Қушчадан сабоқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менда бир буғдой уруғи бор. Уни мен қутичада, иш жойимдаги сейфнинг ичида, муҳим ҳужжатларим билан бирга сақлайман. Уни менга бобом совға қилганлар, бобомга эса…чумчуқ. Бобом бошқаларга ўхшамаган инсон эдилар, улар билан доим турли хил қизиқарли ҳодисалар содир бўларди.

Кунлардан бир кун, кичкиналик пайтимда, улар мени жума намози учун масжидга олиб бордилар. Қайтишда сайилгоҳ орқали қайтаётган эдик. Ҳақиқий баҳор ифори таралаётган, хиёбон янги баргларнинг ҳиди ва қушларнинг сайрашига кўмилгандек эди.

– Бобожон, эсингиздами, сиз менга ҳайвонлар ва қушлар одамзод учун яратилган, деган эдингиз?!

– Эсимда, худди шундай.

– Чумчуқлар бизга қандай фойда келтиради?

– Чумчуқлар биз учун жуда муҳимдир.

– Ҳазиллашяпсизми?

– Йўқ. Соат тузатганимиз ёдингдами? Соатнинг ичида қанча парракчалар бор эди? Уларнинг ҳар бири, қанчалик майда бўлмасин, ўз вазифасига эга. Олам бу улкан ва аниқ бир механизмдир, унда кераксиз қисмнинг ўзи йўқ. Шундай экан, ҳатто чумчуқнинг ҳам ўз вазифаси бор.

– Қандай вазифа?

– Чумчуқлар – бизнинг устозларимиз.

– Ким?! Чумчуқларми?

– Албатта! Кел, шу ерга ўтириб, уларни бир оз кузатамиз.

Бобом чўнтакларидан буғдой тўла халтачани олдилар, у киши кўпинча ўзлари билан қушлар учун дон олиб юрар эдилар, бир сиқим буғдойни ташладилар. Бирданига олдимизда бир тўп чумчуқлар пайдо бўлди – улар бизни кутиб туришгандек эди гўё.

– Улар ҳозир нима деб сайрашяпти?

– Улар Аллоҳни улуғлашяпти. Қушларда овқат заҳираси бўлмайди, улар тонгда оч чиқиб кетиб, тунда тўқ қайтишади – Аллоҳ уларни ҳар куни озуқа билан таъминлайди!

Сўнгра бобом буғдой доначаларини кафтларига ташладилар, довюрак қушчалар эса тепамизда турган дарахтдан учиб, бобомни кафтларига келиб қўндилар ва донни чўқиб ея бошладилар. Буғдой тугади, лекин бобомнинг қўллари узатилган ҳолатда қолаверди. Ва шу онда қаердандир тепадан кафтларига бир дон тушди.

– Бобожон, қаранг, энди улар сизни меҳмон қилишяптими? – деб кулиб қўйдим. – Хўш, улар энди нима дейишяпти?

Бобом хижолат тортиб, донни менга узатдилар ва дедилар:

– Улар мен кексага дарс беришди: модомики, сен одам экансан, қўлингни бўш узатма! 

Islamisemya

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
ҳикоя Автобусни кутишга сабрим етмай, такси тўхтатдим. Ҳайдовчи бошоёғимга бир қараб олдида Неча пул давоми...

21:00 / 03.01.2020 3464
Ишонч билан айта оламизки, ўтган 2019 йилда муслима аёл нафақат итоаткор хотин ва меҳрибон она бўлиши, балки давоми...

03:43 / 15.01.2020 5443
  Бақара ва Оли Имрон сурасидаги гўзал дуолар Бақара сураси «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг давоми...

10:12 / 27.01.2017 16551
       Бу воқеага, тахминан, икки йил бўлди. Ўшанда биз Шайх ҳазратлари билан пойтахтдаги бир спорт залига давоми...

22:17 / 08.02.2017 10109