Болаларни алдаманг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Болаларни алдаманг!

Тилимизга ўрнашиб қолган, ўзимиз билмаган ҳолда ишлатиб, фарзандларимизни ёлғончилик ва ўзига нисбатан ишончсизликка олиб келиши мумкин бўлган иборалар мавжуд. Биз уларни кундалик ҳаётда ўзимизнинг ҳаловатимизни ўйлаб ишлатамиз. Лекин уларнинг бола руҳиятига таъсири салбийдир. Уларни сиз ҳам ишлатгансиз:

  1. «Қўрқма, оғримайди!»

Биз болани даволаётганда (укол, яраларни боғлашда) мана шу гапни айтишимиз табиий ҳол. Лекин бу жараёнлар оғриқсиз бўлмаслиги ҳаммага аён. Шу гапдан сўнг оғриқни ҳис қилган бола ота-онасига ҳам, шифокорга ҳам ишонмай қўяди.

  1. «Сен қолавер, мен кетдим!»

Ўйнаётган болани уйга олиб кетиш учун айтган гапингиздан сўнг бола қўрққанидан йиғлаганча ортингиздан югуради. Сиз мақсадингизга етдингиз, шундайми? Лекин бола бу таҳдид ёлғон эканини билмайди ва бир куни мени ташлаб кетишлари мумкин, деган фикрга келиб қолади. Бу ҳолнинг такрорланиши эса унинг ота-онасининг муҳаббатига бўлган ишончини парчалаб боради. Балки фарзандингиз яна озгина ўйнагани яхшироқдир, нима дедингиз?

  1. «Баракалла, яхши бажаряпсан!»

Тўғри, болани рағбатлантириб туриш керак. Лекин агар бу меъёрдан ортиқча бўлса, 30 ёшга кирганида ҳам дастрўмолчасини ўзи ювгани учун мақтов эшитишни хоҳлаб туради. Мақтамасангиз, рағбатлантирмасангиз, ҳеч бир ишни қилишни хоҳламайди. Шунинг учун бола улғайган сари у билан гаплашишнинг меъёрларига амал қилган маъқул.

  1. «Мана, етиб қолдик!»

Йўлда йиғлаётган болани кўндириш учун энг яхши усул, тўғрими? Лекин кун келиб бола ҳам мана шундай ёлғон ишлата бошлашига розимисиз?!

  1. «Билмайман!»

Жуда кўп савол бериш болаларга хос одат. Уларнинг саволларига эринмасдан жавоб беринг. «Билмайман!» деган жавобни дунёдаги энг билимли инсонлар деб ҳисоблаган ота-онасидан эшитган бола учун бу жуда қаттиқ зарба ҳисобланади. Айниқса, жавобни тарбиячисидан ёки бошқа бировдан эшитган болага бу янада аянчлироқдир. Энди унинг назарида ота-онасидан ҳам ақлли инсонлар бор. Сиз бунга қандай қарайсиз?

  1. «Ўйлаб кўрамиз!»

Ҳаммамиз биламизки, бу «йўқ» деган гапнинг бошқача кўринишидир. Болада умид уйғотиб, уни алдаб нима қилдик?! «Йўқ!» деб қўяқолайлик! Унинг ҳар бир илтимосига «Хўп!» дейишимиз шарт эмас.

  1. «Бугун парк ишламайди».

Ота-оналар вақтлари йўқлигида мана шу ёлғонни ишлатишади. Лекин деразадан, машина ойнасидан парклар ёки болалар майдончаларида ўйнаётган болаларни кўриб қолган бола энди сиз ҳақингизда нима деб ўйлайди? Демак, ёлғон гапириш мумкин экан, деган фикрга келади. Ундан кўра «Бугун менинг вақтим йўқ, ишим кўп», деб тўғри тушунтириш лозим.

  1. «Мен сенинг ёшингдалигимда бундай қилмаганман!»

Болалар биз ҳам адашганимизни, хатолар қилганимизни, ҳар қандай одам ҳам бирор ишни бир неча бор уринганидан сўнг уддасидан чиқишини билишлари лозим. Бизнинг юқоридаги гапимиз эса боладаги ўзига бўлган ишончни синдириб қўяди.

  1. «Мен сенинг ҳар бир қадамингни кўриб, билиб тураман!»

Бу гапдан кейин бола ўзини ҳимоясиз ҳис қилади. Ҳар бир қадамини қўрқиб босади, қўрқоқликка ўргана бошлайди. Ундан кўра боланинг ўзини қилган ишларининг ростини қўрқмасдан айтишга ўргатиш лозим. У сиздан қўрқяптими, айбни бошқаларга тўнкашни ўрганади.

  1. «Торт ёки шоколад тугади!»

Болалар зарарли егуликларни кўп емасликлари учун ишлатиладиган машҳур ёлғон. Лекин фарзандингиз тортни кесаётганингизда, шоколадни дўкондан сотиб олганингизда қанча бўлган-у, яна қанча қолганини кўргани аниқ. Ёлғон гапиришнинг нима кераги бор? Яна озгина бериш ёки зарарини тушунтириш яхшироқ эмасми?

  1. «Ўйинчоқларинг қаердалигини билмайман. Ўзинг йўқотгансан!»

Ота-оналар болаларнинг ўйинчоқларини ёйиб ташламаслиги ёки қайта ўйнамаслиги учун уни яшириб қўйишади. Кейин болага ўзи йўқотганини сингдирмоқчи бўлишади. Излаб топа олмаган бола ўзини айбдор ҳис қила бошлайди. Бу эса кейинчалик ҳам айбдорлик ҳисси билан яшашига олиб келади.

  1. «Эртага яна келамиз!»

Болани кўндириш учун айтиладиган бу гапнинг ёлғонлиги аниқ. Кейинроқ келамиз ёки умуман келмаймиз, дейишни эп кўрмаган ота-оналар шу гапни ишлатишади. Бола бунинг ёлғонлигини билганидан сўнг сизга бўлган ишончи сўнади.

Мана, бизнинг мисолларимиз тугади. Сизга маслаҳатимиз шуки, эртага фарзандингиз сиз билан қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, бугун унга шундай муомала қилинг. Бола ҳам ўзича бир дунё, алоҳида бир шахс!

Дурдона Вафоева  
Мавзуга оид мақолалар
Интизомсиз кишилар барча миллатларда бор. Баъзилар ҳамиша ҳамма жойга кеч қолишади. Кўп ҳолатларда улар давоми...

12:35 / 01.03.2019 2884
Исломнинг ҳукми Аллоҳнинг очиқойдин ҳукмларига қарамай, нафсимнинг орзу ва истаклари билан ҳаракат давоми...

07:33 / 22.01.2017 4031
Асаларилардан ўрганишимиз мумкин бўлган 6 ҳаётий сабоқ. Аллоҳ таолонинг ожиз, митти ва мўъжиз махлуқи давоми...

17:37 / 24.02.2017 9003
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят «Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида давоми...

12:47 / 17.10.2016 5638