Рамазон ойида бўлиб ўтган тарихий воқеалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Рамазон ойида кўпгина тарихий ҳодисалар бўлиб ўтган. Қуйидa уларнинг баъзилари ҳақида баён қиламиз.

Исломнинг асоси ҳисобланган Қуръони Карим худди шу ойда нозил бўлиб, уни Қадр кечасида 26 дан 27 га ўтар кечаси юз берган дейилади. Шунинг учун ҳам бу ой бошқа ойларнинг мингидан ҳам яхшироқдир.

Беруний бу борада ёзади: «Авом халқ шунга келишганлар, чунки «Қадр кечаси» қайси кеча экани маълум эмас. Баъзилар уни «ўн еттинчи ёки ўн тўққизинчи кечалардан қидиринг», деган. Чунки бу иккиси орасида Бадр воқеаси ва Маккани фатҳ этиш юз бериб, ёрдам учун «фаришталар жаннатдан тушириб юборилган», дейилади. Бу тўғри бўлиши ҳам мумкин, чунки Аллоҳи таоло: «Шу кеча Роббининг изни билан фаришталар ва руҳ тушади, ҳамма ишларда тинчлик бўлади», деган (Беруний, «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Тошкент, 1968,393-бет).

Шунингдек, бу ойнинг олтинчисида Ҳусайн ибн Али туғилган, ўнинчисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи завжалари муҳтарама Хадича онамиз вафот этган кун, ўн еттинчисининг тонгида машҳур Бадр уриши юз берган.

Беруний китобининг бошқа жойида шуни ёзади: «Баъзилар (Бадр воқеаси) ўн тўққизинчи куни юз берди, дейди. Бу тўғри эмас, чунки у воқеанинг иккинчи ҳижрий йили (милодий 623-624) душанба куни рўй бергани ҳақида хабарлар кетма-кет уланиб келган. Агар Рамазон бошини ҳисоблаб кўрсак, унинг шанба куни эканини кўрамиз. Шунда қидирилаётган душанба ўн еттинчига тўғри келади» (Ўша асар, 392-бет).

Тарихчиларнинг зикр этишича, ана шу куни Абдураҳмон ибн Мулжим ал-Муродий келиб, Халифа Али ибн Абу Толибнинг бошига уриб, уни ярадор қилган. Бу эса ҳижрий 41 йил Рамазон ойининг 17-да (милодий 14.01.661 йил) юз берган. Шундан сўнг Рамазон ойининг 21-да (18 январь ) куни бу киши вафот этган.

Рамазоннинг йигирма бирида, шунингдек, Имом Али Ризо вафот этган. Баъзилар уни йигирма учинчи куни вафот этган дейишади. Йигирма иккинчи куни ибн Абу  Толиб туғилган кун.

Берунийда келтирилишича, Рамазоннинг йигирма тўртинчисида Фурқон туширилган. Фурқон Қуръони Каримнинг номларидан бири, яъни «Икки нарсани орасини ажратиб турувчи» ёки «фарқ қиладиган нарса» деганидир. Бу билан мусулмон ва кофирларни фарқлаб турувчи «муқаддас китоб», дейиш назарда тутилган.

Манбаларда Қуръон нозил бўлиши ҳақида икки хил фикр пайдо бўлган. Бирида Рамазоннинг 26 дан 27га ўтар кечаси, Беруний келтиришича эса, йигирма тўртинчи куни нозил бўлган. «Рамазон ойи шундайки, унда Қуръон нозил бўлган». Бу хусусда унинг Рамазон ойида туширилгани аниқ. Бошқа бир гуруҳ, «Анфол сураси, 41- оят»: «Бандамизга Фурқон икки тўда учрашган куни нозил қилган нарсамиз...», дейилган. Буни баъзи тарихчилар Бадр жанги муносабати билан тушган оят, деб ҳисоблашади. Бундай далилларни келтириб, Беруний давом этади: «Бу билан Қуръоннинг ўн еттинчи куни туширилгани исбот этилади. Чунки бу икки тўда Бадрда ўша куни учрашган. Яна тўғрисини Аллоҳ билади».

Рамазон ойида юз берган ҳодисалардан келтирадиган бўлсак, унинг йигирма бешида Абу Муслим Абдураҳмон ибн Муслим ошкора равишда аббосийлар давлатини даъво қилади.

Йигирма олтинчи куни эса Али ибн Муҳаммад ал-Бурқий Басра шаҳрига бостириб киради. У ўзини Али авлодларидан деб кўрсатиб, халифалик тахтига даъво қилади. Аслида бу киши Исломнинг дастлабки йилларида ҳам ҳокимият учун курашган шахслардан эди.

Рамазон ойининг муқаддаслигига яна бошқа сабаблардан бири, унинг биринчи куни Пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломга Худодан бир неча саҳифа тушган. Бу билан эса китоб нозил бўлган, деб тушунилади. Рамазон ойининг олтинчисида Мусо алайҳиссаломга Таврот туширилган, ўн иккинчисида Довуд алайҳиссаломга Забур туширилган, ўн саккизинчисида Исо алайҳиссаломга Инжил туширилган.

Қисқача айтганда, Рамазон ойидаги баъзи тарихий воқеалар шулардан иборат.

 
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойининг бошланишига бир неча кун қолган. Дарс аввалида Ота«Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга салавоту давоми...

18:51 / 25.12.2016 10386
Зулқаъда уруш ҳаром қилинган тўрт ойнинг биридирҲижратдан аввалги 53 йил, зулқаъда ойи мил. 571 йил декабрьndash давоми...

00:42 / 22.05.2023 2115
«Gazeta.kz» сайтининг хабар беришича, 4 март куни Олмаота шаҳрида ўтказилган «Аёл ва дин» халқаро форумида давоми...

19:15 / 21.12.2016 3512