Намоздаги хушуъ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


 Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири экани барчамизга маълум. Шу сабаб намозда хушуъ масаласи жуда жиддий аҳамиятга эга ва шунингдек, унда турли қийинчиликларга дуч келинади. Намоз банда билан Робби орасидаги боғланишдир. Холиқимиз азза ва жалла намоз тўғри ва мақбул бўлиши учун бизларга уни рукнлари, шартлари билан батамом суратда адо этишимизни амр қилган. Лекин, минг афсуски, кўпчилигимиз намозимизда хушуъ даражасига ета олмаймиз, диққат қила олмаймиз. Балки намозда у ёқ-бу ёққа ўтлаб, фикримиз қочиб, ҳаттоки қайси ракъатдалигимизни унутадиган даражага келиб қолганмиз. Баъзан намозни қайта ўқишга ҳам тўғри келиб қолади. Шу билан бирга, биз билишимиз керак бўлган нарса шуки, шайтонни энг маҳзун қиладиган нарса – банданинг намозни диққат ва хушуъ ила батамом адо этишидир. Шу боис шайтон намозларимизда бизни чалғитмоқчи бўлади. Намоз учун махсус шайтон бор бўлиб, унинг исми Ханзаб эканлиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

«Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида тўсиқ бўлди. У мени қироатда илтибосга соляпти», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу Ханзаб деб аталадиган шайтондир. Қачон уни ҳис қилсанг, «Аъузу биллаҳи»ни айтгин-да, чап томонга уч марта туфлагин», дедилар.

 У: «Мен ўшандай қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди», деди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рост сўзлаганлар. Ханзаб намоз ўқиётганимизда бизларни васваса қилади. Ўй-фикрларимизни бошқа нарсалар билан машғул этади. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда сиз азизларга намозларингиз хушуъ ва диққат билан мукаммал бўлиши учун қуйида баъзи тавсияларни тақдим қилмоқчимиз.

Намоз учун тайёргарлик.

1. Намозни адо этадиган жойига эътибор бериш.

Агар у шовқинли жой бўлса, бошқа тинч жойни танланг. Эркаклар учун намоз ўқийдиган энг яхши жой масжиддага жамоатдир. Аёл киши эса уйидаги энг тинч хонани ўзига намозгоҳ тутсин. Турли шовқин ва чалғитувчи нарсалардан, масалан, телевизор, телефон, болаларнинг шовқини ва ҳоказолардан узоқда бўлсин. Ушбу омилга алоҳида эътиборли бўлса, секин-аста таъсири билинади. 

2. Намознинг моҳиятини яхши англаш.

 Намоз шунчаки қуруқ ҳаракатлардан иборат бўлган нарса эмас, балки у Ислом шиорларидан биридир.

3. Намоз асносида тиловат қилинадиган оятларнинг маъносини яхши англаш.

Токи ўқилаётган Қуръони Карим қуруқ сўзлардан иборат бўлиб қолмасин. Унинг ҳар бир ҳарфини фаҳмлаб, ўзига сингдириш керак. Имомдан тингланаётганда ҳам шундай ҳолатда бўлиш лозим.

4. Эркаклар намозни масжидда адо этишга ҳарис бўлишлари.

Намозни жамоатда, мусулмонлар билан бирга адо этиш кишига ўзгача руҳ бағишлайди. Шу билан бирга, жамоат намозига иқома айтиб бўлинганидан кейин шошиб келиб қўшилмасдан, намоз бошланишидан аввал масжидга келиб, намозни кутиш керак. Бундай қилиш намознинг руҳониятини ҳис қилишга ёрдам беради. Ўзингизни Аллоҳ таолонинг рўпарасида эканингизни ҳис этишга фурсат беради.

5. Намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ равишда адо этиш.

 У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида: «Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинг», деганлар. Бунинг маъноси – намознинг ҳар бир ҳаракатига ўз миқдорини, вақтини беришдир. Айниқса рукуъ, сажда ва ташаҳҳуд пайтида шошмаслик керак. Қироатни ҳам ўрнига қўйиб адо этиш лозим. Набавий суннатга амал қилиш намозда хушуъ ҳосил бўлишига олиб бориши шубҳасиздир.

6. Намоз вақти киришидан аввал дунёнинг шовқин-суронидан узилиб, ақлу шуурингизга бироз дам беринг.

Бутун ўй-фикрингизни намозга қаратинг. Руҳиятингизни намозга ҳозир қилишингиз жуда ҳам муҳимдир. «Ҳозир имтиҳондан ўтаман», деб хаёл қилинг. Шунда онгингизда намозга нисбатан бутун диққатни жамлаш учун тайёргарлик бошланиши аниқ. Шунингдек, намоз ўқир экансиз, сиз шайтон билан, нафсингиз билан, дунё билан курашга киришасиз. Буни унутманг.

7. Роббингиз азза ва жалла олдида хушуъингиз зиёда бўлиши учун таҳорат олишингиз ва намоз ўқишингиз орасида беш дақиқа ажратинг.

Унда Аллоҳни зикр қилинг, истиғфор айтинг. Шунда сиз турли ўйларни, қийинчиликларни ва дунё ташвишларини бир четга сурасиз ҳамда ўзингизни намоз учун ҳозирлаган бўласиз.

8. Руҳий босимлардан халос бўлиш.

9. Намозга муносиб, Аллоҳ таолонинг олдида туришга муносиб гўзал ва тоза либосларни кийиш.

10. Намозда тиловат қиладиган сура ёки оятларни аввалдан тайин қилиш.

 Ҳадеб бир хил маълум қисқа сураларни такрорлайверманг. Бу ҳолат одатга айланиб қолса, бора-бора тиловат қилинаётган сўзларга нисбатан эътибор пасаяди. Кўп сура ёдламаган бўлсангиз, намоз учун тўрт оят бўлса ҳам ёдланг. Ушбу оятлар ўзингизга ёққан, сизга таъсир қиладиган оятлар бўлса, уларнинг маъносини тушунсангиз, янада яхши.

11. Намозга ният қилганда унинг холис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун эканини, У Зотнинг розилиги учунлигини ҳис қилиш.

Хўжакўрсинлик, риё аралашиб қолмасин. Шунда намозингизда хушуъ бўлиши осонлашади.

Намоз асносида.

1. Қиёмда турганда тўғри туриш.

 Қалбингиз Аллоҳ таолодан қўрқиб турсин, кўзларингиз очиқ бўлсин, сажда ўрнига қараб туринг.

2. Намозни шошиб адо этмаслик.

Намозингизнинг ҳар бир бўлагининг ҳаққини тўлиқ адо этган ҳолда ўқишингиз керак. Ўзингиз эса сокин ва ҳушёр бўлишингиз зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилиш шайтондандир», деганлар. Эсда тутингки, сиз халойиқ билан учрашиб турганингиз йўқ, балки халойиқнинг Холиқи билан учрашяпсиз.

3. Намозда Қуръони Каримни тажвид билан тиловат қилиш

Яъни тўғри, тартил билан қироат этиш. Мана шундай қилиш ҳам хушуъ ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Агар жамоат намозида бўлсангиз, бошқа намозхонларни чалғитиб юбормайдиган даражада Қуръони Каримни пастроқ овозда ўқинг. Овозингизни кўтариб ўқишингиз ўзгаларнинг хушуъсига халал бериши мумкин. Агар намозингиз асносида хаёлингиз қочаётганини сезсангиз, «Аъуузу»ни айтинг ва диққатингизни жамланг.

Намоздан сўнг

1. Намозни тугатгач, дарров ўрнидан туриб кетмаслик.

 Балки бир муддат ўтириб, намозингизнинг нуқсонларини тўлдириш учун зикр қилинг, тасбеҳ айтинг.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган зикрларни айтиш.

Мисол учун, аввало уч марта истиғфор айтилади. Бу намоздаги нуқсонлар учун бўлиши билан бирга, банданинг намоз ўқидим, дея ғурурланиши ва амалига таяниб қолишнинг олдини олади. «Аллоҳумма антассаламу ва минкассаламу табарокта ва таалайта я Залжалали вал икром». Шу билан бирга, набавий суннатдаги тасбеҳларни ҳам – «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу Акбар»ларни 33 мартадан айтиб, хотимасига «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмит ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр»ни айтилади. Дуоларингизда дўзах азобидан Аллоҳдан паноҳ сўранг, У Зотдан сизни жаҳаннамдан озод қилишини тиланг. Хусусан, шом ва бомдод намозларингиздан кейин «Аллоҳумма қини ъазабака явма табъасу ибадак» ёки «Аллоҳумма ажирни минаннар»ни айтинг.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига тавсия қилиб ўргатган салавотларни кўпроқ айтиш.

 «Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин кама соллайта ъала Иброҳим ва ъала али Иброҳим. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад кама барокта ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳим иннака ҳамидум мажид». 

4. Аллоҳга ихлос ила намози мақбул бўлишини сўраб дуо қилиш.

Намоздан кейинги энг муҳим дуо «Аллоҳумма аъинни ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик»дир.

Аллоҳ таолодан ижобат бўлишига аниқ ишонган ҳолда эҳтиёжларини сўранг ва дуони кўпайтиринг.

Намоздан ташқарида

1. Намозга фақатгина ибодат деб қарамаслик, балки уни ҳаётнинг асосий бир қисми деб билиш.

 Намозингиз тўғри бўлгани сари ҳаётингиз ҳам тўғри йўлга тушиб боради, аксинча бўлса, бу ҳолатнинг тескариси бўлади.

2. Ҳаётни Аллоҳни ғазаблантирадиган нарсалардан узоқда, тўғри ва пок бўладиган қилиб муҳофаза этиш.

3. Ҳалол касбга, ҳалол луқмага ҳарис бўлиш, ҳаром нарсалардан узоқда бўлиш.

Чунки гуноҳ қилиш қалбни ўлдиради ва кишидан ҳушёрлик ҳамда хушуъни тортиб олади.

4. Вақтни намоз пайтларига қараб тартибга солишш.

Аксинча эмас! Ишингиздан бўшаб олгунингизча намозни кечиктирманг. Ишингизни шундай режалаштирингки, намозни ўз вақтида ўқишга тайёр бўлинг.

5.  Уйқуга эртароқ ётишга уриниш.

 Шунда бомдод намозини ўз вақтида қоим қилишга қодир бўласиз. Қолган намозлар ҳақида ҳам шу гап айтилади. Аллоҳ таоло:

«Албатта, намоз мўминлар учун ўз вақтида фарз бўлган», деган (Нисо сураси, 103-оят). 

6. Узоқ вақт телевизор томоша қилиш ёки мусиқа тинглаш каби ақлни машғул қиладиган нарсалардан йироқда бўлишга ҳаракат қилиш. 

Чунки ушбу ишлар намоз ичида хаёлингизни олиб қочади. Ҳар бир мусулмон ва муслима намозда хушуънинг энг юқори даражасига етишишни жуда истайди. Мазкур омиллар намоз ўқувчини хушуъ оламига олиб боради.

Ушбу кўрсатма ва тавсияларга эргашган ҳолда Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган кўринишда намозингизни қоим қила оласиз, деган умиддамиз, иншааллоҳ. 

 Валлоҳу аълам.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Намозда хаёл бўлинишиАссалому алайкум Намоз ўқишни бошладим дегунча хаёлимда кун бўйи бўлиб ўтган воқеалар давоми...

05:00 / 04.08.2020 14564
Маълумки, Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқдир. Aллоҳ таолога давоми...

00:23 / 08.05.2020 3240
ТАРОВЕҲ НАМОЗИ Ассалому алайкум, сайтимизнинг муҳтарам фойдаланувчилариБарчангизни покланиш ойи, дўзахдан давоми...

01:02 / 25.04.2020 9907