Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳ таоло бандаларига ҳар хил қобилият бериб, турли соҳада насибалантириб қўйган бўлади. Аммо кўпчилик мана шу нарсани тушунмасдан бир-бирини маломат қилади. Сен ундай қилиб юрибсан, бундай қилиб юрибсан, дейдиганлар, айниқса тасаввуф ва зуҳдни нотўғри тушунадиганлар: “Мутасаввифлар уни ташлашлари керак, буни қилишлари керак, ризқ Аллоҳдан”, дейдиганлар ҳам бор. Ушбу ҳикмат ана ўшаларга раддия ўлароқ ёзилган экан.

Бунга энг чиройли мисолни Ҳазратимиз раҳимаҳуллоҳ ёзган эканлар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни иқтидорига кўра ишларга вазифадор қилиб, уларнинг нозик жиҳатларига ҳам эътибор беришни унутмаганлар. Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Сен волийликни бўйнингга олмагин, чунки бу ишга заифлик қиласан. Сен зуҳд қилгин”, деганлар. Муоз ва Али розияллоҳу анҳумоларга ўхшаганларни эса турли жойлардаги волийликларга қозиликка юборганлар. Шунингдек, саҳобаларнинг хусусиятларини ҳам яхши билганлар. Қайси бирлари қайси ишга қобилиятли эканликларини билиб, айнан ўзига мос ишга йўналтирганлар. Ҳаттоки азон масаласида туш кўрган одам бошқа бўлгани ҳолда, туш эгаси азон айтгиси келиб турса ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Йўқ, сендан кўра Билолнинг овози йўғонроқ”, деб марҳамат қилдилар”.

Бундан келиб чиқадики, ҳар бир инсонни ўзи талпиниб турган, қобилияти тортадиган нарсага йўналтириш керак. Ичида бирор нарса ясашга, ихтиро қилишга хоҳиши, иштиёқи бўлган фарзандга ота-она тил ўрганасан, деса, йиллаб вақт сарф қилинса ҳам керакли натижага эришолмайди, чунки у бошқа нарсага қизиқади. Унинг янгилик яратишга иқтидори бор эди. Ҳар қандай мубоҳ илм борки, болани уни ўрганишдан қайтармаслик лозим.

Ҳозирда ҳам ўқувчи, талабалар имтиҳон қилиниб, қайси фандан юқори натижа олса, ўша фанга йўналтириляпти. Рўзғор ишларида ҳам қайсидир қиз ёки келин пазанда, овқатга уста бўлса, бошқаси дазмолни яхши босади, яна қайси биридир меҳмонларни хушмуомала, очиқ чеҳра билан кутиб олади.

Олимларнинг ичида ҳам ҳар хил қобилиятлилари бўлади. Баъзи олимларнинг нутқи чиройли, таъсирли бўлиб, юракка кириб боради, лекин ёзолмайди. Баъзиларининг қалами ўткир бўлади, ёзишга қобилиятли бўлади, лекин нотиқлик қила олмайди, нутқи равон бўлмайди. Кимдир тафсир илмида кучлироқ бўлса, яна кимдир ҳадис ёки фиқҳ илмида илғор бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг ҳикматидир. Ҳамма инсонлар олим бўлиб кетса, ким бино қуради, ким шифокор бўлади, ким маҳсулотлар етиштириб чиқаради? Бу дунё ҳаётида яшашимиз учун бу ишларнинг ҳаммаси зарур. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларини турли хил қобилиятлар билан неъматлантириб қўйган. Шундай экан Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўрнак олиб, ҳар ким ўз иқтидори ҳамда талпинишига кўра йўналиш олиши керак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилиб, жоҳилликдан бирор нарсани тарк қилмаган кимса бўлиб қолишимиздан асрасин!

  Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч бир шахс мусулмон уламолар, мутафаккирлар ва адибларнинг қаламлари битиб кетган, бугунги кунимизгача давоми...

17:36 / 05.03.2017 3858
Саудия аёлларини катта ўзгаришлар кутмоқда Саудия Арабистонида такси ва хусусий ҳайдовчилар хизматларини давоми...

20:08 / 16.01.2018 4031
gallery linkfile ids3644,3645,3646 «Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни» конференциясининг очилиш маросими 2014 йил 15 давоми...

10:47 / 28.01.2017 3185
Қуёшни ҳам кулдириб, Қалбга сурур тўлдириб, Дўстларни суюнтириб, Рамазоним келмоқда Саҳар туринг, давоми...

18:56 / 24.12.2016 4717