлиқ жавоб берганлар. (у ҳам мажозий қилиб айтилди)


Яна бир ҳодиса: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  «Бир ансория аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ҳайздан (сўнг) қандай ғусл қиламан?» деди. У зот: «Мушкланган пахта олгин-да, уч марта поклан», дедилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уялиб, юзларини бурдилар ёки «у билан поклангин», дедилар.

(Бошқа ривоятда аёл  «Қандай покланаман?» деди. «У билан поклан», дедилар. «Қандай қилиб?» деди. У зот: «Субҳаналлоҳ! Поклан», дедилар.)

Уни ушлаб, ўзимга тортдим-да, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутган нарсадан уни хабардор қилдим».

Оиша онамиз ҳам ҳамманинг олдида бақириб айтмабтилар-да, хонага чақириб, ўзига тушунтириб қўйибдилар.


Мана, фарз амал (ғусл) ҳақидага таълим методи қандай бўлди. Масала “нозик”, жавоб мажозий... Булардан нима тушунилади? Динимизда бу масалаларга ҳам албатта жиддий эътибор қаратилган. Китоблар, дарсликлар битилган. Лекин буларнинг ҳаммасини элга достон тарзида ўргатиш назарда тутилмаган.


Ижтимоий тармоқларда эса ҳар хил ёшдаги ва ҳар хил ҳолатдаги икки жинс вакиллари жамланган. Баъзилар ўзини гўё бу борада таълим бераётгандек тутади. Лекин уни уқийдиган ва эшитадиганлар орасида турли кишилар борлигига эътибор бермайди. Бу билан ҳиссиётларни қўзишига сабаб бўлади. Мавзу давом этаверса, бегона эркак ва аёллар орасидаги парда кўтарилиб бораверади. Бу мавзуда гапираверадиган кишининг муруввати ҳам кетиб қолади.


Манба
Мавзуга оид мақолалар
Кунига ўн оятдан ёдланса, 1 йилу 9 ойу 3 кунда.Кунига ярим бетдан ёдланса,3 йилу 4 ойу 24 кунда.Кунига бир бетдан давоми...

21:48 / 03.04.2023 4025
Бутун оламлар Роббиси бўлган Аллоҳ субҳанаҳу таолога ҳамд, оламларга раҳмат ўлароқ юборилган ҳабибимиз, давоми...

21:32 / 18.03.2017 5386
Аллоҳ таоло «Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, давоми...

15:04 / 10.10.2016 7563
Ўта қари шахс рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр давоми...

18:32 / 20.11.2016 4774