ЎЗБЕКОЙИМ, МЕНГА БИР ДАМ ҚУЛОҚ ТУТ!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Аёл зотини иффату латофат тимсоли этиб яратиб, унинг ушбу аслиятини асраб‑авайлаш ҳамда уларни жаннатнинг ҳурлари этиш учун самовий таълимотларини ер узра индирган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Аёл зотини зулму зулматлардан том маънодаги ҳурлик ва азизликка етаклаган севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз бўлсин!

Ассалому алайкум муҳтарама опа‑сингиллар, азиз муслималар, ҳурматли ўзбекойимлар! Бугун сизга аталган камтарона бир рисола туфайли сиз билан дийдор кўришиб турибмиз экан, ижозатингиз билан сизга айтмоқчи бўлиб юрган дилсўзларимни изҳор этсам. Мен ҳозир ўзбек аёлларининг бир вакиласи сифатида ҳар бир ўзбек аёлига, ҳар бир ўзбек ойимга қарата мурожаат қилмоқчиман.

Ўзбекойим! Қара, номинг қанчалар гўзал, қанчалар тотли! Мана шу биргина сўз зимнида қанчалар буюк маънолар, қанчалар беназир бир олама борлигини ҳис этмаган ўзбек аёли бўлмаса керак! Кел, яхшиси, гапни бошидан бошлай! Сенга ўзингни таништирай! Шонли тарихингга бир назар сол! Сен ким эдинг? Сен аёл бошинг билан минглаб ҳадисларни ёдлаб, ишончлиликда Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримдан кейинги китоб “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифини дунёга келтирган зотсан! Сен Ислом умматига тўғри эътиқодни ўргата билган Абу Мансур Мотуридийни тарбия қилган мураббиясан! Сен фиқҳ илмида беназир асар «Ал‑Ҳидоя»ни битган Марғилонийни бағрида ўстирган муштипар зотсан! Сен Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк валийюллоҳларнинг бешигини тебратган онасан! Ҳа, сенинг фарзандларинг Имом Термизий, Ал‑Хоразмий, Ал‑Фарғоний, Ибн Сино, Беруний, Навоий, Улуғбек каби буюк алломалар бўлиб етишган! Сен Ислом маданиятининг марказларидан бўлган бетакрор ўлкани барпо этиб, унда шараф билан яшагансан! Фотимаи Самарқандия, Анбар отин бўлиб оламга илм таратгансан! Ғанимлар отанг, оғанг, турмуш ўртоғинг ва бошқа яқинларингни қирғинбарот қилганда ҳам тоғдек собит туриб, иффатингни сақлагансан! Жуфтингдан қора хат келиб, вужуди нишонсиз кетганда ҳам узоқ йиллар уни вафо ила кутгансан! Минг машаққат билан аранг қора нон топиб, бир уй фарзандларинг ўртасида уни адолат билан тақсимлаб турган ҳолингда машъум уруш туфайли етим қолган қанчадан‑қанча ноарсидаларнинг бошини силагансан! Йўқсилликни қаноат билан, машаққатни меҳнат билан енггансан. Фарзандларингга ҳалол едираман деб далаларда қилаётган оғир меҳнатинг устига бошингдан заҳар сочишганда ҳам «чурқ» этмай ишлайвергансан, нолиш нималигини билмагансан. Эсингдами, сен яқин‑яқинларда ҳам эгнингдаги либосинг жуда кенг, одми бўлса‑да, эркак зотини кўрганингда ибодан ийманиб кийимингга янада чирманиб, қоматингни билдирмасликка ҳаракат қилардинг?! Бошинигдан солган шойи рўмолинг вужудинга соябон бўлиб, сени ёмон назарлардан асрар эди. Қалампирмунчоқ бўйи келган сочларинг ўрим-ўрим бўлиб этакларинг ўпарди. Ўсма тортилган қошинг гоҳида чимирилиб ҳаёдан дарака берар, сурма сурилган кўзларинг нигоҳи ҳамиша ерга қадалган эди. Ҳатто хонадон аҳлинг олдида ҳам хижоатлатдан қизил югурган гул юзингни тез‑тез рўмолинг учи билан ёпишга уринишинг сенга жуда ҳам ярашар эди. Бугунгидек кунда юз турга кирмасанг‑да, кўзлар сени томошо қилиб чарчамас, назокатингдан кўнгил зерикмас, латофатингга диллар тўймас эди. Сенинг васфингда достонлар битилар, асарлар ёзилар, аммо таърифингни айтиб тугатиб бўлмас эди. Аммо Бугун‑чи? Бугун ҳолинг қандай экан? Инсоф билан бир ўзингга боқ! Жаннатмакон бу ватанинг тинч, осуда. Эркинг ўз қўлингда. Неъматларга буркангансан. Шундай бир яхши замонда Сенга не бўлди? Кўз тегдими? Ё кимнингдир қасди бор эканми сенда? Ийманиб тортадиган кўйлагинг, билакдек тимқора сочларинг, ҳаёдан қизарган юзларингдан асар ҳам қолмади. Катталарга мурожаат қилгандаги босиқ овозинг, жуфтинг билан суҳбатлашгандаги майин товушинг қани? Болангга алла айтгандаги сеҳрли сасинг қаён кетди? Ҳар қанча кулги келганда ҳам аста жилмайиб табассум қилиб қўйишларингни қерга йўқотдинг? Бугун сени таний олмаяпман. Ҳа деса, шанғиллашга тушасан. Бўлар‑бўлмасга хохоҳлаб кулганингда одамзод қолиб, шайтон ҳам ҳуркиб кетади. Сенга не бўлдики, бировнинг етими у ёқда турсин, ўз туққан боланг ҳам на бағрингга, на кўнглингга сиғади? Бир тарафда бешикни, бир тарафда дунёни тебратган нозик ва момиқ қўлларинг бугун чегараларда қоп‑қоп юкларни ташиш билан банд. Во ажаб, ҳийла найрангларинг-чи? Буни айтиб адоғига етиб бўлмайди. Сенинг макринг олдида Юсуфнинг соҳибалари лол қолади! Менга айтгинчи, нега энди қаттол йўқликка чидаган ўзбекойим бугун дунё матоҳига тўймайдиган бўлиб қолди? Дарду ғаминг мол-сарпо йиғиш, мақсадинг уй-тўй, кезар ерларинг бозор бўлиб қолди? Йиллаб жуфтини кутган вафодор сен эмасмидинг? Нега энди эрингдан кўнглинг тўлмай унга хиёнат қилишга ўтиб кетмоқдасан? Ростини айт‑чи, юртингдаги шармандаликларинг етмагандек, чет элларга бориб танагни сотишга ким мажбур қилмоқда сени? Ўзбекойим! Мен сени таний олмаяпман! Нодираларинг қани? Увайсиларинг, Анбар отинларин, Зебинисоларинг қани? Энди уларни орангда кўрмаймизми? Наҳот ўтмишингдан ибрат олмайсан! Наҳот келажагингни ўйламайсан? Кел, азизам, бир муддат менга қулоқ тут, сен билан дилдан суҳбатлашай! Ижозат берсанг, сенга дилдан насиҳат қилай! Аввало Аллоҳ таолога тавба қилгин! Тавба эшиги доимо очиқдир, билсанг! Аллоҳ билан бўлган алоқангни ислоҳ эт! Ўзингга бўлган муносабатингни тўғирла, ўзингга зулм этма, ўзингни раҳм қил! Ўзлигингга қайт! Оиланг, қариндошларинг ҳаққини адо эт. Яқинларинг, қўшниларингга яхшилик қил. Ватанинг учун фидокор бўл. Ўқи, ўрган, бирор соҳани эгалла ва билганларингга садоқатли бўл. Билгингки, бу муборак юртнинг яна қайта тараққий топиши Сенинг ўзлигингга қайтишингга боғлиқ. Ўзбекойим, нафақат юртинг, бутун олам Сенга кўз тикиб турибди, бор умиди Сендан. Сен бу ожиз инсониятни нажот сари олиб чиқишга қодирсан, уларни ноумид қўйма! Инсон бир қилган ишини яна қилиши осон. Сен яна бухорийлар, шошийлар, термизийларни дунёга тақдим этишинг керак. Аллоҳ ҳаққи ўтиниб сўрайман, умматингга яна ўшандай дарғаларни бахш айла. Роббимдан бу йўлда сенга сабот ва тавфиқ сўраб қоламан.

Одинахон Муҳаммад Содиқ Қизларжон китобининг тақдимот маросимидан
Мавзуга оид мақолалар
Бугун 23 май 2019 йил санасида muslimaat.uz сайти қошида муборак Рамазон муносабати билан аёлқизлар ўртасида гўзал давоми...

14:14 / 24.05.2019 2094
Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқани тарк қилмоқдир. Рамазон давоми...

05:58 / 18.11.2016 6450
Болани тўғри тарбиялаш ҳам бир санъат бўлиб, уни бола туғилишидан анча аввал бошлаш мақсадга мувофиқдир. давоми...

20:46 / 29.12.2016 3714
     Қурбонликнинг зоҳири ва ботини ҳамда ундаги руҳият Ҳадиси шарифда «Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини давоми...

14:52 / 19.08.2018 3005