Суннатга хос тарбия (тўртинчи мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннатга хос тарбия

Соғлом ва оқила аёл оиласининг фахри, жуфтининг умр зиёси, фарзандаларининг муҳтарам онаси бўла олади. Юртимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб болалар ва оналар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Фарзандларнинг саломатлигига, аввало, соғлом ота-она сабаб бўлади. Қайси бир оила, аввало, жисмоний саломатлик билан маънавий саломатлик уйғунлигига эътибор берар экан, у оилада улғайган бола ҳам ота-онасига суянчиқ, ҳам юртига керакли фарзанд бўлиб улғаяди.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят), деб марҳамат қилган.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига фарзандлар ва аҳлига тарбия беришни буюрмоқда. Чунки дўзахдан фарзларни адо этиш, одоб-ахлоқ, гўзали хулқ, фойдали илм соҳиби бўлиш билангина сақланиш мумкин. Қайсики ота фарзандига мана шуларни ўргатмас экан, Аллоҳ асрасин, оятдаги ҳолатга тушиб қолиш хавфи туғилади. Болага тарбия бераман, деб баъзилар қаттиқ уриб, уни жисмонан заиф қилиб қўйишлари ҳам кузатилган.

Аммо болани калтаклаш ва уриш орқали тарбия қилишни Ислом дини қоралайди. Ҳадисларда ҳам бола тарбиясида калтак ишлатмаслик, уни урмаслик, жисмига озор бермаслик айтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўра, боласига раҳим қилиб, уни ўпиб эркаламаган бир саҳобийга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким раҳим қилмаса, раҳим қилинмайди», дедилар.

Айюб ибн Мусо отасидан, у отасидан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», дедилар»,  деб ривоят қилади (Имом Термизий ривояти).

Демак, тарбия ва одоб болага бериладиган энг олий меросдан ҳам афзал экан. Аллоҳ таоло  Исломни бизга дин қилиб бергач, ҳаётнинг ҳар бир масаласида тарбия қилиб борди. Болалар ва аёллар масалаларида эса жуда мукаммал кўрсатма ва фармойишлар берди. Юқоридаги оят ва ҳадисда келган кўрсатма ва амрлар бутун инсониятга берилгандир. Ундан ким қандай фойдаланса, шунга яраша натижага эга бўлади. Ислом шариати ва тиббий хулосалар ҳам  бола  уриб тарбияланмаслигини таъкидлайди. Қайси бола уриб тарбия қилинар экан, у ҳам жисмонан, ҳам руҳан заиф бўлиб вояга етади.

Ҳозирги кунда айрим ота-оналарнинг илмсизликлари сабаб нотўғри тарбиялашлари натижасида ёш авлод ёки жисмонан ёки руҳан заиф  бўлиб улғаймоқда. Болага илк кунидан меҳр бериб, тарбияламоқни ҳар бир ота-она истайди. Аммо негадир бола сал улғайгач, унинг баъзи шўхликларига «сабрим чидамайди», деб калтаклашга ўтишади. Шаръий ва тиббий хулосаларда болаларни уриб тарбиялашдаги зарарлар қайта-қайта эслатиб ўтилади. Руҳиятшунослар улғайганидан сўнг қонунбузар, ёт оқимларга эргашиб кетувчи ёшларнинг тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб,  бундай инсонлар ёшлигида жуда кўп руҳий ва жисмоний зўриқишларни ўтказганини таъкидлашади. Бунга тарихдан ҳам мисоллар келтириш мумкин. Фашизм асосчиси бўлган Гитлернинг болалик нималигини билмагани, ёшлигидаёқ раҳим-шафқат туйғусидан маҳрум этилгани, уни шу даражада золим ва қонхўр қилгани манбаларда келтирилган.

Олимларнинг фикрича, ота-оналар уч тоифага бўлинади:

  1. Болани доим уриб туриш керак, дейдиган.
  2. Болани одатда рағбатлантириб, баъзида уриб туриш керак, дейдиган.
  3. Болани ҳеч қачон урмаслик керак, дейдиганлар.

Тиббий хулосалар шуни кўрсатадики, болани гоҳида уриб туриш керак, аммо фақат тиззадан пастки қисмигагина. Шунда ҳам ҳаддан ортиқ эмас. Боланинг юзига, бошига, орқа мия қисмига, кўкрак қафасига уриш натижасида бола, аввало, ўзини йўқотади. Жисмонан эса жуда кўп асаб толалари, асаб тизими, юз қисмидаги ҳамда бош ва орқа миядаги безлар кучли шикастланади.

Илмий тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, бола бош ва орқа миясига калтак еган вақтда бу ҳудудда жойлашган миллионлаб асаб ҳужайралари зарарланар экан. Орқа мияда жойлашган асаб тизими инсоннинг ташқи ва ички муҳит таъсирига жавоб берувчи реакцияларни қайтаради. Агар буларнинг бирортаси бош мияга берилган калтак сабаб зарарланса, бола ёки ақлан ёки жисмонан ногирон бўлиш эҳтимоли баланд. Юз қисмида ҳам инсоннинг мураккаб асаб тизими жойлашган, қаттиқ урилганда улар зарарланса, юз қисмида ҳам жиддий ўзгаришлар содир бўлади, натижада боланинг юзи фалаж ҳолатга келиб, бутун умр бундан жабр чекиши, яъни жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлолмай қолиши мумкин.

Инсоннинг бош мияси унинг ақли, идроки, фикрлаш қобилияти, онги каби муҳим руҳий хусусиятларнинг физиологик асосидир. Бош мия яна эслаб қолиш, бошқалар билан мулоқот қилиш, билим олиш, ҳунар ўрганиш, ҳид билиш, эшитиш, ҳамда аъзоларнинг ҳаракатланишини таъминлайди. Орқа мия эса умуртқа поғонасида жойлашган бўлиб, унда 13 млн.дан ортиқ асаб ҳужайралари бор. Орқа мия барча рефлексларга жавоб беради ва ўтказувчанлик функциясини бажаради. Болани бош ва орқа мия жойлашган ҳудудига урилса, унинг юрак соҳаси, ўпка, ошқозон, ошқозон ости бези, талоқ, буйрак, жигар ва ичакларига ҳам таъсир қилиб, уларнинг фаолиятини сусайтиради. Энг асосийси, бош мияда гипофиз ва гипоталамус безлари руҳий ҳаяжон бўлган пайтда ўз фаолиятини тўлиқ олиб боролмайди, натижада бола улғайганда жинсий заифлик касаллликлари ҳам кузатилади. Бунга сабаб ҳам болаликдаги калтаклар, руҳий зўриқишлар, ота-онасидан эшитган ҳақоратларидир. Юрак соҳаси руҳий ҳаяжонларга бардошда бир мунча заифлигини ҳисобга олсак, бола орттирилган юрак етишмовчилиги хасталигига йўлиқиш эҳтимоли ҳам йзқ эмас. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ёшгина пайтидан ур-сурда улғайган инсонлар комил шахс бўла олмайдилар. Уларнинг жисмоний заифлиги бир тараф, энг катта йўқотиш эса бу – маънан заиф, яъни мустақил фикрга эга бўлмаган шахс бўлиб улғаядилар. Ёки руҳий ҳаяжон таъсирида улғайган болалар қонунбузар, ёт бузғунчи оқимларга эргашиб кетаверадиган манқуртга айланадилар.

Юқоридаги каби ота-оналар учраб турса-да аммо, халқимиз қадимдан болалар тарбиясида энг маъқул бўлган шарқона тарбияни қўллаб келишади. Бу тарбияга кўра ота оила устуни экани, у ҳурмат қилиниши, унга тик қарамаслик, отанинг олдида овоз баландлатмаслик лозимлиги ўргатиб келинади. Оталар эса болалар билан энг гўзал шаклда мулоқот қиладилар. Бунда эса албатта, ҳурматли оналаримиз алоҳида ўрин эгаллайдилар. Аёл зукко ва олима бўлса, у умр йўлдошининг ҳаёт қувончи, фарзандларининг гўзал тарбиячиси, энг зарури жамиятнинг эса юксак онгли шахсларига она бўлолган муҳтарам вакили ҳисобланади.

Болани уриб тарбиялашга одатланиб қолган ота-оналар, болангизни уришдан аввал уч сония унинг кўзларига қараб туринг-чи? Мана шу қўрқувга тўла кўзлари унинг ҳаёти давомида шеригига айланиб қолмаслиги сизнинг тарбиянггизга боғлиқ.

Биздан мустақил ва юксак иқтидор соҳиби бўлган фарзандлар қолсагина, Ўзбекистон келажаги буюк давлат бўлади.

Орифахон ЮНУСХЎЖА,

Имом Бухорий номидаги

 Тошкент Ислом институти

3-босқич толибаси

   
Мавзуга оид мақолалар
  Ассалому алайкум, қадрли опасингиллар, ҳурматли мухлисалар Ҳақиқий байрамимиз бўлмиш Ийди фитр давоми...

18:54 / 15.05.2018 3377
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ оналари ҳақида шундай деганларquotОнам менга Қуръонни ўн ёшимда давоми...

21:50 / 31.05.2023 2243
  «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни билдиради. Закот берган кишининг моли давоми...

13:45 / 04.06.2017 4481
Завол балқиб уммонимда, наҳримда, Шарму ҳаё танқис бўлган давримда, Оқ рўмоллар пайдо бўлди давоми...

19:13 / 10.11.2016 4196