МУАЛЛИМ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУАЛЛИМ

(Ҳикоя)

Урушдан кейинги йиллар...

Куз изғирини этни жунжиктиради.

Саҳар қоронғусидан кўча супуришга чиққан аёлнинг хаёли паришон. Момақалдироқ гумбурлагани сайин ичи қалтирайди, оғир ўй миясини пармалайди: «Болаларимнинг усти юпқа, оёғи юпун. Эгни-ку, бир гап бўлар. Кичигимнинг оёғидаги қиш бўйи жанда бўлиб кетди. Шўрлик болам яна оғриб қолмасайди..

У қийналибгина рўзғор тебратади. Ёлғиз ўзи нимаям қилсин, қирққа кирмай беш болани бағрига босганча бева қолган бўлса? Катта ўғлининг топганиям рўзғор ғорига урвоқ бўлаётгани йўқ. Ахир осонми, жўжабирдай жон – унисига етса, бунисига етмайди.

*   *   *

Муаллим жунжикиб турган болага яқинлашди. Бола айбдорона елка қисиб турар, юзлари ёмғирданми, кўзёшданми ҳўл эди.

– Нега юпун кийиниб келдинг? Оёғинг қалинми ишқилиб? Вой-бў, шу ёмғирда йиртиқ пойабзал билан келдингми?.. Тез уйингга бор, кийимларингни алмаштир, шамоллаб қолма тағин!

Муаллимнинг ичидан бир нима узилгандек бўлди. Ўзининг етим ўтган болалигини эслади. Ўшанда ёмғир шаррос қуймоқда эди. У эски мактабнинг тунука томи тагида жаладан паналаб турибди. Аммо оёқлари жиққа ҳўл, лаблари кўм-кўк. Тишларининг тақиллаётганини билдирмаслик учун жағларини маҳкам қисган кўйи қунишиб олган. Шу пайт ёнига немис тили устози келди, унга ўроғлиқ бир нарса узатди. Кейин оталарча меҳр билан: «Синфхонага кир-да, кийиб ол, ўғлим. Ўртоқларингни киргизмай тураман. Мендан олганингни улар билиши шарт эмас», деди шивирлаб.

Қалин кийим тафтидан баданига илиқлик югуриб, қаттиқ ҳаяжон ичида янги пойабзални киёлмай қўллари титраётган болакай, устозининг «Бошмоғинг эски бўлса ҳам, бутун. Кейинги маошгача амаллаб тур», дея ўз ўғлини кўндирганидан бехабар эди.

Мактабга юпун кетиб, қалин кийим, иссиқ пойабзалда қайтган ўғлини кўрган онаизори узоқ йиғлаганди...

Оғир йиллар ортда қолди. Бугун у – Муаллим.

Тақдирни қаранг, қаршисида худди ўзининг ёшлигидек ўксик бир бола совуқдан дилдираб турибди. Кўксининг энг нозик нуқтасида бир оғриқ туйган муаллим бугуноқ унинг уйига боришга аҳд қилди.

Ўқувчиларга уй вазифаларини бериб, дарс тугаши билан кўчага чиқди. Тушлик ҳам қилмади. Ҳали унут бўлиб улгурмаган етимлик йилларини кўз олдида кечагидек гавдалантириб қўйган болакай учун нимадир қилишни ўйлади. Ахир эзгуликдан сабоқ бериб кетган устозига муносиб шогирд бўлишга аҳд қилган эди-ку?! Чуқур ўйга толганча беихтиёр чўнтакларини кавлади...

Деворлари нурай деб турган эскигина уй рўпарасида бир зум тек қотди. Уни униқиб кетган либосдаги аёл қарши олди. Кўзларига мунг чўккан бу аёлга боқиб, онасини эслади...

Салом-аликдан сўнг ўзини таништирди, ҳол-аҳвол сўради. Кетаётиб қўлидаги қоғозхалтани узатди ва: «Бу – Баротга ҳадя. Мендан эканини билмасин...», деди-да, ортига қайтди.

Эртаси куни Барот мактабга келмади.

Касалхонага етиб борган Муаллим боланинг оташ-аланга бўлиб ёнаётган пешанасига кафтини босди. У ихрар, ора-сира: «Аяжон, оёғим совқотяпти!» дея алаҳсирарди.

Совуқ буйракларини шикастлабди...

Нимжонгина вужуди хасталикка қарши курашолмади...

Муаллим туш кўрди. Атроф ям-яшил. Борлиқни райҳоннинг муаттар бўйи қоплаган. Шогирдлари билан ўрик гулларига бурканган боғ оралаб боришмоқда. Улар орасида Барот ҳам бор. Оёқларида яп-янги пойабзал. Шўрлик: «Малим¹, энди оёғим совқотмаяпти. Қаранг, аям бошмоқ олиб берди», дея суюнармиш...

*   *   *

Ҳаво сарин, осмон тунд. Қабристон ҳар галгидек жимжит. Сукунатни фақат шаррос қуяётган ёмғирнинг алланечук ҳазин оҳанги бузмоқда. Гўё само ичра сузаётган қоп-қора булутлар карвони қабрлар устида кўзёш тўкаётгандек. Бир қарашда оддийгина ҳол – ёмғир Баротнинг қабри узра ҳам ёғмоқда.

Йўқ.

Ёмғир Муаллимнинг ичига ёғаётир.

Ёмғир Муаллимнинг кўзларидан ёғаётир...

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

  1. Малим – муаллим.
  2. Сарин – салқин.
Мавзуга оид мақолалар
 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак вужудлари тупроққа қўйилгани ҳамон қабрлари зиёрат этила давоми...

05:51 / 12.12.2016 3894
Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақидаси арконларидан биридир. Ушбу ақидасиз ҳам иймонли бўлиш давоми...

13:28 / 08.11.2016 6383
3 апрель куни Куала Лумпурда очилиши режалаштирилган Малайзия Халқаро Ҳалол Кўргазмаси Malaysia International Halal давоми...

13:58 / 19.03.2019 3345
Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон бўлгандирсиза Муслимаат.уз сайти ходималари Андижон вилоятидаги Қуръон қироати давоми...

10:10 / 06.02.2018 2190