“Хамса” – Алишер Навоий ижодининг қалбидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

,Навосиз улуснинг навобахши бўл

!Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл

 Ҳазрат Навоий

15-аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил Рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 февраль)да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди. Алишер туғилган хонадон Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди. Йирик маънавий сиймо сифатида дунёга танилган Алишер Навоий сиёсат оламида ҳам нодир шахслардан бирига айланганини дўсти Ҳусайн Бойқаро ҳамда халқнинг эътирофидан англаш мумкин. 1472 йил февралида Бойқаро дўстининг норозилигига ҳам қарамай, уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» («Улуғ Амир») унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди. Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди. Навоий Мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўз-ўзини таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди. Шоир ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир. Шу давр ичида Алишер Навоий ўз қўли билан биринчи девони «Бадойи ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Бу девонга унинг ёшлик ва йигитлик пайтларида ёзган 800 дан ортиқ шеърлари жамланган бўлиб, шоир ижодий камолотининг биринчи босқичини акс эттиради. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди. Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган. Алишер Навоий ўзи ва салафлари – Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Ироқий ва бошқалар яратган мустақил бадиий тафаккур тарзини «мажоз тариқи» деб номлади ва унда Ҳақ асрори «мажоз сувратинда» акс этишини таъкидлаган. Бу Борлиқни ўзига хос идрок этиш тарзи Нақшбандиянинг: «Дил ба ёру даст ба кор», қоидасига мувофиқ бўлиб, унда ибрат, илм, ирфон ва амал бир нуқтада бирлашар ва янги дунёга кўз очарди. Тавҳид таълимоти ва эътиқодини идрок этишнинг энг юқори босқичи бўлган бу дунёқараш тизими «Хамса» ва «Лисон ут-тайр» асарларида, шоир лирикасида бадиий инъикосини топган. 1500 йилларга келиб шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашиб, соғлиги заифлашиб қолса-да, ижоддан тўхтамади. 1501 йилнинг бошида Навоий касалликдан вафот этди. Бутун Ҳирот халқи ўзининг буюк шоири билан хайрлашишга чиқди ва 7 кун давомида мотам тутди. Навоий ўз ижоди билан ўзбек адабиётининг сўнгги ривожини белгилабгина қолмай, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг бутун маънавий маданияти тараққиётига жуда катта таъсир кўрсатди. Унинг асарлари, шеърияти қайта-қайта кўчирилиб, халқ орасида кенг тарқалиб, шоирлар учун мактаб вазифасини ўтади, мадрасаларда кенг ўрганилди. 1483 йилдан Алишер Навоий ўзининг буюк «Хамса» асарини ёзишга киришди ва уни уч йилда тугаллади. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан бадиий қомус 50 минг мисрадан ошиқ бўлиб, Навоийнинг барча шеърий меросини деярли ярмини ташкил қилади. «Хамса» – Алишер Навоий ижодининг қалбидир. Форс тилидаги биринчи «Хамса» буюк шоир Низомий Ганжавий (1141–1209) томонидан яратилди. Шоир ҳеч бир ўринда ўзининг «Хамса» ёзганлигини қайд этмайди. Низомий вафотидан 100 йил ўтиб, Ҳиндистонда туғилиб ўсган форсийзабон турк ўғлони Хусрав Деҳлавий Низомий «Хамса»сига биринчи бўлиб татаббу ёзади ва «хамсачилик» анъанасини бошлаб беради. Деҳлавий «Хамса»си Низомийга ажойиб шарҳ ва ундаги мазмунларнинг янгича талқини сифатида ўзининг ҳам, салафининг ҳам шуҳратини оламга ёйди.

Бу жаҳон маънавияти тарихида бетакрор ҳодисадир. Туркий адабиётда Қутб ва Ҳайдар Хоразмийлар бошлаб берган «хамсачилик» анъанаси ўзининг камолини Алишер Навоий ижодида топди. Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз «ал-Хамсату» дейилади, динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж – ўзига хос «Хамса» (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларининг «Хамса» туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жаноблари бежиз эмас. Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, «Ҳамса»нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар, пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда «Хамса»ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган беш оромгоҳга ўхшатади. Навоий «Хамса»ни яратишга 1483 йилда киришган бўлса, унинг биринчи достони «Ҳайрат ул-аброр» («Яхши кишиларнинг ҳайратланиши»)ни ўша йили ёзиб тугатди. 1484 йилда «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» («Етти сайёр»), 1485 йилда «Садди Искандарий» достонини поёнига етказди. Шоир ўз «Хамса»сига киритилган достонларда ўша давр учун муҳим бўлган муаммоларни қўйди, мутафаккир сифатида илғор қарашларни илгари сурди, ўзбек тилининг қудратини оламга намойиш этди. Навоийнинг туркийча «Хамса»сининг яратилиши ХV асрда Хуросон эли учун фавқулодда шодумонлик ва саодат сифатида қабул қилинди. Даврнинг икки қутби – маънавият пири Жомий ва буюк султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳайрати ва юксак эътирофи ушбу ҳақиқатга далилдир. Навоий шу йиллар орасида иккинчи девони – «Наводир ун-ниҳоя» («Беҳад нодирликлар»)ни тузишга киришди. Мутафаккир адиб тарихий ҳақиқатга ҳам муайян изчилликда ўз муносабатини билдириб ўтишни инсоф юзасидан лозим топди ва «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи») асарини ёзиб тугатди. 1487 йили қишда Навоий Астробод ҳокими этиб тайинланди. Бошқа бек ва амирлар учун шарафли ҳисобланиши жоиз бўлган бу мартаба Амир Алишернинг нозик табиати учун муайян даражада озорли бўлди. Аммо шоҳ ҳукми вожиб, Амири Кабир ўлканинг ҳассос бир ҳудудини муҳофаза ва обод қилиш ниятида жўнаб кетди. Астрободда Навоийнинг икки йил чамаси ҳокимлиги бу шаҳар аҳли учун саодатли, Бойқаро салтанати учун хайрли бўлди. Одами эрсанг демагил одами Ониким йўқ халқ ғамидин ғами, дея ёзган ҳазрат Навоий кучли давлат арбоби ҳам эди. У 1469–1472 йилларда муҳрдор, 1472–1476 йилларда вазир, 1487–1488 йилларда Астрободга ҳокимлик қилди. Ушбу йиллар давомида шаҳзодалар ўртасидаги турли низоларни чиройли, одилона ҳал этиб, кўплаб қонли тўқнашувларнинг олдини олди. Ҳокимлик даврида эса доимо халқ билан мулоқотда бўлиб, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганди. Эл-юрт манфаати йўлида кўплаб мадрасалар, ҳаммомлар, йўллар, кутубхоналар қурдирди. Сув етмаган ҳудудларга сув олиб бориб, янги каналлар қаздирди, эскиларини таъмирлатди. Илмга ташна ёшларни қўллаб-қувватлади. Буни ўз ҳаётлари ҳамда фаолиятлари орқали исботлай олди:

Нафинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу наф ўзингга кўпракдурур.

1492 йилда аруз илмига бағишланган «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») рисоласи ёзилди ва шоир ўз лирик ижодини қайта тақсимлаб, янги девонлар мажмуи «Хазойин ул-маоний» («Маънолар хазинаси»)ни яратиш ишига астойдил киришди. «Чор девон» номи билан шуҳрат қозонган бу буюк мажмуа 45 минг мисрага яқин турли жанрлардаги кичик ва ўрта ҳажмли шеърларни ўзида жамлаган бўлиб, «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ажойиботлари»), «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик даври нодирликлари»), «Бадоеъул-васат» («Ўрта ёш кашфиётлари»), «Фавойид ул-кибор» («Кексаликдаги фойдали мулоҳазалар») номлари билан аталади. Бу тўрт жилдда 16 жанрга оид 3000 дан ортиқ шеър бўлиб, уларда 2600 ғазал, 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо ва бошқалар мавжуд. «Хазойин ул-маоний»га олдинги икки алоҳида девондаги шеърларнинг деярли барчаси кирган бўлиб, кейин яратилган 1400 га яқин янги асарлар қўшилган. Бу туркий тилда ёзилган асарлари, достонлари, шеърларидан ташқари Навоий форс тилида ҳам 12 минг мисрадан ошиқ шеър, муаммо жанри ҳақида «Муфрадот» рисоласини, «Ситтайи зарурия», «Фусули арбаа» туркум қиссаларини ёзди, «Фоний» тахаллуси билан алоҳида девон тузди. Ушбу асарлар Хоқоний, Амир Ҳусрав, Саъдий, Ҳофиз, Камол Хўжандий, Жомий каби форс адабиётининг мумтоз намояндалари билан ижодий баҳсда туғилган бўлиб, ҳам бадиий ифода, ҳам мазмуний теранликда салафлар билан тенг қудрат намойиш этади. Навоий 1498 йилда «Лисон ут-тайр», 1499 йилда «Муҳокамат ул-луғатайн», 1500 йили «Маҳбуб ул-қулуб» асарларини езди. Бу уч асар буюк шоир ва мутафаккир ижодининг авж нукталари эди. Адиб «Муҳокамат ул-луғатайн» да ўзининг бутун ижодий йўлини сарҳисоб қилиб, туркий тилдаги шеъриятнинг қудратини таъкидлаган. Унда, жумладан, қуйидаги маълумот бор: «Чун «Лисон ут-тайр» илҳоми била тараннум тузупмен, қуш тили ишорати била ҳақиқат асрорини мажоз суратида кўргузупмен». Алишер Навоий гўдаклик чоғларидан тасаввуф шеъриятининг устоди Фаридиддин Аттор яратган «Мантиқ ут-тайр» асарига меҳр қўйгани бизга маълум. Умрининг охирида ушбу асарга татаббу – жавоб ёзар экан, ўзининг шунгача ёзган барча асарларига фалсафий якун ясайди. Аттор асари Борлиқнинг ягона моҳияти ҳақида, Ҳақ асрори ва инсон учун уни англаб етиш имкон даражаси ҳақида эди. «Лисон ут-тайр» мазмуни «Мантиқ ут-тайр»га зид ёки ундаги фикрларнинг такрори ҳам эмас, балки янги тарихий-маънавий босқичдаги шарҳи, талқинидир. Атторнинг қушлар тилидан ёзилган достонида ирфоний эҳтирос ниҳоятда жўшқиндир. Навоий эса босиқ воқеабанд тасвирга урғу беради, қушлар саргузаштида ва ички ҳикояларда ҳаётийликни кучайтиради. Бу бежиз эмас. Охирги хулосада Навоий салафига қараганда олға кетади, масала моҳиятини теранроқ ҳис қилади ва бадиий тасвирни ҳам шунга муносиб яратади. Ниҳоят Навоий охирги асари «Маҳбуб ул-қулуб» («Кўнгилларнинг севгани») рисоласида барча саволларга яна ўзи жавоб берган. Бу асар том маънода ижтимоий-фалсафий ва ахлоқий ғояларга тўлиқ бўлиб, ХV асрда мавжуд бўлган барча ижтимоий тоифалар моҳияти муфассал очиб берилган, ижтимоий ва ахлоқий ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги, яхлитлиги ишонарли таъкидланган. Бу асар турли афоризм, мақол ва маталларга бой бўлиб, халқ орасида жуда кенг тарқалган. Бадиий тафаккурнинг серқирралиги нуқтаи назаридан олганда жаҳон адабиётида Алишер Навоийга тенг келадиган сиймо йўқ. Турли халқ ва миллатларнинг таниқли адабиётшунослари, шоиру ёзувчиларининг эътирофи фикримиз далилидир. Француз шоири Луи Орагон: “Навоий жаҳон шоирлари орасида туриб, баралла овоз билан ўз ғазалларини ўқимоқда. Замонанинг энг буюк шоирлари – чилилик Неруда, кубалик Гилен, испаниялик Алберти, филаделфиялик Лонгфелло ва бошқалар бу зот қаршисида тиз букадилар. Навоийнинг адабий мероси дунё халқлари қалбида асрлар давомида яшаб келди ва бундан кейин ҳам яшайверади”. Бу каби эътирофлардан кейин бутун жаҳон халқлари тан олиб турган ва ўзларига намуна деб билаётган ватандошимиз ижодини, ундаги юксак инсоний ғояларни, соф тасаввуфий фикрларни нега энди ўз халқимиз ўрганмаслиги, қон-қонига сингдирмаслиги керак экан?! Аждодлари буюк юртнинг фарзандларимиз. Ўз йўлимиз, ўз динимиз, эътиқодимиз, бебаҳо миллий қадриятларимиз бор. Аждодларимиздан қолган бойлик – улкан илмий мероснинг қадрига етайлик, ундан унумли фойдаланайлик! Ҳазрат Навоийнинг барча асарларини, хоссатан забардаст шоир ижодининг қалби бўлмиш “Хамса”ни ўқийлик, ўқиганда ҳам уқиб ўқийлик. Ундаги оят ҳамда ҳадислар шарҳи бўлиб келган исломий тарбияга чорловчи насиҳатларни қалбимизга жо этайлик! Истагим, Алишер Навоийни фақатгина 9 февраль – таваллуд санасида эмас, илм талабида ҳар он эслайлик, у зот ёзиб қолдирган нодиротлардан ҳар куни мутолаа қилайлик, ҳайратланайлик!

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Бизни эзгу ишлар устида жам қилган Аллоҳ таолога беҳисоб давоми...

09:16 / 26.02.2017 5029
11масала Таҳорат қилиб бўлгач, Қадр сурасини ўқийди.1 Сўнгра «Аллоҳуммажъалний минаттавваабийна давоми...

15:25 / 07.02.2019 2303
Тошкент Давлат Тиббиёт Институти, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги қошидаги Кардиология давоми...

20:59 / 28.02.2017 6023
Туғруқхонадан мактублар ТАҚДИМ Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл... Алишер давоми...

20:40 / 17.02.2017 3318