Баъзи фиқҳий истилоҳлар ва фиқҳ илмининг аҳамияти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи фиқҳий истилоҳлар.

Бошқа илмлардаги каби фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида ўша истилоҳларнинг баъзилари билан танишамиз.

 1. Фарз.

Шариат жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган иш фарздир.

Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:

Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради.

Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилишни мисол келтириш мумкин.

Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва тузларнинг баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлиги мисол бўлади.

Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.

 2. Вожиб.

Шариат жазм ила, аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амал вожибдир.

Фитр садақаси, Витр намози ва икки ийд намозлари каби амаллар вожиб амаллардир.

Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг савоби фарзникидан озроқ бўлади.

Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарзни қилмаганнинг иқобидан озроқ бўлади. Вожибни инкор қилган кофир бўлмайди.

Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз ва вожибни бир нарса деб тушунадилар ва иккисини қўшиб «вожиб» деб атайдилар.

Аммо Ҳанафий мазҳаби юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб, иккисини алоҳида ҳукмлар деб билади.

 3. Суннат.

Шариат жазм бўлмаган ҳолда талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади.

Бунинг мисоли қарз олди-бердисини васийқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм.

Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк қилган одам иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.

Ҳанафийлардан бошқалар суннатни мандуб, нафл, мустаҳаб, татоввуъ, эҳсон ва ҳасан каби номлар билан ҳам атайдилар.

Ҳанафийлар эса суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор, дейдилар.

Суннат таъкидланган амал бўлиб, динда шарт бўлмаган, аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрганлар ва аҳёнда узрсиз тарк қилганлар.

Мандуб ёки мустаҳаб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий қилмаган амаллардир.

 Ҳанафийлар Суннатни бир неча турга тақсимлайдилар:

1. Суннати муаккада. Жамоат намозига ўхшаш амаллар.

2. Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар.

3. Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг емоқ-ичмоқлари, кийинишлари, юришлари, ухлашларига эргашмоққа ўхшаш ишлар.

 4. Ҳаром.

Шариат тарк қилишни шубҳасиз қатъий далилга суяниб жазм ила талаб қилган нарса ҳаромдир.

Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар.

Ҳаромдан четда бўлиш фарздир.

Уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади.

Ҳаромни «маъсият», «гуноҳ» деб ҳам аталади.

Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.

 5. Макруҳи таҳримий (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ).

Шариат (оҳод хабарларда) қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак ёки тилло истеъмол қилиши каби ишлар мисол бўлади.

Ҳанафийларда макруҳи таҳримийни қисқа қилиб «макруҳ» деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.

 6. Макруҳи танзиҳий (озодалик макруҳи).

Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат та­йин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувдан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилишлар мисол бўлади.

Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам, маломатга қолади.

 7. Мубоҳ.

Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. Емоқ ёки ичмоққа ўхшаш нарсалар. Ҳаромлиги ёки манъ қилингани ҳақида ҳукм келмаган барча нарсалар мубоҳдир.

Мубоҳ нарсани қилганга ҳам, қилмаганга ҳам савоб ҳам, итоб ҳам йўқ. Аммо мубоҳ нарсани қилмаслик ҳалокатга олиб борадиган бўлса, уни қилиш вожибга айланади. Мисол учун, таом емаслик ўлимга сабаб бўладиган бўлса, уни емоқ вожибга айланади.

 8. Шарт.

Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқарида бўлган нарса шартдир. Мисол учун, таҳорат намознинг шартларидан биридир. Таҳорат бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Аммо таҳорат намоздан ташқарида қилинади.

 9. Рукн.

Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан бир бўлак бўлган нарсадир. Мисол учун, сажда намознинг рукнларидан биридир. Сажда бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Шу билан бирга, сажда намознинг бир бўлаги бўлгани учун, унинг ичида қилинади.

 10. Адо.

Қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилишни «адо» дейилади.

 11. Қайта қилиш.

Қилиниши лозим бўлган нарсани белгиланган вақт ичида иккинчи марта қилишга «қайта қилиш» дейилади.

 12. Қазо.

Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни «қазо» дейилади.

Имом Бухорий ва имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозидан ухлаб қолса ёки уни эсдан чиқариб қўйган бўлса, эслаганда уни ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффорати йўқдир», деганлар.

Ухлаб қолган ва эсдан чиқарган одамга дангасалик ёки қасд ила намозни тарк қилган одам қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз нарсани қилинмагунча зиммадан тушмайди.

 ***

 Фиқҳ илмининг аҳамияти.

 Бу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд қилайлик.

Фиқҳ илмининг аҳамиятини яхшироқ англаб етиш учун фақат биргина мисол келтириш билан кифояланишни келишиб олайлик. Келинг, ўша масала таҳоратда юзни ювиш бўлсин.

Табиийки, аввало Қуръони Каримни қўлга оламиз. Аммо муқаддас китобимизда «Таҳорат» номли сурани топа олмаймиз. Зотан, Аллоҳнинг китоби бу каби масалалардан олийдир.

Нима қиламиз? Қуръони Каримни тўлиқ ёддан билмаймиз. Ёд билганларимиз эса маъносини билмайди. Бир иложини қилиб «юз» сўзи бор оятларни топамиз. Уларнинг ичидан «юз ювиш» ҳақида сўз юритилган оятни топамиз.

 «Эй иймон келтирганлар, намозга турган вақтингизда юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқларигача ювинг, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)» («Моида» сураси, 6-оят).

Мана, Қуръонда таҳорат қилган одам юзини ювиши ҳақида амр бор экан, деймиз.

Бу маълумот бизга озроқ кўринади ва ҳадисларга мурожаат қилишга ўтамиз. Фиқҳий боблар асосида жамланган ҳадис китобларида фақиҳларнинг таъсири бор, деб бошқа услубда жамланган ҳадис китобларига қарайдиган бўлсак, ўзимизга керак ҳадисларни топа олмай гаранг бўламиз. Охири, бир амаллаб, ўзимизга керакли ҳадисларни топамиз ва юзни ювиш ҳақидаги ибораларга синчковлик билан назар соламиз.

 Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди: икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», – деб қўшиб қўйди».

Бешовлари ривоят қилишган.

 Бу ҳадиси шарифдан таҳорат қилишни мукаммал ўрганиш билан бирга аъзоларни, жумладан, ўзимиз баҳс қилаётган юзни ҳам уч марта ювишни ўрганиб олдик. Бу, албатта, араб тилини яхши билган кишиларга муяссар бўладиган иш.

Энди худди шу масаланинг ўзини фиқҳ илми устозлари юқоридаги оят ва ҳадисдан қандай тушунганлари билан танишиб чиқайлик.

 Бунинг учун элимизда маълум ва машҳур бўлган фиқҳ китоби «Мухтасари Виқоя»нинг матни ва шарҳидан фойдаланамиз.

«Бас, таҳоратнинг фарзи юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювмоқ. Бошининг тўртдан бирига ва соқолидан башарасини тўсиб турганига масҳ тортмоқдир».

Демак, юзни ювиш таҳоратнинг фарзларидан бири экан. Бу амалнинг фарз эканини фақиҳлар узоқ ва машаққатли таҳлиллардан кейин аниқлашган. Сиз билан биз бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Чунки Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам «таҳоратда юзни ювиш фарз» деган гап йўқ. Зотан, бу нарса уларнинг вазифаси ҳам эмас. Юзни ювиш ҳақидаги гап Қуръони Каримда буйруқ майлидаги феъл ила ифода этилган, Аллоҳнинг буйруғи фарз бўлади, дейдиган бўлсак, бошқа оятларда буйруқ майлида келган феъллар фарзни ифода қилмаганини кўрамиз.

 Мисол учун «Жумуъа» сурасидаги:

«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг» деган оятни олиб кўрайлик. Ушбу ояти каримадаги илоҳий фармонга биноан, намоз тугагандан кейин ҳамма тарқалиб кетиши лозим. Аммо амалда бу ҳолни кўрмаймиз. Тарқалган тарқалади, қолганлар ибодат, дуо каби ишлар билан машғул бўлиб ўтирсалар, ҳечқиси йўқ.

 Аллоҳ таолонинг охирги китоби Қуръонда буйруқ майлида келган икки феълнинг бири фарзни, иккинчиси мубоҳни англатишини сиз билан биз қаердан била оламиз? Аммо фақиҳлар ўз қоидаларини ишга солиб, бунга оид барча нарсаларни чуқур таҳлил қилиб, ҳаммасини ўз жойига қўйганлар.

Икки оятни ва унда зикр қилинган талабни атрофлича чуқур ўрганиб чиқиб таҳоратда юзни ювиш фарз эканини, жумъа намозини ўқиб бўлгандан кейин тарқалиш фарз эмаслигини аниқлаганлар.

Ўрганаётган оят ва ҳадисимиздан таҳоратда юзни ювиш амали борлигини билган эдик. Аммо фақиҳлар ўша нарсани:

«Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача ювмоқ», демоқдалар. Улар «юз» араб тилида нимани ифода қилишини арабларнинг асл луғатларидан ўрганишган ва уларда қуйидаги баёнотни топишган:

«Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндалангига чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир».

 Бу билан ҳам кифояланиб қолмасдан, фақиҳлар юзга оид майда аъзоларни ҳам аниқлаб, айтиб ўтишган ва таҳоратда уларни ювиш ҳам фарзлигини баён қилишган:

«Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги қиллар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган жунлар ва соқолнинг юздаги қисмини ювмоқ ҳам фарздир».

Оят ва ҳадисдаги «юз» сўзини қойилмақом қилиб англатиб бўлган фақиҳ энди «ювиш»ни таҳлил ва тадқиқ қилишга ўтади. Бу сўзнинг ҳам таҳоратга оид маъносини:

«Бу ердаги ювишдан мурод аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни ўтказиш ёки қуйишдир», деб баён қилади.

 Кейин неча марта ювишнинг ҳукмини айтади:

«Аъзоларни бир марта ювмоқ фарздир, уч марта ювмоқ суннатдир».

Бир марта ювиш Қуръоннинг амрига биноан фарз, уч марта ювиш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан суннат.

Шу ерда мисолимизга якун ясаймиз ва инсоф билан тафаккур қилишга киришамиз. Битта ишнинг моҳиятини оят ва ҳадис бўйича англаб етишда фақиҳларнинг хизматлари шунчалар катта бўлса, диний аҳкомларнинг барчасини тушуниб етишдаги хизматларини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Оят ва ҳадисда келмаган ҳукмларни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса ҳам керак. Йўқ! Келинг, бу борада ҳам, жуда қисқача бўлса-да, фақиҳларнинг беқиёс хизматларини тўлиқ англаб етиш учун бир-икки мисолни кўриб чиқайлик.

Фақиҳлар нафақат оят ва ҳадисларни, балки шаръий масалаларга боғлиқ воқеъликни, хусусан, сиз билан бизга энг арзимаган бўлиб кўринадиган нарсаларни ҳам мислсиз диққат-эътибор билан ўрганадилар. Ўрганибгина қолмай, уларга шаръий ҳукмларни ҳам чиқарадилар.

 Мисол учун, имом Ибн Нужайм «Ал-Ашбоҳ ван-Назоир» китобида қуйидаги масалани зикр қилган:

«Агар қудуққа бутун тезак тушса, уни нажас қилмайди. Яримтаси тушса, нажас қилади. Фарқ шулки, бутун тезак қудуққа тушганда унинг тарқалишини манъ қиладиган пардаси бўлади, яримта тезакда эса у бўлмайди».

Ҳайвондан тушадиган тезакда ундаги нажаснинг тарқалиб кетишини манъ қиладиган парда бўлишини умримизда ўйлаб кўрмаган бўлсак керак. Ўша парда йиртилганда нажас сувга тарқалишини ҳам хаёлимизга келтирмаган бўлсак, ажаб эмас.

Аммо муҳтарам фақиҳларимиз буни аллақачон ўрганиб чиқиб, китобларига ёзиб қўйганлар.

Фақиҳларимиз одамларнинг оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзнинг фарқини ва ундан чиқадиган ҳукмларни ўрганишни ажойиб тарзда йўлга қўйганлар.

Эски фиқҳ китобларимизда, отдан тушсам, хотиним талоқ бўлсин, деб онт ичган одамнинг ҳукми нима бўлади, деган масала ўртага қўйилган. Отдан тушмаса, бўлмайди. Отдан тушса, хотини талоқ бўлади.

Фақиҳлар учун бу масалани ечиш ҳеч гап эмас. Улар: «Ўша одамнинг отини бирор дарахтга яқин олиб борилсин ва у отдан эмас, дарахтдан тушсин, ҳеч нарса бўлмайди, дейдилар.

 Мана сизга, фиқҳ илмининг аҳамияти!

Мана сизга, фақиҳларнинг хизмати!

Муҳтарам китобхон!Сиз, албатта, Қуръони Карим оятлари, уларнинг маънолари ва тафсирлари билан таниш бўлсангиз керак.

Шунингдек, ҳадиси шарифлар ва уларнинг шарҳларини ҳам ўқиган бўлсангиз керак.

Ушбу камтарона китобни диққат билан ўқисангиз, аввалги тушунчаларингиз билан фиқҳий тушунча орасидаги фарқни яққол сезишингиз турган гап. Ҳа, фиқҳнинг «дақиқ маъноларни англатувчи илм» деб аталиши бежиз эмас.

Ана шундагина фиқҳнинг ва фиқҳий мазҳабларнинг қадрига етишимиз мумкин бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Ассаламу алайкум Азизлар Ийдул Фитр муборак Келгуси Рамазони шарифларга Аллоҳ таоло омонликда давоми...

23:11 / 04.06.2019 2762
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама сайтимиз давоми...

07:22 / 09.02.2017 3607
Нафсим мени шундай ҳаракатга соладики, буни ўзим ҳам сезмай қоламан. Доимо унинг ниқташи сабаб хато тошларга давоми...

21:20 / 25.01.2017 3821
Йигирма тўртинчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма тўртинчи кун. Кеча дадам ўз хоналарида ўтирган давоми...

21:21 / 19.06.2017 5991