“Бойлик қўлингда бўлсин, қалбингда эмас”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг маълум моддий, жисмоний эҳтиёжлари борлигини ҳеч ким рад қилмайди. Биз озиқ-овқат, кийим-кечак, яшаш жойи ва баъзан кўнгилхушликка муҳтожмиз. Кўпчиликнинг оиласи – ота-онаси, турмуш ўртоғи, болалари ҳам бор, у уларнинг ҳам эҳтиёжлари тўғрисида ғамхўрлик қилиши керак.

Шу мақсад билан ишга борамиз, пул топиб, мана шу эҳтиёжларимизни қондиришга сарфлаймиз. Шундай экан, инсоннинг ўзи ва яқинларининг моддий фаровонлиги ҳақида қайғуриш, ўзи ва яқинларига керакли маҳсулотлар, кийим-кечак ҳамда ҳаёт учун зарурий нарсаларни сотиб олиш, коммунал хизматлар учун тўлов каби харажатларни қийинчиликсиз амалга ошириш имконияти учун интилиши табиий ҳолат.

Ўз ҳаётини қулайлаштириш, масалан, уйни онангиз ва аёлингизнинг уй ишларини енгиллаштирадиган маиший техника билан жиҳозлаш, ишга ёки бошқа шаҳарларга тезроқ етиб олишни таъминлайдиган улов сотиб олиш гуноҳ эмас. Менимча, бу ерда бунинг учун сарфланадиган пуллар тўғри ва ҳалол йўл билан топилиши кераклигини эслатишга ҳожат йўқ, бу мусулмонлар учун кундек равшан.

Бироқ бир хавфли нуқта бор. Бизнинг дунёвий орзу-ҳавасларимиз тўхтовсиз ўсиб, кўпайиш хусусиятига эга. Мол тўплашга интилиш инсоннинг бутун қалбини эгаллаб олиб, уни бошқара бошлаши ҳам мумкин.

Инсон ўзига битта костюм ёки кўйлак сотиб олиши мутлақо табиий. Агар қишга ва ёзга ёки кийим кир бўлганда алмаштириб кийиш учун бир неча комплект кийими бўлишини истаса ҳам, ҳечқиси йўқ. Инсоннинг байрамлар учун киядиган чиройли хос кийими бўлиши ҳам нормал ҳолат.

Бироқ агар кийим жавонда ҳар қандай ҳолат учун мос, илиқ ва совуқ мавсум учун, ишга ва меҳмонга бориш учун, оёқ кийимга ва сумкага мосланган ўнлаб барча турдаги кийимлар – костюмлар ва кўйлаклар, юбкалар ва шимлар, шарфлар, галстуклар, пиджаклар бор бўлса-ю, киши шунда ҳам кийишга ҳеч нарсам йўқ, деб ҳисоблаб, бўш вақтини дўконларда ўтказса, демак, унинг муаммоси бор.

Инсон эскиси ёмон ишлаётгани учун янги смартфон ёки планшет сотиб олса, бу тўғри иш. Бироқ аввалгиси зўр ишлаб турган бўлса ҳам, ҳар йили фақатгина янги ва замонавийроқ модели чиққани учунгина янги смартфон сотиб олаверса, бу ҳам очиқ-ойдин истеъмолчилик ва мол тўплашга берилишдир.

Мана шу дунёга муккасидан кетиш ҳолати туфайли инсонлар ҳар йили чиройли ва тезкор машиналарини янада замонавий ҳамда ҳашаматлисига алмаштирадилар, албатта, шаҳарнинг энг нуфузли қисмида яшашга интиладилар, фарзандларини энг қиммат ва обрўли мактабларга берадилар, ҳар йили энг урф бўлган оромгоҳларда дам оладилар.

Айни пайтда инсон қадрдон дўстларини унутиб қўйганини, ота-онасини ойлаб йўқламаганини, фарзандлари учун қиммат ўйинчоқлардан кўра ота-она меҳри муҳимроқ эканини, турмуш ўртоғи билан узоқ йиллардан бери бирга яшаётган бўлса-да, узоқлашиб кетганини сезмай қолади.

Бойликка интилиш унинг қалбини муҳаббат, эзгулик, раҳм-шафқат, марҳамат ва инсонларга ҳамдардлик туйғуларидан мосуво қилиб, қуритиб қўяди. Агар ундан хайрия учун пул сўрашса, энг оз миқдордаги пулни бахил деб ном чиқармаслик учунгина беради. Ёки катта миқдордаги пулни фақатгина атрофдагилар кўриб, улар олдида обрўси ошишини билсагина, беради.

Ҳаёт ўтиб бўлганда ишлашга қуввати қолмаган пайтдагина тўхтаб, ҳаётини пуч нарсаларга сарфлаб юборганини, ҳақиқий қадриятлар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганини ҳайрат билан англайди. Фарзандлари улғайиб, уни тарк этган. Асл илиқ муносабатларни ўрната олмагани учун уларнинг мулоқотлари нари борса, фақатгина бир ойда бир расмийга ўхшаш қўнғироқ билан кифояланади.

Ҳақиқий дўстларини ҳам йўқотиб бўлган, қариндошларига ўз ўрнида меҳр, ёрдам кўрсатмаган – энди эса у мутлақо ёлғиз қолади. Бахтга қарши, энди бирор нимани ўзгартиришга кеч. 

Бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Бойликни намоз ўқиш ва закот бериш учун туширдим. Одам боласининг бир водий (тўла) бойлиги бўлса, иккинчисини ҳам истайди. Шояд, икки водий (тўла моли) бўлса, учинчисини ҳам истайди. Одам боласининг қорнини тупроқдан бошқа ҳеч нарса тўлдиролмайди. Аллоҳ тавба қилганни кечиради” (Аҳмад ва Табароний ривояти).

Юқорида айтилганлардан киши ўзини ўзи тўқ ҳаёт билан таъминлаши гуноҳ, мусулмон киши камбағал бўлиши керак, ҳар қандай мол-давлат уни бузади, деган нотўғри хулосага бормаслик лозим. Барчага маълумки, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Абдурраҳмон ибн Афв розияллоҳу анҳум каби кўплаб саҳобалар ҳам бой инсонлар бўлганлар. Бойликлари сабаб ҳам улар Ислом жамиятига кўплаб яхшиликлар қилиш имконига эга бўлганлар – мусулмон қулларни жоҳил хўжайинларидан сотиб олганлар, камбағалларга ёрдам берганлар, мусулмонлар қўшинини қурол билан таъминлаганлар.

Тўғри йўл ҳар доимгидек олтин ўрталикни – васатийяни топа олишдан иборат. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма” (Қасос сураси, 77-оят); “Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин” (Бақара сураси, 201-оят).

Бутун ҳаётларини қалбнинг махфий сирларини ўрганишга бағишлаган тақводор, солиҳ инсонлар “Бойлик қўлингда бўлсин, қалбингда эмас”, деб насиҳат қилганлар.

Инсон ҳатто руҳий ривожланишни баҳона қилиб ҳам, бу дунёда меҳнат қилиб, фойдали машғулот билан шуғулланишдан бош тортишга ҳаққи йўқ. Фақат сиз бу мулкка эмас, бу мулк сизга хизмат қилиши лозим. Бойликнинг сизни асир олишига йўл қўйманг. Зеро, сиз охират ҳаётингизга бу дунёда шунчалар фахрланадиган пулларингиз, автомобилингиз, саройингиз ёки бошқа ҳашаматингизни ортиб кета олмайсиз. У дунёда ҳаммадан ҳам қадрлиси бутунлай бошқа нарса бўлади. Бу – сизнинг ёлғиз Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингиздир. Бу хайрия учун сарфланган катта пуллар бўлиши шарт эмас. Бу шунчаки яхши сўз, руҳи тушган одамга далда бериш ёки оддийгина табассум ҳам бўлиши мумкин!

Анна Кобулова

Мавзуга оид мақолалар
Эр аёлининг ёмон қилиқларига сабр қилади, уни тарбиялаш чораларини ахтаради. Аёли ғазабга кирганида, сукут давоми...

22:19 / 03.03.2023 1779
САВОЛ Замонавий контрацептив воситалардан фойдаланиш ҳақида Ислом дини қандай кўрсатмалар беради ЖАВОБ давоми...

16:57 / 16.10.2016 3703
Muslimaat.uz йиллик танловидан Муваффақиятли муслималарТарих ва замонамиздан мисолларНегадир ғарб дунёсида давоми...

08:00 / 28.02.2020 3726