МУНОЖОТ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУНОЖОТ

Аллоҳим!

Ҳар нарсани эшитгувчи, махфий ва ошкора гапларни, ҳаттоки дилдан ўтган туйғуларни ҳам билгувчи зот Ўзингсан! Ўзимизни тафтиш қилишни истаган бу онларимизда Ҳалиймлигингга – жазолашга шошилмайдиган, яхшилик қилишни, бандаларини севинтиришни хуш кўрувчи, ҳатто азобга лойиқ бандаларини авф этибгина қолмай, уларни беҳисоб неъматлар билан сийлайдиган ягона Зот эканингга таяндик.

Хато ва нуқсонларига иқрор бандаларингданмиз. Иқрормизки, ўзимиз билиб-билмай, англаб-англамай, бизни лаҳза сайин тарк этаётган дунёнинг этакларидан ушлаб қолишга уриняпмиз. Бизни тарк қилаётган дунёни тарк қилолмаяпмиз. Эрта бир кун «Сизни тарк қилганни нега тарк қилмадингиз?» деган ҳақли саволга жавобимиз йўқ. Ваҳоланки, у бизни шунчаки тарк этмаётир, ўзига муҳаббат қўйганимизни билган онидан буён бизга ўз ҳукмини юргизишни бошлаган:

топганимизни қўлимиздан юлиб олади;

меҳр берганларимизнинг қўлига тош, дўст деб билганларимизнинг қўлига пичоқ тутқазади;

ҳар қадамда бир шайтонни ҳозирлайди;

бору йўғимизни, ҳаттоки ҳис-туйғуларимизни-да бозорга солади;

қон-қардошларни бир-бирига бегона қилади;

ота билан бола ўртасига нифоқ солади;

гуноҳни гўзалликлар билан ўрайди;

бисотини кўз-кўз қилиш билан ақлимизни олади;

ҳушимизни йиғиб, бир бора «Аллоҳ!» дея Сенга қўл узатгунимизга қадар, минг куйли ноғорасига минг бора ўйнатади...

Умримизни, гўзаллигимизни, куч-қувватимизни ола-ола тарк этади бизни...

Эй Роуф! Ўта марҳаматли, раҳмати кенг Зот! Марҳаматинг ғазабингдан кенгдир. Тарозининг бир палласига барча инсонларнинг гуноҳлари, иккинчи палласига Сенинг марҳаматинг қўйилса, шубҳасизки, марҳаматинг оғир келажак. Ўзинг марҳамат айла, кўнглимиз дунёдан фориғ бўлсин, қалбларимиз таркидунё қилсин. Бизни дунё билан юзма-юз қолдирма!    

Қўрқувлари, хавотирлари, фалокатлари, азиятлари мўл-кўл дунёдан ҳаловат излаб беҳаловатлик топаётган биздек ғофилларингни бандаликка банди қилгинки, ҳаддимизни билайлик.

Ҳаддимизни билсак эди, ноқис ва безиё ақлимиз билан ғурурланмасдик.

Ҳаддимизни билсак эди, ўзини доно санайдиган нодонлардан бўлмас эдик.

Ҳаддимизни билсак эди, ёмон ишлар қилиб, яхши ном қозонишни истамасдик.

Ҳаддимизни билсак эди, тилимизда диндан лоф уриб, кўнглимизда дунё молларига муҳаббат қўймас эдик.

Ҳаддимизни билсак эди, илмимиз, ўгитларимиз, билганларимиз энг аввало ўзимизга наф берар эди.

Ҳаддимизни билсак эди, Ўзинг берган тил билан, Ўзинг берган дил билан Ўзингга осийлик қилмаган бўлардик.

Ҳаддимизни билсак эди, нафсимиз истагини эмас, Сенинг истагингни бажарган бўлардик.

Ҳаддимизни билсак эди, эркаклар эркак, аёллар аёл ўрнида қолган бўларди.

Ҳаддимизни билсак эди, давраларда иғво ва туҳматлар урчимаган, одамлар бир-бирининг гўштини ейишдан ҳузурланмаган бўларди.

Ҳаддимизни билсак эди, сархуш давраларда хандон отишдан олдин, дўзах яратилганидан буён кулмай қўйган фаришталар борлигини фикр этган бўлардик.

Ҳаддимизни билсак эди, назоратсиз эмаслигимизга ақлимиз етган бўларди.

Ҳаддимизни билсак эди, ҳаддимиздан ошмас эдик!  

Эй гуноҳкор бандаларига жазо беришга шошилмайдиган, ўта сабрли Зот! Ўзинг бу бузуқ кўнгилларимизга меъморлик қилгин!

Ўзинг номимизни муборак қилмасанг, Ўзинг Ўзингга яқин қилмасанг, Ўзинг бандам демасанг, бандалигимиз бекордир.

Бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймагин, бизни ўзимиз билан ёлғиз қолдирмагин.

«Пушаймонлик – энг катта тавбадир», пушаймон қулларингнинг тавбаларини қабул эт.

Иймон ва омонликни берувчи – Мўмин Ўзингсан!

Барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок – Қуддус Ўзингсан!

Бандаларининг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб турувчи – Муҳаймин Ўзингсан!

Бандаларнинг айбини Ўз фазли ила, итоб қилмасдан кечиб юборувчи – Ғаффор Ўзингсан! Ўз раҳмат хазинасини бандаларига очувчи – Фаттоҳ Ўзингсан!Биз Сенинг Боситлигингга, Раззоқлигингга, Ваҳҳоблигингга суяндик. Бизларни бандаликка банди қилки, дунёдан бир банда каби – ҳаддимизни билиб яшаб ўтайлик... 

Дилфуза КОМИЛ  

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу Сўзимнинг аввалида яна бир бор muslimaat.uz жамоаси давоми...

19:15 / 11.03.2019 2547
Рамазон ойи муборак бўлсин Аллоҳ тутаётган рўзаларингизни қабул қилсин. Ие, ҳозир рўза ойими. Сиз рўза давоми...

08:20 / 09.02.2017 5469
   Ибодат мия фаоллигига қай даражада таъсир кўрсатади «Myrna Brind Center» даги интегратив медицина тадқиқотлари давоми...

08:17 / 05.03.2017 23145
Ҳайит байрамингиз бўлсин муборак Дунёда байрамлар тўлиб ётибди, Уларнинг асли бир чўпчак, ё давоми...

06:10 / 20.11.2016 3360