Жаннат харидорига мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳурматли опа–сингиллар! Бутун оламга раҳмат соясини солиб келган улуғ Рамазон ойи Сизга ва Сизнинг оилангизга муборак бўлсин!

Маълумингизким, Рамазон ойида қилинган ибодатларга бошқа пайтдагига қараганда неча ўн чандоқ ортиқ савоб ёзилади. Биз бундай хушхабарни сиз, азизларга эслатиб, иншааллоҳ, қалбингизга хурсандлик киришига сабабчи бўлаётганимиздан мамнунмиз.

Аллоҳ таоло бу дунёда Ўз бандаларини турли йўллар билан имтиҳондан ўтказади. Кимларгадир касалликлар беради. Кимларнидир доимо тани жонини соғ-саломат қилиб қўйиб синайди.

Аллоҳ яна кимларнидир молу дунё билан азиз қилади, бошқа бировларни эса мол-дунёси кўпайиб кетганлиги сабабли йўлдан адаштиради.

Аллоҳ таоло сахийлар ва бахилларни имтиҳон қилиш учун бу икки тоифа ўртасида фақирлар дунёсини яратдики, бу ақлли инсонлар учун ибратли ҳолдир. Аллоҳ жаннат сари ҳаракат қилаётган бадавлат мўминларни синаш учун уларнинг йўлларига Ўз ҳикмати билан муҳтожлар оламини кўндаланг қўйди.

Яна Аллоҳ жаннат талабгорлари учун мақсадга элтувчи восита қилиб, уларга Ўзининг дини Исломни юборди. Аллоҳнинг калимасини олий қилишларини таклиф қилди.

Бу вазифаларни амалга ошириш мўминлардан икки нарсани сарфлашни тақозо қилади. Биринчиси – уларнинг ўзлари, яъни ҳаётлари, соғлик-саломатликлари. Иккинчиси – уларнинг моллари. Мусулмонлар бу икки нарсани қандайдир миқдорда бўлса ҳам, Аллоҳнинг йўлида сарф қилмагунларича Унинг розилигини топа олмайдилар. Агар улар бу икки ўринда бахиллик қилсалар, Аллоҳнинг калимасини олий қилишга муваффақ бўла олмайдилар.

Бордию мусулмонлар ўз ҳаётлари ва молларини Аллоҳдан қизганмасалар, бу неъматларни соф ният билан Унинг йулида сарф қилсалар, уларга нима мукофот бўлади?

Бу ишларнинг мукофоти ҳам иккитадир. Бири – бу дунёда азизу мукаррамлик. Иккинчиси – энг олий мукофот – Жаннат!

Жаннатни «сотиб олиш»ни ихтиёр этган тақволи, итоатли мусулмонлар бугун унинг «пули»ни Аллоҳга ва муҳтожларга топширадилар. Ўз жонларининг жаҳаннамдан қутқариш учун Аллоҳдан сотиб олиб, жаннатга тайёрланмоқчи бўлган одамлар бойликларидан бир улушини Ислом йўлига сарф этадилар. Фақир-камбағалларга мурувват кўрсатадилар. Жаннат Аллоҳ берадиган мукофотларнинг энг қимматидир. Қиммат нарса учун катта маблағ тўланади. Бу дунёда инсон ихтиёридаги энг қиммат нарса унинг ҳаёти ва моли ҳисобланади. Жаннат учун баробар келадиган нарса мўмин инсоннинг ана шу ҳаёти, жони, ҳалоллик билан топадиган моли ва шулар воситаси билан қиладиган солиҳ амалларидир. Инсон бу дунёдан, барибир, кетади. У энди Охиратда чиройли ҳаёт берилишини истаса, ҳозирдан бошлаб ҳаракатини қилади. У ҳали Жаннатга борадими ёки жаҳаннамгами, буни аниқ била олмайди. Агар у жони ва молини бугун Аллоҳ йўлидан қизганадиган бўлса, уларни авайлаб-авайлаб қаерга олиб боради?...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ярим дона хурмо билан бўлса ҳам, жаҳаннам оловидан сақланинглар…» Солиҳ инсонлар қиёматни ўйлаб ҳар куни нимадир садақа қилганлар. Аллоҳ бизни ҳам ана шундай, ҳар куни Аллоҳ йўлига нимадир садақа қиладиган одам бўлишимизни насиб этсин, дея сўраймиз.

Бугун бизда ҳеч бўлмаганда бир дона нон садақа қилишга имконият йўқми? Имконият бор. Аммо бизда ҳиммат, қунт йўқ ёки камроқ. Азизлар, Аллоҳ йўлига бир дона нон бўлса ҳам, эҳсон қилайлик. Бир дона нон билан ҳам ўзимизни дўзахдан сақлаб қолайлик.

Аллоҳ зиммамизга фарз қилган закотларни ўз вақтида жой-жойига топшириш юқоридаги ишларнинг бажарилишига ёрдам бўлади.

«Закот» сўзининг уч хил маъноси бўлиб, у ўсиш, баракали бўлиш ва покланиш демакдир. Демак, закотда берилган молга барака киради. Баракали мол эса оз бўлса ҳам, кўпга татийди. Закоти берилган мол покиза ҳисобланади. Бу ибодатнинг бажарган инсоннниг қалби хам тозаланиб, хотиржамлик ҳиссини сезади. Хасисликдан узоқлашиб, сахийлар сафига яқинлашади. Хасислик дўзахийларнинг, сахийлик эса жаннатийларнинг сифатларидандир. Закоти берилмаган мол қиёмат куни эгаси билан бирга дўзахга ташланади ва қиздирилган темирга айлантирилади. У темир билан эгасининг орқасига ва пешонасига босилади. Фаришталар: «Мана шу ўзингиз учун йиғиб тўплаган молларингиздир», деб айтишади.

Азиз опа–сингиллар! Сизга закот ва эҳсонларингизни чиройли суратда ўз эгаларига етказишнинг айни савобли вақти келганини эслатамиз.

Сизга Аллоҳ йўлидаги эҳсонларингиз Охиратда соябонингиз бўлсин. Қилаётган ибодатларингиз ва яхши амалларингизнинг барокати билан икки дунёйингиз саодатга тўлсин!

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvp4EJ28uNpEembed

16:48 / 07.05.2018 3969
Зираворли қуймоқ Тухумлар косага чақилади, устидан зираворлар, туз, майда тўғралган пиёз ва кўкатлар давоми...

19:21 / 01.12.2016 2738
embedhttpswww.youtube.comwatchvK08mFMv81Tkfeatureyoutu.beembed

13:02 / 16.05.2018 3146
 Кеча 21 июль 2018 йил санасида Россия Федерациясида Россия мигрантлари ижтимоий ташкилотларнинг ўрни ва давоми...

19:39 / 22.07.2018 2749