«Омина» журналини ўқиб...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[embed]https://www.youtube.com/watch?v=B-_ED8Y1T80&feature=youtu.be[/embed]

«Омина» журналини ўқиб... Очиғи, яқин орада бир тўйиб йиғламаган эдим. Бугун йиғладим. Кўп йиғладим. «Омина» журналини ўқиб, йиғладим. Ҳазратимизнинг волидаи муҳтарамаларига атаб ёзган марсияларидан берилган парчалар юрагимни қақшатиб юборди. Биз ҳам онамиздан айрилганмиз, отамиздан айрилганмиз, аммо Ҳазратимизнинг дардлари улкан бўлган экан. Армонлари буюк экан! Ана шу дардлар, изтироблар юракларини адо қилган экан-да! «Оддий ҳолатларда бир кунда ўн-ўн икки саҳифа ёзиш мен учун ҳеч гап эмас эди. Ҳозир эса бир кунда бир саҳифа ҳам ёза олмай қолдим. Сўз топсам, жумла тополмайман, жумла топсам, йиғимни боса олмайман. Чунки мен оддий нарса эмас, Сиз, Волидаи меҳрибонимни эслаб ёзмоқчи эдим. Сизсиз ўтган кунларимни ёзмоқчи эдим. Сизнинг мени соғинганларингизни ёзмоқчи эдим. Беморлигингизда Сизни бориб кўра олмаганларимни ёзмоқчи эдим. Вафотингиздан олдин Сизнинг бир оғиз сўзингизни эшита олмай қолганимни эслаб, ёзмоқчи эдим. Вафотингиздан олдин Сизга бир оғиз «Алвидо, Онажоним» дея олмаганимни эслаб, ёзмоқчи эдим. Чунки мен Сиз вафот этганингизда ҳозир бўлмаганимни ёзмоқчи эдим. Сиз вафот этганингизда жасадингиз ёнида туриб, кўзимдан ёш тўка олмаганимни эслаб, ёзмоқчи эдим. Сиз вафот этганингизда таъзиянгизда иштирок эта олмаганимни эслаб, ёзмоқчи эдим. Сиз вафот этганингизда жанозангизни ўқиганлар, тобутингизни кўтарганлар ичида бўлмаганимни эслаб, ёзмоқчи эдим. Сиз вафот этганингизда ўз қўлларим билан Сизни қабрингизга қўя олмаганимни, қабрингиз устида тўйиб-тўйиб йиғлаб, тупроғингизни силай олмаганимни ёзмоқчи эдим. Ҳеч бўлмаса Сиз қўйилган қабрни кўра олмаганимни эслаб ёзмоқчи эдим...» Ҳазратимиз «Барибир Сизга муносиб бир нарса ёзолмадим», дебдилар. Аммо мана шу сатрларни ҳам унча-бунча ижодкор ёза олмайди. Мен ҳам ўзимни ўзимча бир қаламкаш санаб юрган эдим, аммо бугун амин бўлдимки, мен онам ҳақида Ҳазрат ёзганчалик бир нима ёза олмайман! На кучим етади, на иқтидорим! Эй, менинг ёзганларимни хорижларда ўқиётган фарзандлар! Ҳазратимизнинг бу сатрлари сизларга БОНГ бўлсин! ҚЎНҒИРОҚ бўлсин! Огоҳ бўлинг! Ҳазратимиздек инсоннинг қалбларини ларзага солган армон сизнинг ҳам насибангиз бўлиб қолмасин! Оналарингизнинг қошига, уларнинг хизматига, уларнинг дийдорига шошилинг! Уларнинг розилигини олиб қолишга шошилинг! Ҳазратнинг оталари жанозасида қилган маърузаларини видеотасвирда кўриб, анча вақт таъсирланиб юрган эдим. Бугун матнини ўқиб, яна бир бор йиғладим. Улуғ отага муносиб бўлган улуғ ўғилнинг мардона маърузаси. Айниқса, охирги сўзлари юрагимни тилка-пора қилиб юборди: «Шу ерда ҳозир бўлган барча мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида мен айтаманки, агар қиблагоҳимизнинг бирор кишида қарзлари бўлса, бирор киши омонат қўйган бўлса, ҳужжат-далиллар билан келишса, уни адо этишга биз ҳозирмиз. Мен ҳозирман, укам ҳозир. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ бу гапни ҳам айтган бўлдик. Энди қиблагоҳимиз, иншаfллоҳ, банданинг ҳаққидан озод бўлдилар. Агар бирор банданинг ҳаққи бўлса, бизнинг елкамизга юкланди. Аллоҳ таолонинг барчамизда ҳаққи кўп, кечадиган Ўзи. Ўшандай ҳақларини қиблагоҳимиздан кечишини сўраб, жаноза намозини ўқиймиз….» Қайноналари Саодатхон ҳожи онанинг хотиралари эс-ҳуши жойида одамни йиғлатмасдан қўймайди. «Вафотларига бир йил бўлди, менинг қизим билан ҳалигача бу мавзуда юзма-юз суҳбатлашишга юрагим бетламайди. Бир-биримизни аяб, шунчаки, борди-келди гаплардан гаплашамиз». Бу сўзларни айтиш учун қанча куч керак? Ўқиш учун-чи? «Улуғ одамларнинг оиласи бўлиш аёл кишига нафақат улар ҳаётликларида, балки улардан кейин ҳам катта масъулият юклайди». Мана, солиҳа аёлнинг, улуғ инсон аёлининг фалсафаси! Оҳ, бундай аёлларнинг тарбиясини олган ўғиллар, у кишининг қизларидай аёллар парвона бўлган эркаклар Шайх бўлиб кетди-да! Исмоилжоннинг елкасига тушган юкни, Одинахоннинг «кам гапириб, кўп ўйчан бўлиб» қолганини, Оминахоннинг ҳали ўқиётган эканини эслатган Ҳожи она бир сўзни айтадилар: «Нафақат Ҳазратнинг оилалари, балки менинг бошқа болаларим ҳам у кишидан кейин етимдек бўлиб, ҳувиллаб қолишди». Оҳ, Ҳожи она, билсангиз эди, сизнинг болаларингизгина эмас, Ўзбекистондаги миллионлаб оналарнинг болалари етим бўлиб қолганини! Биздек ёши элликдан ўтиб қўйган «бола»лар ҳам етим бўлиб қолганимизни, кўз ёшларимиз ҳалигача тўхтамаётганини билсангиз эди! Оҳ, Ҳожи онажон! «Ўрнингизда мен ётсам бўлмасмиди?» деган сўзларингиз бизнинг ҳам кўнгилларимиздан ўтганини билармикансиз?! Ҳазратимизнинг аёли Фотимахон Ҳожи онанинг сўзларини «юзим ювилиб» ўқидим. «Таъзия кунлари ва ундан кейин анча муддатгача қариндош-уруғ, ёру биродарларимиз бу улкан мусибатимизга шерик бўлиб, ёнимизда туриб бердилар. Бизни ёлғизлатиб қўймадилар. Ўша кунлар баъзан менга гўё бир катта маросимга ўхшарди. Бу маросимлар тугаса, ҳаётимиз яна илгаригидек давом этиб кетаверадигандек туюларди. Сизни худди сафарга кетгандек, маълум муддатдан кейин қайтадигандек ҳис қилардим. Маросимлар ҳам ўтди, аммо сиз қайтмадингиз...» Оҳ, Ҳожи онажон, бизга эса Ҳазратим ҳали ҳам қаергадир кетгандай, ҳали ҳам қайтиб келадигандай... «Биз иккимиз бирга гўзал умр кечирдик. Сиз елкасига хотиржам бош қўйса бўладиган умр йўлдош эдингиз, мен бунга бир неча бор амин бўлганман». Ҳожи она! Бизнинг аёлларимиз шундай дея олармикан? Ҳожи она бизнинг аҳволимизни билан эканлар: «Ҳазратим, ўйлайманки, бу ҳолат нафақат менда, балки сизни таниган-билган ҳар бир мусулмонда кечаётгани аниқ». Ҳожи онажон! Мен «Қадр кечаси» китобимнинг аввалида ёзганимдек, отам ўлиб, онам ўлиб, йиғлагандим, куйгандим, аммо кўнгандим. Устозимиз дунёдан ўтиб ҳам йиғлаяпман, куяяпман, аммо кўнолмаяпман! Кунда, кунора тушларимда кўраман Ҳазратимни! Ҳатто тушларимни атрофимдагиларга йиғламасдан айтиб беролмайман. Шундай тушлар кўраманки, «Қанийди уйғонмасам», деб юбораман! Одамлар мени айбситмасинлар, аммо отамни шунчалар кўп туш кўрмайман! Устоз отангдан улуғ деганлари шу эмасми? Бу сатрларни ўқиганлар гумонсирамасинларки, буларни ёзишдан на таъмам бор, на устознинг номини ёзиб обрў олишга интилиш, на манфаат. Ваҳоланки, мен Ҳазратнинг қариндошларидан ҳам эмасман, яқинларидан ҳам эмасман! Аммо устозим яқинларимдан ҳам яқиним бўлиб қолган экан-да! Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф Ҳожи аканинг сатрларини биров мақтаниш демайди, биров кибрга йўймайди. Чунки бу сўзлар бизнинг ҳам қалбимизда бор, ёзганларимизда бор. Биз ҳам шунга аминмиз: «Эсонбой махдум бувани эслайсизми, «Бутун Булоқбошининг хотинлари тўпланиб, менинг онамдек ўғил туға олмайди», дер эди. Аммо мен айтаманки, бутун диёримизнинг хотинлари йиғилиб ҳам, бизнинг онамиз каби Сиздек етук алломани, буюк шахсни дунёга келтира олмаса керак». Каримахон Исмоил махдум қизи бир гўзал ҳақиқатни ёзибдилар: «Ҳазрат яшаб, ижод қилган давр халқимизнинг диний ва дунёвий ҳаётида бир бурилиш, янгиланиш даври бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Авваллари диний ва дунёвий ҳаёт бўлиниб, ажралиб қолгандек эди. Ҳазратнинг ёзган китоблари орқали бу тушунчалар бирлашиб, ҳар бир мусулмон қандай яшаш, қандай ибодат қилиш лозимлигини, амали билан қалбидаги тушунчалар ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда бўлиши кераклигини тушуниб олди». Азизлар, Сиз ҳам шу фикрга қўшилишингизга имоним комилки, Ҳазратимизнинг шарофати билан Ўзбекистондаги мусулмонларнинг мусулмонлиги янгиланди. Биздаги Ислом тозаланди. Олдинлари ўз-ўзича юрган муслимлар бирлашди, барчамизнинг орамизда том маънодаги биродарлик пайдо бўлди. Ўзбекистоннинг турли шаҳар, қишлоқларида яшайдиган минг-минглаб мухлислар худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида бириккан, барчалари ака-укадек бўлиб қолган саҳобаларга ўхшаб қолган эдик! Ҳамфикр бўлиб қолган эдик. Суҳбатларимизда, баҳсларимизда, савол-жавобларимизда Ҳазратимиздан иқтибос келтирардик. Ҳозир ҳам бир масала кўтарилса, энг аввал айтадиганимиз шу: «Ҳазрат бу масалада нима дегандилар?» Аллоҳим ана шу гўзал бирикишни тўзғитиб юбормасин! Маҳфузахон Исмоил Махдум қизи қизиқ сўзни айтибдилар: «Биз аёллар орасида бир ибора бор. Кимнинг ўғлини ёки куёвини мақтамоқчи бўлишса, «Саҳобаларга ўхшаган», деб қўйишади. Бу иборани айнан Ҳазратимизга нисбатан ишлатилса, муболаға бўлмайди». Маҳфузахон опа мени маъзур тутсинлар, аммо, менимча, Ҳазратнинг шогирдларини саҳобаларга ўхшатсалар, тўғрироқ бўларди. Ҳазратни эса... Синглимиз Одинахон Муҳаммад Содиқ ўзларининг Ливияда ўқишни битирган кунларини эслай туриб, Ҳазратимизнинг ўша куни барча талабаларга айтган насиҳатларини келтирибдиларки, бу насиҳат барчамизга ҳам тегишлидир: «Биз дин ғами билан яшашимиз керак. Асосий мақсадимиз динга, элга хизмат бўлиши керак. Биз ҳаракат қилмасак, ким ҳаракат қилади? Сизлар дин кишиларисиз. Одамлар динларини сизлардан оладилар. Улар сизларга эргашадилар. Агар сиз тўғри йўлдан юрмасангиз, улар ҳам сизнинг ортингиздан бориб, адашиб кетадилар. Шундай экан, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи бўлинглар!» Устозимиз, опамиз Турсуной Содиқованинг ёзганлари қалбимизга озгина таскин беради: «Ўша куни бир неча хорижий юртларда ҳам у зотга ғойибона жанозалар ўқилди. Дунёнинг турфа сарҳадларида марҳумнинг ҳақларига юзлаб, балки минглаб хатми Қуръонлар бағишланди. Мотамнинг дастлабки кунларидаёқ дўконлардаги Ҳазратнинг жами китоблари сотилиб бўлди! Тупроқлари ҳали совимай туриб, ётган жойлари зиёратгоҳга айланди. Зиёратчиларнинг сони ортгандан ортиб бормоқда... Эл-улуснинг яна ва яна... шу тарздаги турфа эҳтиром, турфа дил изҳорларини кўриб турибмиз... Ахир бу ўлим эмас, буюк сазоворлик-ку! Ҳаққа азиз бўлишнинг тантанаси-ку бу! Банданинг қўли, унинг имконияти билан бундай видолашувни ташкил қилиб бўлмайди! Бу инсонга Аллоҳдан буюрди, бу зотни шундай мақомга Яратганнинг Ўзи кўтарди! Ўлим ҳам шундай чиройли бўладими?! Ҳақ таоло Ҳазратнинг вафотини ҳам одамлар учун ибрат, ўқув, дарс қилиб қўйди». Турсуной опа яна бир яхши гапни ёзибдилар: «Ҳазратимнинг аёллари Фотимахоним: «Ҳазрат тўлин ойдай тўлганларида ерга ботдилар», дедилар қайғу билан. Йўқ, дейман мен, у зот юракларга ботдилар ва юракларда балқийдилар энди! Ойдинлари билан қоронғу дилларни ёритиб яшашда давом этадилар!» Ҳазратнинг келинлари Умму Фотиҳ ўзларининг тўйлари, Ҳазратнинг хонадонидаги ибратли ҳаётни эслаб, жуда гўзал хотираларни битибдилар-ки, шу сатрларни ўқиб, озгина ўзимни босиб олдим. Бир сатрлари ҳаммамизга тегишли экан: «Биз сизнинг дорилфунунингизда таҳсил олиб, тарбияландик». Журналда яна бир қанча гўзал мақолалар, хотиралар, Ҳазратимизнинг сўнгги мавлуди шарифда қилган хутбалари ҳам борки, уларни сиз, ўзингиз «Муслимаат. уз» сайтидан, мана бу манзилдан ўқиб оласиз, иншааллоҳ: http://muslimaat.uz/omina-jurnali/ «Омина» журналидан олган таассуротларим ҳақида ёзганларимни Ҳазратимизнинг суюкли қизлари, синглимиз Оминахон Муҳаммад Юсуфнинг дуолари билан тугатишни лозим топдим, зеро, бу дуо бизнинг ҳам қалбимизда бор: «Дадажоним, бу мусибат Аллоҳнинг иродаси, буни инкор қилмайман. Бироқ сизга тўймадим, вафот этганингизга ҳали ҳам ишонгим келмайди. Лекин Аллоҳимдан тинимсиз илтижо қиламан, охиратда сиз билан бирга бўлиб, дийдорингизга тўйишни насиб этсин!» Омин!

Каримберди Тўрамурод

 

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Оъиз алҚорний ёзган энг чиройли иборалардан Аёл  қаҳва кабидир, агар унга эътибор бермай, давоми...

21:43 / 02.02.2017 9116
Саудия аёлларини катта ўзгаришлар кутмоқда Саудия Арабистонида такси ва хусусий ҳайдовчилар хизматларини давоми...

20:08 / 16.01.2018 4031
Балки, асқотар... Ҳажм ўлчовлари 1 стакан 240 мл 34 стакан 180 мл 23 стакан 160 мл 12 стакан 120 мл 13 стакан 80 давоми...

20:17 / 26.01.2017 3678
Muftiyat.kg сайтининг 2019 йилги маълумотларини ўқирканман, бир хабар эътиборимни тортди. Хабарда маълум қилишича, давоми...

04:15 / 05.12.2020 3053