Таъзия мактуби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Менга мактуб ёзган ҳамда ўз исмини сир тутган фазилатли, саййида аёлга бағишланади. Исмини сир сақлаб жуда яхши қилибди, бунга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Хатини ўқиб чиққач, бунга амин бўлдим...

Ишонасанми, эй қизим (ёки синглим), хатингни ўқирканман, сенга қўшилиб йиғладим, маҳзунлигингга шерик бўлдим. Ёнимдаги дўстларимга ўқиб бергандим, улар ҳам мен каби йиғлашди.

Ҳақиқатда улкан фожеа... Лекин ўлим суйган кишисидан айирган инсонларнинг биринчиси сен эмассан. Қизидан жудо бўлган ҳам ёлғиз сен эмас. Ким ўз мусибатига ўхшаш мусибатзада инсонлар борлигини билса, ғам-андуҳлари бир оз бўлса-да, енгиллашади.

Хатингни ўқисам, жумлалари оми одам томонидан ёзилгани, имловий хатолари кўплиги, ҳуснихатинг ҳам чиройли эмаслиги кўриниб турибди. Аммо шу камчиликларга қарамай, у ноёб санъат асарига айланибди.

Сен бу хатинг билан бир қанча адабиёт намояндаларининг кўзидан ёш оқишига сабабчи бўла олдинг. Қанчадан-қанча шоирлар бор, шеърини ўқиганда ёки эшитганда кўздан бир қатра ёш оқмайди. Чунки улар шеър ёзаётганларида ўзлари йиғлаб ёзишмаган бўлади.

Адабиёт соҳасидаги талабалар яхши билиб қўйишсин, қалбдан чиққан нарсагина қалбга кириб боради. Ёзаётган пайтда ўзи эга бўлиб турган ҳис-туйғулар билангина ўқувчиларнинг қалбини ҳам эгаллаш мумкин. Баъзилар қомус китобнинг қаъридан лафзларни қазиб олиб, уларни қоғозга териб чиқишади. Аслида адиб ислоҳ қилувчи кишидир, чиройли гапларни териб чиқадиган заргар эмас.

Бу гапим билан мен омиликка, балоғатни тарк қилишга, қоидаларни менсимасликка даъват қилганим йўқ, Аллоҳ сақласин! Аммо қоғоз қоралашдан аввал ёзувчининг ўзи ҳам ўй-хаёллар, кечинмалар оғушида бўлсин, дейман.

Қизим, узр, сенга жавоб беришни четлаб кетдим. Араб адабиёти шаънини ўйлаганим учун инсоний табиат билан бошқа мавзуга оғишиб кетдим, маъзур тут!

Хатингдан маълум бўлишича, маккалик экансан. Чунки хатингда “Қизимни йўқотганимдан сўнг Ҳарамга киришга ҳам ҳолим қолмади”, деб ёзибсан.

Бу нима деганинг, қизим?!

Қизингни йўқотган бўлсанг, энди иймонингдан ҳам айриласанми? Аллоҳ сақласин!

Маҳзунлик ва озорланиш пайтида мўмин киши иймон неъматининг қадрини тушуниб етади.        

Динсиз инсон фақатгина шу дунё ҳаёти бор, деб билади. Агар суюкли кишиси вафот қилса, жинни бўлиб қолади ёки ўзини ўзи ўлдиради. У йўқотган кишисидан абадул-абад айрилдим, деб ўйлайди.

Мўмин инсон-чи? У берувчи ҳам, олувчи ҳам Аллоҳ эканини, бу фироқдан кейин яна учрашув борлигини яхши билади. Дарҳақиқат, солиҳ кишилар жаннатда учрашадилар. Буни билгани учун ҳам солиҳлардан бўлишга қаттиқ ҳаракат қилади. Аллоҳдан вафот этган кишисига ҳам раҳм қилишини, солиҳлар қаторида этишини сўраб дуо қилади. Токи бу учрашув ортидан фироқ келмайдиган, абадий, саодатли учрашув бўлсин.

Мўмин билан кофирнинг фарқи ана шунда! Сенинг иймонинг қаерда қолди?!

Қизим, менга қулоқ сол! Қизингни Аллоҳ раҳматига олсин, агар у холаси ё бувисини зиёрат қилиш учун кетса ва уларнинг уйида бир ой қолса, сен ундан хавотир оласанми ёки опанг ёхуд онанг унга сендан-да яхшироқ кўз-қулоқ бўлишини билиб, хотиржам бўласанми?

Айт-чи, унинг кетгани учун йиғлаб аза тутасанми ёки зиёратига кетган инсонларга ишонганинг учун рози бўлиб, хурсанд бўласанми?

Энди нима учун унга сендан-да меҳрибонроқ бўлган, сени ҳам, уни ҳам яратувчиси бўлган Аллоҳнинг ҳузурига кетганига иймонинг бўлиб туриб, хотиржам бўлмайсан?

Мен айтаётган гапларимнинг барчаси ҳақ эканини яхши биламан, лекин сен каби мусибат етган инсон бу гапларни тушунмайди, эс-ҳуши ўзида бўлмайди, юрагига оғир ботади. Сен буларни қўй, вақтингни ўтказадиган бошқа ишлар билан машғул бўл. Уй-жойингни ўзгартир, агар имкониятинг бўлса, бошқа уйга кўчиб ўт! Чунки суюкли қизингни йўқотган хонадонда қолиш маҳзунлигингни қайта қўзғайди, ярангни янгилайди. Уйнинг ҳар бир бурчаги, ундаги буюмлар сенга қизингни эслатаверади. Шунинг учун уй-жойни ўзгартирсанг ёки сафар қилиб, ундан бироз узоқлашсанг, хотиралар қийноғи оз бўлса-да, енгиллашади.

У ҳақида суҳбатлаш, ёнингдаги кишиларга қизинг борасида эслаган хотираларингни айтиб бер, атрофингдаги инсонларни ҳам ғамингга шерик қил! Ичингга ютма! Мусибатни бир ўзим кўтараман, десанг, қаддингни букиб қўяди.

Шунинг учун таъзия пайтида маййит эгаларининг ғам-андуҳини енгиллатиш мақсадида вафот этган киши ҳақида гаплашиш ёки маҳзунликни бироз унуттириш учун бошқа мавзуларда суҳбатлашиш яхши амаллардан ҳисобланади.

Бизда (Шомда) аёлларнинг мотам вақтидаги хатти-ҳаракатлари эса на шариат кўрсатмаларига ва на ақлга тўғри келади. Маййитнинг яқин қариндошлари уйни тўлдириб, саф тортиб туриб олишади. Таъзия билдиргани келган одамлар учун эса бор-йўғи 1-2 та курси қолади. Таъзия изҳор қилувчи одам салом-аликсиз кириб келади, бир муддат ҳеч нарса демай ўтиради, сўнг хайрлашмасдан ҳам чиқиб кетади. Бу жуда ҳам хунук одатлардан бири.

Гаплашиш мусибатни енгиллаштиради. Шундай экан, сен ҳам гаплашгин! Машғуллик маҳзунликдан чалғитади. Шундай экан, бирор иш билан машғул бўл! Сафар ёки кўчиб кетиш аламли хотираларни аритади. Шундай экан, сен ҳам кўчиб кет ёки сафар қил! Агар йиғлагинг келса, майли, йиғла, хижолат бўлма!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини эшитганмисан? У зотга ўз қизларидан бири одам жўнатиб, боласи оғир касал эканини хабар беради ва келишларини сўрайди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Бориб айт, сабр қилсин ва Аллоҳдан ажр умид қилсин", деб жавоб берадилар. Қизлари эса у зотнинг келишларини қайта илтимос қилади. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам борадилар. Боланинг ўлим изтиробида қийналаётганини кўриб, ўзларини тутиб тура олмайдилар ва йиғлайдилар. У кишига Аллоҳнинг салавоти ва саломлари бўлсин!

Сен ҳам, майли, йиғла, зеро йиғи маҳзун инсон учун тасалли бўлади. Лекин Аллоҳ рози бўлмайдиган гапни асло гапирма!

Хатингда шундай дебсан: "Қизимга шабада етишидан ҳам қўрқар эдим, унга озор бермаслиги учун ҳатто пашшадан ҳам ҳимоя қилардим. Ундан бир зум ҳам ажрамасдим. Энди эса уни қурт-қумурсқалар билан тўлган тупроқ остига кўмиб, бир ўзини қолдириб кетдим".

“Қизимни тупроқ остига кўмдим”, дебсанми? Эй қизим, бу нима деганинг?!

Йўқ... Тупроқ остига кўмиладиган ва қуртлар талайдиган нарса – бу фақатгина жасаддир.

Аслида жасад нима? Жасад – кўйлак, холос. Агар қизинг эскирган кўйлагини ечиб, ташлаб юборса, шунга йиғлаб, дод-вой қилармидинг?

Тўғри, жасад бизнинг бир бўлагимиз, лекин ана шу дунёда, холос. Она қорнидаги чақалоқнинг йўлдоши бўлади-ку, у ҳам чақалоқнинг бир бўлаги, лекин туғилганидан сўнг ахлат қутисига ташланади!

Она боласидан йўлдоши ажратиб олиниб, ахлат қутисига ташлангани учун йиғлайдими?!

Тасаввур қилайлик, она қорнида икки эгизак бор. Улар бирга яшайди. Агар уларнинг фикрлаш имкони бўлганида шу қоринни дунё деб билган бўларди.

Тўлғоқ вақти келиб, бири аввал туғилса, иккинчиси ундан айрилдим, у ўлди, деб ўйлайди. Хаёлан уни қорин қаърига дафн этиб, унинг учун йиғлаб, дод-вой қилади. Ўзидан олдин туғилган чақалоқ йўлдошини ортга ташлаб кетганини кўриб маҳзун бўлади, худди биз маййитнинг жасадини кўрганда маҳзун бўлгандек.

Ўлимнинг мисоли ана шундай: эгизаклардан бири ўлим деб ўйлаган нарса аслида туғилиш, кенгроқ ва ёруғроқ бўлган оламга чиқишдир. Бу оламни она қорни, унинг торлиги ва зулмати билан солиштириб бўлмайди.

Биз ҳам ўлим деб билган нарсамиз аслида туғилиш, охират оламига чиқишдир. Агар охиратни бу дунё билан қиёслайдиган бўлсак, худди дунё ва она қорнининг бир-бирига бўлган нисбати билан баробар.

Бирор марта Жиддадан Макка томон сафар қилганмисан? Эътибор берсанг, йўл кичкина чизиқча бўлиб кўринади, холос. Аслида йўл сен кўриб тургандан анча узун. Ортингдаги босиб ўтиб кетган йўлинг ҳам, олдинда ҳали етиб бормаган йўл ҳам кўрингандан кўра кўпроқ.

Ҳаёт йўли ҳам ана шундай.

Биз ундан бор-йўғи кичкина чизиқчани кўра оламиз. Ана шу биз яшаб турган дунё. Бизга кўринмайдиган нарсалар жуда кўп.

Ҳаёт тўрт босқичдан иборат: она қорнидаги ҳомила босқичи, дунё босқичи, барзах босқичи ва охират босқичи.

Ҳар бирининг ўзидан аввалгиси билан бўлган нисбати ўзидан кейингиси билан бўлган нисбатига тенг.

Агар она қорнидаги чақалоқ билан суҳбатлашиш имкони бўлса-ю, ундан "Дунё нима?" деб сўрасанг, "Дунё – ана шу қоп-қоронғу, тор қорин ичи", деб жавоб берган бўларди.

Агар унга "Бу ерда кенгроқ дунё бор, унда кенг уфқлар, катта денгизлар, бепоён адирлар, баланд тоғлар мавжуд. Унда гўзал баҳор, мусаффо осмон, кўзни қувнатувчи гўзалликлар, муҳаббат деб аталувчи тотли туйғулар бор", десанг, бу гапларнинг ҳеч бирини тушуна олмайди.

Биз ҳам худди шундай. Охират ҳаёти сифатлари, унда Аллоҳ тайёрлаб қўйган турли хил неъматлар ва ҳар хил азоблар ҳақида эшитганимизда уларни тасаввур қила олмаймиз.

"Яна файласуфлик қиляпти", деб ўйлама! Айтаётган гапларимнинг бари тўғри. Минг афсуски, сенга ёрдам бера олмайман, қўлимдан келгани фақат гапириш.

Сенинг қалбингдан маҳзунлик тиканларини суғуриб олишга қурбим етмайди. Лекин сен ўзинг буни уддалай оласан. Қандай қилиб, дейсанми?

Қалбларни ўзгартириб турувчи, ҳолатларни алиштириб турувчи Аллоҳ таолога қайтиш орқали!

Унга юзлан, Ундан ўзингга сабр ва ажр тила, қизингни авф ва мағфират этишини, сабрлиларга ажрлари беҳисоб қилиб бериладиган кунда у билан жаннатда бирга қилишини сўраб дуо қил!

Қизинг яхши кўрган таомини тайёрлагин-да, унинг номидан садақа қил!

Унга ёққан уст-бошини олгин-да, унга ҳақдор бўлган эҳтиёжманд кишига бериб юбор ва савобини унга бағишла!

Бу унга Робби ҳузурида манфаат беради ва сенинг ҳам маҳзунлигингни енгиллатади. Аллоҳдан сўрайман, сенга сабр берсин ва қилган сабрингга савобингни кўпайтириб берсин!

Али Тантовийнинг "Суратлар ва ўйлар" китобидан

Абу Абдулқодир таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Кашфиёт «Ислам и наука» сайтидан Гўзал таржимаси РЎЗА  ИММУН ТИЗИМИНИ ТИКЛАЙДИ  Абу Зарр розияллоҳу давоми...

11:27 / 20.03.2017 22670
Каттаю кичик бананли нонни бой таъми ва иштаҳани қўзғатадиган ҳиди туфайли яхши кўришади. Бу жуда оддий давоми...

12:54 / 29.11.2016 3199
Бобом ҳақидаги хотираларим яна ўзўзидан беғубор болалигим ўтган лаҳзаларга етаклайверади. Бобом менга жуда давоми...

00:13 / 22.10.2020 5096
Салом бериш суннат бўлса, унга жавоб бериш фарзикифоядир. Яъни икки кишидан бири ёки жамоатдан бир киши давоми...

06:41 / 03.12.2016 8656