Aёллардан алдов орқали фойдаланиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз тикланди. Диёримизда мусулмонларнинг азалий орзуси амалга оша бошлади. Бунга яққол мисол қилиб ҳозирда динга қаратилаётган эътиборни айтсак, бўлади. Ўқув йилининг бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифлари билан Бухорода “Мир-араб” олий мадрасаси ташкил этилди. Ундан сал ўтмай, Юртбошимиз катта анжуманда Самарқанд вилоятида “Ҳадис ва Калом”, Фарғона вилоятида “Ислом ҳуқуқи”, Бухоро вилоятида “Тасаввуф”, Қашқадарё вилоятида эса “Ақида илми” мактаблари ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар бердилар. Бу мактаблар тезлик билан ўз фаолиятини бошлаганидан барчамизнинг хабаримиз бор. Афсуски, бу неъматлардан фойдалана туриб, ношукурлик қиладиган, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, кўп давлатларда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам турли экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини ранжитмай қолмайди, албатта. Шундай экстремистик оқимлар ҳозирги кунда интернетдан жуда ҳам айёрона фойдаланишмоқда. Аввалига улар ўзларини динни тушунадиган инсон қилиб, кам таъминланган, ҳаётда қийналган, ёлғиз қолган инсонларни ўз домига тортишга ҳаракат қилади. Бу ишда улар ўз тузоғига нафақат ёшларни, балки ёши катта инсонларни, ҳатто аёлларни ҳам илинтиришмоқда. ХХ аср охири ХХI аср бошларига келиб террорчи ташкилотларнинг аксарияти ғаразли мақсадларини амалга оширишда ошкора равишда аёлларни ўз сафларига қўшиш, улардан энг арзон ва бир маротабали қул сифатида фойдаланишни йўлга қўйдилар. Бундай оқим аъзолари аксарият ҳолларда ўзлари аъзо бўлган уюшмага, аввало ўз аёллари, оналари ва опа-сингиллари, шунингдек, экстремистик ғояларни тарқатгани учун жазони ижро этиш жойларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яқинларини жалб этмоқдалар. Эътиборли жиҳатларидан яна бири шуки, аёлларни бошқариш эркакларни бошқаришдан кўра осонроқ ва улар онгини заҳарлаш ҳам улар учун анча енгил ҳисобланади. Чунки эркак кишида ўзини эҳтиёт қилиш инстинкти аёлларга нисбатан кучлироқ ривожланган. Шу сабабли ҳам айрим аёллар ўзларига нисбатан бўлаётган ноҳақликлар, “оддий буюм” сифатида қаралишидан норози бўлиб, яшаётган ёки келажакда яшайдиган ҳаётларидан қутилиш мақсадида экстремистлар қурбонига айланмоқдалар. Аёлларнинг турли оқимларга кириб қолишига ҳам бир қатор омиллар сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, турли оқимларнинг эътибори, энг аввало ижтимоий ҳимояга эга қатламга қаратилади. Улар боқувчисини йўқотган оилалардаги бева аёлларга, фарзандини ёлғиз ўстираётганларга, моддий жиҳатдан эҳтиёжмандларга, кам таъминланганлик, аламзадалик, сиёсатдан норозилик каби қатор ижтимоий ҳолатлар билан бирга ҳатто оғир касалликка учраган аёлларни ҳам ўз сафларига тортишга уринадилар. Аёллар эркаклардан фарқли ўлароқ қасос олиш, ўзини оқлаш ёки бирор гуноҳни ювиш мажбурияти каби “шахсий” характердаги мулоҳазаларига таяниб иш кўрадилар деб ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ушбу омилларни эътиборга олган экстремистлар аёлларни ўзларини ўлдириш даражасига олиб боришда уларнинг маънавий-руҳий оламига хос хусусиятлардан усталик билан фойдаланадилар. Америкалик психолог Клара Бейлер кўп ҳолларда аёллар ўз жинсидан нафратланиб, аёл бўлишдан воз кечиш мақсадида ҳам жонини қурбон қилишга рози бўлади, деб таъкидлайди. Шимолий Кавказда портлатиш орқали ўзларини қурбон қиладиган аёллар тадқиқ қилинганда, уларнинг аксариятида динга қизиқиши умуман йўқ экани аниқланган. Уларни бу ишга ундовчи асосий сабаб, қуролли тўқнашувларда яқинлари ҳалок бўлгани, уй-жойидан жудо бўлгани, чуқур руҳий изтироб чекганликлари, яқин қариндошларидан бўлган эркак жангарилар уларни жамоага жалб қилганликлари бўлган. Аёллар ўзларини портлатиш орқали ўзларини яроқсиз бир буюм эмас, балки улар ҳам эркаклар сингари нималарга қодир эканликларини исботламоқчи бўлади. Диний экстремистик оқим сафига кириб қолган аёл-қизлар гуруҳдаги аъзоларга нисбатан муҳаббатини исботлаш ва улар севгисини қозониш мақсадида ҳам “шаҳид”ликка рози бўладилар. Террорчилик ҳаракатларида иштирок этаётганларнинг кўпчилиги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёллар экани ҳам ачинарли, албатта. Экстремистик гуруҳ азолари баъзан аёлларни алдов йўли билан ҳам ўзини портлатиб қурбон қилишга мажбур этадилар. Яъни гуруҳ аъзоларидан бири эри вафот этган ёки ажрашган ёки моддий жиҳатдан қийналган аёлга уйланади, рисоладаги эр-хотин бўлиб яшаб юришади. Бир оз вақт ўтгандан сўнг эса гуруҳдаги аъзолардан бир ёки бир нечтаси иштирокида аёлининг “зўрланиш” саҳнасини уюштиради. Бундан хабардор бўлиб қолган террорчи эр сифатида унга турли шартлар қўя бошлайди, шартларига кўнмаса, унинг бу шармандали ҳолатини бутун қариндош-уруғ ва таниш-билишларга кўрсатиш билан қўрқитади. Зўрланган ва таҳқирланган аёл эрининг шартига кўнишдан бошқа чора тополмайди, натижада у барча ишларга рози бўла бошлайди. Шу боис террорчи аёллар сони ортиб бормоқда. Бу каби ишларнинг олдини олиш нафақат юрт, балки ҳар бир маҳалла ва ундаги оилаларнинг маънавий онгини бойитиш билан бўлади. Бунинг учун эса юртимизда барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Бундан ташқари оила бошлиқлари ўз оила аъзоларига эътибор беришлари, улар билан бирга кўпроқ вақт ўтказиши ҳамда оила мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилиши керак бўлади. Шундагина юртимиз тинч, аёлларимиз ҳимояланган бўлиши, фарзандлар эса соғлом эътиқодда улғайишлапри мумкин. Ёш авлод қанчалик яхши тарбияланса албатта, юртимизнинг равнақи шунча ортиб борверади.
З. Аминова, “Хадичаи Кубро” номли аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти мударрисаси
Мавзуга оид мақолалар
Кўп гапирмасликМуслима қизлар учун кўп ҳолларда сукутдан кўра гўзалроқ ва яхшироқ нарса бўлмайди. давоми...

22:01 / 06.12.2023 1958
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ Бу дунёда бизларни нозик ҳилқат давоми...

15:21 / 09.12.2016 3902
Қора қорағат Смородинадан тайёрланадиган консервалар Қора қорағат меваси С, В1, РР витаминларига ва давоми...

13:14 / 29.11.2016 6897
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ оналари ҳақида шундай деганларquotОнам менга Қуръонни ўн ёшимда давоми...

21:50 / 31.05.2023 2243