Поклик шарт қилинган амаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Маълумки, Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқдир. Aллоҳ таолога иймони бор киши учун қалб софлиги жуда муҳим. Шу билан бирга, ибодатларнинг қабул бўлишида ички ва ташқи поклик мужассам бўлиши муҳим саналади.

Покликнинг икки хил кўриниши мавжуд: нажосатни кетказиш ва маълум қоидалар асосида покланиш. Иккинчи хилдаги поклик ‒ таҳорат бўлиб, тананинг маълум қисмларига шариат кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, сув етказиб покланишдир. Хўш, қандай амалларни таҳоратсиз адо этиб бўлмайди? Келинг, уларни кўриб чиқамиз.

 Aгар кишининг таҳорати бўлмаса, ушбу амалларни адо этиши мумкин эмас:

1. ✔Намознинг ҳар қандай тури. (Фарз, суннат, нафллар,  жумладан, жаноза ва ийд намозлари ҳам).

Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди", дедилар" (Тўртовлари ривоят қилганлар).

Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким била туриб, қасддан таҳоратсиз намоз ўқиса, шариатни ўйин қилганлиги учун кофир бўлади",  деганлар.

Таҳорат қилиш намоздек улуғ ибодатга, Aллоҳ таоло билан бевосита мулоқотга, муножотга, жисман ва руҳан покланиб тайёргарлик кўришдир.

 

2. ✔Қуръони Каримни ушлаш учун.

 Мусҳафи шарифга шунчаки енгил тегиш учун ҳам эътибор билан таҳорат олиш шарт қилинган. Aллоҳ таоло Воқеъа сурасининг 79-оятида: "Уни фақат покланганларгина ушлайдир", деб марҳамат қилган.

Ушбу ояти каримадан, Мусҳафи Шарифни таҳоратсиз ҳолда ушлаш, ҳатто тегиниб қўйиш ҳам мумкин эмаслиги маълум бўлади. Яъни жунуб, ҳоизалардан ташқари кичик бетаҳорат кишининг ҳам Мусҳафни бевосита тутиши мумкин эмас.

3.✔ Тиловат саждаси ва шукр саждасини адо этиш учун.

Тиловат саждаси. Қуръони Каримнинг 14 сурасида сажда оятлари бўлиб, уларни ўқиган ёки эшитган киши бир бор сажда қилиши вожиб бўлади.

Уни намознинг ичида ҳам, намоздан ташқари ҳолатда ҳам адо этиш мумкин. Намоздан ташқари ҳолларда тиловат саждаси қилмоқчи бўлган киши ҳам, худди намозда бўлгандек,таҳоратли бўлиши шартдир.

Шукр саждаси ‒ кишига алоҳида бир хурсандчилик хабари ёки бирон хос неъмат етса, Aллоҳга шукрона тарзда адо этиладиган, тиловат саждаси каби бир саждадан иборат амал. Шукр саждаси намознинг ичига кирмайди, яъни намоз давомида адо этилмайди. Aл-Хатиб аш-Ширбиний "Муғний ал-муҳтож" номли китобида: "Таҳоратсиз намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳукм жаноза намози, тиловат ва шукр саждаларига ҳам тегишлидир", деган.

4.✔ Каъбаи муаззамани тавоф қилиш учун.

Aбдуллоҳ ибн Aббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Байтнинг атрофида тавоф қилиш худди намоз кабидир. Бироқ сизлар унда гаплашасизлар холос. Ким унда гапирса, фақатгина яхшиликни гапирсин", дедилар (Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар).

Тавоф намоз каби ибодат бўлганлиги учун намозга шарт бўлган таҳорат ва сатри аврат тавофга ҳам шарт бўлади.

Мўмин киши ёмон хулқдан сақланиши, қалбини гўзал қилишга интилиш билан биргаликда, ўй-хаёллари, танаси, либоси ва маконининг пок бўлишига ҳам эътибор бериши лозим. Бундан ташқари, доимо таҳоратли ҳолатда юриши ва таҳоратга путур етиши биланоқ янгилаши тавсия қилинади.

Aллоҳ жалла ва шаънуҳу: "Унда покланишни севадиган кишилар бор. Aллоҳ эса покланувчиларни севадир" (Тавба сураси, 108-оят).

Поклик қалбга ҳузур, юзга нур бахш этади. Энг муҳими, Aллоҳ таолонинг ризосига эриштиради. Aллоҳ таоло ояти каримасида покликни ва пок кишиларни мадҳ этиш билан пок кишиларни яхши кўришини марҳамат қилмоқда. Бу умидбахш ояти кариманинг ўзи ҳам барча инсонларнинг поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарлидир!

Манба: islamdag.ru

islamdag.ru ва "Ҳадис ва Ҳаёт" китоби асосида Ирода Эргашева тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Намозда хаёл бўлинишиАссалому алайкум Намоз ўқишни бошладим дегунча хаёлимда кун бўйи бўлиб ўтган воқеалар давоми...

05:00 / 04.08.2020 14563
Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири экани барчамизга маълум. Шу сабаб намозда хушуъ масаласи жуда давоми...

01:33 / 04.07.2020 4907
ТАРОВЕҲ НАМОЗИ Ассалому алайкум, сайтимизнинг муҳтарам фойдаланувчилариБарчангизни покланиш ойи, дўзахдан давоми...

01:02 / 25.04.2020 9907