Воз кечманг жаннатнинг райҳонларидан...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур»

(Шуро сураси, 49-оят)

Азиза шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирида яшарди. Ота-онаси унга чиройли тарбия бериб, бўйи етгач, ўзга хонадонга келин қилиб узатдилар. Бахтдан масрур Азиза келинлик вазифаларини астойдил бажарарди. Қайнона ва қайнотасининг ёши катталигини ҳисобга олиб, уларга ҳурмат кўрсатар, инжиқликларига эса сабр қилар эди. Биттагина эркатой қайнсинглисининг кўнглига йўл топиш учун ўзини ўқдан чўққа урарди. Қайнсинглиси оилали, бир қизнинг онаси бўлса ҳам, ёшлигидан айтгани айтган, дегани деган эди. Оғзидан чиққани муҳайё бўларди.

Кунлар шу зайлда ўтиб борар экан, бир куни Азиза она бўлишини эшитиб, қувончдан қанот ёза бошлади. Вақти-соати етиб, уни тўлғоқ тутди. Маълум сабабларга кўра шифокорлар Азизани жарроҳлик йўли билан туғдиришди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, она ҳам, бола ҳам соғ-саломат. Дунёга келган митти чақалоқ ўғил эди. Унга Икром деб исм қўйишди.

Орадан уч йил ўтди. Миттивой ҳам анча улғайиб қолди. Бу орада Азиза иккинчи фарзанди дунёга келишини кутаётган эди. У билан бирга қайнсинглиси ҳам иккинчи боласига ҳомиладор бўлди.

Кунларнинг бирида кўнгли тусагани бажарилишига ўрганиб қолган қайнсинглиси Феруза инсон хаёлига ҳам келмайдиган бир таклифни, йўқ-йўқ, шартни ўртага қўйди. У Азизага: «Келин ойи! Сизнинг ўғлингиз бор, менинг эса қизим. Ҳозир иккимиз ҳам ҳомиладормиз. Агар сиз ўғил, мен эса яна қиз туғадиган бўлсам, болаларни алмаштирамиз. Менга ўғил керак, қиз эмас», деди. Бу гапларни эшитган Азиза ўзини йўқотиб қўйди, чунки бундай қабиҳ шартни кутмаган ҳам эди. Қайнона-қайнотаси эса биргина қизларининг кўнглига қараб, унинг шартини қўллаб-қувватлашди.

Шифокорлар текширув асбоблари ёрдамида Азизанинг фарзанди ўғил, Ферузаники эса қиз эканини айтишди. Бу ҳам етмагандек, уларнинг иккиси ҳам бир кунда битта туғруқхонада туғишлари керак. Азизанинг бутун вужудини қўрқув эгаллади, чунки у иккинчи фарзандини ҳам жарроҳлик йўли орқали дунёга келтиради. Жарроҳлик амалиётидан сўнг у беҳуш ҳолда бўлади. Бундай вақтда худбин инсонлар ўз режаларини амалга оширишлари хамирдан қил суғургандек осон. «Улар шифокорлар билан келишиб олиб, чақалоқларни алмаштириб: «Сизнинг фарзандингиз мана шу», деб туриб олишса, нима қиламан?!» деган ўйлар Азизани безовта қиларди. У Аллоҳга «Эй Роббим! Мендан жигаргўшамни олиб қўймасликлари учун менга қиз фарзанд ато эт. Мендан фарзандимни тортиб олмасинлар. Мен беҳуш ҳолдалигимда ҳеч нарсани билмайман. Сен эса билурсан. Уни Ўзинг ҳимоя қил!» дея муножот қилар эди.

Сўнгги туғруқ ойи келганда шифокорлар яна текширув асбоблари ёрдамида текширдилар. Қайта-қайта бир хил жавоб эшитишга кўникиб қолган Азиза бу сафар кутилмаган хабарни эшитди. Текширув натижасига кўра, Азизанинг ҳомиласи ҳам қиз экан. Аслида бу текширув Азиза учун муҳим эмас, аммо қайнсинглиси уни қўярда-қўймай олиб келарди. Феруза хабарни эшитиши билан турган жойида тошдай қотди. Азиза эса хотиржам бўлди. Ахир унинг хавотирлари тарқалиб кетганди-да.

Кутилган кун ҳам яқинлашмоқда, бироқ бу кунларни Феруза жуда қийин аҳволда ўтказди. Уни тинимсиз оғриқлар безовта қиларди. У чинакамига қийналди, азобланди. Азиза унга ҳар назар ташлаганида раҳми келиб, ачинарди. Маъюс ва мунгли нигоҳлари билан узоқ тикилиб қоларди. Яқиндагина унинг қалби мана шундай азобда эди, лекин унга ҳеч кимнинг раҳми келмаганди. Шундай қилиб, Феруза жуда катта машаққат билан қиз фарзандини дунёга келтирди. Худди келинойисига қилган зулмлари ҳамда Аллоҳ тақдирига битган қизалоғидан юз ўгирмоқчи бўлганининг бадалини тўлаётгандек эди. Азизага келсак, Аллоҳнинг инояти билан туғилган қизалоғи унинг қувончи бўлди. У қизини бағрига олиб, юм-юм йиғлади ва Аллоҳга ҳамдлар айтди.

Ажабо! Дунёда турли хил оналар бор экан. Бири қиз фарзанддан воз кечишга тайёр, бошқаси эса айрилиққа чидаш оғирлигидан қизга интизор. Ахир дунёда тирноққа зор бўлганлар бор. Чақалоқ овозини эшитишга муштоқлар бор. Қандай қилиб она ўз фарзандидан қиз бўлгани учун воз кечиши мумкин? Ахир билмайдиларми қиз боққаннинг фазли қанчалар улуғ эканини?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, оғирликлари ва енгилликларига сабр қилса, Аллоҳ уларга кўрсатган раҳмати туфайли уни жаннатга киритур», дедилар.

Бир киши:

«Иккита бўлса-чи, эй Аллоҳнинг расули?» деди.

«Иккита бўлса ҳам», дедилар.

Бир киши:

«Битта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг расули?» деди.

«Битта бўлса ҳам», дедилар”.

Аҳмад ривоят қилган.

Ҳозирги кунда фарзандларининг жинсини аввалдан билишга шошилиб, қиз бўлса, уни олдириб ташлаш пайида бўладиган аёллар ҳам топилади. Гўзал одоби билан жаннатга киришга сабабчи бўладиган қизалоқларнинг ҳали дунё юзини кўрмасдан туриб, оналари вужудида эканликлариданоқ рад этилишларини қандай тушуниш мумкин?! Воз кечаётганларнинг ўзлари ҳам бир пайтлар жажжи қизалоқ бўлганлар-ку. Қилаётган разилликлари ўзлари билан содир бўлганда нима қилардилар? Буни қандай қабул қилардилар? Улар бундай ишлари билан жоҳилият давридаги аёллардан ҳеч қолишмаяптилар. Аммо адолат бор! Ҳақиқат бир кун юзага чиқади ҳамда қилган гуноҳлари учун, албатта, жавоб берадилар.

«Ва вақтики тириклай кўмилган қиздан сўралса. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?» (Таквир сураси, 8–9-оятлар.)

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Мен сизнинг жажжингиз – митти қизалоқ,

Қалбингиз остида уняпман хушчоқ,

Туғилиб, дунёга келмасимданоқ,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Туну кун ғам чекиб, йиғламоқдасиз,

Не қилар билмайин, хавотирдасиз,

Гўёки азобга кўмилгандайсиз,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Наҳотки барининг сабаби менман,

Қаерда қандайин хато қилганман?

Ўйлаб ўйимга ҳам етолмаяпман,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Бир бора кўзларим кўрсин дунёни,

Нур сочган қуёшни, ҳамроҳи ойни,

Фалакда сочилган шода юлдузни,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Урилсин юзимга майин шаббода,

Ёмғирнинг шивири ёқимлидир-а,

Қор ёғса, қандайин бўлар экан-а,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Қанийди қулоғим эшитса азон,

Сиз менга исмимни танлаган замон,

Мен шунга муштоқман, кутяпман шу он,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Гар келсам дунёга, ўйнай сочингиз,

Қўлларим оҳиста силар юзингиз,

Жилмайсам бир бора, кулар кўзингиз,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Мен сизга меҳрибон, сирдош ҳам бўлай,

Отамнинг номуси ва ори бўлай,

Пойингиз остида хизматда бўлай,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Айирманг мени замин юзидан,

Роббимга қўл очиб, дуо қилишдан,

Саждага йиқилиб, тўйиб йиғлашдан,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Рад этиб, онажон, гуноҳга ботманг,

Ҳисоби оғирдир, оловга чопманг,

Фурсат йўқ кунларда надомат чекманг,

Воз кечманг мендан, азизам онам!

Исломни бизга дин қилиб, бизни ҳидоят қилган ҳамда аёл-қизларни азизу мукаррам қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Дилноза Файзуллоҳ

Мавзуга оид мақолалар
Доктор Аҳмад Ҳажжий Курдий 1. Эркакларга тилла билан зийнатланиш ҳаром. Унда ортиқча дабдаба бўлиб, давоми...

19:00 / 13.11.2019 2836
Москванинг Жомеъ масжиди бош имоми Ильдар Аляутдиновнинг  хабар беришича, 5 октябрда Москва Ислом музейи давоми...

14:49 / 16.02.2017 2999
 Саратов Ислом мажмуасида аёллар ўртасида «Фиқҳ билимдонлари» викторинаси бўлиб ўтди, дея хабар беради давоми...

19:09 / 21.12.2016 3439
2 октябрь куни GOOGLE компанияси вакиллари маълум қиладики, суд қарорини олиши биланоқ, You TUBE Россия ҳудудидан давоми...

11:15 / 02.12.2016 3495