Боламнинг бошига «йўл» тушди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мукаддас Ислом динимиз турли бидъат-хурофот, ирим ва шумланиш каби амаллардан кайтарган. Хусусан, бу иллатларнинг зарарли оқибатлари ҳақида турли ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Қуйида ана шундай ҳадислардан бирини келтириб ўтишни жоиз топдик: «Ат тияроту ширкун» ― маьноси турли нарсалардан ирим қилиш, яьни шумланиш ширкдир. (Имом Бухорий, Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари)

Афсуски, кундалик турмушимизда юқорида қайтарилган гуноҳ амалларнинг маънавий ҳаётимиз кемтиклари ўлароқ гувоҳи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ниманинг аломати? Билимсизликми ёки илмга интилишнинг сустлигими? Баьзан тиббий саводхонликнинг саёзлиги турли иримлар ва хато тушунчаларга олиб келаётганини кузатиш мумкин. Гоҳида «Эгизак фарзанд туққан аёлнинг тепкиси болаларнинг бўйнига чиқадиган «тепки» деб аталадиган беморликка даво бўлади» , «Ёш болалар бошининг орқа қисмига ингичка «йўл» тушса, унинг узунлиги баробарида хасип солиш керак, ёши катталардан бири болани сочига қайчи теккизиб қўйиши керак» каби хато фикр ва мулоҳазалар қулоғимизга чалиниб қолади. Бу каби гаплар на шарьий, на илмий асосларга эга. Қуйидаги маьлумотларни билиб қўйсангиз, ўзингиз учун фойдали ва манфаатли бўлади, иншааллоҳ. Аслида болалар бошидаги «йўл» ниманинг аломати, у қандай пайдо бўлади ва уни қандай йўқотиш мумкин? Бу аломат асосан 1-2 ёшгача бўлган болаларда учрайдиган рахит касаллигининг белгиларидан бири бўлиб, ҳеч кандай «хасип солиш», «сочга қайчи теккизиш» каби амаллар унга даво бўла олмайди. Рахит фақат кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касалликдир. Бу хасталик бола организмида Д витамини етишмаслиги натижасида юзага келади. Бола ҳаётининг дастлабки биринчи йилларида тез ўсади. Суякнинг ўсиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур бўлади. Д витамини организмда кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради. Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу касаллик кўпроқ кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда ривожланиши мумкин. Сабаби Д витамини организмда қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсири остида ҳосил бўлади. Шу фаслларда туғилган бола учун қуёш нури етарли бўлмайди. Шунинг учун шифокор бу вақтда туғилган болаларга Д витаминини тавсия этади. Д витамини етишмаслиги суяклар юмшашига, мушаклар ва бўғимларнинг бўшашига, иммунитетнинг пасайишига, камқонликнинг ривожланишига олиб келади. Бунинг оқибатида бола анча вақтгача боши ва гавдасини тута олмайди, лиқилдоғи юмшаб кетади ҳамда жуда секин битади, тишлари жуда кеч ёки тартибсиз чиқа бошлайди, турли хил юқумли касалликларга берилувчан бўлиб қолади. Вақтида даво чоралари кўрилмаса, бола вазнининг ортиб бориши натижасида суяклари қийшаяди. Бошнинг пешона қисми олдинга, энса қисми эса орқага туртиб чиқади. Умуртқа поғонаси букчайиб қолади, кўкрак қафаси пастга қараб кенгайиб кетади. Оёқ Х ёки О шаклида қийшайиб кетади. Болаларда ясси оёқлик ривожланиши мумкин. Болаларда рахит касаллиги борлигининг аломатлари: — боланинг уйқуси бузилади; — бола кўп терлайди; — нотаниш товуш ёки чироқ ёқилиши каби таъсиротлар ҳам болани чўчитиб юборади; — баданига тошма тошади; — бошини ёстиққа кўп ишқалайди; — бошининг энса қисмидаги соч йўлакча шаклида тўкилади; — бола безовталанади ва инжиқ бўлади. Юқоридаги ҳолатларни кузатсангиз, албатта, шифокорга мурожаат қилинг. Оналар диққатига! Болам касалликка чалинмасин десангиз, ҳомиладорлик давридан бошлаб тайёргарлик кўринг. Албатта, ҳар куни қуёш нурида сайр қилинг. Болага ҳар куни Д витаминига бой озиқ-овқатларни, жумладан, мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини истеъмол қилдиришга ҳаракат қилинг. Албатта, кальцийга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол қилинг. Буларга сут ва сут маҳсулотлари, петрушка, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёз киради. Болани 6 ойгача фақат она сути билан парвариш қилинг. Бунда она, албатта, Д витаминига бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши зарур. Она организмида қанчалик Д витамини кўп ҳосил бўлса, она сутида ҳам унинг миқдори кўпаяди. Болага қўшимча овқатни Д витамини ва кальцийга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан тайёрланг. Болани ҳар куни очиқ ҳавода сайр қилдиринг. Болани қуёш ва ҳаво ванналарини қабул қилишга одатлантиринг. Бунинг учун энг қулай вақт эрталаб соат 10 дан 12 гачадир.

Райёна Зоҳидова

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқ 1 кг ун, 40 гр хамиртуруш, 2 стакан илиқ сут, 1,5 чой қошиқда туз керак бўлади. Тайёрлаш усули худди оби давоми...

13:06 / 29.11.2016 4192
         Хабар Ислом тарихи фанидан очиқ дарс 24 апрель санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар билим юртида Ислом давоми...

13:39 / 25.04.2017 4806
Ёмғир майдалаб ёғиб турган кунларнинг бирида жума намозига ошиқар эдим. Шошилганимдан ёмғирпўш давоми...

21:00 / 04.10.2019 3031
Коннектикут штатининг Америка Ислом Муносабатлари Кенгаши бошлиғининг жорий йилнинг 17 март куни қилган давоми...

11:10 / 24.01.2017 3525