УЯЛИ АЛОҚА ВОСИТАЛАРИ ВА ОИЛА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр меҳмонхонада қўлида телефон билан ўтирибди. Ҳар замон телевизорга кўз қирини ташлаб қўйяпти. Хотини ҳозиргина кечки овқатни тайёрлаб бўлди. Энди «айпад»да бир нималарни ёзиш билан овора. Ижтимоий тармоқларда қолдирган охирги қайди «Бугун кечки овқатга қовурилган мол гўшти ва картошкадан пюре» бўлиб, тагига бир-иккита расмини ҳам жойлаб қўйган. Эри телефонида чиққан расмларни кўриши биланоқ «лайк» босади. Хўш, овқат тайёр бўлибди. «Овқатланиш вақти ҳам келди», дея у ўз навбатида ижтимоий тармоқлардаги қайдномасини ўзгартиради. Кейин иккиси дастурхон атрофига ўтириб, «Бисмиллаҳ…»ни айтади.

Эр-хотин таом тановул қиляпти. Тиқ-тиқ-тиқ, чиқ-чиқ-чиқ – қўлларидан телефонларини қўйишмаяпти. Улар кулишяпти. Улар мулоқот қилишяпти. «Фалончи саҳифасига фалон нарсани юклабди», дейди аёл. «Фалончи эса фалон расмни жойлабди», дея суҳбатни давом эттиради эр. Қанча кўп саҳифалар кўрилгани сари шунча «лайк»лар қўйиляпти. Электрон почтага жавоблар келяпти. Ижтимоий тармоқлардаги «лайк»лар, изоҳлар… Хуллас, буларнинг ҳаммаси овқат маҳалида юз беряпти.  

Озроқ ошириш билан бўлса-да, сизга бу ҳолат танишми? Уяли телефонга тўхтамай хабарлар келяпти… Эр-хотиннинг ҳар бирида алоҳида компьютер бўлиб, улар интернетга уланган. Агар электрон воситалар оилангизнинг бир қисмига айланган бўлса, уларга чалғимаган ҳолда ўзаро мулоқот қилишингизга қанча вақт қоляпти? Шубҳасиз, технологиялар дунёни яқин қилишда (баъзан ҳаддан ташқари) ёрдам беради. «Фейсбук» исломий илмларни тарқатишда, фарзанд тарбиясидаги фикрлар билан ўртоқлашишда, ҳамфикр ва дўстлар орттиришда айни муддаодир. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам ўзига яраша яхши ҳамда ёмон томонлари мавжуд. Кетма-кет расмлар юклаш, шахсий турмушни ипидан-игнасигача оммага олиб чиқиш, телефон, компьютерларга «ёпишиб қолиш» – буларнинг бари технолигия ривожининг ёқимсиз ва ачинарли натижаларидир. Афсуслар бўлсинки, мусулмонлар ҳам бу касалликдан четда қолмаганлар.

Уйда бўлган вақтингизда иш юзасидан келаётган электрон хатлар, ижтимоий тармоқларнинг беҳисоб хабарлари – сизга яқин бўлган инсон билан муомалангизга таъсирини ўтказмай қолмайди. Виртуал олам билан қиёс қилар экансиз, турмушингиз етарлича ёрқин, ҳиссиётлар бой эмас, деган хаёлларга олиб боради. Ёки турмуш ўртоғингиз билан эмас, чатларда суҳбатлашишни завқлироқ ҳисоблай бошлайсиз. Сокин оилавий кечаларингиз мобил анжомга тикилган ҳолда, бошқалар билан мулоқотда ўтади.

Никоҳнинг муҳимлиги

Никоҳ – муқаддас ришта. Кўпинча ака-ука, опа-сингилларимиз турмуш ўртоқлари билан ижтимоий тармоқлардаги хаволалар, фикр билдиришлар орқали мулоқот қиладилар. Айримларнинг бир-бирига айтарли яхши гаплари бор, айримларнинг эса йўқ.

Масалан, кимдир эрининг ёки аёлининг болалар ё уй ҳайвонлари билан ўйнаётганининг суратини жойлайди. Бир қарашда бу расм беозор кўринса-да, бироқ шахсий лаҳзаларни ўзида акс этган бўлиб, бегонлар назаридан четда қолмайди. Шунинг учун бу каби расмларни юклаётганингизда маҳрам тушунчасини ҳам ёдда тутинг.

Аллоҳ таолога итоатда бўлиш ҳар бир мусулмонга фарз қилинган. «Ҳозиргидай давом эттираверсам, Яратган Зот мендан рози бўладими?» «Агар фаразан Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун меникига меҳмонга келганларида эди, уйимдаги ҳолатдан мамнун бўлармидилар?» Замонавий технологиялар қарамига тушган сари киши ўзига шу саволларни янада кўпроқ бериши лозим. Чунки баъзан одат бўлиб қолгани учунгина ижтимоий тармоқларда ўтирилади. Аммо шу ҳам никоҳга футур етказиши мумкин. 

Қандай қилиб турмуш ўртоқнинг далдасини қозониш мумкин

Қуръонда эр-хотин бир-бирига либос, дея хитоб қилинган. Яъни эр ҳам, аёл ҳам бирдек ўзаро бир-бирини никоҳда ҳимоя қилиб, Аллоҳнинг розилигига эришишга интилади. Ўйлаб кўринг-а, сиз юклаган рафиқангизнинг суратини, у ҳижобда бўлса ҳам, қанчадан-қанча «дўст»ларингиз кўришади. «Она»лар гуруҳида эса устидан нолиган эрингизни қанчадан-қанча аёллар муҳокама қиляптилар.

Сизга ёқадими-йўқми, аммо мулоқотнинг бу каби кўриниши оилангизни бузиши мумкин. Гоҳида эр-хотин ўзаро келишган ҳолда битта умумий «профиль» очади, аммо умумий ҳар хил «дўст»ларга эга бўлади. Бундай ҳолатларда маҳрам бўлмаган «дўст»лар билан боғлиқ бўладиган низоларга йўлиқмасликка ҳаракат қилиш керак. Масалан, эрнинг «дўст»лари орасида аёлининг яқин дугоналари бўлмагани яхши. 

Алал-оқибат ҳар бир катта одам ўз хатти-ҳаракатларига жавобгардир. Мусулмонлар ҳаттоки ижтимоий тармоқларда тақвога риоя қилишлари, шахсий нарсаларини омманинг «мулк»ига айлантирмасликлари керак. Айниқса, бугунги кунга келиб, ижтимоий тармоқлар «шахсий» деган маънодан йироқлашган бир вақтда бунга эҳтиёт бўлишлари лозим.   

Уяли мосламалар гўёки сизни турмуш ўртоғингиз билан ажратиб, муносабатларингизнинг парчаланишига олиб келаётганини ҳеч сезганмисиз? Киши билан юзма-юз ўтириб гаплашишда ноқулайликлар ҳис қилганмисиз? Бундай ҳолатларда бирор нарсани ўзгартиришни хоҳлайсизми? 

Уяли алоқа воситангизни ўчириб қўйинг

Агар юқоридаги саволларга «Ҳа!» дея жавоб берган бўлсангиз, унда вақтингизни режалаштиришга тааллуқли бўлган масалани тубдан кўриб чиққанингиз маъқул. Турмуш ўртоғингиз билан муносабатларга алоҳида, «Фейсбук»даги «лайк»лар учун алоҳида вақт ажратинг. Яқинларингиз билан суҳбат давомида, дастурхон атрофида ўтирганингизда телефонларингизни четга олиб қўйинг. Ислом динида кун тартиби ҳамда оила масалаларига катта эътибор берилади. Шунинг учун барча гаджетларингизни (ҳеч бўлмаганда овозини) ўчириб қўйинг.

Тўғри, аввалига қийин бўлади. «Онлайн» танқислигини ҳис этасиз. Чунки ҳар дақиқа хабар ва изоҳларга жавоб бериб ўрганиб қолгансиз-да. Аммо натижада реал одам – турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингиз қанчалик яхши томонга ўзгариб бораётганини сезасиз. Бир-бирингизга хушомадлар қилинг, ширинсўзлар айтинг, кўзларингизга қаранг, хуллас, муҳаббатингизни изҳор айланг. Агар фарзандларингиз бўлса, биргаликда сайрларга вақт ажратинг. Шунда турмушингиз ижобий томонга силжиганини кўрасиз. Негаки оилавий муносабатлар доимий эътибор талаб қилади. «Фейсбук»даги лайклар уларни мустаҳкамлашга умуман дахли йўқ нарсадир. Лекин уяли технолигиялар ҳаётимизга фақатгина салбий таъсир қилади, деб ўйлаш ҳам нотўғри. Вақтни тўғри тақсимлаб, ақл билан сарфлаш лозим, холос.

www.islamisemya.com   сайтидан  ГЎЗАЛ таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Оила қуриш моҳирлик эмас, асл маҳорат турмуш қургандан кейин хонадонимизни Аллоҳ рози бўладиган ҳузурли бир давоми...

22:17 / 26.02.2023 1736

19:07 / 17.05.2018 3777
gallery linkfile sizemedium ids11213,11214,11216,11217,11220,11219 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Очиқ хат»  китоби давоми...

17:14 / 20.02.2017 3957
Менинг Рамазондаги режаларим Мен сизларга ҳар йилги Рамазонда амал қиладиган оддий бир давоми...

13:42 / 10.11.2016 4512