“Бу умматнинг қизи”га мактуб “Солиҳ бир мўминга турмушга чиқишни истайман”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Муҳтарам устоз, Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва хизматларингизни қабул қилсин. Мен 23 ёшдаман, ҳали турмушга чиқмаганман. Оилам аъзоларим ва атрофимдагилар доимий равишда оила қуриш ёшида эканимни айтаверишади. Мен ҳали ўзимга мосини учратганим йўқ. Алҳамдулиллаҳ, динимизда гуноҳ дейилган амалларни қилишдан ҳазар қиламан, рисоладагидек оила қуришни истайман. Кўпинча онамнинг: «Биронтасини учратмадингми? Ўқишинг ҳам тугади, ўқишда ким биландир танишгандирсан? Қара, сен тенгилар турмушга чиқиб кетяпти, сен эса уй қизи бўлиб қолдинг!» дейиши мени жуда-жуда хафа қилади. Лекин буни сездирмасликка ҳаракат қиламан. Мен атрофимдаги йигитларга потенциал эр сифатида қарамайманку! Онам ўзи билмаган ҳолда очиқдан-очиқ мени ҳаром муносабатларга ундайди. Бироқ мен Раббимнинг ризосига мос солиҳ бир мўминга турмушга чиқишни истайман. Ундан ташқари, мен турмушга чиқишни хоҳлаган инсонни моддий нарсаларига эмас, балки маънавиятига эътибор беришимни айтсам, бу ҳам катта муаммога айланиб кетди. Мен беш вақт намоз ўқийдиган кишини хоҳлайман, лекин онам: «Ҳамма ўзи учун ўқийди, агар ўқимаса, гуноҳи ўзига», дейди. Ота-онам, акаларим намоз ўқишмайди. Мен 7 йил олдин интернетда намознинг аҳамияти ва фазилати ҳақида ўқиб қолдим. Ва ўзимга-ўзим савол бериб, намозни бошладим. Оила аъзоларим намоз ўқишмаса ҳам, турмуш ўртоғимнинг намозхон бўлишини шунчалар хоҳлайманки... Бу ҳолат баъзан мени ёмон хаёллар оғушига солади. Шунда мен ўзимга: «Нима қиляпсан сен? Аллоҳ бўл, деса, бўлади. Унинг учун ҳеч қийин жойи йўқ. Буларнинг ҳаммаси бир имтиҳон», дейман. Онамнинг бундай муносабатига нисбатан ўзимни қандай тутишим керак, қандай муомала қилай? Сабр қил ва ғалаба қозон Қизим, бир пайтлар Фиръавн номли золим бўлган. У ҳам хотинини энг катта ҳаром ишга мажбурлаган. Хотини эса Аллоҳни ҳамма нарсадан устун қўйди. У Фиръавннинг айтганини қилмади. Уни ўлдиришди, парча-парча қилишди, шунда ҳам рози бўлмади. Натижада, у аёл барча мўминларнинг онаси, жаннатнинг энг суюклиси ўлароқ Раббига қовушди. Фиръавн дўзахнинг ўтинига, у эса жаннат қушига айланди. Иккаласи ҳам абадият эгаси бўлишди. Бири абадий дўзахга, иккинчиси жаннатга эришди. Қизим, жуда аянчли вазиятга тушиб қолибсан. Камига онанг томонидан. Агар эплай олсанг, сен ҳам ютасан; абадиятни ютиб олишинг мумкин. Сабр қил ва ғалаба қозон. Сенга қуйидаги қисқача тавсияларни эслатиб ўтаман: а) Оила қуришга беэътибор бўлма, вақт келиши биланоқ турмушга чиқишга тайёр бўл. Сен жуда гўзал ва оқилона фикр юритгансан. Албатта, сен кўчага чиқиб, муносиб номзодни қидирмайсан. Парвардигор пешонангга ёзганини эрта ёки кеч бир кун топасан. Бунга ишончинг комил бўлсин, шубҳага ҳожат йўқ. Ўзингни жуда бўш ҳам қўйма, жуда сиқилиб ҳам қолма. Ҳалол доираси ичида мувозанатли сиёсат юритгин. б) Нима бўлишидан қатъи назар, ота-онангга мулойим бўл. Уларнинг фикр-мулоҳазаларига қўшилмасанг ҳам уларга нисбатан назокатинг сақла. Бир кун келиб улар айтганларига пушаймонлик билдиришади. Шунинг учун қўпол муносабатда бўлма, оғир гаплардан тийил. Назокат ила тик тур. в) Вақтингни унумли ўтказишга ҳаракат қил, бекорчи нарсаларга вақт сарфлама. Ўқи, ёз, излан, аммо бекор ўтирма. Буюк шахсиятларга ўхшаш пайида бўл. Ибодатларингни оқсатма. Қуръон ўқи. Дуо қил. г) Қизим, ўша аёлнинг исми Осиё эди. У бу дунёни тарк этганига минг йиллардан ошди. Агар Раббинг сени Осиёга айлантирмоқчи бўлса, бу имкониятни асло бой берма. Ғайрат қил, сен ҳам Осиё бўл. Минг йиллар яша. Жаннат қушига айлан, Раббингга етиш. Асло умидсизликка тушма. Ҳечам қўрқма. Ҳечам оғринма. Ҳечам йиғлама. Юксак ўйла, қизим, жуда юксак ўйла. Асло ёлғизман деган хаёлга борма, фаришталар сен билан. Улар ҳам сени ҳаяжон билан кузатмоқдалар. Асло уларни хафа қилма. Сен учун учун дуолар қиламан, қизим. Раббим сени асрасин ва юксалтирсин. Мен учун ҳам дуо қил.

Мавзуга оид мақолалар
Оиша онамиз Қурбон ва Рамазон ҳайитларидан ташқари бошқа кунларда доим рўзадор бўлардилар.80 Қийналар, давоми...

09:00 / 13.11.2021 3481
Мутолаа Иҳсан ШЕНОЖАКquotТАСАТТУР ВА ТАФАККУРДА ИСЛОМ ДЕГАН ҚИЗЛАРrdquo Нафс ўлимга, ақл нажотга чақиради давоми...

09:09 / 15.02.2021 3417
Мусулмон одобиИЗН СЎРАШ ОДОБЛАРИҲар бир инсон бу дунёда ўз аҳли оиласи билан роҳатфароғатда яшаш учун бир давоми...

00:34 / 05.08.2020 2808
Биз қайси даврдамизКун, ҳафта, ой, йил... Биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан давоми...

06:38 / 04.02.2020 5069