Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўз боши

Жума куни мусулмонлар учун байрамдир. Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади. Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган. Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.

Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.

Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди. У зот Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар. Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.

Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун. Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.

Бу мўъжаз тўпламда имкон қадар жума кунининг фазилатларини баён этишга, жума намозига оид оят ва ҳадисларни келтириб ўтишга ҳаракат қилдик.

Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!

Жума фарз қилинган оят يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَىٰ ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланганда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир» (Жума сураси, 9-оят).

Бу ояти каримада мўмин-мусулмонлар жумага боришга амр қилиняпти. Феълнинг буйруқ майли эса вожибликка далолатдир. Намоз вақтида тижорат ва бошқа машғулотларни тарк этишга бўлган буйруқ унинг бажарилиши зарурлигини таъкидлайди. Зеро, у намозларнинг афзали ва бу умматга берилган мукофотдир.

عَنْ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَجُلًا مِنَ الْيَهُودِ قَالَ لَهُ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، آيَةٌ فِي كِتَابِكُمْ تَقْرَءُونَهَا لَوْ عَلَيْنَا مَعْشَرَ الْيَهُودِ نَزَلَتْ لَاتَّخَذْنَا ذَلِكَ الْيَوْمَ عِيدًا، قَالَ: أَيُّ آيَةٍ؟ قَال: الْيَوْمَ يَئِسَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن دِينِكُمْ فَلاَ تَخْشَوْهُمْ وَاخْشَوْنِ الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِينًا ، فَقَالَ عُمَرُ: قَدْ عَرَفْنَا ذَلِكَ الْيَوْمَ وَالْمَكَانَ الَّذِي نَزَلَتْ فِيهِ عَلَى النَّبِيِّ r وَهُوَ قَائِمٌ بِعَرَفَةَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. 

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Яҳудийлардан бир одам у кишига: «Эй мўминларнинг амири, Китобингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар биз, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, ўша кунни байрам қилиб олар эдик», – деди. У киши: «Қайси оят?» – деб сўрадилар.

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» ояти», – деди. Шунда Умар: «Биз ана шу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот жума куни Арафотда тик турган эдилар», – дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилиш­ган.

Мазкур ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ислом дини бандаларга Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эканини мусулмон бўлмаган инсофли шахслар ҳам эътироф этмоқда. Уламоларимиз ўз китобларида ишончли манбалардан ривоят қилишларича, яҳудийлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: «Китобингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар биз, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, ўша кунни байрам қилиб олар эдик», – деган экан. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларнинг қайси оятни назарда тутаётганларини билгач: «Биз у кунни бир эмас, икки байрам: ҳам жума, ҳам қурбон ҳайити қилиб олганмиз», – деб жавоб берган эканлар.

 

Азизхўжа Иноятов  Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Собиқ роҳиба Ирена Хандоно You tubeдаги видео лавҳада шундай ҳикоя қилади «Олти ёшлигимда мени черков давоми...

15:36 / 09.11.2016 4424
Мактаб муслималарнинг неча ёшдан бошлаб ҳижоб ўраши ва рўза тутишини мумкинлигини белгилади Буюк давоми...

20:07 / 16.01.2018 4898
embedhttpswww.youtube.comwatchv3PSgJRGVZGAembed

14:46 / 31.01.2017 6871
Сайтимизнинг азиз мухлис ва мухлисалари Сизни қизиқтирган саволларга сайтимизнинг «Педагог маслаҳатлари» давоми...

13:17 / 11.03.2017 3632