«Муслиманинг жамиятдаги ижтимоий ўрни»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                                                                 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. (2018 йилнинг 20 июлида Москвада «Муслиманинг жамиятдаги ижтимоий ўрни» мавзусига бағишланган муслима аёллар ташкилотларининг олтинчи умумроссия съездидан Одинахон Муҳаммад Юсуф нутқи) Инсонларни эркак ва аёл қилиб яратган, ўзаро танишишлари учун уларни турли халқ ва қабилалар қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин!

«Бирортангиз ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўлмайди», деб марҳамат қилган Расули акрамга салоту саломлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Муҳтарам биродарлар, азиз опа-сингиллар!

Бугун сиз билан учрашиб турганимдан беҳад мамнунман. Ушбу съездни ташкил қилган ва унга мени таклиф этган «Оиша» халқаро аёллар клубига, муслима аёллар ташкилотининг умумроссия съезди ташкилий қўмитасига чексиз миннатдорчилигимни билдираман.

Албатта, муслима аёлнинг жамиятдаги ўрни жуда муҳимдир. Айниқса ҳозирги даврда бу ўриннинг аҳамияти ошиб бормоқда. Муслима аёлнинг ижтимоий фаолияти бугунги кунда заруратга айланган десак, хато қилмаган бўламиз.

Ислом шариати жорий бўлганидан то ҳозирги кунгача муслима аёл жамиятнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётганини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Тавба сурасининг 71-оятида марҳамат қилади:

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар маъруфга буюрадилар, мункардан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ албатта раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ азиздир, ҳакимдир».

Ушбу ояти карима мўминлар баробарида мўминалар ҳам ижтимоий ишларга масъул эканига далолат қилади.

Сийрати мутоҳҳарага назар соладиган бўлсак, нубувват хонадони хонимлари ва саҳобияларнинг ўша даврда ижтимоий ҳаётнинг кўпгина жабҳаларида фаол бўлганини кўрамиз. Бу ўринда биргина Хадижа розияллоҳу анҳонинг бу борада тутган ўринларини зикр қилиш кифоядир. Бу мўътабар аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирган, Ислом динига кирган илк инсон эканларига барча уламолар иттифоқ қилишган. Хадижа онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чинакам умр йўлдоши бўлганлари, у зотнинг ҳаётларидаги энг хатарли босқичларида, энг машаққатли даврда, мураккаб вазиятларда елкадош бўлиб, даъват масъулияти ва машаққатларини баравар кўтаришганлари барчага маълум. Хадижа розияллоҳу анҳонинг бу фазилатларини Сарвари коинотнинг ўзлари кўп эътироф этардилар, у кишининг вафотидан кейин эса: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхшироғини бермади. Одамлар менга куфр келтирганида у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганида у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганида у молини мен учун сарфлади», дер эдилар. Ҳаттоки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фидокор аёл вафот этган йилни «маҳзунлик йили» деб атадилар. Бу маҳзунлик фақатгина жуфти ҳалолларидан айрилганлари учун эмас, балки Исломнинг катта бир таянчидан жудо бўлганлари учун эди.

Бугунги кунда ана шундай Хадижаларга нақадар муҳтож эканимизни билсангиз эди! Ислом уммати бу каби фидокор, мухлиса аёлларга қанчалик ташна экани кундек равшан.

Муслима аёлнинг жамиятдаги ўрнини оят ва суннат ила таъкидлаганимиздан сўнг, ижозатингиз ила бугунги воқеликка ҳам бир кўз ташласак.

Жамият эркак ва аёллардан ташкил топади. Бироқ, статистик маълумотларга кўра, ҳозирда аёллар сони эркакларникига қараганда кўп экани кўпчиликка аён. Шундай экан, ижтимоий фаолиятни эркакларнинг ўзига юклаб қўйиш адолатдан бўлмайди.

Шунингдек, баъзи ижтимоий масалалар аёлларнинг ўзларига хос бўлиб, унда хотин-қизларнинг бевосита иштироки зарурдир. Мисол учун, шифокорлик, айниқса, доялик, фарзанд тарбияси, хусусан, қизларнинг таълим-тарбия ишлари ва шу каби ишлар билан фақат аёллар шуғулланиши лозим.

Эътибор қаратишимиз керак бўлган яна бир нуқта борки, у ҳам бўлса, аёл кишига Аллоҳ таоло томонидан берилган хусусиятлардир. Аёл кишининг хилқатидаги ана шу ўзига хос жиҳатлардан ижтимоий ишларда унумли фойдаланиш мумкин. Ижтимоий хизматларнинг баъзиларини фақатгина аёл киши бажара олади, десак ҳам бўлади. масалан, аёллардаги зийраклик, эътибор, бирор иш устида узоқ вақт диққатни жамлаб ўтириш, қунт ва сабр каби хусусиятлар баъзи касбларни уларга хослаб қўяди. Масалан, майда деталлардан иборат электрон ускуна ва жиҳозларни йиғиш, баъзи бир нозик буюмларни ишлаб чиқариш, электрон асбобларни тайёрлаш ишларида уларнинг нозик ва чаққон қўллари меҳнатга жалб қилинади. Аёлларнинг ҳар бир нарсада синчков экани кўпгина шунга ўхшаш касб-ҳунарларда қўл келади. Аслида тикувчилик, пазандалик ҳам шундай ишлар сирасига киради ва шунинг учун бу ишларни одатда аёллар бажарадилар. Айнан шу сабаб туфайли уларнинг болалар тарбиясида, демакки, келгуси авлод тарбиясида, жамият тарбиясида ўрни беқиёс. Чунки аёллар фарзанд тарбиясида ҳам ўта синчков, эътиборли, юмшоқ муомалали бўлишади, боланинг эҳтиёжларини тез тушуниб, яхши фаҳмлашади. Шу синчковлик, деталларга эътиборлилик Қуръонни ёдлашда ва ёдлатишда ҳам жуда қўл келади, бу жиҳатдан аёллар эркакларга нисбатан анча устун ҳам туришади.

Шунингдек, аёллардаги ҳушёрлик, ҳассослик, айниқса, интуиция – хатарни тез сеза билиш қобилиятидан ўта нозик масалаларда фойдаланиш мумкин.

Она – меҳр-мурувват манбаидир.  Шунинг учун хайрия ишларида, имконияти чекланган инсонлар, қариялар, беморлар ва яна бошқа турдаги заиф кишиларга хизмат кўрсатишга ҳам аёллар жалб қилинса, яхши натижаларга эришилиши тажрибадан маълум.

Аёлларда Қуръон тили билан «макр» деб аталган хусусият ҳам бор бўлиб, аслида бу тадбиркорлик, уддабуронлик бўлиб, уни яхшиликка, хайрли мақсадларга йўналтириш, бу ноёб хусусиятдан оқилона фойдаланиш мумкин. Бу хусусият асл мақсадда ишлатилмаса, юқорида айтилгандек, салбий тус олиши мумкин. Аёл кишидаги тадбиркорлик айниқса муомала ва муроса санъатида зарурдир. Ҳозирги кунда муслима аёлларимизнинг турли шахслар билан бўлган муомала ва муросалари мана шундай тадбиркорликдан узоқ бўлгани сабаб талай муаммолар келиб чиқмоқда.

Муслима аёлнинг ижтимоий фаол бўлишини тақозо қилаётган яна бир омил замон талабидир. Ҳаёт тарзи шиддат билан ўзгариб, мураккаблашиб борган сари ижтимоий ишларда аёлларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Буни машҳур олим шайх Ибн Байянинг сўзлари ҳам таъкидлайди. У киши шундай деган эканлар: «Ҳозирги кунда муслиманинг майдонга тушиб, фаолият кўрсатиши шарт бўлиб қолди. Агар у майдондан қочиб, ўзини бир четда сақласа, жамиятда фасод тарқаши кенгаяди. Фасодни ислоҳ қилмаса бўлмайди. Буни эса майдонга тушмай туриб бажариб бўлмайди». Демак, билимли ва тақволи аёллар билимсиз, динда сусткашлик қилаётган аёлларни тўғри йўлга бошламасалар, бузғунчилик тарқаши муқаррардир.

Бу борада яна кўп гапларни айтишимиз мумкин. Аммо шунинг ўзи билан кифояланиб, яна бир муҳим нуқта устида тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Бугунги анжуман «Муслималарнинг жамиятидаги ижтимоий ўрни» ва «Россия мигрантлари: ижтимоий ташкилотларнинг ўрни ва аҳамияти» мавзуларида бўлишин эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Бу ва бу каби йиғилиш, чора-тадбирлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Лекин муҳими бундай тадбирлардан тўғри хулоса билан чиқиш ва улардан имкон қадар натижа кўришдир. Яқинда бир катта йиғилишда иштирок этиш каминага насиб қилган эди. Мунозара, баҳс ва нутқлар авжида пайтда олимларимиздан бири сўз навбатини олди-да, «Йиғилишлар бўляпти, муаммолар ёритиляпти, ечимлар айтиляпти, аммо амалиёт ва татбиққа ўтилмаяпти. Натижа йўқ!» деб қолди. Бу гап мени анча ўйлантирди. Бугунги съезд мавзусини эшитганимда ҳам шу гап таъсирида эдим ва муслима аёлнинг ижтимоий фаолиятига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳақида ўйлай кетдим. Аслида бу тўсиқлар ҳақида анчадан бери фикр юритиб келардим. Шу сабаб бугунги фурсатдан фойдаланиб, шу ҳақда икки оғиз гап айтмоқчиман. Лекин мавзуга киришишдан аввал баъзи фикрларни таъкидлаб ўтсам. Аввало, ҳозир айтилажак сўзлар маълум бир жиҳатга қаратилган эмас, балки умумий бўлиб, бутун дунё мусулмонларига, Ислом оламига тегишлидир. Қолаверса, мазкур гаплар билан бошқаларга таълим бериш даъвосидан ҳам йироқман, чунки бу ерда мендан билимли ва тажрибали зотлар бор. Мен анчадан бери дилимга йиғилган оғриқлар билан ўртоқлашмоқчиман, холос.

Муслима аёлнинг ижтимоий фаоллигини сусайтиришга сабаб бўладиган омилларни асосан қуйидаги нуқталарда кўрдим:

  1. Аёлларимизнинг ижтимоий хизмат ҳақида фикри ва ҳисси йўқлиги. Орамизда шундай муслималар борки, уларда жамият ҳақида тушунча йўқ. Жамиятнинг ғами йўқ. Улар вазифаларини фақатгина ўз оилалари билан чегаралайдилар. Янада очиқроқ айтганда, уларни фақатгина ўз турмушлари, эрлари, фарзандлари қизиқтиради, бундан бошқа нарса уларнинг хаёлида ҳам, кўнглида ҳам йўқ. Бундай тоифа аёллар ўз қобиқларига ўралиб олиб, бошқаларга беписандлик билан қарайдилар. Ишонаверинг, улар ҳаётда уруш қурбони бўлаётган болажонлар, уруш дастидан бева қолаётган мўмина опа-сингилларини эсга олмайдилар. Эшитсалар ҳам, эшитмаганликка оладилар. Африкада очликдан нобуд бўлаётган инсонлар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Бундай ҳолатнинг сабаби уларга берилган (ёки берилмаган) тарбиянинг натижасидир. Яна ҳам ачинарлиси, улар оиласидан ортган тақдирда ҳам бутун умрини, бор эътиборини беҳуда нарсаларга сарфлашади. Бозорма-бозор юришга, мода кетидан қувишга, телефондаги фойдасиз нарсалар билан машғул бўлишга ва шу каби нарсаларга асло эринмайдилар. Яхши биламизки, бу ҳақиқий мўмина-муслима аёлнинг сиймоси эмас. Қўшни қардош юртда қирғинбарот бўлиб турганда худди ҳеч нарсани пайқамагандек, бир санъаткорнинг бошидан оёғигача диққат билан эътибор қилиб, унинг либосию пардозини энг майда тафсилотигача эринмай муҳокама қиладиганларнинг кўпининг шоҳиди бўлганман.

Шунинг муқобилида Туркияда бўлиб ўтган бир ибратли воқеани айтиб берсам. 13 ёшли Фахрияхоним исмли етим қизча бир қишлоқдан Истанбулга келади. Ёнида ҳеч вақоси йўқ қиз бир неча кун кўчада яшайди, кейин эса мадраса дарвозаси олдидан жой олиб, ўша ерда тунайди. Ноилож ёнида қолган сариқ чақаларга ширинлик харид қилиб, уни талаба болаларга сотиб, кун кўра бошлайди. Шу тариқа, ўзи билмаган ҳолда кичик бир тижорат билан шуғулланади. Аммо ўзи ҳам қачонлардир мана шундай Қуръон мадрасаси қуришни орзу қилиб юради. Аллоҳ унинг бу хайрли ниятини ижобат қилиб, ишига барака беради. Фахрия аста-секин дўкон очади, бора-бора қандиллар тижорати билан ҳам шуғулланиб, шаҳардаги катта бойлардан бирига айланади. Кейин эса ўзи орзу қилганидек, тўққиз қаватли мадраса очади ва у ерда Қуръон таълимини йўлга қўйиш учун миллионлар сарфлайди. Ана шундай юксак молиявий ва маънавий даражага эришган Фахрияхоним энди кечалари нима билан банд бўлади деб ўйлайсиз? Фахрияхоним энди кечалари шаҳарни айланиб, бошпанасиз қизчаларни кўрса, қарамоғига олишни ўзига одат қилибди. У ўша қизчаларни ўзи ювинтирар, кийинтириб, уларга хона тайёрлар экан. Аллоҳ таолодан жамиятимизда мана шу хоним каби мустаҳкам иродали ва хайр-саховатли аёллар кўпайишини сўраб қоламиз.

  1. Ташқи тўсиқлар. Орамизда билимли, ижтимоий ишларга лаёқатли, бу ишларга хайрихоҳ аёллар кўп. Аммо уларни ижтимоий фаолиятдан ташқи омил тўсади. Бу омил баъзан шахс, баъзан бошқа нарсалар бўлади. Масалан, уларга жамиятда фаолият кўрсатишга яқинлари, қариндошлари тўсқинлик қилади. Биринчи навбатда турмуш ўртоқлари уларнинг уйдан чиқмаслигини, фақат эрнинг хизмати, фарзанд тарбияси ва уй юмушлари билан банд бўлишини истайди. Албатта, аёл киши учун энг биринчи масъулият эрга хизмат қилиш ва фарзанд тарбиясидир. Бунга асло хилоф қилмаймиз. Аммо қобилиятли аёллар жамиятга хизмат қилмаса, ким қилади – буни ҳам ўйлаб кўриш керак-ку?! Қизиғи шундаки, бундай турдаги эркаклар ўзларига жуфт танлаганларида билимлисини истайдилар. Имкон қадар ўқиган, илмли аёлга уйланишга интиладилар. Совчилар номи чиққан илмли қизни сўраб, навбат туришади. Аммо у билан турмуш қуриш насиб этиб қолса, тўйдан кейин аёлига оила ишларидан бошқа нарсани ман қилиб қўйишади. «Шунча ўқигани нима бўлди? Нега унда ўқиганини олдинг?» дейилса, «Фарзандларимни илмли қилиши учун» дейди. Шу ерда бир савол туғилади: «Давлат бу каби аёлларни фақат шу эркакнинг фарзандларини тарбиялаш учун ўқитиб бердими? Шунча ўқитувчилар фақат шунинг учун тер тўкиб меҳнат қилишдими?» Яна ҳам қизиғи шундаки, бу тоифа эркаклар аёли ва қизлари учун аёл шифокорлар, аёл мураббиялар истайдилар. Аммо бошқа эркаклар ҳам уларга ўхшаб иш тутса, ўша шифокор ёки мураббия аёлини кўчага чиқармаса-чи? Агар ҳар бир эркак аёлини уйига қамаб ўтирса, аёлларининг бичимини олиб, кийим тикиш ҳам эркак кишиларга қолиб кетмайдими?

Яна бошқа қобилиятли аёллар борки, уларнинг борлигини кўпчилик билмайди. Улар моддий ёки маънавий эҳтиёжлари туфайли фаолият юрита омасликлари мумкин. Аммо бунинг учун уларга узатиладиган ёрдам қўли топилмайди. Уларнинг камчилигини тўлдириб, жамият ишларига қадам қўйиб кетишлари учун хайрихоҳ, саховатли инсонларнинг эътибори етишмайди.

  1. Билимсизлик. Аёл кишининг ижтимоий фаолиятига тўсқин бўладиган яна бир омил – унинг ўз соҳасини яхши эгалламаслигидир. Баъзи аёллар ўқиб-ўрганишга имконият берилса ҳам, турли сабабларга кўра таълим жараёнида сусткашлик қиладилар. «Қўл учида» ўқишни битириб, иш бошлайдилар. Фаолият юритишга ҳамма имкониятлари шай бўлса-да, чаласаводлик туфайли иш жараёнида оқсайдилар. Ишлари кутилган натижани бермайди. Умуман самара бермайдиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Демак, бирор масъулиятли ишнинг бошини ушлаш учун аввало яхши таълим олиш керак. Қолаверса, таълим олиш билан тўхтаб қолмай, вақти-вақти билан малака ошириб туриш ҳам зарур. Айниқса, соҳа мутахассислари билан доимий алоқада бўлиб, уларнинг кўрсатмалари ва тажрибаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, касбдошлари билан тажриба алмаштириб туриш ҳам муҳим. Қисқаси, ўз устида ва ўз соҳаси устида мунтазам шуғулланиб бориш талаб қилинади.

Мисол тариқасида Умму Тоҳа исмли аёлни келтирсак. У Фаластинда туғилиб-ўсган, кейин бошқа араб давлатига кўчиб ўтган. Саводи бўлмаганидан, эски тикув машинасида чеварлик қилиб, арзимаган пул топиб, кун кўрган. Умму Тоҳа 70 ёшга етиб қолгач, Аллоҳ ҳақида тафаккур қилиб, ўйланиб қолди. «Аллоҳга юзланган чоғимда менга: «Эй Умму Тоҳа, Менинг исмимни ёза оласанми? Агар ёза оланг, сенга жаннат эшикларини очаман», деса, нима қиламан?» деган фикр кўнглидан ўтди. Бу фикр гўёки рўёда юз бергандек эди. Ўша онда Умму Тоҳа Роббининг исмини ёза олмаслигини алам билан тан олди. У уйига келган биринчи аёлдан «Аллоҳ» сўзини ёза оласанми деб сўраган эди, у «Ҳа» деб жавоб қилди, бу сўз ­«алиф», «лам», «лам» ва «ҳа» ҳарфларидан ташкил топганини айтиб, ёзиб кўрсатди. Шундан сўнг Умму Тоҳа қўлига Қуръонни олиб, «Аллоҳ» калимасини қидира бошлади. Биринчи бетидан бир нечта «Аллоҳ» сўзларини топди ва Қуръоннинг охириги бетигача варақлаб, ундаги барча «Аллоҳ» калималарини ўқиб чиқди.

Орада бир муддат ўтгач, Умму Тоҳа Аллоҳ таоло «Нима учун Менинг Китобимни ўқимагансан?» деса, жавоб бера олмаслигини ўйлаб қолди. Шунда у яна ўша аёлга мурожаат қилиб, унга араб алифбосини ўргатишни илтимос қилди. Тез орада у Қуръон ўқишни ҳам ўрганиб олди. Орадан кўп ўтмай, Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилди. Умму Тоҳа инсон қариганда хотираси сустлашишини, аммо бутунлай йўқолмаслигини, бемалол Қуръонни ёд олиш мумкинлигини, бунинг учун улкан ажр-савоблар берилишини билгач, 73 ёшида Қуръони Каримни ни тўлиқ ёд олди. 

  1. Ихлоссизлик ва шахсий манфаатни кўзлаш. Гарчи динимизда бу нарсалар қаттиқ қораланган бўлса-да, ушбу ҳолат кўпчилик учун умумий бало бўлиб, жуда камчилик ундан саломат қолмоқда. Жамият учун тер тўкишга келганда керакли имкониятлар мавжуд бўлса ҳам, эринчоқлик ва сусткашликка йўл қўйяпмиз, масъулият ва пухта иш бажаришдан қочяпмиз. Баъзан эса бажарилаётган иш Аллоҳ розилиги учун бўлмай, шахсий манфаат томон бурилиб кетади. Ҳозирги кунда кўпчилик шуҳратпарастликка мубтало бўлган бўлса, тарафкашлик ҳам ундан кам эмас. Бундай ҳолатда амалга оширилган ишлар натижа бермаслиги, аксинча, ёмон оқибатлар келтириб чиқариши табиийдир.

Бу ерда уламоларнинг бир қоидаси қўлланиши лозим: «Аллоҳ учун бўлган нарса давомли ва барқарор бўлади. У Зотдан бошқа учун бўлган нарса эса узоққа бормай тугаб қолади».

  1. Аллоҳдан йироқлик. Ижтимоий фаолият натижасизлигининг асосий сабаби Аллоҳга эмас, сабабларга суянишдир. Биз кўпинча сабаблар билан ҳисоблашиб, хулосаларни шунга кўра қилганимиз учун тавфиқ Аллоҳдан бўлишини, Аллоҳнинг иродаси, Аллоҳнинг ҳикмати деган нарсаларни унутиб қўямиз. Махлуқотлар ўлчови билан иш кўриб, Холиқнинг қудратини кўпинча беэътибор қолдирамиз. Аслида эса ҳар бир ишда аввало Аллоҳга суянишимиз, У Зотга илтижо қилиб, тавфиқ сўрашимиз, истихора қилишимиз керак. Биз бандаларнинг вазифамиз амалда тиришқоқлик ва ҳимматдир, аммо тадбир ва натижа Аллоҳдандир.

Ушбу анжумандаги асосий, энг муҳим масалалардан бири мигрантлар – меҳнат муҳожирлари мавзуси экан. Дарҳақиқат, муҳожирлар мавзуси бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Ҳозирда бирор юрт йўқки, мигрантлари бўлмаса, бирор юрт йўқки, фуқаролари бошқа юртда яшамаётган бўлса! Жорий йилнинг май ойида Бирлашган Араб Амирликларида «Озчилик мусулмон жамиятлари» мавзусидаги конференцияда иштирок этиш насиб қилди. Ҳақиқатдан ҳам, бу борада анча муаммоларимиз, қилиниши керак бўлган ишларимиз бор экан. Ўтган сафарги ташрифимда «Оиша» клубининг муҳожир аёлларга ва уларнинг болаларига кўрсатаётган руҳий-маънавий кўмакларининг гувоҳи бўлдим. Бу жуда ҳам улуғ ишдир, ғарибларга яхшилик қилишнинг ажри каттадир. Мана, бугун ана ўша саъй-ҳаракатларнинг давомини, ривожини кўриб турибман. Биз муслима опа-сингиллар ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда бундай клуб, марказ ва ташкилотларни кўпайтиришимиз, ундаги хизматларда астойдил бўлишимиз зарурдир. Муҳожир муслималарнинг кўриб чиқилиши керак бўлган жуда кўп масалалари бор. Аввало, уларга шариатнинг уларга оид ҳукмларини, чегара ва кўрсатмаларини ўргатиш, муҳожирликка оид қонун-қоидалар, одобларни, шунингдек, муҳожир, мусофир кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, бурч ва мажбуриятларини ўргатмоғимиз лозим. Уларга оид муаммоларни ҳал қилиш учун бор имкониятларимизни ишга солиш керак. Заифаларимизнинг ғурбатда ноқулай ҳолатларга тушиб қолишининг олдини олиш, динига, миллатига, шаънига номуносиб ҳолатлардан қайтармоғимиз лозим. Айниқса, энг катта эҳтиёжлари бўлиб турган фиқҳий масалаларда кўмак беришимиз керак. Ёт юртнинг бегона муҳитида тўғри йўл топишда, фарзанд тарбиясида ёрдамчи бўлишимиз керак. Агар муҳожирларимиз мусофир юртда шариат доирасида юришса, ҳақиқий мусулмон сиймосини намойиш қилишга муваффақ бўлишса, бу барчамиз учун, хусусан, Ватанимиз учун хайр-барака бўлади, фахр бўлади, бошқа халқларнинг динимиз ва миллатимизни ҳурмат қилишига сабаб бўлади. Қолаверса, уларнинг динимизга рағбат қилиши учун ҳам туртки бўлиши мумкин. Аммо бунинг акси бўлса, Аллоҳ кўрсатмасин, диндорларнинг шаънига иснод тегишига ҳисса қўшилади, юртимизнинг, халқимизнинг юзи шувут бўлади. Ҳозирги кунда мигрантлар масаласи долзарб экан, унинг жамиятимизга таъсири кучли экан, бу борада биргаликда, келишиб ишлашимиз, бу мавзуларни чуқур ўрганишимиз, таҳлил қилишимиз ҳамда пухта режа ишлаб чиқиб, босқичма-босқич ҳаракат қилишимиз ва албатта, натижаларни қўлга киритишимиз зарур.

Сўзимнинг ниҳоясида қалбимдан чуқур жой олган икки ибратли сўзни сизларга етказмоқчиман. Ўйлайманки, улар сизнинг қалбингиздан ҳам шундай ўрин олади.

2010 йили Кувайтда «Аёл ва умматнинг уйғониши» номли анжуман бўлиб ўтди. Унда доктор Суъад Фотиҳ хоним шундай деган эдилар: «Биз дастлаб икки киши бўлганмиз ва ҳаракатимизни журнал ишидан бошлаганмиз. Секин-секин муроса билан журнал чиқаришга муваффақ бўлдик. Бошида у кичик бир журнал эди. Лекин у пайтлар шунинг ўзи ҳам имконсиз нарса эди. лекин биз ўшандан бери ҳаракатдан тўхтамадик». Доктор Суъад Фотиҳ хоним суданлик жамоат арбоби бўлиб, зиддиятга бой бўлган бу юртда кўп муваффақиятларга эришган. Ҳозирда у бир қанча партия, ташкилот ва ўқув даргоҳларида раҳбарлик ҳамда иштирокчилик қилади.

Мавлоно Мустафо Надвий айтадилар: «Девбанд илмий марказининг фаолияти бармоқда санарли кишилар иштирокида бошланган. Фаолиятининг дастлабки ўрни бир дарахтнинг таги бўлган. Бугунга келиб, Девбанднинг ҳолати ўзингизга маълум. Таълим-тарбия фақат мадраса-биноларни, балки қалбларни очишдир». Девбанд Ҳиндистондаги илмий даргоҳ бўлиб, минглаб олимларни етиштириб чиқарган.

Аллоҳ таолодан ушбу сўзлар барчамиз учун ибрат бўлишини, ундан керакли хулоса чиқаришимизни, келгусидаги хизматларимиз учун туртки бўлишини сўраб қоламан.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Ёз кунларининг бирида ўғлим мактабда бирга ўқиган ўртоғини уйимизга бошлаб келди. Танидингизми, она давоми...

12:33 / 25.02.2019 3365
Вақт инсоннинг умри ва ҳаётидаги сармоясидир Аллоҳ таоло инсон зиммасига бир қанча мажбуриятларни юклар давоми...

21:00 / 22.10.2019 3276
1. Саждадан қайтганда ғоз ҳолга келиш. 2. Саждага кетаётганда аввал икки тиззани, кейин икки қўлни ва сўнгра давоми...

18:28 / 09.12.2016 3239
Ер Соати инг. Earth Hour ҳар йили  Умумжаҳон ёввойи табиат фонди WWF томонидан ўтказиладиган халқаро воқеадир. У давоми...

10:43 / 02.03.2017 4286