Унутилаётган суннатлар ва уларнинг мусулмон ҳаётидаги ўрни (6-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Унутилаётган суннатлар ва уларнинг мусулмон ҳаётидаги ўрни

         Баъзан мақолалар, маърузаларда «Расулуллоҳ суннатларини тирилтирайлик», «Суннатларни тирилтириш мақсадида» деган ибораларни тез-тез учратиб қоламиз. Ушбу ибора ўрнига унутиб қўйилаётган, унутилаётган суннатлар десак, янглишмаган бўламиз. Чунки бир нарса ўлган, мутлақо йўқ бўлиб кетган бўлса, «тирилтириш» ибораси ишлатилади. Аллоҳга беадад ҳамду сано бўлсинким, суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бирорта суннатлари йўқ бўлиб кетмаган, фақат баъзилари унутилган, баъзиларига амал қилиш сусайган. Юртимиз мусулмонлари, қўйингки, ер куррасидаги охирзамон Расулига эргашган Ислом уммати ўз Пайғамбарларининг суннатларига риоя этиб яшашни энг катта шараф дея ҳисоблайдилар, суннатларни ардоқлайдилар. Аммо шундай бўлса-да, динга рағбатнинг камайгани, илмга бўлган ҳимматнинг пасайгани, тезкор дунё ташвишлари, Охират ғами узоқлашгани боис Икки олам сарварининг ҳаёт йўллари, суннати санияларига эҳтиром ва иқтидо қилиш ўрнига беэътиборлик, дангасалик ила жавоб қайтармоқдамиз.

        Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган ҳақ дин – Ислом динининг моҳияти, ҳидоят неъматининг қадрини биз, умматлар, тўла англаб етганимизда эди, Хотам ул-анбиёнинг барча кўрсатмаларига, буйруқларига, ҳаёт йўлларига,  жами хатти-ҳаракатларига эргашган бўлар эдик. Шу сабабдан икки дунё саодатининг харитасини чизиб берган Зот – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи унутилаётган суннатларини зикр қиламиз, ёдга оламиз, Аллоҳдан уларга амал қилишимизда мадад беришини сўраймиз:

  1. Сут ва шунга ўхшаш оғизда ёғи, асари қоладиган таомлардан сўнг оғизни чайиш.
  2. Мисвок ишлатиш.
  3. Сув ва таом идишларининг устини беркитиш.
  4. Уч бармоқ ила ейиш.
  5. Ўтириб еб-ичиш.
  6. Таомни айбламаслик.
  7. Душанба ва пайшанба рўзаси.
  8. Баъзан оёқ кийим билан намоз ўқиб туриш.
  9. Кўтарилаётганда (такбир) ва тушаётганда (тасбеҳ айтиб) дуо қилиш.
  10. Янги кийим кийганда дуо қилиш.
  11. Баъзан ялангоёқ юриб туриш.
  12. Кеч туша бошлаганда (шом пайти) ёш болаларни уйга олиб кириш.
  13. Ёш болаларга салом бериш.
  14. Озчилик кўпчиликка салом бериши.
  15. Кийимларни ўнгидан кийиб, чапидан ечиш.
  16. Оғриқ пайтида дуо билан қўлларни оғриётган жойга қўйиш.
  17. Туриб пешоб қилмаслик.
  18. Уйқуга ётишдан аввал таҳорат қилиш.
  19. Ухлашдан олдин Ихлос ва Муаввизатайнни ўқиб ётиш.
  20. Биродари ҳаққига ғоибона дуо қилиш.
  21. Қўшнига озор етказмаслик.
  22. Турмушга чиқолмаётган қизлар ҳамда уйланолмаётган йигитларни уйлаб қўйиш.
  23. Зуҳо намозини ўқиш.
  24. Ишроқ намозини ўқиш.
  25. Таҳажжуд намозини ўқиш.
  26. Кусуф ва Хусуф намозини ўқиш.
  27. Тавба намозини ўқиш.
  28. Эътикоф ўтириш.
  29. Тонгги ва тунгги зикрлар.
  30. Сафардан қайтиб келгач, масжидда икки ракаат намоз ўқиш.
  31. Жума куни бомдод намозида Сажда ва Инсон сураларини ўқиш.
  32. Ҳар намоздан сўнг «Оят ал-Курсий» ўқиш каби яна кўплаб суннатларга амал қилиш сусайиб қолган.

      Биз қуйида қўшничилик ҳақида сўз юритамиз.

      Маълумки, ҳақлар икки хил бўлиб, банданинг бандадаги ва банданинг Аллоҳдаги ҳақлари мавжуд. Аллоҳ таоло фазлига олса, Ўзи билан бандаси  ўртасидаги ҳақларни кечиши, бандаси айбларини ёпиши мумкин. Аммо бандалар ўртасидаги ҳақлар, то эгаси рози бўлмагунича муаллақ ҳолда қолаверар экан. Ҳадис китобларида қўшнининг ҳақи улуғлигини ўқиганмиз, жума маърузаларида қўшнининг ҳақи нималардан иборат эканини шунчалар кўп эшитганимиздан ёд бўлиб кетган. Агар бу ҳақда маълумот сўралса, соатлаб маъруза қилишимиз мумкин. Аммо унинг ҳақларига амалий риоя қилишга келганда, ўзимизга баҳона топиб, қўшнининг ҳақларига хиёнат қиламиз. Ҳаётий мисоллар тўла бунга. Баъзилар ўзларидаги нохушликлар кетиб, қулайликларга эга бўлсалар, бас, қўшни ўлиб кетадими, ночор қоладими, барибир! Айримлар ўзларининг ҳожатхоналарини, кир мағзаваларини қўшнининг девори, ариғи томонга оқизадилар, қўшнининг розилигини сўрамай, ўзимиз томонга тушган меваларни қоқиб оламиз, болаларимизга едирамиз, қўшни тарафга қуёш нури тушмайдиган даражада баланд иморатлар соламиз, қўшнимизнинг мушугими, товуғими, сигирими бизнинг томорқага ўтиб кетса, уни шикастлаб, натижада қўшни билан қўйди-чиқдига бориб, йиллар гаплашмай юрамиз.

      Агар ака-ука бўлсак, девор солишда, ер бўлишда ёқа бўғиб, судлашамиз, дарахт талашамиз, кўпроқ ҳақ ундириш учун ака-укаликни бас қиламиз, кўпчиликни ҳаққидан қўрқмай, ер лойиҳасига киритилмаган кўча тарафга уйимизни суриб чиқамиз, йўлни торайтирамиз, камига темир панжаралар ила ўраймиз, кўчага қум, шағал тўкилган бўлса, ўзимизникига қўшиб юборамиз, қўшнининг ариғи, йўлчасини ҳам ўзимиз тарафга буриб оламиз, сўрамай нарсасини олиб кетаверамиз, яна олган нарсамизни ўз вақтида қайтармаймиз, биздан нарса сўраб чиқилса, хасислигимиз тутиб кетади, ёлғон гапирамиз: «Кечагина синиб қолган эди-я...»

Қўшнига озор бериб, турли таъмирлаш ишларини туну кун олиб борамиз: уни огоҳлантирмаймиз, таъмирлаш чоғида электр, газ, сувни бемалол ўчириб турамиз; қўшнимиз бемор бўлиб, қачон вафот этганини билмаймиз, тўғрироғи ким билан қўшни эканимизни ҳам билмаймиз. Маҳаллада югур-югур бўлиб, дафнга ҳаракат қилинаётганида хотиржам нонушта қилиб, ишимизга равона бўламиз; ширин таомлар пиширганда таом улашмаймиз, нонми, шўрвами – илинмаймиз; мансабига, пулининг қувватига қараб саломлашамиз; уловимизни бир чеккага жойлаштирмаймиз – хоҳласак, кўндаланг, хоҳласак ,ёнбошлатиб қўяверамиз; қўшнилар азиятланадиган чиқиндиларни кўчага, кўпқаватли уйнинг кириш жойларига қўйиб кетаверамиз, ейилган маҳсулотларнинг ўрамларини ўзимиз томонга эмас, бегона уй тагига ташлаб кетамиз ва боламизга ҳам «Қўлингдагини ташла!» дея дўқ урамиз. Қўшнимизни ғийбат, унинг оилавий сирларини маҳаллада шов-шув қиламиз, кимнинг уйида нималар бўлаётганини суриштирмасдан, ўзимиздан ёлғон қўшиб-чатиб, тарқатаверамиз. Агар қўшни қизга совчи келса, ёхуд қиз тараф бўлажак куёвни суриштириб қолса, билсак ҳам, ҳақиқатни айтмаймиз, билмасак, жим турмаймиз. Бировнинг боласига, хонадонига яхшиликни раво кўрмаймиз, тиламаймиз.

Тўй-ҳашамларида тайёр ошига, никоҳ базмларига борамиз-у, хизмат учун енг шимармаймиз, ҳечқурса, моддий кўмак бермаймиз; маҳалладаги ҳашарлар, оммавий тадбирлар эса биз учун бегона! Машинамиз, қатновимиз қулай бўлсин, дея уйимиз олдини асфальт қиламиз, симёғочни эшигимиз рўпарасига ўрнатамиз, бой бўлсак ҳам, камбағал бўлсак ҳам, ўз ҳақларимизни адо этмаймиз. Бева-бечора қўшнимизнинг даволаниши, тўй қилиши, ўқиш пулини тўлаши, уйини тиклаб олиши каби эҳтиёжларини билиб-сезиб, эшитиб турсак-да, такрор-такрор Ҳаж ва Умра зиёратига отланамиз. Қўшнимиз узоқроқ саломлашса, ичимизни ит тирнайди: «У-бу нарса сўрамасин-да!» Уй сотсак, қўшни биринчи ҳақдорлигини билмаймиз, оласизми ё бировга сотаверайми, дея олдидан ўтмаймиз. Чунки у арзон сўрайди-да!

Биз нафақат маҳаллада ёмон қўшни, балки ишхонада, сафарда ҳам ёмон ҳамроҳлик қиламиз. Агар шеригимизга омад кулаётгани, у муваффақиятга эришаётганини кўрсак, дарров «тагига сув қуямиз», уни ёмонлаймиз, айбларини очамиз. Ишхонада ўз вазифамизни унутиб, ўзимиз қиладиган ишни дуч келган одамга буюрамиз, иш столимиз, дастгоҳимиз, қурилмаларимизни ўзимизга мослаймиз, электр узатгичларини, компьютерларни соатлаб эгаллаб оламиз. Ўзимизнинг асбоблар қолиб,  қўшнимизникини ишлатамиз, бесўроқ нарсаларини ишлатиб, бузилса, индамай тураверамиз. Ҳимояга, ёрдамга муҳтожни кўриб, кўрмасликка оламиз.

Биз оилада ҳам ёмон қўшнимиз. Овсинимиз бўлса, унга салом бериш, хушмуомала бўлишни қизғанамиз, унинг ишларини, кирларини четлаб ўтамиз, болаларнинг арзимас шўхликларидан овсинлар билан юзкўрмас бўламиз. Унинг биздан обрўлироқ, қадрлироқ бўлишига тоқат қилолмаймиз. Қайнона билан орасини бузиб, ўзимизни устунроқ қўямиз...

Синфда,  аудиторияда ҳам ёмон қўшнимиз. Шеригимизни ҳурмат қилмаймиз, унинг гапларини қадрламаймиз, охиригача фикрини эшитмай, гапини бўлиб юбораверамиз. Агар устоздан бирор нарса сўраса, устоз ўрнига жавоб қайтарамиз, сўрамай нарсаларига дахл қиламиз. Ҳақ йўл қолиб, эгри йўл кўрсатамиз...

  Биз – ҳаммаси ўзимиз. «Қўшни яқинлигига кўра энг ҳақлироғидир», «Ким қўшнига азият берса, менга азият берибди» ҳадисларига мутлақо амал қилмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат мусулмон, балки мушрик, яҳудий қўшниларига ҳам илтифотли, хушфеъл бўлганларини, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мажусий қўшнисининг азиятларига сабр қилганлари, юксак одоб билан турганлари, баъзи тобеинлар уйларида сичқон  кўпайса, «Қўшнимнинг уйига чиқиб кетади», дея мушук боқмагани, салафи солиҳлар  қўшниси ночорлигини билиб, ўз мўрисидан тутун чиқармагани, қўшниси фақирлигини билгач, Ҳаж зиёратини кечиктиргани ҳақида ўқиганмиз-у, амал қилмаймиз. Аллоҳ таоло қўшнидан, қариндош қўшнидан сўрашини ҳис қилмаймиз. Арзимас нарсаларга жанжаллашаверамиз, аразлашаверамиз, узоқлашаверамиз...

Ушбу мақолада заррача муболаға йўқ, ёзилган сатрлар ўзимиз гувоҳ бўлган ҳолатларнинг ёзма ифодаси, холос. Келинг, энг намунали қўшни БИЗ бўлайлик! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари унутилишига йўл қўймайлик!

Аллоҳумма солли васаллим ва барик аълайҳ!

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

Хадичаи Кубро номли аёл-қизлар, ўрта-махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси

 

Мавзуга оид мақолалар
Аллома Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ .Жалоул афҳом фи фазли ассолати аъла хойрил анъом, номли китобида Набий давоми...

22:03 / 15.12.2023 3366
Қишки таътил давомида Гарвард университетининг 30 нафар мусулмон талабалари учун Макка ва Мадина давоми...

13:38 / 27.02.2019 2074
embedhttpswww.youtube.comwatchvFiRiWyoGIpkfeatureyoutu.beembed

17:49 / 22.10.2018 3283
Бугун Узэкспомарказда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган «TASHKENT BOOK FEST давоми...

20:51 / 02.10.2019 2806