Кўп нарса аёлга боғлиқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насиҳат

Эр билан орангиздаги риштани мустаҳкамланг

Қанчалик гўзал, олима, бой-бадавлат бўлманг, эрингиз қалбининг маликасига айланиш учун фаросатни ҳам ишга солинг! Умр сафарини  гўзал ўтказиш учун ўртангиздаги муҳаббат риштасини мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлинг. Эрга муҳаббат изҳор қилишнинг ўзи етарли эмас, унга садоқатингизни ҳам билдиринг.

Шундай йўл тутингки, эрингиз муҳаббатингиз ҳақиқий эканини дилдан ҳис қилсин. Эр-хотин орасидаги жанжалнинг асл ўзаги  эр хотиндан, хотин эрдан асл муҳаббатни топа олмаганидадир. Ўта маккор шайтон эса аёлни эрининг олдида шарм-ҳаёли бўлишга, қариндош-уруғ, дугоналари олдида эса хандон отиб кулиб, ноз-карашма қилишга ундайди. Кийиниш, зийнатланишда ҳам эрининг олдида оддий, ўзгалар олдида эса чиройли бўлишга чақиради. Ваҳоланки, шариатимиз яхши кўрган кишисига ўзининг муносабатини билдириб қўйишни савобли амал деб белгилаган, фақат номаҳрамлар бундан мустасно! Аммо шайтон бу туйғуни айнан бегоналарга изҳор қилишга даъват этаверади.

Оилавий жанжалларнинг аксариятига эътибор берсангиз, эр аёлини севади, муҳаббатини изҳор қилади, совға-саломлар беради, бундай муомаладан аёл дилида хурсанд ҳам бўлади. Лекин бунга жавобан ҳеч нарса қилмайди, ўзини бу муҳаббатга нисбатан беэътибордек тутади.  Бу ҳолат ўта нодонликдан келиб чиқади. Муҳаббатнинг жавоби муҳаббат билан бўлиши керак.  Эр муҳаббат кутганда аёл бу ҳолатни ғанимат билиши, эрининг дилини яшнатиб юборадиган сўзларни айтиши керак. Афсуски, кўпинча бунинг акси бўлиб, аёлларимиз ношудликлари натижасида эрларининг қалбини ғаш қилиб қўйишади. Ваҳоланки, аёлнинг қалбидаги ҳис-туйғуларини эрига билдириши шариатимизда уят саналган иш эмас.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ  алайҳиссаломга муҳаббатларини очиқ-ойдин изҳор қилар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирганларида у зот: “Оиша, сиз менга сариёғ билан хурмо солинган таомдан ҳам маҳбубсиз”, дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо табассум қилиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз эса мен учун сариёғ билан асал солинган таомдан ҳам ортиқроқ маҳбубсиз”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам табассум қилиб, “Сизнинг жавобингиз гўзалроқ бўлди”, дедилар.

Қаранг! Эр бир сўз айтди, аёл эса ундан ҳам гўзалроқ тарзда жавоб қайтарди. Муҳаббатнинг изҳори эрга қилинмаса, кимга қилинади?! Ҳозиргилар эса эрга қилинадиган муҳаббатни элга қиладиган бўлиб қолишди. Ёдда тутинг, ишқ билан мушки анбар оғзи берк ҳолатда сақлаб қўйилмайди. Улар ўз ўрнида очилиб, ифори атрофга таралиб туришини хоҳлайди. Қаерда бўлмасин,  ўзини билдирмай туролмайди. Худди шунингдек, эр муҳаббат кутганида буни изҳор қила олмаган  аёлнинг қадри эр наздида тушади.

Оиша розиллоҳу анҳонинг муҳаббат изҳори

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳнинг ишқларида шеърлар ёзган ва бу шеърлар Расулуллоҳнинг замонларида машҳур бўлган. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан кейин аҳлияларининг олдига кирар эдилар. Оиша онамизнинг ҳузурларига ташриф буюрганларида табассум билан, чиройли овозда салом берар эдилар. Бу саломга Оиша онамиз қуйидаги шеър билан жавоб  қайтарар эканлар:

Қуёши бор самонинг, менинг-да қуёшим бор,

Унинг қуёшидан лек қуёшим афзал минг бор.

Зотан, само қуёши чиқар фақат кундузи,

Менинг ул қуёшимнинг тунда ҳам порлар юзи.

Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан бири

Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг ўгитларидан

“Ҳилол” журналидан қисқартириб олинди.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
 Барча халқларда қадимда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни давоми...

20:54 / 02.01.2017 3336
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ДОИР ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР Чақалоқнинг танглайини кўтариш давоми...

18:53 / 22.11.2016 5966
Маккада бутун ер юзини нурга тўлдириб бир ой туғилди. Инсоният ҳаётида янги саҳифа очилди. Гўёки бутун давоми...

11:56 / 24.12.2018 3926
Рамазон ойининг бошланиш куни маълум бўлди. Бутун кун давомида телефонимга яқинларим, дўстларим ва ҳар хил давоми...

15:13 / 15.05.2019 3512