Қаҳва финжони
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кекса аёл қадимий буюмлар дўконидан харид қилган финжонни меҳмонхонасидаги идиш жавонига жойлаштирди. Финжон шу қадар чиройли, нақшлари гўзал, тасвирлари ёрқинки, гўё оддий қўл иши эмас, нақ санъат асарининг ўзгинаси эди.  Аммо бу чиройли буюмни унчалик қимматга харид қилмаганди. Аёл финжондан мафтун нигоҳларини узолмасди.

Шу он кутилмаганда финжон тилга кирди:

– Менга маҳлиё бўлиб термуляпсан-а?! Лекин мен бундай чиройли эмасдим, аслида. Бошимдан ўтганлар, кўрган-кечирганларим мени шу аҳволга келтирди.

Аёл ҳайратдан тош қотди: қаршисидаги қаҳва финжони гапираётганди!

Зўрға ўзига келиб:

– Қанақасига? Тушунмадим!.. – деди аёл.

– Мен бир пайтлар оддий лой эдим. Бир ҳунарманд келди. Мени қўлига олди: эзғилади, тепди, қорди. Азобларга чидолмай: “Етар! Илтимос, тўхтат!” дедим. Уста кулимсираб: “Йўқ, бироз бор ҳали”, деди.

Кейин мени тахта устига қўйди. У ерда ҳам айландим, айланавердим... Бошим айланиб кетди. Яна ҳайқирдим: “Илтимос, мени бу ердан қутқар! Энди айланишни истамайман!” Уста эса яна табассум қилди: “Вақти келмади!”

Шундай деб мени оловга қўйди. Хумдоннинг оғзини ёпиб, оташни кучайтирди. Хумдон туйнугидан кўриб турардим уни. Оташ тафтига чидаёлмадим. Мени ёқиб ўлдирмоқчи, деб ўйладим. Хумдон деворларини ура бошладим. “Уста! Илтимос, бу ердан чиқар мени!” деб бақиришга тушдим. Туйнукдан кўзим тушганида уста яна кулимсираб ўтирган эди: “Вақти бор!..”

Бирор соат хумдонда қолиб кетдим. Сўнг уста мени ташқарига чиқарди. Хотиржам нафас ола бошладим. Уста мени иш столи устига қўйди-ю, бўёқ ва мўйқалам олиб келди. Мўйқаламни сиртимда оҳиста юргиза бошлади. Қитиғим келиб ғашландим. “Бўлди, уста, қитиғим келяпти!” дедим. Уста яна ўша жавобни берди: “Ҳали эмас!”

Сўнг мени оҳиста тутиб, яна хумдонга яқинлашди. “Йўқ, мени яна хумдонга тиқма!” деб бақирдим. Қўрқувдан ўлаёздим. Хумдонни очиб, мени ичкарига отди ва қопқоқни ёпиб, оташни аввалгидан икки ҳисса орттирди. Туйнукдан қараб устага ёлвордим. Аммо ундан фақат ўша табассум ва жавобни олдим. Фақат бу гал устанинг яноғида бир томчи кўз ёши думалаганини кўрдим.

Охирги сонияларимни яшаётганимни ўйлаётганимда хумдон туйнуги очилди ва устанинг узун бармоқлари мени ташқарига тортди. Чуқур нафас олдим. Ўзим кутган хотиржамликка эришгандим. Уста мени энг баланд пештахтага қўйди ва сўради:

– Энди худди истаганимдай бўлдинг. Ўзингни кўришни истайсанми?

Тасдиқ ишорасини бердим. Кўзгу келтирди. Кўзларимга ишонмасдим. Ойнага қайта-қайта қарадим ва:

– Бу мен эмасман-ку! Мен бир парча лой эдим...

– Бу айнан сенсан! – деди уста. – Сен изтироб ва машаққат деб билганларинг таъсирида шундай гўзал финжон ҳолига келдинг! Агар лой парчаси бўлганингда сени обдон ишламасам, қуриб кетардинг. Дастгоҳда айлантирмасам, уваланиб тупроқ бўлардинг. Қайноқ хумдонга тиқмасам, пишмасдинг. Бўямасам, ҳаётингда ранг бўлмасди! Лекин сенга ҳақиқий куч ва қувватни иккинчи марта хумдонга кирганинг берди. Энди сенда мен орзу қилган ҳамма нарса бор.

Шу онда лой парчасидан қаҳва финжонига айланган — менинг тилимдан учаётган сўзлар ўзимни ҳам ҳайратга солди:

– Устам! Сенга ишонмаганим учун мени кечир! Менга зарар етказасан, деб ўйлагандим. Мени мендан ортиқ яхши кўриб, эзгулик қилмоқчилигингни, қадримни, нархимни оширмоқчилигингни билмадим! Калта ўйлабман. Аммо ўзимни муҳташам санъат асари шаклида кўриб, сенга таъзим этаман! Мен қайғу ва машаққат деб билганларимни менга раво кўрганинг учун миннатдорман! Миннатдорман!..

Тинглаб ўтирган аёлнинг кўзларидан шашқатор ёш оқар, шу билан бир пайтда қаҳ-қаҳ отиб куларди...

 Қиссадан ҳисса: ҳунарманд уста идишни, Яратган инсонни машаққатларда тоблаб мукаммал шаклга келтиради.

 Турк тилидан Умида Адизова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таналарининг ранги қандай эди           Жавоб У Зотнинг давоми...

18:32 / 05.12.2017 2606
video width640 height360 mp4httpmuslimaat.uzwpcontentuploads201708video20170821103336.mp4video

09:55 / 22.08.2017 4042
Исроил тарихида илк маротаба муслима аёл судья этиб тайинланди    Исроил тарихида шариат судида биринчи давоми...

10:21 / 04.05.2017 4270
Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўз наслнасабини ва келажак авлодини асрабавайлаб, унинг қадрини билса, ундай давоми...

21:22 / 13.12.2016 3263