Ҳаж ва умра сабоқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


15-САБОҚ


Замзам сувидан ичиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш


Умра қилувчи мақоми Иброҳимда намоз ўқиб, дуолар қилганидан сўнг тўйиб-тўйиб замзам сувидан ичади, қиблага қараб, дуолар қилади. Замзам сувидан тўйиб ичиш мустаҳаб амалдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Замзам нима учун ичилса, шунга фойдадир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «У (замзам) очга таом, беморга шифодир», деганлар. Демак, замзам нима ният билан ичилса, иншааллоҳ, ўша ниятга эришилади.

Кейин ҳожи қайтиб, Ҳажарул-асвадни яна бир бор истилом қилади (одатда унинг олдига бориш ниҳоятда мушкул бўлагани учун узоқдан туриб, қўл билан ишора қилади).

Сўнгра Сафо тепалигига чиқиб, Байтуллоҳга юзланиб, такбир («Аллоҳу акбар») ва таҳлил («Лаа илааҳа иллаллоҳ»), Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуруду салавотлар айтади. Аллоҳдан барча ҳожатларини сўраб, дуолар қилади, сўнг Марва тепалиги томонга юриб кетади. Юришни ушбу оятни ўқиб бошлаш тавсия қилинган:


إِنَّ ٱلصَّفَا وَٱلْمَرْوَةَ مِن شَعَآئِرِ ٱللَّهِ ۖ فَمَنْ حَجَّ ٱلْبَيْتَ أَوِ ٱعْتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا ۚ وَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًۭا فَإِنَّ ٱللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ


«Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, бу иккови ўртасида саъй қилишида унга гуноҳ йўқ. Ким яхшиликни холисона қилса, Аллоҳ кўплаб савоб бергувчи, билгувчи Зотдир» (Бақара сураси, 158-оят)

Ушбу оятга биноан шариатимизда бу амал вожиб саналади.

Сафо ва Марва тепаликлари орасида биринчи марта саъй қилган инсон – Иброҳим алайҳиссаломнинг завжалари, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар онамиздир. Аллоҳнинг амрига биноан, Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизни чақалоқлари Исмоил билан бирга ҳозирги Масжидул-ҳаромнинг ўрнида қолдириб кетганлар. Чақалоғи билан ёлғиз қолган Ҳожар онамиз сув излаб, Сафо тепалигига чиққанлар. Қаттиқ иссиқда Марва томонда сув кўрингандек бўлган. Югуриб борсалар, сароб бўлиб чиққан. Шу тарзда Аллоҳдан нажот истаб, икки тепалик ўртасида етти марта бориб-келганлар. Бир маҳал қарасалар, йиғлаб ётган Исмоилнинг товони остидан сув чиқиб, оқиб кетяпти. Югуриб бориб, қўллари билан сувнинг йўлини тўсиб, «Зам, зам!» («Тўхта, тўхта!») деганлар. Шундан кейин бу мўъжиза булоқнинг номи Замзам бўлиб қолган.

Сафо билан Марва ўртасида саъй қилаётган одам ўзини хокисор тутиб, Ҳожар онамиз каби Аллоҳдан нажот кутиб, астойдил ҳаракат қилиши керак.

Ҳозирги кунда Сафо билан Марва ўртасида шифтга узун яшил чироқлар ўрнатилган жой бор. Ана шу чироқларга етганда эркаклар тезлаб юрадилар (югурадилар), чироқларнинг охирига етганда эса яна оддий юришда давом этадилар. Аёллар эса бу оралиқда югурмайдилар, Сафодан Марвагача бир хилда юрадилар. Марва тепалигига етиб борилгач, юқорироққа чиқиб, Байтуллоҳга юзланиб, яна дуолар қилинади. Сўнг Сафога қараб юрилади. Эркаклар ўша яшил чироқлар остида яна тезлаб юрадилар.

Ҳар сафар Марвада ҳам, Сафода ҳам дуолар қилинади.

Сафодан Марвагача бориш бир саъй дейилади (Марвадан Сафогача келиш ҳам бир саъй ҳисобланади).

Шу тарзда етти марта саъй қилинади, сайъ давомида талбия айтилади, дуолар қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом саъй қилганларида ушбу дуоларни ўқиганлари ривоят қилинади:


لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِي وَيُمِيتُ وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ، بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ.


«Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ, мулк Уникидир, ҳамд Унгадир. У Зот тирилтирур ва ўлдирур. У Зот тирикдир, ўлмас. Жамики яхшилик Унинг қўлидадир. У Зот ҳамма нарсага қодирдир».

Сафо билан Марва ўртасидаги яшил чироқ остидан ўтаётганда қуйидаги дуони ўқиш суннатдир:


رَبِّ اغْفِرْ وَارْحَمْ أَنْتَ الْأَعَزُّ الْأَكْرَمُ.


«Роббим, мени мағфират қилгин, Ўзинг энг азиз, энг карамлисан!»

Ҳар сафар Сафо, Марва тепалигига етганда Байтуллоҳга юзланиб, қуйидаги дуони ўқиш тавсия қилинади:

لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَلَا نَعْبُدُ إِلَّا إِيَّاهُ، مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ، أَنْجَزَ وَعْدَهُ، وَنَصَرَ عَبْدَهُ، وَهَزَمَ الْأَحْزَابَ وَحْدَهُ.

«Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Кофирларга ёқмаса ҳам, Унинг динига холис бўлиб, Ўзидан бошқага ибодат қилмаймиз. Ваъдасини бажарган, бандасига нусрат берган, аҳзобларни ёлғиз Ўзи тор-мор қилган ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ».
Саъй амали Марвада тугайди.

Давоми бор...
Барно Саидраҳмон

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Азизлар, аввало ҳар бир мўминамуслимага ҳаж ва умра зиёратларини адо этиш бахти насиб давоми...

07:25 / 21.11.2022 2284
Масжидларда1. Икки масжидда ҳам бомдоддан бир соат олдин таҳажжуд намозига азон айтилади. Баъзиларнинг давоми...

06:26 / 22.11.2022 1928
Ҳаж ва умра сабоқлари 2САБОҚ Ҳажнинг фарз амал эканлигига Қуръони Каримдан далил қуйидаги оятдир давоми...

23:43 / 10.12.2022 1543
8СабоқЭҲРОМ МАСАЛАСИ.Эҳром, арабча сўз бўлиб, луғатда .ҳаром қилмоқ, деган маънони англатади.Ҳаж ва умрани давоми...

08:08 / 05.01.2023 2656