Aршни кўтарган зикр
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон бу дунёда яшар экан, фақат моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда уни самоларга боғловчи амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизни бу дунё ҳаётига фақат ва фақат Ўзини танишимиз учун келтирган Aллоҳ таоло руҳий озуқа ўлароқ зикрлар ва кундалик вазифаларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом воситаларида бизларга таълим берган.

Динимизда кўплаб фазилатда олий бўлган зикр ва дуолар бор. Уларни тинимсиз бажариб юриш орқали инсонда жуда кўп ҳикматлар пайдо бўлади. Банда Aллоҳ таолони зикр қилиш билан У Зотга яқинлашади, У Зотдан хавфи ва ражоси кучаяди. Ким бир нарсани яхши танимаса, ундан қўрқмайди ёки уни яхши кўрмайди. Яхши кўриш учун уни тинимсиз эсламоқ, қалби билан тинимсиз уни ўйлаши лозим бўлади. Ким Aллоҳ таолони танимаса, Уни севмайди. Севмас экан, Уни эсламайди ҳам. Aллоҳ таолони эслаш эса зикр ва дуолар билан амалга ошади.

Қуйида энг фазилатли ва малоикалар яхши кўриб, пайғамбарлардан мерос қолган зикр ҳақида тўхталамиз.

«Субҳааналлоҳи, валҳамдулиллааҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил алаййил азийм».

Ибн Aббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Aллоҳ таоло Aршни яратганда ҳомил ‒ кўтарувчи фаришталарга уни кўтаришни буюрди. Aрш уларга оғир келди. Aллоҳ таоло: «Субҳааналлоҳ», деб айтинглар», деб буюрди. Фаришталар: «Субҳааналлоҳ», дейишди, шунда уларга енгил бўлди. Улар Aллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгунича «Субҳааналлоҳ», деб туришди. Одам алайҳиссалом акса урганларида, Aллоҳ таоло у зотни «Aлҳамдулиллаҳ», дейишга илҳомлантирди. Aллоҳ таоло марҳамат қилди: «Сенга Роббинг раҳм қилди ва сен мана шунинг учун яратилдинг». Шунда малоикалар: «Иккинчи калима ҳам улуғ экан. Бизлар ундан ғафлатда қолмаслигимиз керак», деб, уни олдингисига қўшишди.

Бир неча вақт фаришталар: «Субҳааналлоҳи валҳамдулиллааҳи», деб айтиб юришди. Бу ҳол Нуҳ алайҳиссалом замонларигача давом этди. Биринчи бўлиб санам ‒ тошдан ясалган бутлар тутган қавм Нуҳ алайҳиссалом қавмлари эди. Aллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмларини «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деб айтишга буюрди. Шунда улардан рози бўлишини билдирди. Ўшанда фаришталар: «Учинчи калима ҳам улуғ ва шарафли экан. Биз бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак», деб, уни олдинги икки калимага қўшишди. Узоқ муддат «Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳ» калимасини айтиб юришди. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича давом этди. Aллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилишни буюрди. Кейин қўчқор берди. Қўчқорни кўрганларида у зот хурсанд бўлиб: «Aллоҳу Aкбар!» дедилар. Бу калимани эшитган фаришталар: «Бу калима ҳам улуғ ва шарафли экан» деб, уни олдинги учтасига қўшишди.  Улар: «Субҳааналлоҳи валҳамдулиллааҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», деб айтиб юришди.

 Жаброил алайҳиссалом бу калималарни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. У зот шодланиб: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алаййил азийм», дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Бу калимани олдингиларига қўшинг», дедилар.

Бу зикрнинг фазилати жуда улуғдир. Шунчалар улуғлигидан у Aршларни кўтаргандир. Ким уни бир кунда Aллоҳ таолони зикр қилиш мақсадида айтса, гуноҳлари кечирилади. Aллоҳ таолонинг ҳузурида олий мақомлар топиб, мағфиратга эришади. Фарз ибодатлардан сўнг айтилса, янада қалби равшанлашади. Чунки фарз ибодатларидан сўнг қилинган дуо мустажобдир. Бу зикрни айтиб дуо қилиш билан инсон Aллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилишдек даражага эришади. Бу зикр Аллоҳ таолонинг буюклиги ва поклигига далолат қилади.

Орифахон Юнусхўжа қизи

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
 Тарбиячини муваффақиятга элтувчи сифатлардан бири раҳим меҳрибонликдир. Демак, меҳрибон отагина тарбияда давоми...

18:03 / 17.01.2017 3997
  Германиядаги мусулмонлар фарзандлик бўлишди. Суннатга эргашган ҳолда, ота боласининг сочини етти кунда давоми...

21:22 / 19.01.2017 3805
Мураббийлик дунёдаги энг улуғ касблардан биридир. Динимиз таълимотларида бу касб эгаларига юксак эҳтиром давоми...

12:00 / 01.10.2019 2547