ТОНГ АҲЛИГА МАКТУБ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Орамизда юзлари мунаввар, пешоналари нурли, вақтлари баракали бўлган бахтиёр инсонлар тоифаси мавжуд. Агар сиз уларнинг сафида бўлсангиз, бу фазл учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Мабодо, ушбу сафда йўқмисиз, унда бу суҳбатимиз сиз учун! Мазкур бахтга эришган инсонлар ким эканини англадингизми?!

Бу – фарзни адо қилишга қаттиқ бел боғлаганлар, бу – ибодатга эътиборли бўлганлар, бу – кунларини у билан кутиб олганлар, бу – тонгларини намоз билан бошлаганлар, бу – саҳар вақтида қоим бўлиб, уларга фаришталар гувоҳ бўлганлардир...

Аллоҳ азза ва жалла тонг аҳлини мадҳ этиб шундай марҳамат қилади:

«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир» (Исро сураси, 78-оят). 

Фажр намозини бардавом ўқиб бориш жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардандир. Бомдод намозига деб қилинган таҳоратда қанчадан-қанча даражалар бор. Намозгоҳга боришда беҳисоб ҳасаналар мавжуд. Фажрдан кейинги вақтда баракалар нозил бўлади.

Сохр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим! Умматимга саҳарини баракали қилгин!» дедилар».

Тонг аҳли... Аллоҳнинг намозига шошилинг, фалаҳга шошилинг! Чақириғига жавоб берганларга, «Намоз уйқудан яхшидир» жумласини англаганларга саломлар бўлсин. «Убудият» сўзининг маъносини ҳис қилганлар, ҳар кунларини бахтиёр кун деб қарши оладиганларга башорат берилгандир.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Масжидларга зулматларда қатновчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Эй тонг аҳли... Албатта, сиз буюк ажрни ютиб олдингиз. Дунё бахти ва шаҳватлардан роҳатланадиганларга ҳавас қилмайман. Балки Аллоҳнинг фазли ва раҳматига эришганларга ҳавасим бор.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», дедилар».

Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Эй саҳар аҳли... Келинг, жаннатда Аллоҳнинг карим Юзига қарай олиш бахтига муяссар бўлинг. 

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдилар-да:

«Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Уни кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз, шуни қилинг», дедилар-да, «Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбеҳ айт», деган оятни ўқидилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

 

Эй тонг аҳли... Албатта, сиз Аллоҳнинг зиммасидасиз ва ҳимоя қилингансиз, нафсларингиз яхши, жисмларингиз тетикдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз ухласа, шайтон унинг бошининг орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни уриб: «Сенга узун кеча бор, ухла!» дейди. Агар у уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, ўзи тетик, руҳи пок бўлади. Агар ундай қилмаса, руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб ўрнидан туради», дедилар».

Бешовларидан фақат Имом Термизий ривоят қилмаган.

Эй тонг аҳли... Сизларга Роҳманнинг шарафли малоикаларининг гувоҳликлари етарлидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари Ўзи билиб турса ҳам, улардан:

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди.

Улар:

«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Ҳузурларига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Эй саҳар аҳли... Хатоларингизни ўчиришни хоҳлайсизми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.

Улар:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

У зот:

«Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар».

Имом Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Албатта, фажр эгалари ҳақиқий мўминлардир. Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилиб айтадики:

 «(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эрта-ю кеч тасбеҳ айтурлар.

Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар.

 Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур» (36–38-оятлар).

Кимки намозни зое қилса, уни енгиллатса ва вақтини кечиктириб ўқиса, қанчадан-қанча гуноҳларни кўтарган бўлади, қанчадан-қанча савобларни йўқотган бўлади.

«Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир» (Мааъуун сураси, 4–5-оятлар).

Ва яна Аллоҳ таоло дейди:

«Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар.

Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар» (Марям сураси, 59–60-оятлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилганлар.

Тонг аҳлини аброрлардан деб ёзиб қўйиш Аллоҳнинг зиммасидадир. Фажр аҳли саодат ва нурга эга бўладилар ҳамда мунофиқлар қаторидан ўчириладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи намозларда бир қанча одамларнинг йўқ бўлганини билиб:

«Батаҳқиқ, мен бир кишининг одамларга намозга ўтиб беришини, намозга келмай, орқада қолаётганларга ўзим бориб, уларнинг уйларига ўтин боғламларини қалаб туриб, устиларидан ёқиб юборишларини амр қилишга қасд қилдим...», дедилар». (Яъни, хуфтонга, демоқчилар.)

Бешовлари ривоят қилганлар.

Назокат Касимова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Менга Рамазон гўёки ҳам энг узун, ҳам энг қисқа ойга ўхшаб туюлади. Ойнинг ўрталарига келиб, мен ўзимни гўё давоми...

15:59 / 07.06.2019 3046
Бир қиз шундай ҳикоя қилади.Мен ўртаҳол оиланинг фарзанди эдим. Қизларнинг кийимкечаклари, тақинчоқлари давоми...

23:09 / 09-yanvar 3729
Муҳаррам ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Биринчи Муҳаррам янги йилнинг бошланиш давоми...

08:29 / 26.01.2017 4947
embedhttpswww.youtube.comwatchvNZwt2QIKI4featureyoutu.beembed

11:14 / 15.02.2018 3379