Бахт – мусибатга сабр қилишда!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунё мусибатлари кўп. Мўмин киши дунё имтиҳон ва синов диёри эканини билади. Мана шу синовга ҳар лаҳзада тайёр туради. Ғолиб киши мусибатларга Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлар билан рўбарў бўлади.

Шурайҳ айтди: “Менга бир мусибат етса, тўрт нарса учун Аллоҳ таолога ҳамд айтаман:

•  Унга шукр қиламанки, бундан улканроқ мусибатни бермади;

•  Унга сабр қилиш билан мени сийлади;

•  Истиржоъ (“Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун” калимасини) келтиришга муваффақ қилди;

•  Бу мусибатни динимда қилмади”.

Мўмин киши аниқ ишонч билан биладики, унга етган нарса хато қилгани учун бўлмади ва хато қилгани учун унга мусибат келмади. Аллоҳ таоло айтади: “Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун, Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймайдир” (Ҳадид сураси, 22 – 23-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Пайғамбарлар ва солиҳ кишилар бизга етган мусибатдан каттароқ синов билан имтиҳон қилинганлар. Шундай бўлса-да, улар сабр қилдилар ва Аллоҳ таолога илтижо қилдилар.

Мўмин киши унинг барча ишлари ўзи учун яхши эканини англасинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишига ҳайрон қолади одам! Унинг ҳар бир иши яхшилик! Бу фақат мўмин кишида бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу у учун яхши. Агар унга ёмонлик етса, сабр қилади. Бу ҳам у учун яхши”, деганлар.

Инсоният нафси фақат Аллоҳ таолога илтижо қилиш билан хотиржам бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Раъд сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолога илтижо қилиш дуо, истиғфор, намоз, Қуръон ўқиш билан бўлади. Аллоҳ таолога камбағал бўлганда ёки фарзанди касал бўлганда ёки имтиҳон вақтида илтижо қиладиган, сўнг Аллоҳ таолонинг неъмати ва дуосини мустажоб қилишини унутиб юборадиган кишилардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик! Аллоҳ таоло айтади: “Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Ана шундай қилиб, исрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилди” (Юнус сураси, 12-оят).


Доктор Ҳассон Шамсийнинг  "Бахт улашинг" китобидан

Раҳматуллоҳ Махсумхонов  таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Мўмина синглим, сиз менга Германиядан мурожаат қилаётган бўлсангиз ҳам, кўз ўнгимда тургандексиз. давоми...

04:47 / 01.02.2020 6126
Мусулмон одобиТАВБА ОДОБЛАРИ.Тавба, арабча сўз бўлиб, .қайтиш, деган маънони англатади.Шаръий истилоҳда эса давоми...

00:16 / 15.07.2020 5391
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан икки оёқлари қонаб, у ердагиларнинг озорларидан қалблари давоми...

21:00 / 06.11.2021 3280
Мўмин кишининг юраги ва бутун оламни сиғдирган қалбидан кенг нарса йўқ. Шунингдек, худосиз, Аллоҳ таоло ва давоми...

23:07 / 04.11.2021 2571