ИККИ ЙЎЛ...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ИККИ ЙЎЛ...

1989-90 йиллар… 4-5 ёшли қиз эдим. Дадамлар билан Наманган шаҳридаги «Чорсу» деҳқон бозорига бозорлик қилгани бирга борардим.

Аввалги «Баҳор» кинотеатрининг олдида сой бор. У пайтда ҳозиргидек таксилар кўп эмас эди. Сой томонга машина кам юрарди. Ўша сой ёнидаги кўчадан бозорга пиёда келардик. Сой бўйидаги уйларда яшайдиган мен тенги ёки мендан бироз каттароқ болалар, қизлар кўчани тўлдириб ўйнашарди. Отамни кўзлари ожиз эди. Ҳар гал ўтганимизда мени бир нарса қийнар, қалбимни ўртаб юборар эди. Болалар бизнинг орқамиздан тош отиб:

«Кўр, кўр! Кўзи кўр! Кўрвачча!..»

Баъзан болаларнинг олдида ёши катта аёллар ҳам бўларди. Лекин  бир оғиз

«Қўй, ундай дема», деб уларни қайтармаганидан яна ҳам хафа бўлиб кетардим.

Гоҳида ўзим уларга таъзир бериб қўймоқчи бўлардим. Улар томон юриб, ердан тош олиб, отмоқчи бўлардим. Улар эса қочиб қолишарди.

«Дада, бу йўлдан юрмайлик», дер эдим тўйиб кетганимда. Ич-ичимдан

дадамнинг қалблари ўксишини истамас эдим.

«Бошқа йўловчилар келиб қолса эди...» дердим ичимда. Чунки ўшандагина болалар қилаётган ишларидан тўхташар эди.

Ота-онам бизга: «Ўзингдан каттага салом бер, бировни масхара қилма, ёмон гап айтма. Биз кўрмасак ҳам, Аллоҳ кўриб туради. Кейин бизга билдиради», дея ўргатишганидек, нега бу болаларнинг ота-онаси гапирмайди, Аллоҳ ҳақида билмаганларини ўргатмайди?! Ўргатган бўлса, нега бу болалар масхара қилди, бизга озор берди?» дея ич-ичимдан ўксиб йиғлаб кетардим. Овозимни чиқарсам, дадам эшитиб қоладилар, янаям диллари оғрийди, деб йиғимни ичимга ютардим.

Йиғлаганим боис бурним оқиб қолса, «Ҳозир дада», дер эдим-да, орқароқда қолиб, бурнимни тортиб олардим.

1991 йили бошқа жойга кўчиб ўтдик. Лекин нариги маҳалламиздаги болаларнинг айтган гаплари, дилозорликларини унута олмадим. Ўша уй, ўша хонадон ҳозиргача кўз олдимда туради... Ўзимга ўзим «Катта бўлсам, ўша хонадон эгаларига бориб, «Нега болаларингиз кўчадан ўтган одамларни сўкса, ҳақорат қилса, жим қараб тургансиз? Нега «Бу ишни қилма, гуноҳ бўлади», деб айтмагансиз? Нега кўриб туриб, индамагансиз?» деган гапларни айтаман», деб кўнглимга тугиб қўйдим.

Лекин бориб айтмадим. Қалбимда улар қилган ишлардан пайдо бўлган чандиқлар қолиб кетди.

Эҳтимол, ўша пайтда ота-оналари фарзандларини бу йўлдан қайтариб, озор бергани учун биздан узр сўраттирганида, қалбимдаги чандиқлар  битиб кетган бўларди.

Беайб Парвардигор. Ҳар қандай банда ҳаётда хатога йўл қўйиши мумкин. Лекин Аллоҳ таоло бу хатоларни тўғрилашга, тавба қилишга, бошқа бандалардаги ҳақларни адо этишга, хусусан, ҳаққи поймол қилинган бирордаридан ўз вақтида кечирим сўрашга буюради. Агар ҳар бир инсон шариатнинг бу кўрсатмаларига амал қилганида, минглаб қалбларда пайдо бўлган чандиқларнинг олди олинган бўларди.

        *        *        *

Одатда дадамлар билан шаҳар марказида бирор иш (телефонга пул тўлаш ёки бирор ҳужжат ишлари) билан юрсак, атрофдаги бинолар билан таништириб борардим. Дўконлар, уларда нималар сотилиши ҳақида гапириб кетардим. Шу тариқа қаерда нима, қандай бино жойлашганини эслаб қолардилар. Сингилларим билан бирор иш учун шаҳарга тушсалар, «Шу ерда дўкон бор», «Бу томонда фалон нарса бор», деб айта олар ва шу орқали борадиган манзилларини топишлари осон бўларди. Шунинг учун мен ҳар бир кичик бино, объектларни ҳам  айтиб кетишга ҳаракат қилардим.

1994-95 йиллар... Тахминан 3-4 синфларда ўқиб юрган кезларим. Троллейбусда кета туриб, дадамга йўлнинг нариги тарафида катта кийим дўкони борлигини айтдим. Ўзи бошқа жойга кетаётгандик, лекин  дўкон ҳақида билгач, менга куртка олишимизни айтдилар.

Дўконга кирдик. Эгаси – Чуст дўппи кийган, ёши дадамлардан бироз кичик одам қўлини кўксига қўйиб, салом бериб кутиб олди. Сўнг нима кераклигини сўради.

Дадамлар: «Шу қизимга мос куртка олмоқчи эдик», дедилар.

Дўкон катта бўлишига қарамай, у ерда биздан бошқа харидор йўқ эди.

Сотувчи менга: «Мана бу курткани кийиб кўр-чи, қизим, сенга лойиқ бўлса керак», дея кўк, ҳаворангга мойил курткани берди.

Куртка ўзимга ҳам жуда ёқди-ю, лекин: «Кўк кийим ўғил болаларга мос бўлса керак, мен сариқ ранглисини оламан», дедим ичимда.

Дадамлар: «Ўзингга ёқдими?» дедилар.

Мен: «Сариғини оламан» дедим.

Сотувчи: «Қизингиз сариқ рангли курткани танлади. Кўки яхши. Кирчимолгина. Салга кир бўлавермайди. Шундан берайми?» деди.

Ўзимга кўки ёқса-да, «Бу одам дадамнинг кўзлари ожиз бўлгани учун алдаб, ўтмаган нарсасини бизга сотмоқчи. Барибир бу одамнинг кўрсатганини олмайман...», деб ўйладим-да, «Менга сариқ ёқди, шуни оламан», дедим қатъий.

Дадамлар эса: «Кўкини олавер, қизим, кирчимол», дедилар.

«Дедахон (шевада шунақа деймиз) нега бу одамнинг гапига учадилар, у одам атай бизга тез кир бўладиганини сотяпти-ку, ўз оғзи билан «кирчимол», деб турибди-ку», дедим ўзимга-ўзим. «Йўқ, дада, шу сариқ рангли курткани оламан», дедим.

Сотувчи ҳам фикримни ўзгартира олмагач, охири: «Майли, қизингизга сариқ ранглиси ёқибди. Шуни ўраб бераман», деди. Ва иккита сариқ куртка олиб, уйга келдик: бири опамга, иккинчиси менга.

Уйга келибоқ: «Деда, ҳалиги сотувчи бизга ўтмаган товарини роса ўтказмоқчи бўлиб, «Кўкини олинглар», деяверди. Манам атай унинг айтганини олмадим. Сариғини олдим. «Кирчимол», деса ҳам, сиз оламан, дейишингизни  қаранг. Тез кир бўлади-ку...» дедим.

Дадамлар эса: «Кирчимол дегани кам кирланади, тез кир бўлмайди, дегани-да. У одам сенга яхшисини берганди. Бу сариқ тез кир бўлади, қизим», дедилар.

Мен «кирчимол» деган сўзни аввал эшитмаганим учун тез кирланади, деб ўйлаб, ўзимга кўк куртка ёқса-да, у одам дадамни алдади, деб ўйлаб, атайлаб  уни олмабман. Дадамлардан сўзнинг маъносини билиб олгач, хато қилганим, сотувчи ҳақида нотўғри гумонга борганим учун уялиб кетдим.

Мен сотувчининг тўғрисўзлигини, бизга яхшилик қилмоқчи бўлганини англагач, гарчи танимасам-да, у одамга нисбатан ҳурматим ошди.

Орадан бир неча йиллар ўтди. Эҳтимол, ўша дўконнинг сотувчилари неча бор алмашгандир, лекин ўша дўкон, унинг инсофли сотувчиси ҳали ҳам кўз олдимда турибди. У одамнинг яхшилигини, тўғрисўзлигини курткани олиб, уйга келган онимдан бошлаб, ҳар эслаганимда қалбим қувончга тўлади, қандайдир ёқимли ҳис туяман, ҳаққига дуо қиламан. Ҳар замонда оилавий ўтириб эслаганимизда ҳам, дадамлар: «Барака топсин, яхши инсон экан», деб дуо қилиб қўядилар.

Аллоҳ у инсондан ва барча яқинларидан рози бўлсин. Омин!

(Ушбу сатрларни ўқиганингизда сиз ҳам ўша сотувчининг ҳаққига дуо қилиб қўйинг, илтимос. Токи омонатдор, ҳалол инсонлар сафи кенгайсин).

Инсоннинг қаршисида ҳар доим икки йўл туради: бири ёмон, иккинчиси яхши. Аллоҳ таоло инсонга буюк неъматни – ақл неъматини берди. Қайси йўлни танлаш банданинг ихтиёрида. Банда қайси йўлдан юради, нима ишлар қилади, бу унинг танлаган йўлига боғлиқ.

Ҳаётимиз давомида истаймизми-йўқми, ўзимиз танимаган инсонларга дуч келамиз. Гоҳо танишамиз, дўстлашамиз, қадрдонлашамиз... Улар бизга ўзларидан қандай хотиралар қолдиришади – бу уларнинг хулқига, ўзига берилган ақлни қандай мақсадда, қандай амалларга ишлатишига, тарбиясига боғлиқдир. Кимдир қалбингда даволаб бўлмас жароҳат қолдиради. Танимасанг-да, йиллар ўтса ҳам, бу чандиқ қалбингда оғриқ пайдо қилаверади, ҳар эслаганингда маҳзунликни ҳис қилаверасан.

Яна кимдир эса Аллоҳ берган ақл неъматининг шукрини қилиб, ўзининг гўзал одоби, чиройли хулқи сабаб бандаларнинг хурсандчилигига сазовор бўлади. Сенга яхшиликни илинганини эслаб, танимасанг-да, дилингда у инсонга нисбатан ҳурмат, миннатдорчилик ҳисси янгидан туғилаверади, ҳар сафар унинг ҳаққига ғойибона дуо қиласан. Дуо қилиш эсингдан чиқса-да, қалбингда унга нисбатан розилик аломатининг борлиги ва уни «Яхши одам экан», дея эътироф этишинг, гарчи у одам билмаса ҳам, Аллоҳ таоло у одамга нисбатан сенинг дилингда розилик борлигини билиши у одамнинг бу  дунёда бежиз яшамаганига далолатдир.

Сен шундай гўзал фазилатлар эгаси бўлгинки, вақти келиб, Аллоҳ таоло сени ҳаётингда дуч келган инсонларга рўбарў қилиб: «Бу одам ҳақида нима дейсан?» деб сўраганида, Роббингнинг ҳузурида сени фақат ва фақат яхшиликлар  билан эслашсин, сен ҳақингда бемалол: «Бу одам яхши инсон эди. Дунёда менга ўзидан шундай яхшиликни қолдирган эди. Мен ундан розиман», дея олишсин.

Мана шу сен  учун чинакам бахт-саодатдир.

Сен ҳақингда рози бўлиб эслашларининг ўзи улкан бахтдир!

Яхши ниятли инсонлар борлиги учун ҳам бу дунёда яшагинг келади.

Бор бўлинг, яхши одамлар!

Азиза Қурбонова

29.06.2019 йил

Мавзуга оид мақолалар
АЛБАТТА, СИЗ БУЮК ХУЛҚДАСИЗ, Ё РАСУЛУЛЛОҲ     Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ Менга салавот айтишга қодир давоми...

13:05 / 08.12.2017 3638
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ Бу дунёда бизларни нозик ҳилқат давоми...

15:21 / 09.12.2016 3898
Аллоҳ таолога У Зотнинг камолига муносиб ҳамду санолар бўлсин Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу давоми...

08:53 / 22.11.2016 3405
Таҳорат одоблари  1. Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш. Таҳорат ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандоқ давоми...

07:47 / 25.10.2016 6048