“Хола она ҳукмидадир”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилганида Маккада хотини Салмо бинт Умайсни ва қизи Умомани қолдирди. Вақт ўтиб Ҳамза розияллоҳу анҳу Уҳудда шаҳид бўлди. У зотнинг хотини Салмо ҳам беморлик билан вафот этди. У зотнинг қизи Умома Маккада Бани Ҳошимдан қолган оилаларнинг уйларида яшаб юрди. Ҳудайбийя сулҳи бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умрага келдилар. Умома югуриб келиб: “Амаки-амаки!” , деди. Умома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари эди. Аммо адаб юзасидан “амаки” деди. Ўшанда унинг ёши ўнда эди. Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Аби Толиб ва Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳумлар уни тарбияларига олмоқчи бўлишди. Уни олиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида баҳслашишди. Али Розиёллоҳу анҳу: “Уни мен оламан. У амакимнинг қизи. Менинг уйимда Расулуллоҳнинг қизлари бор. У бунга ҳақлироқдир!”, деди. Шунда Зайд: “У биродаримнинг қизидир!”, деди. Бу билан Ҳамза розияллоҳу анҳуни севишини айтмоқчи бўлди. Шунда Жаъфар ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу деди: “У амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг хотиним. Хотиним Асмо бинт Умайс амаким Ҳамза ибн Абдулмуттолибнинг хотини Салмо бинт Умайснинг синглисидир!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умомани Жаъфар розияллоҳу анҳуга бериб: “Хола она ҳукмидадир”, дедилар. Сўнгра дедилар: “Эй Жаъфар! Сен менга жисман ва хулқан ўхшайсан! Эй Али! Сен мендансан, мен сенданман! Эй Зайд! Сен бизнинг биродаримиз ва мавломизсан!”. Саҳобаларнинг низо қилаётган нарсаларига қаранг! Инсонлар ер учун, мол учун низолашишади. Улар эса яхшилик учун низолашишмоқда. Уларнинг ҳар бири Умомани уйида тарбия қилмоқчи бўлишди. Улар ана шунақанги қалблари билан биздан ўзиб кетишди. Уларнинг мана шу қалблари учун Аллоҳ таоло уларни Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга асҳоб бўлиш учун танлади. Пайғамбарлик одобига боқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирини ширин сўзлар билан хотиржам қилдилар. Уларнинг гўзал хислатларини эсладилар. Қалбларида улар учун жой борлигини айтдилар. Агар икки дўст ёки икки яқин киши орасида ҳукм қилмоқчи бўлсанг, суннат шуки, уларнинг қайси бири ҳақ мен томонда эмас, деб ўйлаётган бўлса уни юпатишинг, кўнглини олишинг лозим. Гоҳида хотининг билан синглинг низолашиб қолишади. Синглинг ҳақ эканлигини кўрасан. Шунда хотинингга: “Мен сени севаман. Сен мен учун азизсан. Аммо синглим ҳақ!”, десанг яхши бўлади. Бунинг акси бўлса ҳам шундай қилишинг афзал бўлади. Фақатгина ҳакам бўлма, балки, қалблар табиби бўл! Икки низолашган киши ўртасида ҳукм чиқарар экан, қози бўлмиш чиқарган ҳукмининг иллатини кўрсатиши лозим. Жаъфар розияллоҳу анҳу Умомани кафолатига олиш бахтига сазовор бўлди. Чунки унинг хотини Умомага хола эди. Ҳукмнинг иллатини баён қилиш нафсларга роҳат беради, гумонларни қувади. Барча иш: “Хола она ҳукмидадир”, деган гапдадир. Унутилган ибодатлардан бири, кўпчилик эътибор бермайдиган силаи раҳмдан биридир холани унутмаслик. Холага яхшилик қилиш онага яхшилик қилишдир. Холангизни унутманг!                                                                                            

Абдулқодир Полвонов

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Бугунги суҳбатимиз дам олиш давоми...

09:38 / 10.02.2017 3686
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз давоми...

11:41 / 29.11.2016 4499
Сора Шаффи халқаро журналист. Унинг 2018 йилда ёзган Рамазон кундалиги кўпчилик муслималарга таниш давоми...

13:04 / 04.05.2019 3391
Аёл  беназир мавжудот. Аллоҳнинг яратмишлари ичида ўхшаши йўқ нозик бир ҳилқат. Асрлар бўйи аёл зоти гоҳ давоми...

06:26 / 15.12.2016 3244