“ИРЕНА” ИСЛОМ МАРКАЗИНИНГ АСОСЧИСИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Мен католик роҳибаси бўлиш учун ўқидим,

кейин эса Исломни қабул қилдим”

«Ирена Ҳандоно – Индонезияда Ислом динини қабул қилган янги мусулмонлардан. Бу аёл Исломга янги кириб келган мусулмонларни доимо қўллаб-қувватлайди ва Ислом маърифатини оммага тарқатишда фаол ҳаракат қилади.

У Ислом динини янги қабул қилганлар учун “Ирена” Ислом марказининг  асосчиси ҳисобланади. Ирена 1983 йилда Ислом динини қабул қилган», деб ёзади Клаудия Азиза.

Католиклар оиласида тарбия кўрганман

Мен Индонезиядаги католик динига эътиқод қўйган оилада ўсганман. Мен жуда ҳам яхши шароитда ўсдим, яхши мактабда таълим олдим.

Бизнинг оиламиз христиан бўлиб, Индонезия аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган мусулмонлардан ажралиб турар эди. Биз бой, ўқимишли эдик ва ҳамма вақт яхши оёқ кийим кийиб юрардик.

Биз мусулмонларни камбағал, билимсиз ва масжидларда бир-бирларининг шиппагини ўғирлаб юрадиган одамлар деб ҳисоблар эдик...

Католик роҳибаси бўлиш учун ўқиб юрган вақтларим...  Шу кезлар ўйлаган фикрларимиз жуда ҳам юзаки бўлганини англай бошладим.

Мен ўз ҳаётимни Худога бағишламоқчи эдим

Мен  болалик вақтимдан бошлаб диний кўрсатмалар ола бошладим. Ўсмирлик вақтимда маҳаллий черковда ўтказиладиган анжуманларда фаол иштирок этар эдим. Мен ҳамма вақт роҳиба бўлишга интилганимни ҳамон эслайман.

Католик учун дунёвийликни тарк этиб, монастирда яшаш энг қутлуғ иш эди. Мен ўз ҳаётимни фақат Худога бағишламоқчи бўлдим. Мактабни тугатгандан сўнг мен Худонинг чақириғига эргашиш учун католик семинариясига ўқишга киришга аҳд қилдим.

Қиёсий диншуносликни ўрганиш

Ота-онам менинг қароримдан жуда ҳам ажабланишди. Тўртта акам бўлиб, мен оилада ягона қиз эдим. Шунинг учун ҳам ота-онам мени  улар билан бирга яшашимга ишонишарди. Лекин улар роҳиба бўлиш истагимни ва қароримни рад этмай, қўллаб-қувватлашди.

Тингловчи сифатида ҳаётим қийинчиликларсиз, жуда ҳам осон кечди. Ҳатто мени махсус тайёргарлик кўришим учун монастирдан ташқаридаги ўқишга юборишди. Мен фалсафа институтида қиёсий диншуносликни ўргандим ва бор эътиборимни исломшуносликни ўрганишга қаратдим.  Жуда кўп мусулмонлар яшайдиган мамлакатда яшаганимга қарамай, мен Ислом дини ҳақида илк билимларни ола бошладим.

Ўқиш даврида мен ўзимнинг мусулмонлар ҳақидаги фикрларим билан яна дуч келдим. Чунки менинг жамоамда мусулмонлар ҳам бор бўлиб, уларнинг баъзилари камбағал, ўқимаган, ривожланмаган... эди. Мен 20 ёшда эдим. Шунинг учун ҳам мен буни қабул қила олмадим ва ўзимнинг шахсий тадқиқотимни бошладим.

Шубҳанинг бошланиши

Мен бошқа мамлакатлар ҳақида ўргана бошладим. Булар асосан мусулмон бўлмаган давлатлар эди. Мен  юртим Индонезиядаги каби бошқа мамлакатларда ҳам камбағаллик, таълим олиш борасидаги муаммолар борлигини билдим. Ҳиндистон, Хитой, Филиппин, Италия (ўша вақтларда), кўплаб Жанубий Африка мамлакатлари...

Мен ўқитувчимнинг олдига бориб, ўзим ўрганган барча фактларни баён қилдим ва ундан Ислом динини ўрганишимга рухсат беришини сўрадим. У менга рухсат берди. Ўшанда менинг мақсадим... Ислом  динининг камчиликларини  ва унинг заиф томонларини  топишдан иборат эди.

Менинг Қуръон билан илк танишувим

Мен илк бор Қуръонга мурожаат қилдим. Ниятим ‒ ушбу Китобдан нималардир топиб, Исломга қарши ишлата олиш эди. Мен шу ният билан Қуръон маънолари таржимасини қўлимга олиб, ўқий бошладим. Ҳатто Қуръонни ўнгдан чапга қараб очиш кераклигини билмасдим...  

Мен бошқа китобларни очгандек, уни очдим ва ўқий бошладим: “.... Айтинг: У Аллоҳ Ягонадир. Аллоҳ беҳожат, ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Унинг тенги ҳам йўқ”   (Ихлос сураси).  Мен ушбу сурани ўқиб, ҳайратга тушдим. Худонинг Ягона эканлигини, Худонинг фарзандлари йўқлигини ва у яратилмаганини, Унинг тенги йўқлигини юрагим тасдиқлаб турган эди.                                                                            

                       Муқаддас Учликка бўлган шубҳа

Мен Қуръон ўқидим.  Биринчи бор Ихлос сурасини ўқидим. Сўнг Худонинг ҳақиқати тўғрисида сўраш учун пасторнинг олдига бордим. Мен унга бу ҳақиқатни яхши тушунмаганимни айтдим. “Қандай қилиб Худо битта бўла туриб, бир вақтнинг ўзида учта бўлиши мумкин?” Саволимга ўқитувчим менга ҳақиқатан ҳам Худо битта эканлигини, лекин  у учта кўринишда намоён бўлиши ёки унинг шахси бўлишини айтди ва: “Худо ‒ Ота, Худо ‒ Ўғил ва Муқаддас Руҳ. Бу «учлик» деб аталади”, дея гапини тугатди. Мен унинг бу изоҳини шундайлигича қабул қилдим. Лекин тунда бир нарса мени яна Ихлос сурасини ўқишга ундади: “Худо Битта, У туғмаган ва туғилмаган”.  

 Эртасига мен яна ўқитувчимнинг олдига бордим. Мен унга учликни тушунишим жуда қийин бўлаётганини айтдим. У дарстахтанинг олдига борди-да, учбурчак шаклини чизди ва «АВ=ВС=СА» деб ёзди. У учбурчак бир эканлигини, лекин унинг уч томони борлигини, Худо ҳақидаги бу қараш тўғрилигини ва Учлик концепцияси шундай эканлигини айтди.

Догмани қандай бўлса, шундай қабул қилинг

Мен ўқитувчимга: “Агар ҳақиқатан  ҳам шундай бўлса, бир кун келиб, Худо тўрт томонга эга бўлган тўртбурчак бўлиши ҳам мумкин экан-да!” дея ўз фикримни билдирдим. Ўқитувчи бундай бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Мен: “Нима учун?” деб яна сўрадим. Ўқитувчимнинг сабри тугаб бораётган эди: “Бундай бўлиши мутлақо мумкин эмас!” деди у. Мен  савол беришни яна давом эттирдим.  Шунда ўқитувчи  мен ушбу учлик догмасини тушунмасам ҳам, шундай борича қабул қилишим кераклигини айтди: “Қандай бўлса, шундай қабул қилинг, уни ўзингизга сингдиришга  ҳаракат қилинг. Агар шубҳалансангиз, гуноҳкор бўлиб қоласиз”.

Мен бу нарсани ўзимга сингдира олмадим. Бу догмани мен қалбан қабул қила олмадим. Кечаси эса мен яна Қуръон ўқидим. Ихлос сурасини қайта-қайта ўқидим. Ундаги сўзлар юрагимга сокинлик, ҳузур бахш этар эди: “Худо Ягона. У туғмаган ва туғилмаган ва Унинг тенги  йўқ”.

Тинмай  изланишларим туфайли мен учлик ҳақидаги  ғоя инсонлар томонидан яратилганини англаб етдим. 325 йилда  Никей ибодатхонасида  Ягона бўлган Худони уч қисмга бўлишган экан. Бу ҳақиқат менинг католиклик қалбимни туб-тубидан изтиробга солди, остин-устун қилиб юборди.

Ҳамма нарса энди аввалгидек эмас эди...    

                     Менинг Ягона паноҳгоҳим

Мусулмон бўлишим... Иймонга келишим...  Буларни очиқдан-очиқ айтишим учун ўзимда матонат топгунимча орадан олти йил вақт ўтиб кетди.

Шаҳодат келтирмоқчи бўлганимда имом мендан:  “Бу қарорингнинг оқибатларини кўтара олишга тайёрмисан?” деб сўради.  Ва яна: “Исломни қабул қилиш осон. Лекин бу сен учун бутун умр муаммо бўлиб қолиши мумкин”, деди.  Мен бунга тайёр эдим. Мен ўзимни, ёлғонга тўла қалбимни қутқаришим керак эди. Энди орқага қайтолмасдим. Мутлақо қайтишни истамасдим ҳам. Ёлғон догмани қандай бўлса, шундай қабул қилиб яшай олмас эдим...

“Исломни қабул қилиш осон. Лекин бу сен учун бутун умр муаммо бўлиб қолиши мумкин”. Имом ҳақ эди.  Исломни қабул қилдим. Оиламни, бойликларимни... ҳамма-ҳаммасини бирин-кетин йўқота бошладим. Мен ёлғиз қолдим. Бу осон эмас эди. Аммо... Қалбимда улуғ ишонч яшарди: “Худо ҳамиша мен билан, У менинг паноҳим бўлади, Ягона суянчим ‒ У”.

                    Менинг ҳаётим фақат Худо учун

Беш вақт намоз ўқий бошладим. Рамазон ойларида рўза тутардим. Ҳатто мусулмон аёллар қандай ўранса, шундай ўрандим. Мен ҳаётимни худди аввалгидагидек Худога бағишладим, фақат ёлғон догмаларга эмас, Ягона, беҳожат, ҳожатбарор, туғмаган ва туғилмаган, тенги  йўқ Улуғ  Зот ‒ Аллоҳга бағишладим.

Мен монастирдан кетдим. Мусулмон аёлга лозим бўлган барча амалларни қилиш учун у ерни буткул тарк этдим.  Мен Худога яқин бўлиш учун таркидунё қилмай, бу дунё ишларини ҳам бажариш зарурлигини англаб етган эдим.  Чунки мен энди мусулмон эдим!

Юлдуз Назар қизи таржимаси

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ислом тарихида жуфти билан жуда кам учрашган, Ислом ила шарафлангач, қайта ҳаётга келган одамнинг давоми...

16:01 / 12.03.2017 3662
Туркиянинг курортшаҳри ва университет маркази саналмиш Бодрум масжидининг имоми томонидан тарихий давоми...

06:37 / 30.12.2016 2689
Болалигимни эсласам, кўз олдимга райҳон ифорлари таралиб турган озода, саришта ҳовлилар келади. Қайси бир давоми...

21:08 / 21.09.2023 1906
Ўзлигим Ўзидан ҳадя...  Онамнинг айтишларича, болалигимда худди ҳозиргидек қизиқувчан, кўп савол берадиган, давоми...

10:34 / 04.05.2017 4989