Ўзлигим – Ўзидан ҳадя...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзлигим – Ўзидан ҳадя...

 Онамнинг айтишларича, болалигимда худди ҳозиргидек қизиқувчан, кўп савол берадиган, бир нарсани охирига етмагунча тўхтамайдиган қайсар қизалоқ бўлган эканман. Бу билан гоҳида ота-онамни ранжитиб қўйган, уларга қийинчилик туғдирган кунларимни ҳам эслайман.

Ўша пайтдаги билим олишга бўлган интилишим ҳам шаддотликларимдан кам бўлмаган. Айниқса, мени қизиқтирган саволларга жавоб топа олмасам, то жавоб топмагунча кўнглим тинчимай, ҳеч нарса татимасди. Болалигимнинг бундай манзаралари гоҳо табассум улашса, гоҳида яқинларимни ранжитганим учун хафа ҳам қилади. Албатта, ҳар бир инсон улғаяр экан, бундай ажойиб даврни бошидан ўтказиши, шубҳасиз. Баъзи одатларни тарк этса, баъзилари умр бўйи ҳамроҳига айланади.

Болалигимдан буён мени бир савол қийнар эди: “Мен кимман? “МЕН”им ким? Вафот этганимда “мен”им ўзим билан қоладими  ёки бошқа тананинг “мен”ига айланадими? Ўша тана “мен”имни ўзиники қилиб оладими?” Уни билишга интилардим, гапнинг очиғи “мен”имни  ҚИЗҒАНАРДИМ !!!

Бундай саволларга яқинларимдан олинган жавоблар камлик қиларди. Китоб ўқишни севганим боис,  кўп китоб ўқир, саволларимга жавоб чиқиб қолишини кутардим. Вояга етган сарим тўпланган маълумотлар оз бўлса-да, таскин берди. Чунки ҳеч ким унга эга бўла олмаслигини, Аллоҳнинг яратган ҳар бир махлуқида ўзининг “мен”и  борлигини англаган эдим-да!

Ўтган ажойиб кунларимнинг бирида Аллоҳ бу изланишларим натижасини кўрсатди. Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари роҳимаҳуллоҳнинг “Руҳий тарбия” китоблари  қўлимга тушиб қолди. Ўқишни бошладим… Кўзимдан ёш тўхтамасди, йиллар давомида қалбимда кечган ғалаёнлар, фикримни банд қилган саволлар, руҳий кечинмаларимга ечим топилган эди! Аллоҳ “мен”имнинг кимлигини шу тариқа билдирган эди. Англаб етдимки, “Ўз”лигим Ўзидан ҳадя! У ўз-ўзимники, жисмим бу дунёни тарк этганида ҳам Эгаси томон одимлашда тўхтамайдиган “мен”им  ё жазо ёки мукофот олиш учун Унинг ҳузурида қоим бўлажак. Уни бекорга қизғанмаслигимни тушундим. Бу омонат неъматни Эгасига қайтаргунимга қадар уни солиҳ амаллар уммонида суғориб, илм нури-ла тарбия қилишга аҳд қилдим! Ахир ўйлаб кўринг, ўзганинг жисмини “мен” демаслиги учун изланиб, зўрға топиб олган “мен”имни жаҳаннам оловидан қизғанмайинми?!

Шайх Ҳазратлари роҳимаҳуллоҳ ўзларининг илм йўлидаги шижоатлари, матонатлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қилиб олган дин маёғини балки менга ўхшаган, “мен”ини тополмай юрган сарсоналар қалбига қадаб кетдилар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар динор ёки дирҳамни эмас, илмни мерос қилиб қолдирадилар”, деб марҳамат қилганлар.

Уларнинг ҳақларига дуо қилиб сўрайман: “Хотиржам нафс мақомида, Роббилари улардан, улар ҳам Роббиларидан рози ҳолда жаннатга кириб, энг олий неъмат – Ўзининг жамолига етишдек бахтга сазовор бўлсинлар!

Сиз-чи, азизим… ўзлигингизни “катта олов” сари кетиб боришига жим қараб тура оласизми? Ислоҳни ҳар ким ўзидан бошлаши керак. Шунда дунёларга алмашилмайдиган қалб эгаларидан ташкил топган бу жамиятда Аллоҳнинг изни ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орзу қилганларидек, уммат бўлишга лойиқ улуғ инсонлар дунё юзини кўриб, улғайсалар, ажаб эмас!..

 

ШУКРОНА

Мавзуга оид мақолалар
Баҳор фасли фасллар ичида энг гўзал, энг нозик фасл бўлиб, ер юзидаги барча мавжудотларнинг, умуман, бутун давоми...

13:58 / 24.11.2016 4574
                    Шубҳа туғдирмайдиган ҳақиқатлардан бири шуки, қандай бўлмасин, умматнинг тўғри бўлиши давоми...

10:48 / 23.02.2017 5489
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги қадар ҳамду санолар бўлсин.Пайғамбаримиз давоми...

05:13 / 22.09.2023 1769
Бугун Тошкент шаҳрининг учта ҳудудида Қуръон мусобақаси ўтказилаётганини аввал маълум қилган эдик. давоми...

15:39 / 14.02.2018 4627