Вақт ғаниматдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Охиратда инсонлар ўз умрларини, вақтларини қандай ўтказганлари ҳақида сўраладилар. Албатта, инсонга бу дунёда берилган ҳар бир неъматнинг қиёматда савол-жавоби ва ҳисоб-китоби бор. Киши ўзига берилган неъматлар ва имкониятларни қай тариқа тасарруф қилди, уларни қандай ишларга сарфлади, неъматлардан тўғри фойдаландими ёки суистеъмол қилдими, шулар ҳақида ҳар бир киши, албатта, сўралади.

Аллоҳ таоло Такасур сурасида марҳамат қилиб айтганидек, «Сўнгра, албатта, Ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» Инсониятга ато этилган неъматлардан бири вақт ва умр неъматидир. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси умрини нима билан ўтказгани, иккинчиси ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани, тўртинчиси ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади». Баззор ва Табароний ривоят қилган. Инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажралиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. Ёшлик икки заифлик, гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сурасининг 54 оятида бундай дейилади: «Аллоҳ шундай Зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди...». Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври. Демак, ўртада оз муддатга ёшлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сафарбар қилиш, ҳалол касбкор қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир. Модомики вақт шунчалик аҳамиятли экан, демак, мусулмоннинг вақт олдида вазифалари бор. Мусулмон киши ана шу вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт. Улар эса қуйидагилар:

1. Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланмоқ.

Бебаҳо мол-давлатини беҳад авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бундан-да эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда хайрли мақсадларга ишлатиши лозим эди. Салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Чунки улар вақт қадрини яхши англардилар. Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб охират ғамини ердилар. Ҳасан Басрий айтади: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздек, улар ҳам вақтларига шундоқ ҳарис эдилар».

2. Вақтни тартибга солиш.

Диний ва дунёвий ишларни батартиб адо этмоқ мусулмон кишининг вақти олдидаги вазифаларидандир. Ана шунда ишлар бир-бирига ҳалал бермайди. Муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўрнини топади. Солиҳлардан бири айтади: «Банданинг (ўтган) вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда, кулфатда, итоатда ва маъсиятда. Вақтнинг ҳамма ҳолатида ҳам зиммангда Аллоҳнинг ибодатидан улуш бордир. Демак, кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ тарафидан унга берилган марҳаматга, яъни Аллоҳ уни ҳидоятлаб, ибодатга муваффақ қилиб қўйганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўтган бўлса, унинг йўли розилик ва сабрдир». 3.Бўш вақтни ғанимат билиш... Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир». Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган. Араб тилида «ғабн» деб аталмиш «алданиб қолиш, чув тушиб қолиш» маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Арзон нарсани ўта қимматга сотиб олган ёки аксинча қимматбаҳо нарсани билмасдан арзон баҳога сотиб юборган киши араб тилида «мағбун» дейилади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда. Мазкур ҳадисдан келиб чиқиб, аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади. Афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда «Умр гулшанининг баҳори» ва «ҳаёт шабистонининг наҳори»ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади. Шундай экан, бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишламоқ даркор. Агар бўш вақт яхши ишлар билан тўлдирилмаса, у, албатта, ёмон ва келажакда зиён бўладиган ишлар билан тўлади. Киши ишдан ва бошқа зарурий нарсалардан қутулиб, бўш вақт топса, уни ҳам ғанимат билиши керак. Ҳеч бўлмаганда китоб ўқиш, бирон нарса ўрганиш, бирорта фойдали иш билан машғул бўлиш ёки қариндошларни кўриш, касал зиёрат қилиш ва ҳоказо ишлар билан бўш вақтдан ҳам унумли фойдаланиш лозим. Негаки ғирт бекорчилик киши онгига турли васвасаларни, беҳуда фикрларни олиб келади. Қалбга ғам-андуҳ эшигини очади. Турли-туман шаҳвоний ишларга етаклайди. Ахир бежизга: «Эркак кишининг бекорчилиги ғафлат, аёл кишининг бекорчилиги эса шаҳватдир» дейишмайди. Миср ҳокимининг хотини Зулайҳо ўз хизматчиси бўлмиш Юсуф алайҳиссаломга хуштор бўлиб қолиб, уни ўз тузоғига тушириш учун ҳар хил ҳийла-найранглар уюштириши у яшаётган ўта дабдабали муҳитдаги бекорчиликдан келиб чиққан, Валлоҳу аълам... Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, айтадилар: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат бил!». Айтадиларки, «бўш вақтини ғанимат билмайдиган, ундан унумли фойдалана олмайдиган инсон иш вақтини ҳам ғанимат билмайди».
Мавзуга оид мақолалар
.Машааллоҳ,, .Иншааллоҳ,, .Субҳаналлоҳ,...Бу сўзларнинг маъносини биламизмиКелинг, уларнинг маъноси билан давоми...

14:39 / 03.04.2023 10774
Онамнинг айтишларича, болалигимда ҳам худди ҳозиргидек қизиқувчан, кўп савол берадиган, бир нарсани давоми...

19:18 / 23.02.2019 3467
Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю давоми...

18:40 / 01.12.2016 2905
embedhttpswww.youtube.comwatchvN4ecRvqxkNoampfeatureyoutu.beembed Биз бошимизда порлаб турган бу тожни ўзимиз топган бойлик, ўзимиз давоми...

16:39 / 29.03.2019 5867