Турмуш қуриш мақсадида танишувга чақирадиган гуруҳлар ёки саҳифаларнинг ҳукми
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


 

Фейсбукда шундай гуруҳ ва саҳифалар борки, улар эркак ва аёлни турмуш қуриш мақсадида ўзаро танишувга чақиради.

Ҳар бир муслиму муслимага насиҳатим шуки, интернет оламидаги бундай ишлардан узоқ бўлиш лозим. Бундай танишув виртуал оламда эмас, воқеликда бўлиши керак. Аёл киши ўзига муносиб одамга турмушга чиқиш учун бир солиҳ кишини ўртага қўйиб ёки бошқа шаръий йўллар билан ўзини таклиф қилиши жоиз. Бунга жуда кўп далиллар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида баъзи саҳобалар шундай қилишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни инкор қилмаганлар.

Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади: 

«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзимни сизга бағишлаш учун келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир нигоҳ ташлаб, сўнг бошларини эгдилар. Аёл буни кўриб, ўша ерда бироз ўтирди. Шу пайт саҳобалардан бири туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули, агар сизда унга эҳтиёж бўлмаса, уни менга никоҳлаб беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Маҳр беришга) бирор нарсанг борми?» дедилар. У: «Аллоҳга қасамки, ҳеч нарсам йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйингга бориб, қарагин, бирон нарса топилармикин», дедилар. У чиқиб кетиб, бироздан сўнг қайтиб келди ва «Аллоҳга қасамки, хеч нарса топмадим, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қара-чи, бирор темир узук бордир», дедилар. У чиқиб кетди. Сўнг қайтиб келиб, «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, темир узук ҳам йўқ. Мана шу изоримдан бошқа нарсам йўқ», деди. (Саҳл айтади: «Ридоим бор, ўша ридонинг ярмини унга бераман», деди»). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Изорингни нима қилади? Ўзинг кийсанг, унга ҳеч нарса қолмайди, у кийса, сенга хеч нарса қолмайди-ку?» дедилар. У ўша жойда анчагача ўтирди. Кейин туриб, кетаётган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб, чақиртирдилар. У келгач, «Қуръондан қанча ёдлагансан?» дедилар. У: «Фалон, фалон сураларни биламан» деб, санаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёддан биласанми?» деган эдилар, «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Боравер, Қуръондан ёдлаганларинг эвазига уни сенга никоҳладим», дедилар».[1]

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аёлларининг вафотидан кейин қизлари Ҳафсани Усмон розияллоҳу анҳуга таклиф қилган эдилар, Усмон розияллоҳу анҳу узр айтдилар. Сўнг Умар қизларини Абу Бакр розияллоҳу анҳуга таклиф қилдилар. У киши ҳам қабул қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда айтишган эди, «Бундан яхши таклиф бор: Ҳафсани мен никоҳимга оламан, Усмонга эса Умму Кулсумни никоҳлаб бераман», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсани никоҳларига олиб, Умму Кулсум бинт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Усмонга никоҳлаб бердилар.[2]

  

Мана шу икки ҳадис аёл кишига солиҳ завжа қидириш ва ўзини унга таклиф қилиш жоизлигига далил бўлади. Аёлнинг номидан бу ишни валийси қилиши ҳам жоиз. Ўртада турадиган воситачи киши ростгўй, ихлосли одам бўлса, бу ишда кўп яхшилик бор. Чунки Умар розияллоҳу анҳу қизларини ўз дўстларига таклиф қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош бўлиб, дунё ва охират шарафига етишиш хаёлларига ҳам келмаган эди.

  
 
 

[1] Имом Бухорий 5030-рақам билан ривоят қилган.

 

  

[2] Ҳоким «Мустадрак»да 2751-рақам билан ривоят қилган.

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Бола Aллоҳrdquo дейишни ҳам, овқатланаётганда қошиқни ўнг қўли билан ушлаб, оғзига солишни ҳам онасидан давоми...

08:00 / 06.11.2021 3254
Менинг диёнатли қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган давоми...

09:00 / 12.02.2020 4117
Инсон уйига ҳалол меҳнат билан ҳалол касб қилиб қайтиши, унга бирор алдов, ёлғон ва фириб аралаштирмаслиги давоми...

22:10 / 27.12.2021 2322
Ҳузурҳаловатли қўрғоннинг меъмори ҳам, қўриқчиси ҳам Ислом қизидир Зоҳирида ҳам, ботинида ҳам Ислом бўлган, давоми...

07:39 / 18.01.2021 2959