ҲАФСА БИНТИ УМАР
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳафса бинти Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдул Уъззо ал-Аъдавий ал-Қураший ҳижратдан 18 йил олдин (милодий 605) йили Маккаи мукаррамада туғилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шажарада Каъб ибн Луайда туташади.

Маккаи мукаррамада Исломни қабул қилганлар. Мадинаи мунавварага биринчи эрлари Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий билан ҳижрат қилганлар.

Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо қандай хонадондан эканликларини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Уларнинг оталари иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. Оналари эса Зайнаб бинти Мазъун ҳам машҳур хонадондан бўлиб, саҳобий Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг синглисидир.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳафса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар этиб юборилишларидан беш йил олдин, Қурайш Байтни қураётган пайтда туғилган», деганлар.

Бундан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлаганда Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо беш ёшли қизча эканлари маълум бўлади.

Ҳафса эс-ҳушларини таниганларидан бошлаб исломий муҳитда ўсдилар. Умар розияллоҳу анҳу Исломга келганларидан кейин у кишининг уйлари Маккадаги дин таянчларидан бирига айланган эди.

Тоға бўлмиш Мазъун болалари ҳам Ислом фидокорларидан эди. Ҳафсанинг аммалари Фотима бинти Хаттоб ва унинг эри Саъид ибн Зайд мусулмонликни дастлаб қабул қилган кишилардан эдилар.

Ҳафса оила қуриш ёшига етганларида Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмийга турмушга чиқдилар. Бу турмуш ўртоқлари ҳам Исломга аввал кирганлардан эди. Янги оила ўша пайтда Ислом асосида қурилган нодир оилалардан бири бўлган.

Ҳафса розияллоҳу анҳонинг эрлари Уҳуд ғазотида ярадор бўлади. Ана шу жароҳат сабабли вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу онамизга ҳижратнинг 3 йили 56 ёшларида уйландилар.

Ҳафса розияллоҳу анҳо кўпроқ Оиша розияллоҳу анҳо билан чиқишар эдилар. Икковлари маслаҳат қилиб, турли ишларни амалга ҳам оширишган.

Ҳафса розияллоҳу анҳонинг Набий соллаллоҳу алайҳи всалламнинг маҳбуба аёлларидан бўлишлари бу онамизнинг яқинлари учун ҳам катта фахр манбаси эди.

Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳадисларни ривоят қилишда Оиша розияллоҳу анҳо, Умму Салама ва Маймуна  розияллоҳу анҳумлардан кейинги тўртинчи ўринда турадилар. Бу онамиз олтмишта ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳафса розияллоҳу анҳонинг Ислом оламида тутган ўринлари уларнинг оталари Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида катта аҳамият касб этди. Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга маслаҳат солар ва қизларининг айтган гапларини қайтармас эдилар.

Ҳафса розияллоҳу анҳо туфайли Аллоҳ таоло бир неча оятлар нозил қилган. Бу воқеа қуйидагича содир бўлган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо исмли хотинлари ҳузурида асал истеъмол қилиб, бироз қолиб кетадилар. Буни пайқаган бошқа хотинлари, яъни Оиша розияллоҳу анҳо билан Ҳафса розияллоҳу анҳо оналаримизнинг рашклари келиб, ул зотни «жазолаб қўйишга» ўзаро келишиб оладилар ва Он ҳазрат чиқишлари билан «Оғзингиздан бадбўй ҳид келмоқда, нима едингиз?» дейдилар. Бадбўй ҳидни ёқтирмайдиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бироз қизишиб: «Асал егандим», дейдилар ва бундан кейин асал емасликка қасамёд қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилган: 

«Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилурсан! Аллоҳ кўп мағфират қилувчидир, раҳмлидир.

Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни бўшатишни шариатга киритди. Ва Аллоҳ сизнинг хожангиздир ва У ўта билувчи ва ўта ҳикматлидир.

Набий хотинларидан баъзисига сир гап айтган эди. Бас, ундан (сир) хабар берди ва Аллоҳ буни унга (Набийга) билдирди. У баъзисини билдирди ва баъзисини эсламади. Қачон у (Набий) унга (аёлга) бу ҳақда хабар берганида у: «Буни сенга ким хабар қилди?» деди. У (Набий) «Менга ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Зот хабар берди», деди.

Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлур. Агар унга қарши чиқсангиз, бас, албатта, Аллоҳ унинг ёрдамчисидир ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам. Ундан сўнг фаришталар унга суянчиқдир» (Таҳрим сураси, 1–4-оятлар).

Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳижрий 41 йилнинг Шаъбон ойида Мадинаи мунавварада вафот этадилар. Жанозаларини Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу ўқиганлар. Бақиъ қабристонига дафн этилганлар.

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

Абдулбосит ўғли тайёрлади.

 

Мавзуга оид мақолалар
Талоқ масаласининг бугунги кундаги долзарблиги Талоқ масаласи ҳар бир киши, оила, жамият ва давлат, бутун давоми...

17:36 / 13.03.2018 3840
embedhttpswww.youtube.comwatchvpsT8rjWvsn8featureyoutu.beembed

01:01 / 11.10.2017 5199
Рамазон ойи Қуръон ойидир. Рамазон ойини интиқлик билан кутган мусулмонлар бу ойда Қуръонни кўпроқ қироат давоми...

06:12 / 11.02.2017 3786
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Азиза, мўмина, муслима давоми...

10:05 / 23.02.2017 18500