Мағлубларга зулм қилиш йўқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мағлубларга зулм қилиш йўқ

Ислом ҳар нарсада ўлчовли бўлишга ва барчага адолат билан муомала қилишга буюради. Қонун олдида барчани бирдек кўради. Даъвогарнинг кимлигига қарамасдан ундан далил, инкор қилувчидан эса қасам талаб қилади. Жазони жиноятчига тайинлайди, мукофотни эса лойиқ бўлганга топширади. Маҳзум қабиласидан ўғрилик қилган бадавлат аёлни жазодан қутқариб қолиш учун қилинган жуда кўп илтимосларга нисбатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилган бўлганда ҳам, қўлини албатта кесган бўлар эдим”.

Ҳақиқатдан ҳам ёки ҳукман сув бўлмаган ерда таҳорат ўрнига таяммум қилинар, лекин адолатнинг на қазоси бор ва на таяммуми бор. Шу боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатга нондан, сувдан ҳам кўра кўпроқ аҳамият берганлар. Мавзуга алоқадор бир ҳадисни Усмон ибн Талҳа шундай нақл қиладилар: “Жоҳилият даврида душанба ва пайшанба кунлари Каъбаи Муаззамани очиб қўярдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидагилар билан Каъбага кирмоқчи бўлганларида уларга қаршилик кўрсатдим”. Усмон ибн Талҳанинг бу қаршилигига сукунат билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб қайтарадилар:

‒ Эй Усмон! Бир кун шу калитни мени қўлимда ва уни истаган жойимга қўйишимни кўрасан.

Усмон:

‒ У вақтда Қурайш ҳалок ва вайрон бўлган бўлади.

‒ Аксинча, у кунда Қурайш юксалиб обод бўлади.

Йиллар ўтиб Макка фатҳ қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Талҳани чақириб, калитни унга топширдилар-да: “Эй Талҳа фарзандлари, мана буни олинглар, у авлоддан-авлодга ўтиб, абадий сизларда қолади. Сизлардан уни фақат золимларгина тортиб олади”, дедилар. Усмон ибн Талҳа ўгирилиб кетганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга нидо қилиб шундай дедилар: “Сенга бир неча йиллар олдин айтгандим. Кўрдингми?”

Усмон ибн Талҳа ўша ҳолатни шундай ифода қиладилар:

“Бундан кейин менга айтган “Умид қиламанки, бир кун шу калитни истаган жойимга қўя оламан” қабилидаги сўзларини эсладим ва: “Ҳа, гувоҳлик бераманки, Сиз Аллоҳнинг расулисиз”, дедим. [62] Бошқа бир ривоятда, “Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради…” [63] ояти Усмон ибн Талҳа ҳақларида нозил бўлган, дейишади.

Бу низомнинг асосларини барча бандаларни яратган Аллоҳ азза ва жалла тайин қилар экан, унга амал қилинадиган дунёда Усмон ибн Талҳага ўхшаб Пайғамбарни Каъбага киритмаганлар ҳам жазоланмайди, ҳатто мағлуб бўлсалар ҳам, агар вазифанинг аҳли бўлсалар, маҳрум бўлмайдилар. Исломдан бошқа тузумларга назар солинса, душманга нисбатан адолатли бўлиш, Исломда эса адолат қилмаслик камдан кам учрайди.

Капитализмда камбағал бойга ҳасад қилади, Исломда эса ҳаққига дуо қилади 

 

Капитализм тузумида инсон чексиз мол-дунёга эгалик қилиши мумкин. Тўплайди, сарфлайди, еб-ичади. Ҳеч ким ундан: “Нима учун бундай қиляпсан?” деб сўрамайди, сўролмайди. Капиталистнинг ўз кайфу сафоси учун бир аёлга бир миллион сарфлаши ва минг аёлга бир миллион сарфлаши орасида биттагина фарқ мавжуд: у ҳам бўлса, ўша одам биринчи қилган иши учун мақталиб, иккинчи қилган иши учун аҳмоққа чиқарилади. Унга ҳеч ким “Нима учун камбағалларга қарамадинг?” демаганидек, “Нима учун ичкиликка, қиморга ва фаҳшга бойлигингни совурдинг?” деб ҳам уни койимайди.  Социализмга кўра эса, мол-дунё якка шахс эришолмайдиган қийматга эга бўлгани учун унга инсон эмас, давлатгина эга бўла олади.

Исломда эса мулк Aллоҳникидир. Инсон ушбу мулкнинг хизматчиси ёки қўриқчисидир. Қўриқчининг мулкда қанчалик ҳаққи бўлса, инсон ҳам шунчалик тасарруфга эгадир. Шунинг учун пул топганда ҳам, сарфлаганда ҳам, инсон мулк эгасининг буйруқларини асос қилиб олади. Мусулмон бойлар сўраб келганларнинг ҳам, ҳаё қилиб сўрамаганларнинг ҳам ўз молларида ҳаққи борлигини биладилар. Шу сабабли уларга беришга лутф деб эмас, бурч сифатида қарайдилар. Закот туфайли энг бой ва энг камбағал орасидаги фарқ йўқолади. Бир ернинг бойларидан олинган закот қайтиб ўша ернинг камбағалларига тарқатилади. Капиталистик тузумда бир бойнинг машинасига камбағаллар чизиб, ойналарини синдиришса, Ислом ҳукм сурган ерларда, камбағаллар бойларнинг ҳаққига: “Эй Роббим! Уларнинг ризқига барака бер!” дея дуо қиладилар. Чунки Ислом нисоб миқдоричалик молга эришган ҳар мусулмонни молининг қирқдан бирини муҳтожларга беришга буюради. Шу сабабли ҳам капитализмда камбағал бойга ҳасад қилади, Исломда эса ҳаққига дуо қилади.

Ҳар кунлик инсон ҳақлари

 

Ислом инсонларнинг рангу рўйлари ёки насабларига қараб ҳурматга эга бўлмасликларини, ҳурматли бўлиш фақат тақво орқалигина бўлишини эълон қилди. Буни Ғарбликларга ўхшаб йилда бир кун эслаб, бошқа кунларда эътиборсиз ва аҳамиятсиз қолдирмади. Инсонларнинг тенг ҳуқуқлилигини жамиятнинг барча жабҳаларида кўрсата олди. Рамазонда рўза тутиш буйруғи барчага – у сарой аҳли бўладими, оддиқ халқ бўладими бир хил таъкидланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурайшликнинг қурайшлик бўлмагандан устун деган” тушунчасини йўқ қилиш учун Қурайшнинг қизларини Қурайшдан бўлмаганларга турмушга бердилар. Зайд ибн Ҳориса билан Зайнаб бинт Жаҳшни никоҳладилар.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

 

[62] Қаранг, Абул Қосил Али ибн Ҳасан ибн Ҳибятуллоҳ Димашқий ибн Асокир. “Тариху Мадинати Димашқ”, XXXVIII-жуз, 383-бет, Дарул фикр, Байрут, 1995 й.

[63] Нисо сураси, 58-оят.

Мавзуга оид мақолалар
Эй умматнинг қизиСен ҳақингда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар .Икки қизни тарбиялаган киши давоми...

07:00 / 19.03.2020 5864
Руҳиятшунос табиблар инсонга кечаги оғриқларни унутишни ва бугунги кун воқеалари билан яшашни тавсия давоми...

22:00 / 08.11.2021 2629
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан икки оёқлари қонаб, у ердагиларнинг озорларидан қалблари давоми...

21:00 / 06.11.2021 3283
Эримнинг муносабатлари ўзгарган...Ҳурматли устозМени афв этасиз, деган умидда бир савол сўрамоқчи эдим. Бу давоми...

07:18 / 28.03.2020 4179