Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг қисқача таснифлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки улар муқаддас Ислом динини бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига олган ҳамда бу вазифани тўла-тўкис адо этган зотлардир. Шунинг учун динини улуғлаган ҳар бир мусулмон уларни ҳам улуғлаши лозим бўлади.

Саҳоба сўзи луғатда “дўст бўлмоқ”, “бирга юрмоқ” каби маъноларни англатади.

Истилоҳда эса “иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган кишидир”.

Саҳобаларнинг фазилатлари

Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир инсон эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ёки улуғликка номуносиб ишлардан пок эканликлари, ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги зотлар ҳисобланадилар. Қуръони Каримда саҳобаи киромларга шундай хитоб қилинган:

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ

Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз

Яъни ушбу ояти каримадаги васф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига тааллуқли бўлса-да, саҳобаи киромларнинг барчаларига мос келадиган хитоб ҳисобланади.

Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мартабалари шундай баён қилинган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ »رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд”(544 граммга тенг ўлчов бирлиги)ига ҳам, унинг(муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди” (Имом Термизий ривоят қилган).

Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг охиргисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу жонларини фидо қилган мўминлардир. Кейингилар эса фақат улар етказган нарсаларга риоя қиладиган мўминлар саналади.

Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни улуғлаш лозимлигини таъкидлаб шундай деган: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини ёмонотлиқ қилаётган бирор кимсани кўрсангиз, билингки, у кимса зиндиқ(динсиз)дир. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ деб биламиз, (у зот олиб келган) Қуръонни ҳақ деб биламиз, бизларга эса Қуръонни ҳам суннатларни ҳам саҳобалар етказганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ва суннатни ботилга чиқармоқчи бўлган кимсаларгина бу иккаласини етказган зотларни ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари гувоҳликлари қабул қилинмайдиган зиндиқлардир”.

Саҳобаларнинг адади қанча бўлган?

Саҳобаларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарих уламолари аниқ бир ададга иттифоқ қилишмаган. Фақат баъзи муҳаққиқ олимлар уларнинг адади юз мингдан ортиқ бўлган, деганлар. Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳдан “саҳобаларнинг адади бир юз ўн тўрт мингта бўлган”, деган қавл ҳам ривоят қилинган.

Жинлар ҳам саҳоба ҳисобланадими?

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар. Бу ҳақида Мулла Али Қорий роҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги қавлни ривоят қилган: “Саховий: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у зотга имон келтирган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланади, чунки Расулуллоҳ алайҳис солату вассаломнинг уларга ҳам пайғамбар этиб юборилганлари қатъий равишда аниқдир”, деган.

Бадриддин Шиблий Ҳанафий роҳматуллоҳи алайҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб у зотга иймон келтирган жинларнинг охиргиси юзинчи ҳижрий сана атрофида вафот этгани ривоят қилинган.

Исломни биринчи бўлиб қабул қилган саҳобалар

Ибн Салоҳ роҳматуллоҳи алайҳнинг таҳқиқларига кўра биринчи бўлиб Исломни қабул қилган саҳоблар деганда қуйидаги зотлар тушунилади:

-         ҳур эркаклардан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу;

-         балоғатга етмаган ёш болалар ичидан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;

-         аёллардан Хадижа бинт Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамиз;

-         озод қилинган қуллардан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу;

-         қуллардан Билол розияллоҳу анҳу.

Фақиҳликда машҳур бўлган саҳобалар

Бир қанча саҳобалар фиқҳий масалалар билимдони сифатида машҳур бўлганлар. Шу маънода қуйидаги зотлардан кўплаб фатволар нақл қилинган:

-         Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу;

-         Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;

-         Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу;

-         Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу;

-         Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу;

-         Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу;

-         Оиша розияллоҳу анҳо.

Энг кўп фатво берган саҳоба

Энг кўп фатво берган саҳоба “Қуръон таржимони” лақабини олган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳисобланади. Чунки хулофои рошидинлар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд сингари илмда пешқадам бўлган зотлар саҳобаларнинг кўпчилиги ҳаёт бўлган пайтларда вафот этиб кетганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса саҳобалар камайиб уларнинг илмларига эҳтиёж кучайган вақтларда яшаб ўтган. Шу сабабли бу зотнинг фатволари кўпроқ нақл қилинган.

Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар

Қуйидаги саҳобалар энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар ҳисобланади:

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:                5374 та ҳадис ривоят қилган;
  2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу:    2630 та ҳадис ривоят қилган;
  3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:          2286 та ҳадис ривоят қилган;
  4. Оиша розияллоҳу анҳо:                          2210 та ҳадис ривоят қилган;
  5. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:1660 та ҳадис ривоят қилган;
  6. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:  1540 та ҳадис ривоят қилган.

Ривоят қилган ҳадисларининг сонига қараб, саҳобийларга нисбатан «асҳоб ал-улуф» («минглаб ҳадис эгалари»), «асҳоб ал-алфайн» («икки минг ҳадис эгалари») ва «асҳоб ал-алф» (минг ҳадис эгалари) атамалари ҳам ишлатилган. «Асҳоб ал-алф» – ривоят қилган ҳадисларининг сони мингдан икки минггача бўлган саҳобийлар гуруҳига қуйидагилар киради: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу. «Асҳоб ал-алфайн» – ривоят қилган ҳадисларининг сони икки мингдан ошган саҳобийлар гуруҳига қуйидагилар киради: Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Малик, Оиша розияллоҳу анҳо. Шунингдек, «асҳоб ал-улуф» – ривоят қилган ҳадисларининг сони уч мингдан ортган саҳобий фақат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳисобланадилар.

Саҳобийларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадис ривоят қилишларига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

а) кўп вақт Расулуллоҳ билан бирга бўлганлари;

б) у киши билан бир ерда яшаганлари;

в) ҳадисларни қайд этиб боришлари;

г) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларни эслаб қолиши учун саҳобийнинг ҳаққига қилган дуолари;

д) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин узоқ умр кўрганлари;

е) давлат ишларида ишламаганликлари ҳамда Мадина ва Маккадан ташқарига чиқиб, бошқа халқларга ҳадисларни ўргатиш имкониятига кўпроқ эга бўлганлари ва бошқалар.

“Абодила”(Абдуллоҳ исмли саҳоба)лар

Абдуллоҳ исмли саҳобалар 300 га яқин бўлган. Лекин ҳадис илмида“Абодила”лар деганда, асли исмлари Абдуллоҳ бўлган қуйидаги саҳобалар  кўзда тутилади:

  1. Абдуллоҳ ибн Умар;
  2. Абдуллоҳ ибн Аббос;
  3. Абдуллоҳ ибн Зубайр;
  4. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ёки Абдуллоҳ ибн Масъуд.

Ушбу зотлар энг охири вафот этган ва кейингилар уларнинг илмларига ниҳоятда муҳтож бўлиб қолган олим саҳобалар ҳисобланади. Шунга кўра бу зотлар бошқалардан “Абодила”лар номи билан ажралиб турган. Агар бу зотлар бир фатвога иттифоқ бўлсалар, “бу Абодилаларнинг сўзи” дейилган.

Тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати берилган саҳобалар

Баъзи саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тириклик вақтларидаёқ жаннатий бўлишларини хабар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида уларнинг ўнтасини номма-ном санаганлар. “Ашараи мубашшара” (башорат берилган ўн киши) номи билан машҳур бўлган саҳобалар қуйидаги зотлардир:

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ ».رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Абу Бакр жаннатда бўлади, Умар жаннатда бўлади, Усмон жаннатда бўлади, Али жаннатда бўлади, Талҳа жаннатда бўлади, Зубайр жаннатда бўлади, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда бўлади, Саъд жаннатда бўлади, Саъийд жаннатда бўлади, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади” (Имом Термизий ривоят қилган).

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога шундай деганлар:

أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِى سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ

Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишингизга рози бўлмайсизми!

Имом Насоий ривоят қилган ҳадисдаи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳақида шундай деганлар:

أَنَّ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ سَيِّدَا شَبَابِ أَهْلِ الْجَنَّةِ

Албатта, Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир.

Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда номлари айтилган саҳобаларни жаннатий деб эътиқод қилинади. Номлари айтилмаган саҳобалар ҳақида эса жаннатий бўлишлари бошқалардан кўра кўпроқ умид қилинади.

Саҳобаларнинг табақалари

Ҳоким Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни Исломни биринчи қабул қилганлари ва кўплаб улуғ ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганлари эътиборидан ўн икки табақага ажратганлар:

  1. Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси.
  2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин исломни қабул қилганлар табақаси.
  3. Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар “Ҳабашистон муҳожирлари” деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади.
  4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси.
  5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси.
  6. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси.
  7. Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси.
  8. Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси.
  9. Ҳудайбия ғазотидаги “Байъатур ризвон”да қатнашган саҳобалар табақаси.
  10. Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси.
  11. Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси.
  12. “Фатҳ куни” ва “Ҳажжат ул-вадоъ”да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси.

Саҳобиялар

Саҳобийлар орасида аёллар ўзига хос ўринга эга бўлганлар. Жумладан, Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар. Бу эса аксар эркак саҳобийларнинг ривоятидан кўпдир. Шунингдек, Умму Салама розияллоҳу анҳо 378 та, Маймуна бинт Ҳорис розияллоҳу анҳо 76 та, Ҳабиба бинт Абу Суфён розияллоҳу анҳо 65 та, Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳо 60 та, Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо 11 та, Софийя бинт Ҳайй ибн Ахтаб розияллоҳу анҳо 10 та, Жувайрия бинт Ҳорис розияллоҳу анҳо 7 та, Асмо бинт Язид ибн Сакан розияллоҳу анҳо 81 та, Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳо 60 та, Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо 58 та, Умму Ҳони бинт Абу Толиб розияллоҳу анҳо 46 та, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо 18 та ва Савда бинт Замъа розияллоҳу анҳолар 5 та ҳадис ривоят қилганлар.

Олимлар олти ишончли тўпламда ҳадис ривоятлари киритилган саҳобий аёлларнинг ададини ҳам ҳисоблаб чиққанлар. Жумладан, Имом Бухорий 31 та, Муслим 36 та, Абу Довуд 75 та, Термизий 46 та, Насоий 65 та ва Ибн Можа 60 та саҳобиядан ҳадис ривоятини келтирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим аёлларга тириклигидаёқ жаннатийлик башоратини берганлар. Аҳмад Халил Жума ўзининг «Нисо мубашширот би-л-жанна» – «Жаннат билан башорат берилган аёллар» асарида улардан йигирма нафарини санаган. Улар жумласига Хадича бинт Хувайлид, Оиша бинт Абу Бакр, Фотима бинт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Зайнаб бинт Жаҳш, Фотима бинт Асад, Умму Ҳаром бинт Милҳон, Нусайба бинт Каъб Умму Аммора, Умму Румон бинт Омир, Барака бинт Саълаба Умму Айман, Робиа бинт Муаввиз Ансория, Сумаййа бинт Хаббот, Кабаша бинт Рофе Умму Саъд ибн Муоз, Фуриа бинт Молик, Умму Мунзир ибн Қайс, Асмо бинт Абу Бакр, Умму Сулайм бинт Милҳон, Умму Варақа Ансоррия, Асмо бинт Язид ибн Сакан, Умму Ҳишом бинт Ҳориса ва Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳолар киради.

  1. Саҳобиялар ҳам эркак саҳобийлар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита савол сўраш ҳуқуқига эга бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг, аёллар ҳам турли шаҳарларга бориб ҳадис ривоят қилганлари маълум. Масалан, Умму Атийа розияллоҳу анҳо Басрада ҳадис ривояти ва фиқҳ илмида шуҳрат қозонган, Асмо бинт Язид Шомда ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, ҳаж мавсумида кўплаб саҳобиялар ҳадис ривоят қилиш билан машғул бўлганлар.

Саҳобаларнинг энг сўнгги вакиллари ва улар вафот этган жойлар

Қуйидаги зотлар ёшлик пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига сазовор бўлишган ҳамда узоқ умр кўрган саҳобалар саналадилар:

-         Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу. 110-ҳижрий санада Маккада вафот этган;

-         Маҳмуд ибн Робиъ розияллоҳу анҳу. 99-ҳижрий санада Мадинада вафот этган;

-         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. 93-ҳижрий санада Басрада вафот этган;

-         Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу. 86-ҳижрий санада Куфада вафот этган;

-         Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу. 96-ҳижрий санада Шомда вафот этган;

-         Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдий розияллоҳу анҳу 86-ҳижрий санада Мисрда вафот этган.

Пайғамбарлар сўнггисига иймон келтириб, у зот алайҳиссалом билан бирга яшашдек мислсиз саодатга ёки бир марта бўлса ҳам у зотни кўриб қолишдек тенгсиз бахтга сазовор бўлган барча мўминларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни мазкур “йўлчи юлдуз”ларга иқтидо қилиб яшаш бахтига муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамд, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

 Робия Маннобжонова,

“Хадичаи Кубро” номли аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юрти 4-босқич талабаси

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvrtE3XOYJhcembed

15:04 / 11.04.2018 3145
Янги лойиҳа  ЯНГИ АСР ОЛИМИ  Аллоҳ таоло то қиёматга қадар ҳар юз йилда бир олим чиқариб туради, дейишади. давоми...

13:58 / 16.01.2018 4685
Олиб борилган изланишлар шуни кўрсатдики, PBDE моддаси, асосан, уйимиздаги жиҳозлар мебел, гилам, телевизор давоми...

07:55 / 29.12.2016 3691
Ўн нарса фитратдан Савол Ассалому алайкум Балоғат ёшига eтаётган қиз ва йигитларнинг қўлтиқ ости ҳамда давоми...

12:30 / 16.08.2017 7345