Ёзаётган жумлаларим у зотнинг асарларидан ўрганганларим маҳсулидандир...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


("Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрни" иншолар танловидан)

 

“Илм олиш ҳар биримизга фарздир” деб номланган танловнинг иншо йўналиши бўйича мақола ёзишга киришар эканман, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда, замонамизнинг буюк алломаси ва мутафаккири, мўмин-мусулмонларнинг қалбларидан чуқур жой олган, шахсан мен учун ғойибона устозимга айланган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб асарларнинг ҳаётимда тутган ўрни хақида самимий ёритишга харакат қиламан.

“Илм олиш хар биримизга фарздир...” Дарҳақиқат, ушбу жумла ўзини мўмин ҳисобловчи ҳар бир инсонга ҳаётидаги олий мақсадлардан бирига айланмоғи даркордир. Аслини олганда, буюк мутафаккир шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёзиб қолдирган асарларининг ҳаётимдаги тутган ўрнини батафсил баён қилишнинг иложи йўқдек, назаримда. У зотнинг асарларининг мазмуни ва моҳиятини баён қилишга қоғоз ва сиёҳ етмайдигандек гўё! Маддоҳлик қилиш ниятида эмасман, фақат ўз фикримни билдиряпман холос.

Бир инсон ўзига берилган умри давомида асрга татигулик асарларни ёзиб, уларни халққа тақдим этиб, кўпчилик инсонларнинг ҳидоятга юришига сабабчи бўлиш, китобхонларнинг қалбидан чуқур жой олиши, мен каби минглаб китобхон ва толиби илмларнинг ғойибона устозига айланиш, ортларидан бошлаган хайрли ишларини давом эттиргувчи муносиб фарзандлар ва шогирдларни тарбиялаш ҳар бир олимга хам насиб этавермайдиган неъматдир.

Бунинг учун Аллоҳ таолога бўлган мустаҳкам иймон, фақатгина Ўзининг розилиги учун қилинган эзгу ишлар, покиза қалб, илм тарқатиш йўлидаги жидду жаҳд сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Ҳазратимиз умр дея аталмиш неъматдан имкон қадар мазмунли ва барокатли фойдаланган Аллоҳнинг мухлис бандаларидан бири бўлганлар, десам муболаға бўлмайди.

Инновацион тизимлар кенг ривожланаётган айни даврда, уларни суҳбатлари, чиқишларини аудиоёзувларда эшитиб, видеотасвирлар орқали кўраётган юртдошларимиз ўзларини шайх ҳазратлари билан замондош ҳис этишлари табиий. Лекин, шундай бўлса-да, юракларда оғриқ, дард, алам мавжуд. Қанийди, у зот ҳозир ҳам ҳаёт бўлганларида эди...

Инсон ҳамиша ожиз. Устозимиз ўз асарларида таъкидлаганларидек, хақиқий мўмин инсон Аллоҳ таолонинг берган тақдирига сўзсиз рози бўлиши, бошига тушган мусибатларга Аллоҳдан чексиз ажру мукофотларни умид қилган ҳолида гўзал сабр ила қалбини собит қилиши, унинг хар бир ишида ҳикмат борлигига ишониши ва ҳамиша яхши гумонда бўлиши лозим ва лобуддир. Мен учун ҳам устоз билан кўришиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш армон бўлган бўлса-да, улардан ғойибона илм ўрганганим, у зот билан бир замонда яшаганлигим учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтаман.

 Шайх ҳазратларини таний бошлаган давримни ёдга олсам, мактаб даврларим эди, ўшанда. Наврўз радиоканали орқали ҳар Рамазон ойида туркум дастурлар эфирга узатилиб борилар эди. Ўша вақтдан бошлаб устознинг “Ҳикматли дунё” ва бошқа дастурларини жон қулоғим билан эшитиб, кузатиб борар эдим. Шубҳасиз, ўша вақтдаги бу каби мавъизалар, насиҳатлар тафаккурга ундаган, кўпларни ҳидоят топишларига сабаб бўлган. Чунки кўпчилигимиз Ислом ва иймоннинг асл ҳақиқатларини, маъноларини, ақийда таълимотларини, пок ва нопок орасидаги тафовутларнинг фарқига бормас эдик. Айни шундай бир даврда, ҳазратнинг фидокорона меҳнатлари, уринишлари сабаб, халқимизнинг тафаккури ўсиб, дунёқараши кенгайиши, маънавий эҳтиёжларининг қондирилишига маълум даражада эришилди, деб ўйламан.

“Бешикдан то қабргача илм изла”. Халқ орасидаги ушбу мақол бежизга айтилмаган. Инсон туғилганидан бошлаб, то ҳаётининг якунига қадар турмушнинг ҳар бир жабҳасида илмга муҳтождир.

Фарзанднинг беками кўст, соғлом ва баркамол вояга етишини таъминлаш мақсадида яқинларимизга ҳазратнинг “Бахтиёр оила” ва “Соғлом бола” номли асарлари катта аҳамият касб этади. Инсон боласининг  тарбияси у она вужудида халқ қилинган вақтидан эмас, балки шу ҳомиланинг бўлажак ота ва ёки онасининг хулқ-атворидан бошланиши бор нарса. “Бахтиёр оила” китобида айнан шу жиҳатга эътибор қаратилиб, оила қуришда зарур бўлган, фарзандлар тарбияси учун муҳим бўлган барча зарурий ишлар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келган аниқ ва ишончли далиллар асосида батафсил баён этилган.

Инсон вояга етиш давомида, фарзи айн ва фарзи кифоя бўлган илмларга эхтиёж сеза бошлайди. Бу жараёнда эса “Ақоид илми”, “Сунний ақийдалар”, “Одоблар хазинаси” ва “Руҳий тарбия” каби китоблар улкан аҳамиятга эга асарлардир. Киши вояга етгач, ҳаётда ўз йўлини танлашида, ҳалол касб қилиш борасида турли муаммоларга дуч келади. Шундай ҳолатларда эса, “Ижтимоий одоблар” китобидан муаммоларига ечим топиши шубҳасиздир. “Тафсири Ҳилол” ва “Олтин силсила” саҳиҳ ҳадис тўпламлари туркуми асарлари эса ҳар бир инсон ҳаётида “йўлчи юлдуз” вазифасини бажарувчи асарлар.

Ҳаёт давомида турфа муаммолар, ечими қийин бўлган муаммолар рўй берганда, Устознинг ”Зикр аҳлидан сўранг” асарларидан ечимлар ва жавоблар топганман. Мен учун ҳаётимдаги энг қадрли асарлардан бири “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласининг 3-жузи, “Ният, Ихлос ва Илм” китоби ва “Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобларидир. Киши ҳар соҳада билимли бўлишга ҳаракат қилиб яшаса, нафақат шахсий ҳаёти, балки жамият учун ҳам фойдалар ҳосил бўлади. “Нақшбандия” китобидан ўзим учун кундалик вирдларни ёдлаб, уларга амал қилиб яшашга харакат қиламан ва мана шу вирдлар сабабли, ваъда қилинган фазилатларни амалга ошишига гувоҳ бўламан.

Яқинда бир олимнинг маърузасида: “Инсон қайси бир олимга чин қалбдан меҳр қўйиб, ҳурмат қилиб, унга эргашса, иншаалоҳ, Аллоҳ таоло у инсоннинг фарзандларидан, зурриётларидан шундай олимларни чиқаради” маъносидаги сўзларни эшитдим.

Кўплаб юртдошларимиз қатори мен ҳам ҳазратни чин қалбимдан яхши кўриб, ҳурмат қиламан ва дуоларимда мени ҳам зурриётларимдан шу инсонга ўхшаш динга, илмга хизмат қиладиган инсонларни, олиму фузалоларни чиқаришини Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ таоло у зотга Ўзининг чексиз раҳмати, марҳамати ва мағфиратини ёғдирсин! Қабрларини кенг ва нурафшон айласин! Охиратда ёруғ юз билан дийдор кўришиб, жаннатларда қўшни бўлишликни насиб этсин, илоҳим!

Насиба Раҳматуллаева

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаётнинг азалий қонуни шудир,Шу ҳақда тинмайин сўзлайверамиз mdashЁмонлар вақт ўтиб унутиладиhellipЯхши давоми...

07:21 / 05.12.2022 3149
Шайхимнинг мен учун қилган дуолари quotАллоҳ сени Иймон иссиқлиги билан сийласинquotАллоҳ барчамизни Иймон давоми...

07:45 / 09.03.2023 2504
.Улуғ мураббий, мухлис, фазилатли олим, Шайх Муҳаммад Содиқнинг қадрини билган барча инсонларга, давоми...

19:38 / 15.04.2023 2012
.Ҳазратим..., Ака, турингОвози титраганича ҳовлиқиб мени уйғотаётган укамни кўриб, бироз асабийлашдим. Ҳали давоми...

00:01 / 15.03.2020 6169