"Биз урушга эмас, меҳр-мурувватга муҳтожмиз"
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

"Биз урушга эмас, меҳр-мурувватга муҳтожмиз"


Аср ва шом оралиғида қаттиқ шамол кўтарилди... Гарчи бу шамол тезда ўтиб кетган бўлса-да, мени қаттиқ эсанкиратиб қўйди. Сал олдин майдончага тушиб кетган болаларимни излаб, жон ҳолатда пастга югурдим. Кучли шамолдан катта-катта дарахтларнинг шохи синиб ерга қулади, кўтарилган чанг-тўзон бир зумда атрофни қуршаб олиб, ҳаммани талвасага тушириб қўйди. Одамлар ҳар томонга югурарди... Мен ҳам жоним ҳалак бўлиб фарзандларимни қидирдим, ниҳоят шошиб югуриб келаётган болалар ичида уларни кўриб, бағримга босгач, кўнглим хотиржам бўлди... Уларни топгунимча хаёлимдан ўтган дарахт босиб қолмадимикин, томдан учиб тушаётган нарсалар шикастламадимикин, йўлини йўқотган бирор машина туртиб кетмадимикин деган минг хил ўй-хаёл ўтди... Қалбимни қўрқув ва хавотир эгаллаб олган эди. Ўзимни буткул йўқотиб қўйдим.  Ўзим билмаган ҳолда тинимсиз: «Роббим, бу шамолларни хайрлисини бер, бу болаларга зиён етмасин, улар ҳали гўдак...» деб дуо қилардим. Атрофда ҳам мен каби бир неча она: «Азамат...», «Зафар...», «Муҳаммадали...» деб жигаргўшасини қидиради. Ким боласини топса, қўлидан тутганча дарҳол уйига олиб кириб кетяпти... Кўп ўтмай, ваҳимали шамол ҳам тинди. Иншааллоҳ, ҳеч бир жонга зиён қилмаган бўлсин, дейман атрофни кузата туриб...

Бир соат ҳам давом этмаган шамол мен ва мен каби оналар мана шундай ваҳималар қуршовида қолдириб кетди...

Фаластинда  Рамазоннинг охирги ўн кунлигида бошланган  уруш ҳалиям давом этяпти... Урушнинг бир куни ҳам, минг куни ҳам уруш... Қўрқув, ҳавотир, даҳшат... Оналар фарёди кўкни тутади, оталар ноласи қалбларни тилка-пора қилади. Аммо жирканч нафс эгаларининг тош қалблари ҳали ҳануз юмшамади. Қурол-яроғ савдоси авж олди, бу талотўплардан манфаатдор томонлар ўлжасини пойлаган йиртқичдек бир чеккада томошабин бўлиб ётибди. Ўртада эса мазлум халқ бу қурол-яроғларнинг синов ва савдо ўчоғи айланяпти, нафс қутқуларига асир бўляпти холос.

Бугун фаластин мактабларидан бири портлатилди... Тез ёрдам машиналарида келтирилаётган болаларнинг танаси парча-парча, аъзоларининг бири бор, бири йўқ, қонталаш чеҳралардан кимнинг зурриёди эканини таниб бўлмайди... Қонга беланган норасидалар мурдаси устида фиғон чекаётган оталар оҳи, оналар фарёди...

Кечагина бомбалар қулоғи остида портлаган қизчанинг довдираб ҳар ёнга чопганини,  фарзандларини йўқотиб, жони ҳалак онани, «исроил» аскари ўқига  нишон бўлиб, кўча-куйда ўлиб ётган болалар, эрлар, ака-укалар, аёлларни...  бир неча исроиллик аскарлар томонидан калтакланаётган бир муслима аёлни кўриб... ракеталар нишонига нишон бўлиб, қулаган бинолар остида вужудлари тилкаланган оддий, мазлум халқни кўриб... ўзимнинг кимлигимни билолмай қолдим...  Дабдурустдан вафот этсам, номаҳрамларнинг кўзи тушиб қолмасин  дея тирикликдан кўра, ўлими тез келишини билиб, рўмолини ечмай ухлаётган, иймонини қучоқлаб ётган аёллар, оналар ва қизларни кўриб... тунимни билмай қолдим...

Мен ҳам бир она сифатида тинчлик тарафдориман. Уруш тугасин! Бегуноҳ инсонларнинг бундай ўлим топишини, бундай азоб-уқубатда қолишини бир муслима сифатида истамайман. Аллоҳ таоло бу дунёда қилинган ҳар бир хато, ҳар бир зулму адолатсизлик ва, энг асосийси, ноҳақ тўкилган қонлар учун жазо тайин қилиши муқаррар!

Роббим, бандаларингни афву эт! Қалбларига меҳр-муравват, шафқат, инсофу диёнат уруғларини эк!..


P.S. Бу мақолани жумага ўтар кечаси ёзиб тугатдиму, эрта тонгдан бир қувончли хабарни ўқиб қолдим: «The Jerusalem Post маълумотига кўра, Исроил хавфсизлик масалалари бўйича комиссия вакиллари Ғазо сектори бўйлаб зарбаларни тўхтатиш учун бир овоздан қарор қабул қилган...»

Алҳамдулиллаҳ, минглаб мазлумлар дуоси ижобати ўлароқ, урушга барҳам берилди.

Ҳеч қачон ҳеч бир юртда уруш бўлмасин! Тинчлик бўлсин! Дунё осмонида ракета ва самолётлар ҳужуми эмас, қушлар чуғур-чуғури, гўдаклар кулгиси янграсин!

Мавзуга оид мақолалар
Намоз мусулмон киши ҳаётининг ажралмас қисмидир. Унинг фойдаларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Намознинг давоми...

12:00 / 05.04.2019 4858
Масаллиқ хамири учун 500 гр оқ ун, 50 гр эритилган қўй ёғи сариёғ, 0,75 стакан сув , бир чой қошиғида туз қиймаси давоми...

13:11 / 29.11.2016 6338
Таркиби кўк пиёз 1 боғ салат барглари 1 боғ тухум 4 та сметана ёки майонез зайтун доналари давоми...

17:53 / 09.02.2017 4295
embedhttpswww.youtube.comwatchvO8eybsz0eSsembed

16:36 / 24.06.2017 20358