Сабр синалувчидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳаётида саодат ва бахтсизлик, хурсандчилик ва хафалик, кенглик-фаровонлик ва танглик, лаззат ва алам бирдек ўрин олган. Зеро, инсоннинг яратилиш ҳикмати шуни тақозо қилади.

Инсон ким бўлиши ва қайси мақомда эканидан қатъи назар, унинг ҳаётида яхши ва ёмон кунлар алмашиб туриши табиий. Негаки, дунёда кулги билан йиғи, ғам билан шодлик, албатта, биргадир.

Ўз жони, фарзанди ёки мол-дунёсига тааллуқли бўлган офатлар барча инсонларда учрайдиган одатий ҳолатдир. Бундай ҳолатларда инсондан талаб қилинадиган нарса, бу – сабр.

Агар алам-қийинчиликлар бўлмаганда одамлар лаззатлар ҳаловатини топмаган бўларди. Шунинг учун бирор нарсадан маҳрум бўлиб қолиш алами – ўша нарсанинг борлигида шукр қилишга ўргатади. Ёки очлик алами  тўқлик пайтининг қадрига етишни тақозо этади. Тўқлик пайтида шукр, очликда эса сабр қилишга, худди шунингдек, касаллик етганда саломатликнинг қадрини билиб, соғликни асраб-авайлашга ундайди.

«Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ» деганларидек, Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан кенглик ва танглик кунларини одамлар ўртасида алмаштириб-айлантириб туради. Гоҳо душманлар устидан ғалаба берса, гоҳо душманларга ғалабани беради. Даврлар ана шу тариқа ўтаверади...

Инсонни синовлар ва қийинчиликлар тарбия қилади. Уларнинг қалбларини синовлар воситасида нуқсону камчиликлардан поклайди. Ҳар қачон инсонлар бирор синовдан ўзларига дарсу фойдаларни олиб, иймон савиялари ва ишончлари юқори кўтарилиб, сабр ва матонат билан чиқишса, уларни янги – бундан-да қийинроқ синовлар кутаётган бўлади. Аллоҳ таоло уларнинг иймонлари аста ўсиши, кучайиб, зиёда бўлиши учун, синовларни тадрижий ҳолатда оддийдан кучлисига қараб, кўпайтириб боради. Киши иймонда юқорироқ даражага кўтарилгани сари, унга юкланаётган вазифалар ҳам оғирлашади. Унинг йўлида учраётган тўсиқлар ҳам кўпаяди, демак, сабрга бўлган эҳтиёжи ҳам кундан-кунга ортиб боради. Бошидан кечирган ҳамма азиятлари эса, сабр воситасида роҳату шодликка айланади.  Бундай ҳузур-ҳаловатга етишиш учун инсонга фақатгина сабр керак бўлади. Сабр эса ҳамма инсонлар эга бўлган бебаҳо бойликдир. «Сабрнинг таги сариқ олтин», деб бежиз айтилмаган.

Ҳақиқий олтин оловда қиздирилгач, оддий темирдан ажралиб чиққанидек, синовлар алангасидан сабрли инсонлар вақти келганда ажралади. Сабрли одамгина бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ютуқларга ва Аллоҳнинг марҳаматига эришади.

Муҳсина Салоҳиддин тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
     Яна бир Рамазонга етказиб, бизга марҳамат кўрсатган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Расулуллоҳ давоми...

22:44 / 10.03.2017 4815
Ҳижрий 3 йил, Рабиъус соний ойи мил. 624 йил сентябрьоктябрь Бану Сулайм қабиласи Мадинага ҳужум қилиш учун давоми...

11:35 / 11.12.2016 5123
embedhttpsyoutu.be50khHhoRzZoembed

11:17 / 13.10.2017 3853